542. Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:
Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Сизлардан бирингиз тиланчиликда бардавом бўлади, ҳаттоки у киши Аллоҳ таолога юзида бир парча гўшт йўқ ҳолатда йўлиқади», дедилар.
Муттафақун алайҳ.
Шарҳ: Бу дунёда юзини шувут қилиб одамлардан нарса сўраб кун ўтказиш фақат ёруғ дунёдаги хор-зорлик, ўз обрўсини тўкишлик бўлиб қолмай, охиратда ҳам ёмон оқибатларга олиб келади. Бу дунёда ўзи меҳнат қилмай, бировдан сўраб олган ҳар бир нарсаси, ҳар бир юзсизлиги эвазига у дунёда юзидан бир парча гўшти шилиниб тушган ҳолда тирилар экан. Одамлардан ҳадсиз-ҳисобсиз кўп сўраган бўлса, юзида умуман гўшти қолмай тирилади.
Бундан хунук, бундан жирканч манзара бўлмаса керак. Бировлардан тиланчилик қилиб кун ўтказишдан нафрат қилдиришга бундан ортиқ тарғиб ва ташвиқ бўлмаса керак. Ушбу ҳақиқатни тушуниб етган, заррача ору номуси бор одам ҳеч қачон тиланчилик кўчасига кирмаса керак. Қолаверса, узрсиз бировдан бирон нарса сўрамаса керак.
Шунинг учун ҳам Насаийнинг ривоятида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Агар тиланчиликда нима борлигини билганингизда ҳеч ким ҳеч кимнинг олдига бирор нарса сўраб бормас эди», демоқдалар.
542 - وَعَنِ ابْنِ عُمَرَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُمَا: أَنَّ النَّبِيَّ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ قَالَ: «لَا تَزَالُ الْمَسْأَلَةُ بِأَحَدِكُمْ حَتَّى يَلْقَى اللهَ تَعَالَى وَلَيْسَ فِي وَجْهِهِ مُزْعَةُ لَحْمٍ». مُتَّفَقٌ عَلَيهِ [خ 1474، م 1040].
«الْمُزْعَةُ» بِضَمِّ الْمِيْمِ وَإِسْكَانِ الزَّايِ، وَبِالعَيْنِ الْمُهْمَلَةِ: القِطْعَةُ.