514-ҳадис

514. Абу Ҳурайрадан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади.

«Ўзидан бошқа илоҳ бўлмаган Аллоҳга қасамки, очликдан бағримни ерга бериб қолар, қорнимга тош ҳам боғлаб олар эдим. Бир куни улар (одамлар) чиқадиган йўлга ўтириб олдим. Батаҳқиқ олдимдан Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ўтиб қолдилар. Мени кўрибоқ, табассум қилдилар ва мендаги ҳолатни, юзимдаги аҳволни пайқадилар. Кейин: «Эй Абу Ҳирр дедилар. «Лаббай, эй Аллоҳнинг Расули!» дедим. У зот: «Ортимдан юр», деб йўлда давом этдилар. Ортларидан юрдим. У зот (уйга) кириб кетдилар. Изн сўраган эдим, менга изн бердилар. У зот кирсалар, бир жом сут бор экан. «Мана бу сут қаердан дедилар. «Фалончи [ёки фалончи аёл] сизга ҳадя қилган экан», дейишди. У зот: «Абу Ҳирр дедилар. «Лаббай, эй Аллоҳнинг Расули!» дедим. «Суффа аҳлига бориб, уларни менга чақириб кел дедилар. Суффа аҳли Ислом меҳмонлари эди, суянадиган аҳли‑оиласи ҳам, мол‑дунёси ҳам, бирор кишиси ҳам йўқ эди. У зотга садақа келса, ундан ҳеч нарса тановул қилмай, ўшаларга жўнатар эдилар. Агар ҳадя келса, ундан татиб кўриб, кейин улар билан баҳам кўриш учун уларга юборар эдилар. Бу (суффа аҳлини чорлаганлари) менга сал маъқул келмади. «Бу сут суффа аҳлига нима ҳам бўларди? Ундан бироз ичиб, сал қувватга кириб олишга ҳақлироқ бўлиб турган мен бўлсам... Агар улар келса, менга буюрадилар, мен сутни уларга бераман, кейин менга етмай қолиши ҳам ҳеч гап эмас», деб ўйладим. Лекин Аллоҳ ва Унинг Расули соллаллоҳу алайҳи васалламга итоат қилиш лозиму лобуд. Шунинг учун бориб, уларни чақириб келдим. Улар келиб, киришга изн сўрашди. Уларга изн бердилар. Улар уйга кириб, жойлашишди. У зот: «Эй Абу Ҳирр дедилар. «Лаббай, эй Аллоҳнинг Расули!» дедим. «Ма, ол, уларга бер», дедилар. Мен жомни олиб, бир кишига берар эдим, у қонгунча ичиб, кейин жомни менга қайтарар эди. Сўнг мен уни яна бир кишига берар эдим, у ҳам қонгунча ичиб, кейин жомни менга қайтарар эди. Сўнг мен уни яна бир бошқасига берар эдим, у ҳам қонгунча ичиб, кейин жомни менга қайтарар эди. Ниҳоят, Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга етиб келдим. Қавмнинг ҳаммаси тўйиб бўлган эди. У зот жомни олиб, қўлларига қўйдилар‑да, менга қараб, табассум билан: «Абу Ҳирр дедилар. «Лаббай, эй Аллоҳнинг Расули!» дедим. «Икковимиз қолдик», дедилар. «Тўғри айтдингиз, эй Аллоҳнинг Расули!» дедим. «Ўтир, ич», дедилар. Мен ўтириб, ичдим. Сўнг яна: «Ич дедилар. Мен ичдим. У зот: «Ич деявердилар, ниҳоят мен: «Йўқ! Сизни ҳақ билан юборган Зотга қасамки, унга жой топа олмаяпман!» деб юбордим. У зот: «Қани, менга кўрсатчи», дедилар. Мен жомни у зотга бердим. У зот Аллоҳга ҳамд айтиб, «Бисмиллаҳ», деб қолганини ичдилар».

Имом Бухорий ривояти.

Шарҳ: Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Маккаи мукаррамадан Мадинаи мунавварага ҳижрат қилганларига ўн олти ой ўтгач, Аллоҳ таолонинг буйруғи ила Қибла Байтул-Мақдис томондан Каъбаи муаззама томонга ўзгартирилиб, намозда Каъба томонга юзланишга буюрилган. Аввалги қибланинг девори бу ўзгаришдан сўнг Масжиди Набавийнинг орт томонида қолиб кетган. Сўнг  Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг буйруқлари ила томи шифтли айвон ёки соябон ҳолига келтириб қўйилган ва уни “Суффа”, “Соябон” – дейилган. Унинг чор атрофини тўсувчи бирор нарса бўлмаган.

