Рўйхатни беркитиш
Мундарижа
Мундарижа
65-КИТОБ
65-Боб Ўлимни эслаш ҳамда орзуларни озайтириш ҳақида
65- بَابُ ذِكْرِ الْمَوتِ وَقِصَرِ الأَمَلِ
(65)

587. Яна у кишидан ривоят қилинади:

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Васият қиладиган нарсаси бор мусулмон кишининг ҳузурида васияти ёзилмаган ҳолда икки кеча тунашга ҳаққи йўқ», дедилар».

Бу ҳадис Бухорийнинг лафзлари бўлиб, Муслимнинг ривоятларидаги лафзда «уч кеча тунаши», бўлиб келган.

Ибн Умар: «Мен ушбу ҳадисни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан эшитганимдан бери, бирор кеча васиятим ёзилмаган ҳолда ўтқазмадим», дедилар.

 

Шарҳ: «Васият» луғатда етказиш маъносини англатади. Чунки, у билан васият қилгувчи бу дунёдаги яхшилигини охиратига ҳам етказади.

«Васият» шариат бўйича, ўлимдан кейин қўшимча ҳақ сифатида ихтиёрий садақа таъйин қилишдир. Исломнинг аввалида ота-она ва яқин қириндошлар фойдасига васият қилиш вожиб эди.

Мусулмон инсон ўлимидан олдин молининг бунчасини отамга, бунчасини онамга, яна бу қисмини фалончига, у қисмини пистончига беринглар, деб васият қилар эди.
Мерос оятлари тушиши билан бу нарсалар амалдан қолиб, қолган молни оят асосида меросхўрлар орасида тақсим қилиш жорий қилинди.

Васият қилиш эса мандуб бўлиб, фақат молнинг учдан бирига ўтадиган бўлиб қолди. Васият фақат уни қилган шахснинг вафотидан кейин амалга оширилади.

Иссиқ жонга ишониб бўлмас, киши бемор бўлиб ётиб қолиши билан васиятини гувоҳлар олдидан ёздириб қўйгани яхши. Чунки, бу молу-дунёга тегишли иш. Ёзиб қўйилмаса, кейинчалик меросхўрлар ўртасида жанжал чиқиб, қариндош-уруғ, ака-ука, опа-сингиллар ўртасига совуқлик тушиши мумкин. Баъзилар маййитнинг номидан хайру-эҳсон қилайлик, тарикасидан савобли жойларга сарф қилайлик деса, бошқалар кўнмаслиги мумкин. Шунинг учун меросдан ташқари хайр нарсага сарф қилмоқчи бўлса, молнинг эгаси кўзининг очиқлигида ўзи таъйин қилгани яхши. Савобли иш қилган бўлади. Аммо ёзишнинг ўзи кифоя қилмайди, гувоҳлар ҳам бўлиши керак. Ёзилган нарса гувоҳларсиз тан олинмаслиги мумкин.

Ушбу ишга амал қилиш йўқ даражасига тушиб қолганидан деярли ҳар бир маййитнинг орқасидан унинг молу мулки тўғрисида жанжал чиқади. Шу эътибордан ҳар бир мусулмон одам бу ишга эътибор билан қараши керак.

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам динор ҳам, дирҳам ҳам, қўй ҳам, туя ҳам тарк қилмадилар. Бир нарсани васият ҳам қилмадилар».

(Муслим, Абу Довуд ва Насаий ривоят қилган).

 

Бу ривоятдаги васият маъноси кишининг ўлими олдидан молу-мулки ҳақида васият қилмоғи ҳақидадир.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз вафотларидан олдин васият қилмаганлар, чунки васият қилинадиган молу мулкнинг ўзи бўлмаган. Бу эса Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг улуғворликлари, камтарликлари ва дунё ташвишидан узоқликлари аломатидир. Аллоҳ таоло у зот соллаллоҳу алайҳи васалламни бундоқ ташвишдан ўзи фориғ қилган.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Албатта, бир эркак ёки аёл олтмиш йил Аллоҳнинг тоатида амал қилур, сўнгра икковларига ўлим ҳозир бўлур. Ана шунда зарарли васият қилиб қўйиб иккисига ҳам дўзах вожиб бўлур», дедилар» деб туриб Абу Ҳурайра: «Қилинган зарар етказмайдиган васият ёки қарздан сўнг» оятини қироат қилди».

Абу Довуд ва Термизий саҳиҳ санад билан ривоят қилган.

 

Эркак бўлсин, аёл бўлсин васият қилишда жуда эҳтиёт бўлиш кераклиги ушбу ривоятдан очиқ-ойдин кўриниб турибди. Умр бўйи тоат ибодатда ўтиб ўлим олдидан битта зарарли васият қилиш билан дўзахи бўлиб қолиш мумкин экан. Ўлими олдидан бировга, хусусан, ўз меросхўрларига зарар етказадиган васият қилиш мусулмон шахс учун ҳаромдир. Фалончига меросимдан берилмасин каби васиятлар зарарли васиятлар қаторига киради. Бундоқ васият қилиш нотўғри эканига Қуръони Каримнинг мерослар оятида ҳам ишора борлигидан Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадисларини айтиб бўлганларидан кейин, ўша оятни ҳам далил сифатида тиловат қилиб қўйганлар.

