Рўйхатни беркитиш
Мундарижа
Мундарижа
57-КИТОБ
57-Боб Қаноатли, иффатли ҳамда рўзғорда, эҳсон қилишда тежамкор бўлиш ва зарурат туғилмаганда кишилардан нарса сўрашнинг кароҳияти
57- بَابُ القَنَاعَةِ وَالعَفَافِ، والاِقْتِصَادِ في الْمَعِيشَةِ والإنفاقِ وَذَمِّ السُّؤَالِ مِنْ غَيْرِ ضَرُورَةٍ
(57)
535. Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар:

«Мусулмон бўлган, етарлича ризқлантирилган ва Аллоҳ Ўзи берган нарса билан қаноатлантирган одам аниқ зафар топибди»

Имом Муслим ривояти.

Шарҳ: Бу ҳадис ва унинг шарҳи 524-рақам остидаги ҳадисда ҳам келган.

 

535 - وَعَنْ عَبْدِ اللهِ بْنِ عَمْرٍو رَضِيَ اللهُ عَنْهُمَا: أَنَّ رَسُولَ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ قَالَ: «قَدْ أَفلَحَ مَنْ أَسَلَمَ، وَرُزِقَ كَفَافاً، وَقَنَّعَهُ اللهُ بِمَا آتَاهُ». رَوَاهُ مُسْلِمٌ [1054 وسبق برقم 524].


Улашиш
|
|
Нусха олиш

536. Ҳаким ибн Ҳизом розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан (нарса) сўраган эдим, бердилар. Кейин яна сўраган эдим, яна бердилар. Кейин яна сўраган эдим, яна бердилар. Сўнгра: «Эй Ҳаким! Албатта, бу мол-дунё барра ва тотлидир. Ким уни нафс тўқлиги билан олса, унга бунда барака берилади. Ким уни нафс очлиги билан олса, унга бунда барака берилмайди. Худди ебтўймасга ўхшаб қолади. Юқори қўл қуйи қўлдан яхшидир», дедилар. Шунда мен: «Эй Аллоҳнинг Расули, сизни ҳақ ила юборган Зотга қасамки, сиздан сўнг то дунёни тарк этгунимча ҳеч кимдан ҳеч нарса олмайман», дедим».

Абу Бакр розияллоҳу анҳу Ҳакимни ато* бериш учун чақирар, у эса (атодан) бирон нарса қабул қилишга кўнмас эди. Кейинроқ Умар ҳам уни ато бериш учун чақирди, у яна қабул қилишга кўнмади. Шунда (Умар): «Эй мусулмонлар жамоаси! Мен ушбу файдан* Аллоҳ унга ажратган ҳаққини таклиф қиляпман, у эса олишга кўнмаяпти», деди.

Ҳаким Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан кейин то вафот этгунича бирорта одамдан бирон нарса олмади».

Муттафақун алайҳ.

Шарҳ: Ато – раҳбарнинг ҳузурида жамланган ўлжа, садақа, ҳадя ва бошқа нарсалар.

* Фай – жангсиз қўлга киритилган ўлжа.

Ушбу ривоятдан иффатли бўлиш, бировдан келадиган маблағ ила эмас, ўзи топган ризққа қаноат қилиб яшашнинг ёрқин мисолини кўриб турибмиз.

Машҳур саҳобийлардан Ҳаким ибн Ҳизом розияллоҳу анҳу Ислом таълимотлардан бехабар бўлган вақтларида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан мол сўраб олишни ўзларига эп кўрганлар. Эҳтимол, «бор бўлгач, мендан бошқалар ҳам олаётгандан кейин, мен ҳам олсам нима қилибди», деб ўйлаган бўлсалар керак.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Ҳаким ибн Ҳизом розияллоҳу анҳуга уч мартагача сўраган нарсасини берганлар ва ундан кейин ҳадди битганлигини, исломий таълимотларни билиб қўйиш вақти келганлигини билдириб:

«Эй Ҳаким! Албатта, бу мол-дунё барра ва тотлидир. Ким уни нафс тўқлиги билан олса, унга бунда барака берилади. Ким уни нафс очлиги билан олса, унга бунда барака берилмайди. Худди ебтўймасга ўхшаб қолади. Юқори қўл қуйи қўлдан яхшидир», дедилар.

Пайғамбар алайҳиссалом мол-дунёни худди янги пишган, тотли мевага ўхшатмоқдалар. Уни ҳамма татиб кўргиси келади. Бир татиб кўрган одам яна егиси келади. Ким молни сахийлик ила олса, уни олишда нияти яхши бўлса, дунё унинг учун баракали бўлади. Агар қизғанчиқлик билан, бировга бермаслик нияти билан олса, у еб-тўймас одамга ўхшаб қанча мол тўпласа ҳам оз кўринаверади. Демак, мусулмон одам сахий бўлиши, қизғанчиқ бўлмаслиги керак.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг:

«Устки қўл остки қўлдан яхшидир» деган гаплари садақа бериш ва олиш бўйича энг муҳим қоидага айланган. Устки қўл садақа, хайр-эҳсон берадиган қўлдир. Остки қўл эса садақа ва хайр-эҳсон олувчи қўлдир. Бу икки қўл орасидаги фарқ жуда ҳам катта. Садақа ва хайр-эҳсон берувчи қўл яхши қўл, баракали қўл, хайр-эҳсонли қўл, ҳамманинг ҳавасини келтирадиган, Аллоҳга ва Унинг Расулига хуш келадиган қўлдир.

Садақа ва эҳсонни бировнинг қўлидан олувчи қўл эса, паст қўл, тиланчи қўл. Аллоҳга ва Унинг Расулига ёқмайдиган қўлдир.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бу пурҳикмат гаплари Ҳаким ибн Ҳизом розияллоҳу анҳунинг қалбларига ўша заҳоти жо бўлди, бутун вужудларига сингиб кетди. Шу оннинг ўзида дунё кўзларига бошқача кўриниб қолди. Ризқ-рўз топиш ҳақидаги тасаввурлари тамоман ўзгарди. Энди бировдан тама билан бир нарса олмаслик, ҳалол меҳнат билан, пешона тери билан нон топиб ейиш кераклигини тўлиқ тушуниб етдилар ва:

«Эй Аллоҳнинг Расули, сизни ҳақ ила юборган зот ила қасамки, то дунёни тарк этгунимча сиздан кейин ҳеч кимдан ҳеч нарса сўрамайман», дедилар.

У киши бу ҳақиқатни нафақат тушуниб етдилар, балки унга амал қилишни бошладилар. Набий соллаллоҳу алайҳи васалламни гувоҳ қилиб, ҳеч қачон, ҳеч кимдан бирор нарса сўрамасликка қасам ичдилар ва умр бўйи қасамларига содиқ қолдилар. ҳатто халифалар ҳазрати Абу Бакр Сиддиқ ва ҳазрати Умар розияллоҳу анҳумолар тушган ўлжадан у кишига ўз ҳақини беришганда ҳам олмадилар. Чунки ўлжа осонлик билан тушган ўлжа эди. ҳаким ибн ҳизом розияллоҳу анҳу шунинг учун уни олишни эп кўрмадилар. Вафот этгунларича ҳеч кимдан ҳеч нарса олмадилар.