Қози Иёз раҳимаҳуллоҳ: “Суффа Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг масжидини орқа томонидаги соябон (айвон) бўлиб, мискинлар ўша ерда тунар эдилар. Суффа аҳли шу ерга нисбат берилган” – деган.

Аллома Ибн Ҳажар раҳимаҳуллоҳ: “Суффа Масжиди Набавийнинг орқа томонида бошпана ва оиласи йўқ ғариб кишилар келиб туришига тайёрлаб соябон (айвон) қилиб қўйиган жойдир” – деганлар.

Аҳли суффалар фақир мусулмонлар, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бошпанасиз саҳобаларидирлар. Улар Мадинаи мунавварадаги Масжиди Набавийдаги ўша соябон-айвон шаклида ҳозирланган жойда тунаб, “Ислом меҳмонлари” дея танилганлар.

Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳу бу ҳақда: “Аҳли суффалар – Ислом меҳмонлари. Улар бошпанасиз, аҳл-оила, мол-мулк, бирор яқин кимсасиз кун кўрурлар” – деганлар (Имом Бухорий ривояти).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Мадина шаҳридан Макка шаҳрига ҳижрат қилганларидан сўнг У зотнинг ҳузурларига келган барча саҳобалар толиби илм ҳисобланадилар. Уларни моддий таъминотига кафиллик қилиш эса, дунёдаги энг фазилатли, самара ва манфаати нақд, Охиратга энг яхши захира бўлувчи амаллардан биридир. Буни чуқурроқ англаш учун Исломнинг бошида “Суффа аҳли” дея танилган қавмларнинг ҳаётига эътибор қаратамиз. Улар Исломнинг меҳмонлари, Мадинада уй-жойи, мол-мулки бўлмаган, ғариб-мусофир ва камбағал талабалардир.

Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан илгарироқ Маккадан Мадинага ҳижрат қилган дастлабки саҳобалар, У зот билан биргаликда ёки кейин, то Бадр ғазотидан олдинроқ муддат ичида кўчиб борган саҳобаларни мадиналик ансорий саҳобалар ўз уйларида меҳмон қилиш, уларнинг эҳтиёжларини тўла қондиришга имконига эга бўлганлар. Ундан кейинга даврда ансорлар буни уддасидан чиқолмай қолдилар. Сабаб шуки, Ислом атрофга кенг тарқалиши, унга кирувчилар сони ортиши натижасида Мадинага кўчиб келувчилар анча кўпчиликни ташкил қилди. Мадинада ўз кафолатига оладиган бирор яқини, борадиган жойи йўқ барча кишилар бу мусофирчиликда то ўз ҳаётларини бир йўлга қўйиб олгунга қадар, вақтинча, ўша Масжиддаги суффада тунаб, кун кўрганлар.

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Аҳли суффаларни бирор юмуш юзасидан чақирмоқчи бўлсалар, бу вазифани Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳуга юклар, у зот уларни чақирар эди. Чунки Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳунинг ўзи ҳам Аҳли суффалардан бири бўлган, уларни бошқалардан кўра яхшироқ таниган.

Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳу Аҳли суффани аҳволи, Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг уларга қай даражада аҳамият берганларини  сифатлаб, бундай деганлар: “Мен Аҳли суффалардан эгнида ридо-узунроқ уст кийими йўқ бўлган етмиштасини кўрганман. Уларда ё биргина изор-пастки кийим бор эди. Ёки биргина матоси бўлиб, бўйнидан боғлаб олар, у оёғининг ярмигача етар, баъзиларининг матоси оёқ тўпиғигача етар эди. Аврати кўриниб қолмаслиги учун уни қўли билан бирлаштириб, турар эди” (Имом Бухорий ривоти).

