536. Ҳаким ибн Ҳизом розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан (нарса) сўраган эдим, бердилар. Кейин яна сўраган эдим, яна бердилар. Кейин яна сўраган эдим, яна бердилар. Сўнгра: «Эй Ҳаким! Албатта, бу мол-дунё барра ва тотлидир. Ким уни нафс тўқлиги билан олса, унга бунда барака берилади. Ким уни нафс очлиги билан олса, унга бунда барака берилмайди. Худди ебтўймасга ўхшаб қолади. Юқори қўл қуйи қўлдан яхшидир», дедилар. Шунда мен: «Эй Аллоҳнинг Расули, сизни ҳақ ила юборган Зотга қасамки, сиздан сўнг то дунёни тарк этгунимча ҳеч кимдан ҳеч нарса олмайман», дедим».
Абу Бакр розияллоҳу анҳу Ҳакимни ато* бериш учун чақирар, у эса (атодан) бирон нарса қабул қилишга кўнмас эди. Кейинроқ Умар ҳам уни ато бериш учун чақирди, у яна қабул қилишга кўнмади. Шунда (Умар): «Эй мусулмонлар жамоаси! Мен ушбу файдан* Аллоҳ унга ажратган ҳаққини таклиф қиляпман, у эса олишга кўнмаяпти», деди.
Ҳаким Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан кейин то вафот этгунича бирорта одамдан бирон нарса олмади».
Муттафақун алайҳ.
Шарҳ: Ато – раҳбарнинг ҳузурида жамланган ўлжа, садақа, ҳадя ва бошқа нарсалар.
* Фай – жангсиз қўлга киритилган ўлжа.
Ушбу ривоятдан иффатли бўлиш, бировдан келадиган маблағ ила эмас, ўзи топган ризққа қаноат қилиб яшашнинг ёрқин мисолини кўриб турибмиз.
Машҳур саҳобийлардан Ҳаким ибн Ҳизом розияллоҳу анҳу Ислом таълимотлардан бехабар бўлган вақтларида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан мол сўраб олишни ўзларига эп кўрганлар. Эҳтимол, «бор бўлгач, мендан бошқалар ҳам олаётгандан кейин, мен ҳам олсам нима қилибди», деб ўйлаган бўлсалар керак.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Ҳаким ибн Ҳизом розияллоҳу анҳуга уч мартагача сўраган нарсасини берганлар ва ундан кейин ҳадди битганлигини, исломий таълимотларни билиб қўйиш вақти келганлигини билдириб:
«Эй Ҳаким! Албатта, бу мол-дунё барра ва тотлидир. Ким уни нафс тўқлиги билан олса, унга бунда барака берилади. Ким уни нафс очлиги билан олса, унга бунда барака берилмайди. Худди ебтўймасга ўхшаб қолади. Юқори қўл қуйи қўлдан яхшидир», дедилар.
Пайғамбар алайҳиссалом мол-дунёни худди янги пишган, тотли мевага ўхшатмоқдалар. Уни ҳамма татиб кўргиси келади. Бир татиб кўрган одам яна егиси келади. Ким молни сахийлик ила олса, уни олишда нияти яхши бўлса, дунё унинг учун баракали бўлади. Агар қизғанчиқлик билан, бировга бермаслик нияти билан олса, у еб-тўймас одамга ўхшаб қанча мол тўпласа ҳам оз кўринаверади. Демак, мусулмон одам сахий бўлиши, қизғанчиқ бўлмаслиги керак.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг:
«Устки қўл остки қўлдан яхшидир» деган гаплари садақа бериш ва олиш бўйича энг муҳим қоидага айланган. Устки қўл садақа, хайр-эҳсон берадиган қўлдир. Остки қўл эса садақа ва хайр-эҳсон олувчи қўлдир. Бу икки қўл орасидаги фарқ жуда ҳам катта. Садақа ва хайр-эҳсон берувчи қўл яхши қўл, баракали қўл, хайр-эҳсонли қўл, ҳамманинг ҳавасини келтирадиган, Аллоҳга ва Унинг Расулига хуш келадиган қўлдир.
Садақа ва эҳсонни бировнинг қўлидан олувчи қўл эса, паст қўл, тиланчи қўл. Аллоҳга ва Унинг Расулига ёқмайдиган қўлдир.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бу пурҳикмат гаплари Ҳаким ибн Ҳизом розияллоҳу анҳунинг қалбларига ўша заҳоти жо бўлди, бутун вужудларига сингиб кетди. Шу оннинг ўзида дунё кўзларига бошқача кўриниб қолди. Ризқ-рўз топиш ҳақидаги тасаввурлари тамоман ўзгарди. Энди бировдан тама билан бир нарса олмаслик, ҳалол меҳнат билан, пешона тери билан нон топиб ейиш кераклигини тўлиқ тушуниб етдилар ва:
«Эй Аллоҳнинг Расули, сизни ҳақ ила юборган зот ила қасамки, то дунёни тарк этгунимча сиздан кейин ҳеч кимдан ҳеч нарса сўрамайман», дедилар.
У киши бу ҳақиқатни нафақат тушуниб етдилар, балки унга амал қилишни бошладилар. Набий соллаллоҳу алайҳи васалламни гувоҳ қилиб, ҳеч қачон, ҳеч кимдан бирор нарса сўрамасликка қасам ичдилар ва умр бўйи қасамларига содиқ қолдилар. ҳатто халифалар ҳазрати Абу Бакр Сиддиқ ва ҳазрати Умар розияллоҳу анҳумолар тушган ўлжадан у кишига ўз ҳақини беришганда ҳам олмадилар. Чунки ўлжа осонлик билан тушган ўлжа эди. ҳаким ибн ҳизом розияллоҳу анҳу шунинг учун уни олишни эп кўрмадилар. Вафот этгунларича ҳеч кимдан ҳеч нарса олмадилар.