Худди шу ҳолни олдинги ривоят соҳиблари Абу Саъид розияллоҳу анҳунинг сийратларида ҳам кўрамиз. Ибн Жарир Табарий у кишидан келтирган ривоятда Абу Саъид розияллоҳу анҳу қуйидагиларни айтадилар:

«Ўта шиддатли фақирликка учрадик. Аҳлим мени Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга бориб бир нарса сўрашга амр қилди. Бас, юриб бориб биринчи эшитганим у зотнинг:

«Ким беҳожат бўлса, Аллоҳ уни бой қилур. Ким иффат талаб бўлса, Аллоҳ уни иффатли қилур. Ким биздан бир нарса сўраса, топсак ундан яширмаймиз», деган гаплари бўлди. У зотдан ҳеч нарса сўрамай қайтдим. Сўнг бизга дунё ўз-ўзидан моил бўлиб келди».

Бу ривоятни Имом Муслим ҳам икки жойда келтирган. Яна Ибн Жарир Табарий Абу Саъид розияллоҳу анҳудан қилган бошқа бир ривоятда қуйидагилар айтилади:

«Бир куни у киши очликдан иложсизлик туфайли қорнига тош боғлаб ўтирган экан, хотини: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига бориб бирор нарса сўранг, фалончи бориб сўраган экан, анча нарса берибдилар», дебди.

«Бас, у зотнинг ҳузурларига борсам, хутба қилаётган эканлар, қулоқ солсам: «Ким иффатталаб қилса, Аллоҳ уни иффатли қилур. Ким беҳожатлик талаб қилса, Аллоҳ уни беҳожат қилур. Ким биздан сўраса, биз унга ани берурмиз. Ким беҳожат бўлса, бизга унинг сўраганидан кўра яхши», деяётган эканлар. Мен у зотдан бир нарса сўрамай қайтдим. Сўнгра Аллоҳ бизга доимий равишда ризқ бера бошлади. ҳатто, ансорийлар ичида биздан моллари кўпроқ аҳли байт қолмади».

 

536 - وَعَنْ حَكِيمِ بْنِ حِزَامٍ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ قَالَ: سَأَلْتُ رَسُولَ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ فَأَعْطَانِي، ثُمَّ سَأَلْتُهُ فَأَعْطَانِي، ثُمَّ سَأَلْتُهُ فَأَعْطَانِي، ثُمَّ قَالَ: «يَا حَكِيمُ؛ إِنَّ هَذَا الْمَالَ خَضِرٌ حُلْوٌ، فَمَنْ أَخَذَهُ بِسَخَاوَةِ نَفْسٍ بُورِكَ لَهُ فِيهِ، وَمَنْ أَخَذَهُ بِإِشْرَافِ نَفْسٍ لَمْ يُبَارَكْ لَهُ فِيهِ، وَكَانَ كَالَّذِي يَأْكُلُ وَلَا يَشْبَعُ، وَالْيَدُ العُلَيَا خَيْرٌ مِنَ اليَدِ السُّفْلَى» قَالَ حَكِيمٌ فَقُلْتُ: يَا رَسُولَ اللهِ؛ وَالَّذِي بَعَثَكَ بِالْحَقِّ؛ لَا أَرْزَأُ أَحَداً بَعْدَكَ شَيْئاً حَتَّى أُفَارِقَ الدُّنْيَا.

فَكَانَ أَبُو بَكْرٍ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ يَدْعُو حَكِيماً لِيُعْطِيَهُ العَطَاءَ، فَيَأْبَى أَنْ يَقْبَلَ مِنْهُ شَيْئاً، ثُمَّ إِنَّ عُمَرَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ دَعَاهُ لِيُعْطِيَهُ، فَأَبَى أَنْ يَقْبلَهُ، فَقَالَ: يَا مَعْشَرَ الْمُسْلِمِينَ؛ أُشْهِدُكُمْ عَلَى حَكِيمٍ أَنِّي أَعْرِضُ عَلَيهِ حَقَّهُ الَّذِي قَسَمَهُ اللهُ لَهُ فِي هَذَا الْفَيْءِ، فَيَأْبَى أَنْ يَأْخُذَهُ، فَلَمْ يَرْزَأْ حَكِيمٌ أَحَداً مِنَ النَّاسِ بَعْدَ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ حَتَّى تُوُفِّيَ. مُتَّفَقٌ عَلَيهِ [خ 1472، م 1035].

«يَرْزَأُ» بِرَاءٍ ثُمَّ زَايٍ ثُمَّ هَمْزَةٍ؛ أَيْ: لم يَأْخُذْ مِنْ أَحَدٍ شَيْئاً، وأَصلُ الرُّزْءِ: النُّقصَانُ؛ أَيْ لَم يَنْقُصْ أَحَداً شَيئاً بالأَخذِ مِنْهُ، وَ«إِشْرَافُ النَّفْسِ»: تَطَلُّعُهَا وَطَمَعُهَا بِالشَّيءِ، وَ«سَخَاوَةُ النَّفْسِ»: هِيَ عَدَمُ الإِشْرَافِ إِلَى الشَّيءِ، وَالطَّمَعِ فِيْهِ، وَالْمُبَالَاةِ بِهِ وَالشَّرَهِ.


Улашиш
|
|
Нусха олиш

537. Абу Бурда ва Абу Мусо ал‑Ашъарий розияллоҳу анҳулардан ривоят қилинади.

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга бир ғазотга чиқдик. Биз олти нафар эдик. Битта туямиз бор бўлиб, уни навбатма-навбат минар эдик. Оёқларимиз ёрилиб кетди. Менинг ҳам оёқларим ёрилиб, тирноқларим кўчиб кетди. Оёқларимизга латталарни ўраб олар эдик. Оёқларимизга латталарни боғлаб олганимиз учун Зотурриқоъ ғазоти деб номланди».

Абу Бурда айтдилар: Абу Мусо буни сўзлаб бера туриб, кейин буни кариҳ кўрди. У бирор амалини ёйиб юрган бўлиб қолишни истамагандек, «Мен буни айтиб юраман деб қилмаган эдим», деди».

Муттафақун алайҳ.

Шарҳ: «Риқоъ» сўзининг бирлиги «руқъа» бўлиб, парча, қийқим деган маънони билдиради. «Зотурриқоъ ғазоти» дегани латта парчалари ишлатилган ғазот демакдир. Бу ғазот бешинчи ҳижрий санада бўлган. Бу ғазотнинг номланиши ҳақида бошқача қарашлар ҳам бор, бироқ ушбу ҳадисдаги гап машҳур ҳисобланади.

Бу ғазот Муҳориби Хасфа ва Бану Саълаба ғазоти ҳам дейилади. Расулуллоҳ саллаллоҳу алаиҳи васаллам ўшанда Нахл деган жойга тушганлар. Бу ғазот Хайбар ғазотидан кейин бўлган, чунки шу ғазот ишгирокчиси Абу Мусо ал-Ашъарий Хайбар ғазотидан кейин исломга кирганлар.

Жобир ибн Абдуллоҳ: «Пайғамбар алайҳиссалом асҳоблари бирлан бирга еттинчи ғазот, яъни Зотурриқоъ ғазоти куни хавф намозини ўқидилар. Бу ғазотнинг «Еттинчи ғазот» деб аталишига сабаб у Бадр, Уҳуд, Хандақ, Қурайза, Мурайсиъ ва Хайбар ғазотларидан кейин воқеъ бўлган», дейдилар.

