590-ҳадис

590. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар:

«Сизнинг дунёдан кутадиганингиз етти амал бўлиб улар: охиратни унуттирувчи қашшоқлик ёки туғёнга солувчи бойлик ёки фасод қўзғовчи дард ёки оёққа тушов қарилик, тиш-тирноғи билан қуролланган ўлим ёки сиз кутаётган ғойиб нарсаларнинг энг ёмони Дажжол ёки Қиёмат соатидир! Қиёмат соати энг даҳшатлиси ва аччиғидир!

Имом Термизий ривояти.

Шарҳ: Етти нарса келишидан олдин яхши амалларни қилиб қолишга шошилинглар. Инсон шу етти ҳодиса юз бермасидан олдин вақт ғаниматида охират учун тайёргарлигини қилиб қўймоғи лозим. 

Бир кишининг ўзга юртда иккита биродари бўлиб, улардан бири эртага, иккинчиси эса бир ой ёки бир йилдан сўнг келишини кутилаётган эди. Айтингчи, қайси бир меҳмон учун тайёргарлик аввалроқ бошланади? Албатта, яқин кунларда ташрифи кутилаётган меҳмоннинг келишига кўпроқ ҳозирлик кўрилади. Нимагадир тайёргарлик кўриш шу нарсанинг яқинда юзага чиқишидан даракдир.

Масалан, кимки ўлимни бир йилдан сўнг келади, деб эътиқод қилса, қалбига шу муддат ўрнашиб қолади, бошқа муддатлар уни қизиқтирмайди. Кунлар умрнинг бир қисмини олиб кетаётганини хаёлига ҳам келтирмайди. Агар бир кунлик умри қолган бўлса ҳам, гўёки бутун умри ҳали олдинда тургандай бепарво юради. Бундай инсон яхши ишлар қилишга шошилмайди. Вақти беҳуда ўтади, солиҳ амаллари кечикади.

Ибн Аббос деди: «Пайғамбар алайҳиссалом бир кишига шундай насиҳат қилдилар: «Бешта нарсадан олдин бешта нарсани ғанимат бил: қариликдан олдин ёшликни, хасталикдан олдин соғликни, қашшоқликдан олдин бойликни, машғулликдан олдин фароғатни, ўлимдан олдин ҳаётни» (Ибн Абу Дунё ривояти).

Расулуллоҳ, соллаллоҳу алайҳи вассаллам, дедилар: «Қўрққан киши тунда йўлга отланади. Тунда йўлга отланган одам манзилга етади. Огоҳ бўлинг! Аллоҳ молининг баҳоси баланд. Огоҳ бўлинг, Аллоҳнинг моли жаннатдир».

(Имом Термизий ривояти).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вассаллам асҳобининг ғафлат ёки эътиборсизлик сари майл этаётганини кўрсалар, баланд овозда нидо қиларди:

«Ўлим қандай лозим бўлса, шу ҳолда келиб, сизни ё шақоват ёки саодат сари элтади».

(Зайд Сулаймийдан Ибн Абу Дунё ривояти).

Абу Ҳурайрадан ривоят қилинади: «Мен огоҳлантиргувчиман. Ўлим ҳужумкор, Қиёмат соати ваъда этилган вақтдир» (Ибн Абу Дунё ривояти).

Ибн Умар деди: «Қуёш нурлари хурмо баргларига тушаётган пайтда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам масжидга чиқдилар ва шундай дедилар: «Кечаги кунга нисбатан бугундан қанча қолган бўлса, дунёдан ҳам атиги шунча қолди» (Имом Термизий ривояти).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: «Дунё бошидан охиргача йиртилиб, биттагина ипга осилиб қолган кийимга ўхшайди. Мана шу биттагина ип ҳам узилай-узилай деб турибди».

(Анасдан. Ибн Абу Дунё ривояти.)

Жобир деди: «Пайғамбар алайҳиссалом хутбада Қиёмат соатини эсга олар эканлар, овозлари кўтарилар, яноқлари қизариб кетарди. Гуё эрталаб ё кечқурун ёпирилиб келиши мумкин қўшиндан огоҳлантираётгандай дер эдилар: «Мен ва Қиёмат соати мана шу иккиси каби яқиндир», деб иккала бармоқлари орасини яқинлаштириб кўрсатардилар».

