Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Бирор киши ҳеч қачон қўл меҳнати орқали еган таомидан яхшироқ таом ея олмайди. Чунки Аллоҳнинг пайғамбари Довуд алайҳиссалом ҳам қўл меҳнати орқали тирикчилик қилардилар», деб айтдилар.
Имом Бухорий ривояти.
Шарҳ: Закариё алайҳиссаломнинг исми шарифлари Қуръони Каримда саккиз марта зикр қилинган. У зот ҳақида Оли Имрон, Анъом, Марям ва Анбиё сураларида сўз юритилган. Закариё алайҳиссалом Ҳорун алайҳиссаломнинг зурриётидан бўлиб Бани Исроилнинг анбиёларидан ҳисобланадилар.
Аллоҳ таоло Аъроф сурасида Ўз пайғамбарларини мадҳ ила зикр қилиб жумладан қуйидагини айтади:
«Ва Закариё, Яҳё, Ийсо ва Илёсни ҳам. Ҳаммалари аҳли солиҳлардир» (85-оят).
Аввалги оятларда Аллоҳ таоло Ўз томонидан юборилган пайғамбарларни бирқанчасини эслагандан кейин бу оятда улардан тўрттасини, жумладан, Закариё алайҳиссаломни ҳам эслаб, улар аҳли солиҳлардан эканини таъкидламоқда.
Анбиё сурасида Закариё алайҳиссалом ҳақларида бир оз кенгроқ маълумот келади:
«Ва Закариёни эсла. Ўшанда у Роббига нидо қилиб: «Эй Роббим, мени ёлғиз ташлаб қўйма, Сен Ўзинг ворисларнинг энг яхшисисан», деган эди» (89-оят).
Закариё алайҳиссаломнинг: «Эй Роббим, мени ёлғиз ташлаб қўйма», дейишларидан у зотнинг динига даъват қилишда Бани Исроилнинг қаттиқ қаршилигига учраганлари кўриниб турибди. Тарихчилар таъкидлашларича, ҳақиқатда ҳам ўша вақтда Бани Исроил ҳаддан ташқари туғёнга кетиб ҳар қандай нобакорликни тап тортмай қиладиган ҳолатга етган экан.
Аллоҳ таоло Закариё алайҳиссаломни бефарзандлик балосига дучор қилган эди. Аммо Закариё алайҳиссалом ноумид бўлмадилар. Ўзлари ва хотинларининг ёшлари ўтиб қолган бўлса ҳам, сабр ила Аллоҳдан фарзанд сўрайвердилар.
Закариё алайҳиссалом Аллоҳ таолонинг дуоларни эшитувчи эканига тўла ишонч билан дуо қилди. Шунинг учун ҳам, одатда бефарзанд катта ёшдаги кишиларнинг фарзанд кўриши эҳтимолдан йироқ бўлса-да, Аллоҳ таоло бу дуони қабул этди.
«Меҳробда намоз ўқиб турганида, фаришталар унга: «Албатта, Аллоҳ сенга Аллоҳдан бўлган калимани тасдиқловчи, бошлиқ, шаҳвати тийилган, солиҳ Пайғамбарлардан бўлган Яҳёнинг башоратини бермоқда», дедилар» (39-оят).
Закариё алайҳиссаломнинг чин дилдан қилган дуолари қабул бўлди. Аллоҳнинг фаришталари келиб у зотга суюнчилик хабарини етказдилар.
Аллоҳ таоло Закариё алайҳиссаломга ўғил фарзанд беришни ирода қилди. Ҳали онаси унга ҳомиладор бўлмасдан, исми ҳам тайин: Яҳё. У фарзанд мўмин бўлиши ҳам аниқ: Аллоҳдан бўлган калимани тасдиқловчи. Бўлғуси фарзанднинг сифатларидан яна бири-шаҳвати тийилган, яъни, аёлларга нисбатан бўладиган рағбатни жиловлаб юрувчи.
Яна, бўлажак Яҳё исмли фарзанд солиҳ пайғамбарлардан бўлишининг башорати ҳам таъкидланмоқда.
Тарихчилар таъкидлашларича, Закариё алайҳиссаломни Бани Исроилнинг ҳукмдорлари арра билан арралаб ўлдирганлар.
555 - وَعَنِ الْمِقْدَامِ بْنِ مَعْدِي كَرِبَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ، عَنِ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ قَالَ: «مَا أَكَلَ أَحَدٌ طَعَاماً قَطُّ خَيْراً مِنْ أَنْ يَأْكُلَ مِنْ عَمَلِ يَدِهِ، وَإِنَّ نَبِيَّ اللهِ دَاوُدَ عَلَيهِ السَّلَامُ كَانَ يَأْكُلُ مِنْ عَمَلِ يَدِهِ». رَوَاهُ البُخَارِيُّ [2072].