Худди шу ҳолни олдинги ривоят соҳиблари Абу Саъид розияллоҳу анҳунинг сийратларида ҳам кўрамиз. Ибн Жарир Табарий у кишидан келтирган ривоятда Абу Саъид розияллоҳу анҳу қуйидагиларни айтадилар:
«Ўта шиддатли фақирликка учрадик. Аҳлим мени Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга бориб бир нарса сўрашга амр қилди. Бас, юриб бориб биринчи эшитганим у зотнинг:
«Ким беҳожат бўлса, Аллоҳ уни бой қилур. Ким иффат талаб бўлса, Аллоҳ уни иффатли қилур. Ким биздан бир нарса сўраса, топсак ундан яширмаймиз», деган гаплари бўлди. У зотдан ҳеч нарса сўрамай қайтдим. Сўнг бизга дунё ўз-ўзидан моил бўлиб келди».
Бу ривоятни Имом Муслим ҳам икки жойда келтирган. Яна Ибн Жарир Табарий Абу Саъид розияллоҳу анҳудан қилган бошқа бир ривоятда қуйидагилар айтилади:
«Бир куни у киши очликдан иложсизлик туфайли қорнига тош боғлаб ўтирган экан, хотини: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига бориб бирор нарса сўранг, фалончи бориб сўраган экан, анча нарса берибдилар», дебди.
«Бас, у зотнинг ҳузурларига борсам, хутба қилаётган эканлар, қулоқ солсам: «Ким иффатталаб қилса, Аллоҳ уни иффатли қилур. Ким беҳожатлик талаб қилса, Аллоҳ уни беҳожат қилур. Ким биздан сўраса, биз унга ани берурмиз. Ким беҳожат бўлса, бизга унинг сўраганидан кўра яхши», деяётган эканлар. Мен у зотдан бир нарса сўрамай қайтдим. Сўнгра Аллоҳ бизга доимий равишда ризқ бера бошлади. ҳатто, ансорийлар ичида биздан моллари кўпроқ аҳли байт қолмади».
536 - وَعَنْ حَكِيمِ بْنِ حِزَامٍ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ قَالَ: سَأَلْتُ رَسُولَ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ فَأَعْطَانِي، ثُمَّ سَأَلْتُهُ فَأَعْطَانِي، ثُمَّ سَأَلْتُهُ فَأَعْطَانِي، ثُمَّ قَالَ: «يَا حَكِيمُ؛ إِنَّ هَذَا الْمَالَ خَضِرٌ حُلْوٌ، فَمَنْ أَخَذَهُ بِسَخَاوَةِ نَفْسٍ بُورِكَ لَهُ فِيهِ، وَمَنْ أَخَذَهُ بِإِشْرَافِ نَفْسٍ لَمْ يُبَارَكْ لَهُ فِيهِ، وَكَانَ كَالَّذِي يَأْكُلُ وَلَا يَشْبَعُ، وَالْيَدُ العُلَيَا خَيْرٌ مِنَ اليَدِ السُّفْلَى» قَالَ حَكِيمٌ فَقُلْتُ: يَا رَسُولَ اللهِ؛ وَالَّذِي بَعَثَكَ بِالْحَقِّ؛ لَا أَرْزَأُ أَحَداً بَعْدَكَ شَيْئاً حَتَّى أُفَارِقَ الدُّنْيَا.
فَكَانَ أَبُو بَكْرٍ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ يَدْعُو حَكِيماً لِيُعْطِيَهُ العَطَاءَ، فَيَأْبَى أَنْ يَقْبَلَ مِنْهُ شَيْئاً، ثُمَّ إِنَّ عُمَرَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ دَعَاهُ لِيُعْطِيَهُ، فَأَبَى أَنْ يَقْبلَهُ، فَقَالَ: يَا مَعْشَرَ الْمُسْلِمِينَ؛ أُشْهِدُكُمْ عَلَى حَكِيمٍ أَنِّي أَعْرِضُ عَلَيهِ حَقَّهُ الَّذِي قَسَمَهُ اللهُ لَهُ فِي هَذَا الْفَيْءِ، فَيَأْبَى أَنْ يَأْخُذَهُ، فَلَمْ يَرْزَأْ حَكِيمٌ أَحَداً مِنَ النَّاسِ بَعْدَ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ حَتَّى تُوُفِّيَ. مُتَّفَقٌ عَلَيهِ [خ 1472، م 1035].
«يَرْزَأُ» بِرَاءٍ ثُمَّ زَايٍ ثُمَّ هَمْزَةٍ؛ أَيْ: لم يَأْخُذْ مِنْ أَحَدٍ شَيْئاً، وأَصلُ الرُّزْءِ: النُّقصَانُ؛ أَيْ لَم يَنْقُصْ أَحَداً شَيئاً بالأَخذِ مِنْهُ، وَ«إِشْرَافُ النَّفْسِ»: تَطَلُّعُهَا وَطَمَعُهَا بِالشَّيءِ، وَ«سَخَاوَةُ النَّفْسِ»: هِيَ عَدَمُ الإِشْرَافِ إِلَى الشَّيءِ، وَالطَّمَعِ فِيْهِ، وَالْمُبَالَاةِ بِهِ وَالشَّرَهِ.