Ваҳб ибн Кайсон ривоят қиладилар: «Мен Жобирдан эшитдимки, Пайғамбар алайҳиссалом Нахлнинг Зотурриқоъ мавзесига чиқибдилар. Шунда мусулмонлар билан Ғатафон мушриклари тўқнашиб қолибди, лекин жанг бўлмабди. Чунки, Аллоҳ таоло ҳар иккала томонни хавфлантириб қўйибди. Жаноб Расулуллоҳ шу ерда икки ракат хавф намози ўқибдилар»

Солиҳ ибн Хаввот Зотурриқоъда Жаноб Расулуллоҳ бирлан бирга ғазотда бўлган кишидан эшитганларини бундай деб ривоят қиладилар: «Пайғамбар алайҳиссалом шу куни хавф намози ўқидилар. Аввал бир гуруҳ Жаноб Расулуллоҳ бирлан бирга намозга саф тортди, иккинчи гуруҳ эса душман бирлан юзма-юз турди. Жаноб Расулуллоҳ биринчи гуруҳ билан бирга бир ракат ўқиб, тик турдилар, қавм эса ўзи мустақил иккинчи ракатни ўқиб, намозни тугатди. Кейин, улар бориб душман билан юзма-юз турдилар. Шунда иккинчи гуруҳ келиб Жаноб Расулуллоҳга иқтидо қилди, у зот қолган иккинчи ракатни ўқиб бўлиб, ўтирдилар, жамоат эса ўзи мустақил намозни ўқиб тугатди. Сўнг, Жаноб Расулуллоҳ улар бирлан биргаликда салом бердилар»

Бу ҳадисдан олинадиган хулосалар:

– Саҳобалар оддийлик ва зоҳидликда яшашгани, улар ана шу қийинчиликлар рози бўлган ҳолда сабр қилишгани.

– Агар риё ва овоза бўлиб кетишдан қўрқилмаса, солиҳ амалларни зикр қилиш ва Аллоҳнинг неъматларини гапириш жоизлиги.

– Агар риёга мубтало бўлишдан қўрқса, солиҳ амалларни зикр қилишнинг кароҳияти.

537 - وَعَنْ أَبِي بُردَةَ، عَنْ أَبِي مُوسَى الأَشْعَرِيِّ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ قَالَ: خَرَجْنَا مَعَ رَسُولِ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ في غَزَاةٍ، وَنحْنُ سِتَّةُ نَفَرٍ بَيْنَنَا بَعِيرٌ نَعْتَقِبُهُ، فَنَقِبَتْ أَقْدَامُنَا، وَنَقِبَتْ قَدَمِي، وَسَقَطَتْ أَظْفَارِي، فَكُنَّا نَلُفُّ عَلَى أَرْجُلِنَا الخِرَقَ، فَسُمِّيَتْ غَزْوَةَ ذَاتِ الرِّقَاعِ؛ لِمَا كُنَّا نَعْصُبُ عَلَى أَرْجُلِنَا مِنَ الخِرَق، قَالَ أَبُو بُردَةَ: فَحَدَّثَ أَبُو مُوسَى بِهَذَا الحَدِيثِ، ثُمَّ كَرِهَ ذَلِكَ، وَقَالَ: مَا كُنْتُ أَصْنَعُ بِأَنْ أَذْكُرَهُ! قَالَ: كَأَنَّهُ كَرِهَ أَنْ يَكُونَ شَيْئاً مِنْ عَمَلِهِ أَفْشَاهُ. مُتَّفَقٌ عَلَيهِ [خ 4128، م 1816].


Улашиш
|
|
Нусха олиш

538. Амр ибн Тағлиб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга мол‑дунё ёки асир келтирилган эди, баъзи кишиларга бериб, баъзи кишиларга бермадилар. Уларнинг норози бўлгани у зотга етиб келди. Бас у зот Аллоҳга ҳамд сўнгра сано айтиб: «Аммо баъд! Аллоҳга қасамки, мен (баъзан) бир кишини қўйиб, бир кишига бераман. Бермаганларим берганларимдан кўра мен учун суюклироқ. Айрим одамларга қалбларидаги чидамсизлик ва тоқатсизлик сабабли бераман. Айрим одамларни эса Аллоҳ уларнинг қалбига солиб қўйган беҳожатлик ва яхшиликка ташлаб қўяман. Амр ибн Тағлиб ўшалардан», дедилар.

Амр ибн Тағлиб айтади: «Аллоҳга қасамки, менга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шу сўзлари ўрнига қизил туялар берилса ҳам, хоҳламасдим».

Имом Бухорий ривояти.

Шарҳ: Мол ва мато инсоннинг каромати ҳамда ўрнини белгиловчи нарса эмасдир. Бу ҳадис жоҳилият ўлчовларини йўққа чиқармоқда. Чунки жоҳилият даврида инсоннинг қадр-қиммати мол-мулки билан ўлчанган. Ким бир тийинга қодир бўлмаса, унинг қадри бир тийинга тенг бўлмаган. 

 

538 - وَعَنْ عَمْرٍو بْنِ تَغْلِبِ - بِفَتْحِ التَّاءِ الْمُثَنَّاةِ فَوقُ، وَإِسْكَانِ الغَيْنِ الْمُعْجَمَةِ، وَكَسْرِ اللَّامِ - رَضِيَ اللهُ عَنْهُ: أَنَّ رَسُولَ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ أُتِيَ بمَالٍ أَوْ سَبْيٍ فَقَسَّمَهُ، فَأَعْطَى رِجَالًا، وَتَرَكَ رِجَالًا، فَبَلَغَهُ أَنَّ الَّذِينَ تَرَكَ عَتَبُوا؛ فَحَمِدَ اللهَ، ثُمَّ أَثْنَى عَلَيهِ، ثُمَّ قَالَ: «أَمَّا بَعْدُ: فَوَاللهِ إِنِّي لأُعْطِي الرَّجُلَ وَأَدَعُ الرَّجُلَ، وَالَّذِي أَدَعُ أَحَبُّ إلَيَّ مِنَ الَّذِي أُعْطِي، وَلَكِنِّي أُعْطِي أَقوَاماً لِمَا أَرَى فِي قُلُوبِهِمْ مِنَ الجَزَعِ وَالْهَلَعِ، وَأَكِلُ أَقْواماً إِلَى مَا جَعَلَ اللهُ فِي قُلُوبِهِمْ مِنَ الغِنَى وَالخَيْرِ، مِنْهُمْ عَمْرُو بْنُ تَغْلِبَ» فَواللهِ مَا أُحِبُّ أَنَّ لِي بِكَلِمَةِ رَسُولِ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ حُمْرَ النَّعَمِ. رَوَاهُ البُخَارِيُّ [923].

«الْهَلَعُ»: هُوَ أَشَدُّ الجَزَعِ، وَقِيلَ: الضَّجَرُ.


Улашиш
|
|
Нусха олиш

539. Ҳаким ибн Ҳизом розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Юқори қўл қуйи қўлдан яхшидир. (Садақани) қарамоғингдагилардан бошла. Садақанинг яхшиси беҳожатликда бўлганидир. Ким иффатталаб бўлса, Аллоҳ уни иффатли қилади. Ким ўзини беҳожат тутса, Аллоҳ уни беҳожат қилади», дедилар».

