517-ҳадис

517. Анасдан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади.

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам қанчадир арпа эвазига совутларини гаровга қўйганлар. Мен Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг олдиларига арпа нон ва сал ҳидланган эритилган ёғ олиб келганман. У зотнинг «Муҳаммаднинг – соллаллоҳу алайҳи васаллам – оиласида эрталаб ҳам, кечки пайт ҳам бир соъдан ортиқ нарса бўлмайди», деяётганларини эшитганман. Ҳолбуки, улар тўққизта хонадон эдилар».

Имом Бухорий ривояти.

Шарҳ: Ушбу ҳадисдан Пайғамбар алайҳиссаломни тавозуълари, зуҳдлари, қурбилари етган ҳолда дунёдан озига ҳам рози бўлишлари тушунилмоқда. Ундан ташқари у зот ва оилалари рўзғорнинг танглигига сабр қилиш ва озига қаноатли бўлишганини ҳам кўрсатмоқда.

Ибн Ҳажар «Фатҳул Борий» китобида уламолардан нақл қилиб айтадилар:

«Расулуллоҳ с.а.в. бадавлат саҳобалар турганида яҳудий билан муомала қилишларидаги ҳикмат шуки, бу каби муомалани жоиз эканини саҳобаларга билдириш ёки саҳобалардан олсалар унга ҳақ олмасдан текинга беришларидан чўчиганликлари сабаб бўлиши мумкин.

Жоҳилият вақтида ҳам гаров қўйиш бор эди. Аммо гаров қўювчи белгиланган вақтда пулни топиб бера олмаса, мол эгаси гаровга қўйилган нарсани ўзиники қилиб олар эди. Исломда эса бу ҳукм­га адолатли равишда ўзгартириш киритилди. Агар гаровга нарса қўйган одам белгиланган вақтда пулни топиб бера олмаса, у гаровга қўйган нарсасини сотиб пулни беради ва ортиб қолганини ўзи олади.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг вафот этган вақтларида ҳам урушга киядиган совутлари у кишига насияга таом сотган тожирнинг олдида гаров сифатида туриши нимага далолат қилади? У Зотнинг жуда ҳам содда ва оддий ҳаёт кечирганлари ҳамда аҳли аёллари нафақаси учун ўз меҳнатлари ила молга эришишга уринганларини кўрсатади.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг вафотларидан олдин Ислом Арабистон Ярим оролига тарқалиб бўлиб, дунёга танилган давлатга айланган эди. Агар у Зот хоҳласалар, дунё оёқлари остига тўшалар эди. Лекин у Зот буни хоҳламадилар. Оддий ҳаёт кечиришда давом этдилар. Оилаларини боқишга қийналиб, таом олишга пул топа олмай, совутларини гаровга қўйиб йигирма соъ таом олган ҳолларида вафот этдилар. Бу ҳақиқатни у Зотнинг умматлари доимо тушунмоғи керак.

 

517 - وَعَنْ أَنَسٍ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ قَالَ: رَهَنَ النَّبِيُّ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ دِرْعَهُ بِشَعِيرٍ، وَمَشَيتُ إِلَى النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ بِخُبْزِ شَعِيرٍ، وَإِهَالَةٍ سَنِخَةٍ، وَلَقَدْ سَمِعْتُهُ يَقُولُ: «مَا أَصْبَحَ لآلِ مُحَمَّدٍ صَــاعٌ وَلَا أَمْسَى وَإِنَّهُمْ لَتِسْعَةُ أَبْيَاتٍ». رَوَاهُ البُخَارِيُّ [2508].

«الإِهَالَةُ» بِكَسْرِ الهَمْزَةِ: الشَّحْمُ الذَّائِبُ، وَ«السَّنِخَةُ» بِالنُّونِ وَالخَاءِ الْمُعْجَمَةِ، وَهِيَ: الْمُتَغَيِّرةُ.


Улашиш
|
|
Нусха олиш