(Имом Муслим ривояти).

«(Аллоҳ) сизларнинг қайсиларингиз чиройлироқ-яхшироқ амал қилгувчи эканлигингизни имтиҳон қилиш учун ўлим ва ҳаётни яраган Зотдир» (Мулк, 2-оят).

Суддий (тўлиқ исми — Муҳаммад ибн Марвон Куфий) бу оятни шундай тафсир қилади: «...Сизлардан қайсиларингиз ўлимни кўпроқ эсга олувчи ва унга чиройли ҳозирлик кўрувчи, ўлимдан қаттиқ қўрқиб, ундан огоҳ бўлувчи эканлигингизни имтиҳон қилиш учун ўлим ва ҳаётни яратган Зотдир».

Ҳузайфа деди: «Ҳар куни эрталаб ва кечқурун бир мунодий: «Эй инсонлар! Отланинглар, отланинглар! – деб нидо қилади. Ушбу оят бунинг тасдиғидир:

«Албатта у (жаҳаннам барча) инсонлар учун-сизларнинг орангизда (яхшилик ва тоат-ибодат томонга) илгарилаётган ёки (куфру исён томонига) чекинаётган кишилар учун-огоҳлантиргувчи бўлган улкан (бало)лардан биридир» (Муддассир, 35-36-37-оятлар).

Аллоҳ рози бўлсин, Умар деди: «Кимки шошилмаётган экан, бунда хайр бор. Лекин охират учун қилинадиган хайр амаллар бундан мустаснодир».

Мунзир ибн Саълаба Абдий деди: «Молик ибн Динорнинг ўзига ўзи шундай деганини эшитганман: «Ҳолингга вой, ўлим келишидан бурун шошил! Ҳолингга вой, ўлим келишидан бурун шошил! –у бу лафзни ўттиз бор такрорлади, мен уни эшитиб турардим, у мени кўрмасди».

Ҳасан Басрий мавъизасида дерди: «Шошилинг, шошилинг! Агар нафасларингиз тўхтаса, сизни улуғ ва қудратли Аллоҳга яқинлаштирадиган амаллардан кесиласиз. Ўз нафсига назар солиб, гуноҳларининг кўплигини эслаб йиғлаган кишини Аллоҳ раҳматига олсин!» Кейин ушбу оятни ўқиди:

«Ҳеч шак-шубҳасиз биз уларни аниқ ҳисоб-китоб қилиб турурмиз» (Марям, 84-оят). Яъни нафасларингни, нафасингнинг охирги дамларини, аҳлингдан ажралаётган пайтингдаги охирги дамларни аниқ ҳисоб-китоб қилиб турурмиз.

Абу Мусо Ашъарий ўлимига яқин қолган кунларда ибодатга қаттиқ берилди. Шунда унга: Сал тин олиб, нафсингизга енгиллик бермайсизми? дейилди. Чопаётган отлар маррага етай деб қолганида бутун жон-жаҳди билан ташланиб чопмайдими?! Менинг ажалимга бундан ҳам озроқ қолди, деди Абу Мусо. Сал туриб у жон берди.