Муттафақун алайҳ.

Бу имом Бухорий ривоятидир. Имом Муслим ривояти бундан қисқароқдир.

 

Шарҳ: Демак, ўз ҳожатидан ортиқ нарсани садақа қилиш яхшидир. Ўзи муҳтож бўлатуриб, ўзгага садақа қилиш эса мақбул эмас.

Инсон садақа қилганда ҳам аввало, ўз қарамоғидагилардан бошлаши керак. Чунки уларнинг нафақасини бериш вожибдир. Зотан, аҳли аёли муҳтож бўлатуриб ўзгага садақа қилиш мантиққа ҳам тўғри келмайди.

Киши инфоқни ўз ҳожатидан бошлаши, кейин болалари ва хотинлари кейин ундан узоқроғи қариндошларидан бошлаши керак. Албатта, қиладиган эҳсонини ўз қўли билан топган бўлиши, ўзи ва оиласидан орттириб ихлос билан адо этган бўлиши даркор. Шундагина Аллоҳ ҳузурида қабул бўлиши осонлашади. Набий (с.а.в.) бойларнинг маблағларидан инфоқ қилишга чақириб, шу пайтни ўзида камбағалларни иффатли бўлиб, одамлардан тиланчилик қилмасликка ундайдилар. Ким Аллоҳдан иффат талаб қилса иффат билан уни ризқлантириб қўяди. Ким одамлардан беҳожат бўлишини сўраб, ўша нарсага йўл қидирса, Аллоҳ унинг учун раҳмат эшикларини очиб, беҳожатлик, иффат ва каромат сабабларига муваффақ қилиб қўяди.

539 - وَعَنْ حَكِيمِ بْنِ حِزَامٍ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ: أَنَّ النَّبِيَّ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ قَالَ: «اليَدُ العُلْيَا خَيْرٌ مِنَ اليَدِ السُّفْلَى، وَابْدَأْ بِمَنْ تَعُولُ، وَخَيْرُ الصَّدَقَةِ مَا كَانَ عَنْ ظَهْرِ غِنًي، وَمَنْ يَسْتَعْفِفْ يُعِفَّهُ اللهُ، وَمَنْ يَسْتَغْنِ يُغْنِهِ اللهُ». مُتَّفَقٌ عَلَيهِ . وَهَذَا لَفْظُ البُخَارِيِّ، وَلَفْظُ مُسْلِمٍ أَخْصَرُ [خ 1427، م 1034].


Улашиш
|
|
Нусха олиш

540. Абу Абдураҳмон Муовия ибн Абу Суфён Сахр ибн Ҳарб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар: «Сўрашда хиралик қилманглар. Аллоҳга қасамки, бирортангиз мендан бирон нарса сўраса-ю, ўша сўрагани учун ўзим истамаган ҳолда бирор нарса берсам, берган нарсамга ҳаргиз барака берилмайди».

Имом Муслим ривояти.

Шарҳ: Аслида мусулмон одам мискин, фақир-камбағал бўлиши керак эмас. Қўлидан келган барча ҳалол имкониятларни ишга солиб, ўзини ўзи таъминлаб фаровон турмуш кечиришга интилиши лозим. Бу мусулмонга фарз. Аммо дунё бир хил турмайди, турли ҳодисалар рўй беради, инсон хоҳлаган нарса бўлавермайди. Ана шу сабабга кўра танг ҳолатга тушиб қолган мусулмон ҳам ўзини бардам тутиши керак. Одамлар унинг бу ҳолини билиб қолмаслиги керак. Дарҳол бировлардан ёрдам, садақа сўрашга шошилиш яхши эмас. Ўзини ана шундоқ тутган одам мискин бўлади. Бошқа мусулмонлар уларни қидириб топишлари, закотга ҳақдор санаб, ҳақларини топширишлари лозим.

Одамлардан хиралик ила нарса сўраб юриш, бир-икки луқма учун ҳам тиланишдан қайтмаслик тиланчининг иши. Тиланчилик эса, мусулмонликда қоралангандир.

540 – وَعَنْ أبي عَبْدِ الرَّحْمَنِ مُعَاوِيَةَ بْنِ أبي سُفْيَانَ صَخْرِ بْنِ حَرْبٍ رَضِيَ اللهُ عَنْهُمَا قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ: «لاَ تُلْحِفُوا بِيَ الْمَسْأَلَةَ، فَوَاللهِ؛ لَا يَسْأَلُنِي أَحَدٌ مِنْكُمْ شَيْئاً، فَتُخْرِجَ لَهُ مَسْأَلَتُهُ مِنِّي شَيْئاً وَأَنَا لَهُ كَارِهٌ، فَيُبَارَكَ لَهُ فِيمَا أَعْطَيْتُهُ». رَوَاهُ مُسْلِمٌ [1038].


Улашиш
|
|
Нусха олиш
541. Абу Абдураҳмон Авф ибн Молик Ашжаъий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Тўққиз ё саккиз ёки етти киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларида эдик. У зот: «Аллоҳнинг Расулига байъат қилмайсизларми?» дедилар. Биз яқиндагина байъат қилгандик. Шу боис: «Сизга байъат қилганмиз­ку, эй Аллоҳнинг Расули!» дедик. У зот яна: «Аллоҳнинг Расулига байъат қилмайсизларми?» дедилар. Биз: «Сизга байъат қилганмиз­ку, эй Аллоҳнинг Расули! Хўп, нимага байъат қилайлик? Қайси нарсага байъат қиламиз?», дедик. У зот: «Аллоҳга ибодат қилиш, Унга ҳеч нарсани шерик қилмаслик, беш маҳал намоз ўқиш, итоат қилишга ва – яширин бир гапни пичирладилар – одамлардан ҳеч нарса сўрамасликка», дедилар.

Дарҳақиқат, ана ўшаларнинг баъзилари қамчиси тушиб кетса ҳам, бирор кишидан уни узатиб юборишни сўрамаганини кўрганман».

Имом Муслим ривояти.

 

Шарҳ: «Байъат» арабча сўз бўлиб, луғатда «сотиш» маъносини англатади.

Истилоҳда эса давлат бошлиғиликка номзод одамнинг бошлиқ бўлишига рози бўлган шахснинг унга вафодорлигини ифода қиладиган, ваъдага ўхшаш аҳдномасини билдиради.

Бу маъно Қуръони Каримда икки марта: бири Фатҳ сурасида, иккинчиси Мумтаҳана сурасида зикр қилинган.

Аввалгиси эркакларнинг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга байъатлари ҳақида бўлса, кейингисида аёлларнинг у зотга байъатлари хусусида айтилган.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳаётлик чоғларидаги байъат – аҳднома Исломга кириш ва унинг амалларини бажариш ҳақида бўлган.

Ўша вақтдаги байъатнинг баъзи тарафлари Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шахсларига, у зотга итоат қилишга бўлган.

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам вафот этганларидан кейин халифага байъат қилиш йўлга қўйилган. Бу байъат ўзига хос сиёсий маънони акс эттирган. Давлат бошлиғи лавозимига сайлаш ва бошлиқ сифатида унга итоат қилиш маъносида бўлган.

