78-ҳадис

78. Абу Умома Судай ибн Ажлон ал-Боҳилий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг видолашув ҳажида хутба қилиб:

«Аллоҳга тақво қилинглар, беш намозингизни ўқинглар, (Рамазон) рўзасини тутинглар, молларингизнинг закотини беринглар ва иш бошингизга итоат этинглар, Роббингизнинг жаннатига кирурсизлар», деганларини эшитдим».

Имом Термизий «Намоз китоби»нинг охирида ривоят қилиб, уни ҳасан ва саҳиҳ ҳадис, дедилар.

Шарҳ: Маълумки, видолашув ҳажи Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам умрларининг охирида бўлган. Ўша ҳажда у зот ҳамма билан видолашганлар. «Эҳтимол бу йилдан кейин сиз билан учрашмасман», деганлар.

Дарҳақиқат, ўша ҳаждан кейин вафот этганлар. Расули Акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам мазкур видолашув ҳажида кўплаб пурмаъно ваъз-насиҳат, хутба ва васиятлар қилганлар. Ушбу ҳадисда ҳам ўшалардан айримлари айтилмоқда.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам умматларига хитоб этиб:

1. «Аллоҳга тақво қилинглар»;

2. «Беш намозингизни ўқинглар»;

3. «Ойингиз рўзасини тутинглар»;

4. «Молларингизнинг закотини беринглар»;

5. «Амир, яъни иш бошингизга итоат қилинглар»;

6. «Роббингизнинг жаннатига кирурсизлар» дедилар.

Инсон жаннатга кириши учун адо этиши зарур саналган ана ўша нарсалар ичида намоз биринчи бўлиб зикр қилиниши унинг қанчалик аҳамиятли ибодат эканини кўрсатмоқда.

78 - الْخَامِسُ: عَنْ أَبِي أُمَامَةَ صُدَيِّ بْنِ عَجْلَانَ الْبَاهِلِيِّ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ قَالَ: سَمِعْتُ رَسُولَ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ يَخْطُبُ فِي حَجَّةِ الْوَدَاعِ فَقَالَ: «اتَّقُوا اللهَ، وَصَلُّوا خَمْسَكُمْ، وَصُومُوا شَهْرَكُمْ، وَأَدُّوا زكَاةَ أَمْوَالِكُمْ، وَأَطِيعُوا أُمَرَاءَكُمْ، تَدْخُلُوا جَنَّةَ رَبِّكُمْ» رَوَاهُ التِّرْمِذِيُّ في آخر كتابِ الصَّلَاةِ وَقَالَ: حَدِيثٌ حَسَنٌ صَحِيحٌ [616].


Улашиш
|
|
Нусха олиш