Халифалардан бири минбарга чиқиб, деган эди: «Эй, Аллоҳнинг бандалари! Қувватингиз борича Аллоҳдан қўрқинглар. Билинг! Дунё фонийдир, ўлим бошингиз узра соя соляпти, сафар тадоригини кўринг. Қисқагина муддат учун яралган бу дунё лаҳза сайин кемтилиб, соат сайин емриляпти. Кун ва тун аталмиш ғойиб шарпа уни еб битиряпти. Бу майдонга кирган инсон ё зафар қучади ё мағлуб бўлади. Демак, инсон доимо сафарбар туриши шарт. Нафсига насиҳат этган, тавба қилиб, шаҳватдан ғолиб бўлган киши Парвардигорига ёруғ юз билан йўлиқади. Ажал қачон етишини инсон билмайди. Орзу-ҳаваслар  инсонни алдайди. Шайтон унинг ёнида туриб, тавбани кечиктиришга, гуноҳ қилишга ундайди. Гуноҳ амалларни чиройли кўрсатиб, ўлимдан ғофил қолдирмоқ қасдида бўлади. Огоҳ бўлинг! Сизлар билан жаннат ё дўзахнинг орасида фақат ўлим бордир. Воҳ! Ўлим келса-ю, сиз бундан ғофил бўлсангиз, ўтган умрингиз ўзингизга қарши ҳужжат бўлса, кунлар сизни бадбахтлик сари судраса, бу қандай ҳасрат! Аллоҳ бизни ва сизни Ўзининг неъматига шукр қилгувчи, тоатида бардавом этсин. Ўлимдан сўнгги ҳасратдан сақласин. Албатта, Аллоҳ дуоларни эшитгувчи, барча яхшиликлар қўлида бўлган Зотдир. У Зот нимани хоҳласа, албатта уни қилгувчидир».
«...ўзларингизни фитнага дучор қилдинглар, кўз тутдинглар ҳамда шубҳаландинглар ва то Аллоҳнинг амри келгунича сизларни хомхаёллар алдади...» (Ҳадид, 14-оят).

Муфассирлардан бири ушбу оят тафсирида дейди:

«Ўзларингизни шаҳватлар ва лаззатларга дучор қилдинглар. То ўлим келгунича, шайтон сизларни алдади».

Ҳасан Басрий деди: «Сабрли бўлинг, белни маҳкам боғланг. Кунлар ўткинчи. Сиз гўё карвонсиз. Манзилга оз қолди. «Тўхта» дейилса, бас чақириққа жавоб берасиз. Кўчяпсиз, манзилга энг яхши нарсалар билан боринг».

Ибн Масъуд деди: «Тундан ўтиб, саҳарга етган киши меҳмондир. Унинг моли омонат. Меҳмон кетади, омонат эгасига қайтарилади».

Абу Убайда Божий деди: «Хаста пайтида Ҳасан Басрийнинг ҳузурига кирдик (шу хасталик уни ўлим сари етаклаган эди). У бизга: – Марҳабо, хуш келибсизлар. Сизларга Аллоҳнинг саломи бўлсин, дея ўзи сари чорлади. Яратган Эгам сизу бизга жаннатни насиб қилсин. Билинг, агар сабрли бўлиб, рост гапирсангиз ва тақво қилсангиз, бу очиқ-ойдин яхшилик. Аллоҳ сизга раҳматини ёғдирсин, эшитганларингиз бу қулоғингиздан кириб, унисидан чиқиб кетмасин. Аллоҳнинг элчиси Муҳаммад алайҳиссаломдан ибрат олинг... Шошилинг, нажотга шошинг! Қаён юз буряпсиз?! Каъбанинг Эгаси ҳаққи, билинг, ўлим ёнгинангизда, сиз билан баробар турибди. Парча нонга қаноатланган, ямоқ кийимга рози, ерга ёпишиб ибодатга берилган, хатолари учун йиғлаган, уқубатдан қочиб, раҳматидан умидвор бўлган кишига Аллоҳнинг раҳмати бўлсин, – у шу аҳволда жон берди».

590 - وَعَنْ أَبِي هُرَيرَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ: أَنَّ رَسُولَ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ قَالَ: «بَادِرُوا بِالأَعْمَالِ سَبْعاً، هَلْ تَنْتَظِرُونَ إِلَّا فَقْراً مُنْسِياً، أَوْ غِنًى مُطْغِياً، أَوْ مَرَضاً مُفْسِداً، أَوْ هَرَمًا مُفَنِّداً، أَوْ مَوْتاً مُجْهِزاً، أَوِ الدَّجَّالَ؛ فَشَرُّ غَائِبٍ يُنْتَظَرُ، أَوِ السَّاعَةَ؛ وَالسَّاعَةُ أَدْهَى وَأَمَرُّ؟!». رَوَاهُ التِّرْمِذِيُّ وَقَالَ: حَدِيثٌ حَسَنٌ.


Улашиш
|
|
Нусха олиш