Одамлардан бирон нарса сўрасангиз, бериш-бермасликлари даргумон. Агар берсалар, миннат қилишади. Рад этсалар, сизга хўрлик ва хорлик қолдиришади. Чўзилган қўлнинг силтаб ташланиши нафсга нафрат олиб киради. Кўнгил ойнасини чил-чил қилади. Шу боис, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам баъзи асҳобларидан байъат қабул қилаётганларида ҳеч қачон одамлардан сўрамаслик хусусида аҳд-паймон олганлар. Абу Бакр Сиддиқ разияллоҳу анҳу, Абу Зарр Ғифорий разияллоҳу анҳу, Савбон ва Авф ибн Молик разияллоҳу анҳум ана шундай байъат берганлар сафида эдилар. Улар қамчилари ёхуд туяларининг жилови ерга тушиб кетса ҳам, ўзлари тушиб олардилар. Бировлардан илтимос қилмасдилар. (Муслим ва Абу Довуд ривоятлари).

Қодир ва Енгилмас Зотдан мадад сўранг;

Ёрдам аслида ҳар нарсага қодир Зотдан сўралади. Биз барча каттаю кичик муаммолар қаршисида кўмакка муҳтожмиз. Аллоҳдан бошқа ҳеч ким на фойда ва на зарар келтира олади. Фақат Парвардигор мададигина ҳақиқий нусратдир. Аллоҳ мададидан мосуво бўлган кимса аниқ бадбахтдир! “Агар сизларга Аллоҳ ёр бўлса, ҳеч ким сизлардан ғолиб бўлмас. Ва агар сизларни ёрдамсиз қўйса, Ундан ўзга ҳеч бир зот ёрдамчи бўлмас”. (Оли Имрон сураси, 160-оят).

Қалблар Аллоҳ таоло измидадир. Пок Парвардигор уларни Ўзи хоҳлаган тарафга буриб қўюр. Модомики, шундай экан, келинг, ҳақиқий Хожамиз, Берувчимиз, Сақлагувчимиз, фазлу марҳамати чексиз Аллоҳ таолога илтижо қилайлик. Ҳар бир мушкулот қаршисида фақат У Зотни зикр этиб, қуллик мақомида туриб таваккул этайлик. “Ким Аллоҳга таваккул қилса, бас Аллоҳнинг Ўзи унга етарлидир!” (Талоқ сураси, 3-оят). “Сенгагина ибодат қиламиз ва Сендангина мадад сўраймиз”. (Фотиҳа сураси, 5-оят).

 

Аллоҳдан ўзгадан мадад тилаш, ўзгалар ёрдамига кўз тикиш заифлик ва хорлик белгисидир;

Ёрдам сўраб қўл чўзган киши ўзининг ожизлигини, муҳтожлигини ҳолати билан эътироф этиб турган бўлади. Айни муҳтожлик инсонда фақат ва фақат Аллоҳ таолога нисбатан мавжуддир. Зеро, мадад тиламоқ ибодат моҳияти саналади. Аллоҳдан ўзгага кўз тикиш хорликдан бошқа нарса эмас. Аслида ёрдам сўралувчи фойда етказиш ва зарарни даф этишга ҳамда сўровчининг мақсадини рўёбга чиқаришга қодир бўлмоғи шарт. Мазкур сифат ҳам Ёлғиз Пок Парвардигор имконидадир. Кимда-ким ожиз бандани мана шундай деб ўйласа, умиди пучга чиқади. Ўзи ёрдамга муҳтож бўлган инсондан умидвор бўлмоқ оқиллар иши эмас. “Агар Аллоҳ сизга бирон зиён етказса, уни фақат Ўзигина кетказа олур. Агар сизга бирон яхшиликни ирода қилса, Унинг фазлу марҳаматини қайтара олувчи йўқдир!” (Юнус сураси, 107-оят). “Аллоҳ одамлар учун не бир раҳмат-марҳаматни очиб қўйса, бас, уни тутиб қолувчи бўлмас ва нени тутиб қолса, бас, Ундан сўнг уни (бандаларга) юборувчи кимса бўлмас”. (Фотир сураси, 2-оят).

541 - وَعَنْ أَبِي عَبْدِ الرَّحْمَنِ عَوفِ بْنِ مَالِكٍ الأَشْجَعِيِّ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ قَالَ: كُنَّا عِنْدَ رَسُولِ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ تِسَعْةً أَوْ ثَمَانِيَةً أَوْ سَبْعَةً، فَقَالَ: «أَلَا تُبَايِعُونَ رَسُولَ اللهِ؟» وَكُنَّا حَدِيثَ عَهْدٍ بِبَيْعَةٍ، فَقُلْنَا: قَدْ بَايَعْنَاكَ يَا رَسُولَ اللهِ!! ثُمَّ قَالَ: «أَلَا تُبَايِعُونَ رَسُولَ اللهِ؟» فَبَسَطْنَا أَيْدِينَا وَقُلْنَا: قَدْ بَايَعْنَاكَ يَا رَسُولَ اللهِ، فَعَلَامَ نَبَايِعُكَ؟ قَالَ: «أَنْ تَعْبُدُوا اللهَ وَلَا تُشْرِكُوا بِهِ شَيْئاً، وَالصَّلَوَاتِ الخَمْسِ، وَتُطِيعُوا - وَأَسَرَّ كَلِمَةً خَفِيَّةً - وَلَا تَسْأَلُوا النَّاسَ شَيْئاً» فَلَقَدْ رَأَيْتُ بَعْضَ أُولَئِكَ النَّفَرِ يَسْقُطُ سَوْطُ أَحَدِهِمْ فَمَا يَسْأَلُ أَحَداً يُنَاوِلُهُ إِيَّاهُ. رَوَاهُ مُسْلِمٌ [1043].


Улашиш
|
|
Нусха олиш

542. Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Сизлардан бирингиз тиланчиликда бардавом бўлади, ҳаттоки у киши Аллоҳ таолога юзида бир парча гўшт йўқ ҳолатда йўлиқади», дедилар.

Муттафақун алайҳ.

Шарҳ: Бу дунёда юзини  шувут қилиб одамлардан нарса сўраб кун ўтказиш фақат ёруғ дунёдаги хор-зорлик, ўз обрўсини тўкишлик бўлиб қолмай, охиратда ҳам ёмон оқибатларга олиб келади. Бу дунёда ўзи меҳнат қилмай, бировдан сўраб олган ҳар бир нарсаси, ҳар бир юзсизлиги эвазига у дунёда юзидан бир парча гўшти шилиниб тушган ҳолда тирилар экан. Одамлардан ҳадсиз-ҳисобсиз кўп сўраган бўлса, юзида умуман гўшти қолмай тирилади.

Бундан хунук, бундан жирканч манзара бўлмаса керак. Бировлардан тиланчилик қилиб кун ўтказишдан нафрат қилдиришга бундан ортиқ тарғиб ва ташвиқ бўлмаса керак. Ушбу ҳақиқатни тушуниб етган, заррача ору номуси бор одам ҳеч қачон тиланчилик кўчасига кирмаса керак. Қолаверса, узрсиз бировдан бирон нарса сўрамаса керак.

