534-ҳадис

534. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Бойлик матоҳнинг кўплигида эмас, балки бойлик нафснинг тўқлигидадир», дедилар».

Муттафақун алайҳ.

Шарҳ: Бойлик матоҳнинг кўплигида эмас, балки назарнинг тўқлигидадир. Беҳисоб мол-дунёси бўла туриб, тийиннинг устида етти думалайдиган назари оч бандалар қанчадан-қанча. Аммо мол-дунёси кам бўлса ҳам, хотиржам бўлган назари тўқ инсонлар қани?

Сабр Аллоҳ таоло томонидан бандага инъом этилган энг катта ва кенг ато ҳисобланади. Сабрли киши ризқнинг озига ҳам, йўқчиликка ҳам чидаб ўзини хор қилмай, бошини тик тутиб кун кўради. Сабр неъматидан бебаҳра банда эса дунёнинг ярмига эга бўлса ҳам, тийиннинг устида умбалоқ ошиб ўзини хор қилади, очкўзлигини билдириб қўяди.

Ҳақиқий бойлик молу-дунёнинг кўплигида эмас, нафснинг тўқлигидадир.

Ушбу таълимотларни ҳар бир мусулмон яхшилаб ўрганиб, ўзига сингдириб олиши ва ҳаётга татбиқ қилиши лозим. Ана шундагина орамизда беш танга пул куйига тушиб одам ўлдирадиганлар, ўғрилик, порахўрлик, рибохўрлик қиладиганлар, фирибгарлик, алдамчилик, ёлғончилик ва бошқа разолатларни қиладиганлар қолмайди.

 

534 - عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ، عَنِ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ قَالَ: «لَيْسَ الغِنَي عَنْ كَثْرَةِ العَرَضِ، وَلَكِنَّ الغِنَى غِنَى النَّفْسِ». مُتَّفَقٌ عَلَيهِ [خ 6446، م 1051].

«العَرَضُ» بِفَتْحِ العَينِ وَالرَّاءِ: هُوَ الْمَالُ.


Улашиш
|
|
Нусха олиш