Уларнинг маиший ҳаёт тарзлари, нафақаларидан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам доимий хабардор бўлиб турганлар. Эҳтиёжларини Ўзлари амалий намуна-ўрнак бўлиб, муқим саҳоба-ансорлар кўмагида таъминлашга эришганлар. Доим уларнинг аҳволларини назорат қилар, бетоб бўлганларини  кўргани кўргани борар эдилар. Улар билан бошқалардан кўра кўпроқ суҳбат қуриб ўтирар, уларга фойдали кўрсатмалар берар, Қуръон тиловати ва дарси, Аллоҳнинг зикри, Охират неъматларига кўнгил қўйиш каби хайрли ишларга рағбатларини орттирар эдилар. Турли воситалар ёрдамида уларнинг моддий жиҳатини кафолатлар эдилар. У зотга садақа келса, уларга юборар, ўзлари ундан тановул қилмас эдилар. Ҳадя келгудек бўлса, уларга одам юбориб, чақиртириб, ўзлари ҳам уларга шерик бўлиб, бирга тановул қилар, уларни ҳаргиз эътибордан четда қўймас, доимо яхшиликни илиниб турар, уларнинг эҳтиёжларини қондиришни ҳамиша бошқаларидан илгарига қўяр эдилар.

Уларнинг фақирликлари ишламаслик ёки касб-ҳунар қилиб, ризқ топиш масаласида дангаса ва танбалликларидан эмас, асло. Улар кундузи чорвага емиш учун данак чақар эдилар. Лекин ўзлари чорвадор бўлмаганлар. Демак, бундан уларнинг ризқ топиш учун ҳаракат қилганлари маълум бўлади.

Уларнинг баъзилари илмда етук ва машҳур зотлар бўлганлар. Жумладан,

Ҳузайфа ибн Ямон разияллоҳу анҳу (Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам  ўз вафотларидан сўнг бўлишини олдиндан мўъжиза тарзида хабар берган) фитна ҳақидаги ҳадисларни ҳаммадан яхши билганлар;

Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳу ҳифз-зеҳни ўткирлиги, Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламдан энг кўп ҳадис ривоят қилганлиги билан машҳур бўлган.

У зот разияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан доим бирга юриш, У зотни лозим тутишни, илм ва яхшиликларни ўрганишни яхши кўрар эдилар. Шунинг учун мумкин қадар У зот соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳадисларини кўпроқ тинглаш, барча ҳолатларини онгли равишда ўрганиш, У зотнинг хизматларини қилиб, баракаларидан баҳраманд бўлишга ўч ва ташна бўлганлар.

Хулоса ўрнида шуни айтишимиз мумкинки, Расуллуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг барча саҳобалари У зотнинг бевосита талабалари бўлган. Улар орасида “Аҳли суффа”лар айниқса, У зотдан кўпроқ истефода қилиб, кўпроқ илм олишга муваффақ бўлганлар. Ҳар доим илм олишда моддий-иқтисодий таъминотга дурустгина эҳтиёж туғилади. Уларни бу муборак – илм йўлдаги эҳтиёжларини эса Расуллуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Ўзлари бош бўлиб, имконияти бор саҳобаларни жалб этиб, таъминлаганлар. Бундан маълум бўладики, муҳтож толиби илм ва илмга ўзини бағишлаган аҳли илмларни иқтисодий таъминотини кафолатлаш ҳам имкони бор бадавлат мусулмонларга суннат бўлган амал экан. Уларнинг шарафли, фахр-у ифтихорли вазифалари экан.