Шунинг учун ҳам Насаийнинг ривоятида Пай­ғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Агар тиланчиликда нима борлигини билганингизда ҳеч ким ҳеч кимнинг олдига бирор нарса сўраб бормас эди», демоқдалар.

 

542 - وَعَنِ ابْنِ عُمَرَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُمَا: أَنَّ النَّبِيَّ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ قَالَ: «لَا تَزَالُ الْمَسْأَلَةُ بِأَحَدِكُمْ حَتَّى يَلْقَى اللهَ تَعَالَى وَلَيْسَ فِي وَجْهِهِ مُزْعَةُ لَحْمٍ». مُتَّفَقٌ عَلَيهِ [خ 1474، م 1040].

«الْمُزْعَةُ» بِضَمِّ الْمِيْمِ وَإِسْكَانِ الزَّايِ، وَبِالعَيْنِ الْمُهْمَلَةِ: القِطْعَةُ.


Улашиш
|
|
Нусха олиш
543. У кишидан, яъни Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам минбарда туриб, садақа ва тиланчиликдан сақланиш ҳақида гапириб туриб: «Юқори қўл пастки қўлдан яхшидир. Юқори қўл инфоқ қилувчи ва пастки қўл тиланчидир», дедилар.

Муттафақун алайҳ.

543 – وَعَنْهُ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ: أَنَّ رَسُولَ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ قَالَ وَهُوَ عَلَى الْمِنْبَرِ وَذَكَرَ الصَّدَقَةَ وَالتَّعَفُّفَ عَنِ الْمَسْأَلَةِ: «اليَدُ العُلْيَا خَيْرٌ مِنَ اليَدِ السُّفْلَى»، وَاليَدُ العُلْيَا هِيَ الْمُنْفِقَةُ، وَالسُّفْلَى هِيَ السَّائِلَة. مُتَّفَقٌ عَلَيهِ [خ 1429، م 1033].


Улашиш
|
|
Нусха олиш
544. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким одамлардан молини кўпайтириш учун тиланса, фақат ва фақат чўғ сўраётган бўлади. Энди (хоҳласа) уни оз сўрасин ё кўп сўрасин», дедилар».

Имом Муслим ривояти.

Шарҳ: Бу ҳадисдан тиланчилик нақадар ёмон одат экани баён қилинмоқда.

544 - وَعَنْ أَبِي هُرَيرَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ: «مَنْ سَأَلَ النَّاسَ تَكَثُّراً فَإِنَّمَا يَسْأَلُ جَمْراً، فَلْيَسْتَقِلَّ أَوْ لِيَسْتَكْثِرْ». رَوَاهُ مُسْلِمٌ [1041].


Улашиш
|
|
Нусха олиш

545. Самура ибн Жундуб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Тиланчилик кишининг ўз юз терисини шилиш, деганидир. Фақат (Аллоҳ фарз этган закот ва шунга ўхшаш нарсаларни) султондан сўраши ҳамда чорасиз ишда бундан мустасно», дедилар.

Имом Термизий ривоят қилиб, ҳасан, саҳиҳ ҳадис, дедилар.

Шарҳ: Ислом тузуми, аввало, ишга қодир бўлган ҳар бир инсоннинг осонлик билан ҳалол ризқ топишини таъминлайди. Лекин инсон ҳаёти доимо бирдек кечавермайди, турли фавқулодда ҳолатлар, кутилмаган ҳодисалар оқибатида баъзи кишилар ноқулай иқтисодий ҳолатга тушиб қоладилар. Бундай ҳолатлар садақа, хайр-эҳсон йўли билан муолажа қилинади. Ўта бой кишилардан маълум миқдордаги молу мулк закот сифатида фарз ҳукми ила олиниб, ҳақдорларга тарқатилади.

Сўнгра қодир бўлган барча кишиларни ихтиёрий садақа қилишга тарғиб қилинади.

Шу билан бирга, муҳтожларни ҳам одоб доирасидан чиқмаслик, юқоридаги оятда айтилганидек, хиралик билан одамлардан тиланчилик қилмасдан, иффатли-қаноатли бўлишга чақирилади.

Имом Бухорий раҳматуллоҳи алайҳи қилган ривоятда Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу айтадиларки: Пайғамбар алайҳиссолату вассалом: «Бир-икки хурмо ёки бир-икки луқмани олиб, қайтадиган мискин эмас, иффатли бўлиб турган мискиндир, хоҳласангиз, «Одамлардан хиралик қилиб сўрамалар» оятини ўқинг», – дедилар.

Имом Аҳмад ибн Ҳанбал розияллоҳу анҳу ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз алайҳиссолату вассалом:

– Ким ўзида етарли нарса бўла туриб, одамлардан тиланса, қиёмат куни тиланчилиги юзида тирналиш бўлиб келади, – дедилар. Одамлар:

– Эй Аллоҳнинг Расули, етарли нарса қанча? – дедилар. У зоти бобаракот:

– Эллик дирҳам, – дедилар.

Шундан келиб чиқиб, «Етарли нарсаси бор одамга тиланчилик қилиш ҳаром» деган ҳукм чиқарилган.

 

545 - وَعَنْ سَمُرَةَ بْنِ جُنْدُبٍ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ: «إِنَّ الْمَسْأَلَةَ كَدٌّ يَكُدُّ بِهَا الرَّجُلُ وَجْهَهُ، إِلَّا أَنْ يَسْأَلَ الرَّجُلُ سُلْطَاناً أَوْ في أَمْرٍ لَا بُدَّ مِنْهُ». رَوَاهُ التِّرْمِذِيُّ وَقَالَ: حَدِيثٌ حَسَنٌ صَحِيحٌ [681].

«الكَدُّ»: الخَدْشُ وَنَحْوُهُ.


Улашиш
|
|
Нусха олиш

546. Ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар: «Кимга қашшоқлик етганда буни одамларга арз қилса, қашшоқлиги аримайди. Ким буни Аллоҳга арз қилса, тезда ёки бироздан кейин унга Аллоҳ ризқни тезлатади».

Абу Довуд ва Термизийлар ривояти. Термизий ҳасан ҳадис, дедилар.

Шарҳ: Инсон қачон бирор дард ёки ғам ташвишга ботса, қарздор бўлиб қолса, уй жойсиз қолса, икки ҳолатдан бири бўлади. Биринчиси бу Аллоҳнинг қаҳри ва азобидир. Иккинчиси банданинг даражаси баланд бўлиши ва унга ажру савобни кўплаб берилишига сабабдир.

Иккиси орасида фарқ

Иккиси орасидаги фарқ шуки, биринчига мубтало бўлган киши Аллоҳ таолога юзланишни тарк қилади, тақдирига норози бўлади ва ҳаммага Аллоҳдан шикоят қилади. “Нега мени бунчалар балога гирифтор қилмаса? Нима гуноҳим бор? Ҳамма пул топмоқда, нима учун менга ризқ эшиклари ёпилиб қолган. Ёки ҳамма саломату менгина шундай дардга чалинганман” деяверади. Аллоҳ буюрган намоз, рўза ва бошқа фарзларни тарк қилади. Балолардан қутилиш чораларини қилсада, тавбага шошилиш, дуода бўлиш ва қилган хатоларини тўғрилашни, қилган зулм ва жафоларини тадоригини кўришни тарк қилади. Бу ҳолга тушиш бадбахтлик аломатидир.

