539. Ҳаким ибн Ҳизом розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Юқори қўл қуйи қўлдан яхшидир. (Садақани) қарамоғингдагилардан бошла. Садақанинг яхшиси беҳожатликда бўлганидир. Ким иффатталаб бўлса, Аллоҳ уни иффатли қилади. Ким ўзини беҳожат тутса, Аллоҳ уни беҳожат қилади», дедилар».
Муттафақун алайҳ.
Бу имом Бухорий ривоятидир. Имом Муслим ривояти бундан қисқароқдир.
Шарҳ: Демак, ўз ҳожатидан ортиқ нарсани садақа қилиш яхшидир. Ўзи муҳтож бўлатуриб, ўзгага садақа қилиш эса мақбул эмас.
Инсон садақа қилганда ҳам аввало, ўз қарамоғидагилардан бошлаши керак. Чунки уларнинг нафақасини бериш вожибдир. Зотан, аҳли аёли муҳтож бўлатуриб ўзгага садақа қилиш мантиққа ҳам тўғри келмайди.
Киши инфоқни ўз ҳожатидан бошлаши, кейин болалари ва хотинлари кейин ундан узоқроғи қариндошларидан бошлаши керак. Албатта, қиладиган эҳсонини ўз қўли билан топган бўлиши, ўзи ва оиласидан орттириб ихлос билан адо этган бўлиши даркор. Шундагина Аллоҳ ҳузурида қабул бўлиши осонлашади. Набий (с.а.в.) бойларнинг маблағларидан инфоқ қилишга чақириб, шу пайтни ўзида камбағалларни иффатли бўлиб, одамлардан тиланчилик қилмасликка ундайдилар. Ким Аллоҳдан иффат талаб қилса иффат билан уни ризқлантириб қўяди. Ким одамлардан беҳожат бўлишини сўраб, ўша нарсага йўл қидирса, Аллоҳ унинг учун раҳмат эшикларини очиб, беҳожатлик, иффат ва каромат сабабларига муваффақ қилиб қўяди.
539 - وَعَنْ حَكِيمِ بْنِ حِزَامٍ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ: أَنَّ النَّبِيَّ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ قَالَ: «اليَدُ العُلْيَا خَيْرٌ مِنَ اليَدِ السُّفْلَى، وَابْدَأْ بِمَنْ تَعُولُ، وَخَيْرُ الصَّدَقَةِ مَا كَانَ عَنْ ظَهْرِ غِنًي، وَمَنْ يَسْتَعْفِفْ يُعِفَّهُ اللهُ، وَمَنْ يَسْتَغْنِ يُغْنِهِ اللهُ». مُتَّفَقٌ عَلَيهِ . وَهَذَا لَفْظُ البُخَارِيِّ، وَلَفْظُ مُسْلِمٍ أَخْصَرُ [خ 1427، م 1034].