514 - وَعَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ قَالَ: وَاللهِ الَّذِي لَا إِلَهَ إِلَّا هُوَ؛ إِنْ كُنْتُ لأَعَتمِدُ بِكَبِدِي عَلَى الأَرْضِ مِنَ الجُوعِ، وَإِنْ كُنْتُ لأَشُدُّ الْحَجَرَ عَلَى بَطْنِي مِنَ الجُوعِ، وَلَقَدْ قَعَدْتُ يَوْماً عَلَى طَرِيقِهِمُ الَّذِي يَخْرُجُونَ مِنْهُ، فَمَرَّ النَّبِيُّ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ، فَتَبَسَّمَ حِينَ رَآنِي، وَعَرَفَ مَا فِي وَجْهِي وَمَا فِي نَفْسِي، ثُمَّ قَالَ: «أَبَا هِرٍّ» قُلْتُ: لَبَّيْكَ يَا رَسُولَ اللهِ، قَالَ: «الحَقْ» وَمَضَى، فَاتَّبَعْتُهُ، فَدَخَلَ فَاسْتَأْذَنَ، فَأَذِنَ لِي فَدَخَلْتُ، فَوَجَدَ لَبَناً فِي قَدَحٍ فَقَالَ: «مِنْ أَيْنَ هَذَا اللَّبَنُ؟» قَالُوا: أَهْدَاهُ لَكَ فُلاَنٌ - أَوْ فُلاَنَةُ - قَالَ: «أَبَا هِرٍّ» قُلْتُ: لَبَّيْكَ يَا رَسُولَ اللهِ، قَالَ: «الْحِقْ إِلَى أَهْلِ الصُّفَّةِ فَادْعُهُمْ لِي». قَالَ: وَأَهْلُ الصُّفَّةِ أَضْيَافُ الإِسْلَامِ، لَا يَأْوُونَ عَلَى أَهْلٍ وَلَا مَالٍ، وَلَا عَلَى أَحَدٍ، إِذَا أَتَتْهُ صَدَقَةٌ بَعَثَ بِهَا إِلَيْهِمْ وَلَمْ يَتَنَاوَلْ مِنْهَا شَيْئاً، وَإِذَا أَتَتْهُ هَدِيَّةٌ أَرْسَلَ إِلَيْهِمْ وَأَصَابَ مِنْهَا، وَأَشْرَكَهُمْ فِيهَا، فَسَاءَنِي ذَلِكَ، فَقُلْتُ: وَمَا هَذَا اللَّبَنُ فِي أَهْلِ الصُّفَّةِ؟! كُنْتُ أَحَقَّ أَن أُصِيبَ مِنْ هَذَا اللَّبَنِ شَرْبَةً أَتَقَوَّى بِهَا، فَإِذَا جَاءُوا أَمَرنِي، فَكُنْتُ أَنَا أُعْطِيهِمْ، وَمَا عَسَى أَنْ يَبْلُغَنِي مِنْ هَذَا اللَّبَنِ؟! وَلَمْ يَكُنْ مِنْ طَاعَةِ اللهِ وَطَاعَةِ رَسُولِهِ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ بُدٌّ، فَأَتَيتُهُمْ فَدَعَوْتُهُمْ، فأَقْبَلُوا وَاسْتَأْذَنُوا، فَأَذِنَ لَهُمْ وَأَخَذُوا مَجَالِسَهُمْ مِنَ الْبَيْتِ قَالَ: «يَا أَبَا هِرٍّ» قُلْتُ: لَبَّيْكَ يَا رَسُولَ اللهِ، قَالَ: «خُذْ فَأَعْطِهِمْ» قَالَ: فَأَخَذْتُ الْقَدَحَ فَجَعَلْتُ أُعْطِيهِ الرَّجُلَ فَيَشْرَبُ حَتَّى يَرْوَى، ثُمَّ يَرُدُّ عَلَيَّ الْقَدَحَ، فَأُعْطِيهِ الآخَرَ فَيَشْرَبُ حَتَّى يَرْوَى، ثُمَّ يَرُدُّ عَلَيَّ الْقَدَحَ فَأُعْطِيهِ الآخَرَ فَيَشْرَبُ حَتَّى يَرْوَى، ثُمَّ يَرُدُّ عَلَيَّ القَدَحَ حَتَّى انْتَهَيتُ إِلَى النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ وَقَدْ رَوِيَ الْقَوْمُ كُلُّهُمْ، فَأَخَذَ الْقَدَحَ فَوَضَعَهُ عَلَى يَدِهِ، فَنَظَرَ إِليَّ فَتَبَسَّمَ، فَقَالَ: «أَبَا هِرٍّ» قُلْتُ: لَبَّيْكَ يَا رَسُولَ اللهِ، قَالَ: «بَقِيتُ أَنَا وَأَنْتَ» قُلْتُ: صَدَقْتَ يَا رَسُولَ اللهِ، قَالَ: «اقْعُدْ فَاشْرَبْ» فَقَعَدْتُ فَشَرِبْتُ: فَقَالَ: «اشْرَبْ» فَشَرِبْتُ، فَمَا زَالَ يَقُولُ: «اشْرَبْ» حَتَّى قُلْتُ: لَا وَالَّذِي بَعَثَكَ بِالْحَقِّ مَا أَجِدُ لَهُ مَسْلَكاً، قَالَ: «فَأَرِنِي» فَأَعْطَيْتُهُ الْقَدَحَ، فَحَمِدَ اللهَ تَعَالَى، وَسَمَّى وَشَرِبَ «الفَضْلَةَ». رَوَاهُ البُخَارِيُّ [6452].


Улашиш
|
|
Нусха олиш