Иккинчиси эса, агар бошига бало тушиши билан тавбага шошилиб, дуога қўл очиб: “Эй Аллоҳим, мен заифман, ночорман. Бунданда ортиғ балоларга лойиқман. Шундай бўлсада Ўз фазл-караминг ила менга нажот бергин” дейди. Дилида хатоларига афсус, тилида истиғфор бўлади. Юзидан ғами намоён бўлсада тилида Аллоҳдан шикоят қилиш, дилида нафратланиш деган нарса бўлмайди. Аксинча аввалгиданда ибодат ва зикрга машғул бўлади. Қилган хатоларини ўйлаб уни тўғрилашга киришади. Бу бало Аллоҳнинг раҳматидир, бу Аллоҳнинг ўша бандага муҳаббати борлиги ва унинг даражасини юқори бўлишини аломатидир.

Дунё ғамдан холи эмас

Баъзида кишилар: “Муҳаббат ҳам шундай бўладими? Яхши кўрган бандасини ҳам шундай балога гирифтор қиладими? Аллоҳ яхши кўрса, ором устига ором бахш этмасмиди?” дейишади. Бу дунё жаннат эмас, синов майдонидир. Инсон пайғамбар, валий, подшоҳ, бой ёки фақир-мискин бўладими, ким бўлишидан қатъий назар бирор дардга йўлиқиши, бошига ғам ташвиш тушишидан холи бўлмайди. Бир кун совуқ бўлса, бир кун иссиқ бўлади.  Бу дунёда соғлик ва касаллик, хурсандчилик ва хафагарчилик, роҳат ва ғам ташвиш бирга юради. Фақат азобу-азоб дўзахда, орому-ором жаннатда бўлади. Бу дунёда беғам бўлиш йўқ.

Аллоҳнинг ҳар кимга берган давлати алоҳидадир

Аллоҳ кимгадир иймон ва соғлик давлатини берса, кимгадир молу-дунё, кимгадир солиҳ фарзандалар, кимгадир бошқарувчилик ва яна кимгадир бошқа нарсаларни берган. Худди шунингдек кимгадир бирор дардни берган бўлса, кимгадир фарзандсизлик, кимгадир ноқобил фарзандларни ва яна кимларга турли-туман ғам ташвишни берган. Кимгадир бойлик бериб, соғлигини олиб қўйган, кимгадир соғлик бериб бойлигини олиб қўйган. Хуллас ҳамманинг ҳоли алоҳида-алоҳидадир. Ҳамма қайсидир бир имтиҳонда ва ҳар ким ўзига берилган дардга ҳам неъматга ҳам шукур қилиши керак.

Демак ҳадисдан оладиган хулосамиз шуки, инсон муҳтож бўлиб, ночор ҳолга тушиб қолганида ҳолини одамларга эмас, Аллоҳга шикоят қилиб, дардини у зотга жойнамоз устида ҳавола қилиши уқтирилмоқда.


546 - وَعَنِ ابْنِ مَسْعُودٍ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ: «مَنْ أَصَابَتْهُ فَاقَةٌ فَأَنْزَلَهَا بِالنَّاسِ لَمْ تُسَدَّ فَاقَتُهُ، وَمَنْ أَنْزَلَهَا بِاللهِ، فَيُوشِكُ اللهُ لَهُ بِرِزقٍ عَاجِلٍ أَوْ آجِلِ». رَوَاهُ أَبُو دَاوُدَ، وَالتِّرْمِذِيُّ وَقَالَ: حَدِيثٌ حَسَنٌ [د 1645، ت 2326].

«يُوشكُ» بِكَسْرِ الشِّينِ: أَي يُسرِعُ.


Улашиш
|
|
Нусха олиш

547. Савбон розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким одамлардан ҳеч нарса сўрамасликка менга кафолат беради? Мен унга жаннатга кафил бўламан», деганларида : «Мен», дедим. У ҳеч кимдан ҳеч нарса сўрамас эди».

Абу Довуд саҳиҳ иснод ила ривоят қилдилар.

Шарҳ: Савбон розияллоҳу анҳу Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг мавлолари (озод қилган қуллари) эдилар. Ушбу ҳадиси шарифни эшитган лаҳзаларидан бошлаб умрларининг охиригача ҳеч кимдан ҳеч нарса сўрамай ўтганлар. Келинг, Савбон розияллоҳу анҳу бу ишни қандай амалга оширганларини бошқа ривоятлар орқали яхшироқ ўрганиб чиқайлик.

Имом Ибн Можа келтирган ривоятда айтилишича: «Савбон розияллоҳу анҳу уловда кетаётганида қамчи қўлидан тушиб кетса ҳам бировга «анавини менга олиб бер», демас эди. Балки ўзи тушиб олар эди».

Абу Умомадан ривоят қилинишича, Савбон розияллоҳу анҳу байъат қилганда ҳам, бировдан ҳеч нарса сўрамасликка аҳд қилиб байъат қилган.

Абу Умома айтадилар:

«Савбонни Маккада одамлар энг зич жойда кўрдим. Улов миниб кетаётиб қўлидаги қамчиси одамларнинг елкасига тушар эди. Ўша одамлар қамчини олиб унга узатса олмас, ўзи ерга тушиб олар эди» (Имом Аҳмад, Насаий ва Табаронийлар ривоят қилишган).

Пайғамбар алайҳиссаломдан эшитилган ҳадисга амал қилиш қандоқ бўлишини бир кўриб қўйинг! Жаннатга кириш иштиёқи нечоғли кучли бўлишига бир эътибор қилинг! Бизни ҳам Аллоҳ таоло шундай даражаларга эриштирсин!

Яна бошқа бир мисол олиб кўрайлик:

Имом Аҳмад Ибн Абу Маликадан қилган ривоятда қуйидагилар айтилади:

«Гоҳида Абу Бакр розияллоҳу анҳунинг қўлидан туясининг югани тушиб кетар эди. Шунда у туянинг билагига уриб чўктирар ва уни олар эди. Одамлар:

«Бизга айтсанг, олиб берар эдик», десалар, у киши:

«Мени ҳабибим соллаллоҳу алайҳи васаллам одамлардан ҳеч нарса сўрамасликка амр қилган», дер эди.

547 - وَعَنْ ثَوْبَانَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ: «مَنْ تَكَفَّلَ لِي أَلَّا يَسْأَلَ النَّاسَ شَيْئاً وَأَتَكَفَّلُ لَهُ بِالجَنَّةِ؟» فَقُلْتُ: أَنَا. فَكَانَ لَا يَسْأَلُ أَحَداً شَيْئاً. رَوَاهُ أَبُو دَاوُدَ بِإِسْنَادٍ صَحِيحٍ [1643].


Улашиш
|
|
Нусха олиш
548. Абу Бишр Қабиса ибн Мухориқ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Бир тўлов мажбуриятини* зиммамга олдим. Кейин шу борада (ёрдам) сўраб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга келдим. У зот: «Тура тур-чи, бизга садақа келиб қолса, ўшани сенга деб (беришни) буюрармиз», дедилар. Сўнг шундай дедилар: «Эй Қабиса, сўраш тиланиш уч кишигагина ҳалол бўлади:

Бирор тўлов мажбуриятини зиммасига олган киши. Ўшани қўлга киритгунча сўраш тиланиш ҳалол, кейин тийилади;

Мол­мулкини бирор офат йўқ қилган киши. Унга то яшашга яроқли нарсани [ёки «яшашга етарли нарсани»] қўлга киритгунча сўраш тиланиш ҳалол бўлади;

Қашшоқлик етиб, қавмидан учта аҳли дониш «Ҳақиқатан, фалончига қашшоқлик етди» дейдиган киши, унга ҳам то яшашга яроқли нарсани [ёки «яшашга етарли нарсани»] қўлга киритгунча сўраш тиланиш ҳалол бўлади.

Аммо бундан бошқасида, эй Қабиса, тиланчилик қилиш ҳаром. Унинг соҳиби ҳаромни еган бўлади», дедилар.

Имом Муслим ривояти.

Шарҳ: «Тўлов» деб ўгирилган сўз арабчада «ҳамаалатун» бўлиб, оддий тўловдан фарқ қилади. * Бу сўз дия, қарз ёки шу каби бошқа молиявий мажбуриятлар устида тортишиб турган икки тарафни яраштириш учун мажбурий тўловни зиммага олишни англатади.

Ушбу ривоят эгаси Қабиса ибн Мухориқ розияллоҳу анҳу ҳам шундоқ қилиб, зиммаларига пул юкини олганлар. Бу юкни адо этишда ёрдам сўраб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келганлар. У зот закотга олинган моллардан келиб қолса ёрдам беришни ваъда қилганлар. Шу билан бирга, бунга ўхшаш закот олишга, ундан ёрдам сўраб келишга ҳақли яна икки тоифани ҳам айтиб берганлар.

Бирор офат етганлиги сабабли мол-мулки ҳалокатга учраган кишилар ҳам турмуш харажатларига яраша олсалар ҳалол экан. Турли сабабларга кўра қаттиқ фақирликка учраган киши ҳам, уни танийдиган уч киши гувоҳлик берса, закот маблағидан олса бўлар экан.

Жумҳур уламолар бу ҳадисни келтириш билан ҳожати йўқ одам закот олмаслиги керак, демоқчи бўладилар. Бу билан моли нисобга етмаса олса бўлаверади, деган ҳанафийларга қарши далил келтирадилар. Аслида эса, ҳеч қандай қарама-қаршилик йўқ.

Ҳанафийлар энг муҳтожлар биринчи навбатда ҳақли, дейдилар. Агар улар бўлмаса ёки улардан ортиб қолса, моли нисобга етмаганлар ҳам олса бўлади. Лекин бойлар олиши мумкин эмаслигига шубҳа йўқ.

2. Касб қилишга қодир, соғлом кишига ҳам закот молидан олиш тўғри келмайди.

 

548 - وَعَنْ أَبِي بِشْرٍ قَبِيصَةَ بْنَ الْمُخَارِقِ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ قَالَ: تَحَمَّلْتُ حَمَالَةً فَأَتَيْتُ رَسُولَ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ أَسْأَلُهُ فِيهَا، فَقَالَ: «أَقِمْ حَتَّى تَأْتِينَا الصَّدَقَةُ فَنَأْمُرَ لَكَ بِهَا» ثُمَّ قَالَ: «يَا قَبِيصَةُ؛ إِنَّ الْمَسْأَلَةَ لَا تَحِلُّ إِلَّا لأَحَدِ ثَلَاثَةٍ: رَجُلٌ تَحَمَّلَ حَمَالَةً؛ فَحَلَّتْ لَهُ الْمَسْأَلَةُ حَتَّى يُصِيبَهَا ثُمَّ يُمْسِكُ، وَرَجُلٍ أَصَابَتْهُ جَائِحَةٌ اجْتَاحَتْ مَالَهُ؛ فَحَلَّتْ لَهُ الْمَسْأَلَةُ حَتَّى يُصِيبَ قِوَاماً مِنْ عَيْشٍ - أَوْ قَالَ: سِدَاداً مِنْ عَيْشٍ - وَرَجُلٍ أَصَابَتْهُ فَاقَةٌ، حَتَّى يَقُولَ ثَلَاثَةٌ مِنْ ذَوِي الحِجَى مِنْ قَوْمِهِ: لَقَدْ أَصَابَتْ فُلَاناً فَاقَةٌ؛ فَحَلَّتْ لَهُ الْمَسْأَلَةُ حَتَّى يُصِيبَ قِوَاماً مِنْ عَيْشٍ - أَوْ قَالَ: سِدَاداً مِنْ عَيْشٍ - فَمَا سِوَاهُنَّ مِنَ الْمَسْأَلَةِ يَا قَبِيصَةُ سُحْتٌ، يأَكُلُهَا صَاحِبُهَا سُحْتاً». رَوَاهُ مُسْلِمٌ [1044].

«الحَمَالَةُ» بِفَتْحِ الحَاءِ: أَنْ يَقَعَ قِتَالٌ وَنَحْوُهُ بَينَ فَرِيقَينِ، فَيُصْلِحُ إِنْسَانٌ بَيْنَهُمْ عَلَى مَالٍ يَتَحَمَّلُهُ وَيَلْتَزِمُهُ عَلى نَفْسِهِ، وَ«الجَائِحَةُ»: الآفَةُ تُصِيبُ مَالَ الإِنْسَانِ، وَ«القَوَامُ» بِكَسْرِ القَافِ وَفَتْحِهَا: هُوَ مَا يَقُومُ بِهِ أَمْرُ الإِنْسَانِ مِنْ مَالٍ وَنَحْوِهِ وَ«السِّدَادُ» بِكَسْرِ السِّينِ: مَا يَســُــدُّ حَاجَةَ الْمُعْوِزِ ويَكْفِيهِ، وَ«الفَاقَةُ»: الفَقْرُ وَ«الحِجَى»: العَقْلُ.


Улашиш
|
|
Нусха олиш

549. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Бир-икки луқма, бир-икки хурмо билан қаноатланадиган киши мискин эмас. Мискин – ўзини беҳожат қиладиган бойлик ҳам топа олмаган, (ҳожатмандлиги) билинмаганидан садақа ҳам қилинмайдиган, ўзи ҳам туриб бориб, одамлардан сўрамайдиган кишидир», дедилар».

Муттафақун алайҳ.

Шарҳ: Бу ҳадиснинг шарҳи 271-ҳадис рақами остидаги ҳадисда келтирилган.

549 - وَعَنْ أَبِي هُرَيرَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ: أَنَّ رَسُولَ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ قَالَ: «لَيْسَ الْمِسْكِينُ الَّذِي تَرُدُّهُ اللُّقْمَةُ وَاللُّقْمَتَانِ، وَالتَّمْرَةُ وَالتَّمْرتَانِ، وَلَكِنَّ الْمِسْكِينَ الَّذِي لَا يجِـدُ غِنًى يُغنِيهِ، وَلَا يُفْطَنُ لَهُ فَيُتَصَدَّقَ عَلَيْهِ، وَلاَ يَقُومُ فَيَسْأَلَ النَّاسَ». مُتَّفَقٌ عَلَيهِ [خ 1479، م 1039 وسبق برقم 271].


Улашиш
|
|
Нусха олиш