Мерос ҳақида сўз борганида васият масаласига ҳам алоҳида аҳамият бериш зарур. Чунки васият масаласида ҳам одамлар орасида жуда кўп келишмовчиликлар, турли фикрлар содир бўлади. Вафот этган одамлар томонидан ҳам гоҳида ноўрин васиятлар бўлиб туради. Аслида васият ҳам мерос ҳақидаги ояти каримада баён қилинади. 

“Зарар қилмайдиган васиятни ёки қарзни адо этгандан сўнг. Булар Аллоҳнинг васиятидир. Ва Аллоҳ билувчи ҳамда Ҳалийм Зотдир” (Нисо, 12-оят) 

Демак, мол-мулкини кимгадир васият қилиб қолдириш  ҳам шаръан жоиз амал. Яъни бир инсон вафот қилишидан аввал меросхўрларини йиғиб “болаларим мен вафот қилганимдан кейин қолдирган мулкимдан фалончига мунча миқдорда беринглар” деса мана шу васият бўлади.

Аммо унинг ҳам бир қатор талаб ва қоидалари мавжуд бўлиб, қуйида уларга имкон қадар тўхталамиз.

1.  Мулкдор одам ўзининг мерос молидан кимгадир васият қилишга мажбур эмас. Фуқаҳоларимиз бу масалани мустаҳаб амал дейдилар. Яъни васият қилмаса ҳам гуноҳкор бўлмайди. Васият қилиш ёки қилмаслик мулк эгасининг ўз ихтиёридаги ишдир.

2.  Мулкдор одамнинг ўз молидан васият қилиши меросхўрларидан бошқа одамларнинг номига адо қилинади. Чунки меросхўрларга мерос молидан белгиланган улуш бордир. Улар ўша мерос улушига эга бўладилар. 

Бунинг асоси қуйидаги ҳадиси шарифдир: 

“Албатта Аллоҳ таоло (мерос борасида) барча ҳақдорларнинг ҳаққини белгилаб бергандир. Меросхўрлар учун васият қилинмайди”.  (Абу Довуд, Термизий, ибни Можа, Аҳмад ва Байҳақийлар ривояти). 

Борди-ю маййит шу каби васиятни тайинлаган бўлса ҳам у васият бажарилмайди. Чунки гуноҳ ва маъсиятга қаратилган васиятлар амалга оширилмайди.  

3. Васият қилинган мулк миқдори марҳум қолдирган мулкнинг 3/1 қисмидан ошмаслиги керак. Масалан, Абдуллоҳ вафот қилишидан аввал болаларига “мендан кейин ўзим таълим олган мактабга мулкимнинг ярмини ўтказиб беринглар” деса унинг бу васияти молининг 3/1 қисмида бажарилади.  Чунки унинг қолган мулки меросхўрлар орасида ҳар бирининг белгиланган миқдордаги улушига қараб тақсимланиши керак.

4.  Марҳум мулкининг ҳаммасини меросхўрларидан бошқага васият қилган бўлса ва бу ишга унинг меросхўрлари рози бўлсагина мазкур васият тўлиқ амалга оширилади. Аммо меросхўрлар рози бўлмасалар ҳам мулкнинг 3/1 қисми айтилган ўринга топширилади.  Бу борада меросхўрларнинг рози ёки норозилиги эътиборга олинмайди. 

Айни шу масалада васият қилинган мулк, ўз эгасига топширилмаса уни олган одам гарчи марҳумниинг меросхўри бўлса-да бировнинг ҳақини ўзлаштириб олган бўлади.  У мулкни тасарруф қилиш ушбу меросхўр учун ҳаромдир. Яъни бировнинг ҳақини еган бўлади.

5.  Васиятни ижроси марҳумнинг бўйнидаги қарзлари ўз эгаларига етказилганидан кейин амалга оширилади.  Чунки пайғамбар соллолоҳу алайҳи васаллам шундай тадбиқ қилганлар. 

6. Агар васият қилувчи мулкини ношаръий, ножоиз жойларга васият қилса, унинг васияти эътиборга олинмайди ва бажарилмайди.

 

Васият учдан биргадир!

Саъд ибн Абу Ваққос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Фатҳ йили бемор бўлиб, унинг сабабидан ўлимга яқинлашдим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам мени кўргани келдилар. Шунда: «Эй, Аллоҳнинг Расули, менинг кўп молим бор ва биргина қизимдан бошқа меросхўрим йўқ. Молимнинг ҳаммасини васият қилайми?» дедим.
«Йўқ», дедилар.

«Молимнинг учдан иккисиничи?» дедим.

«Йўқ», дедилар.

«Яриминичи?» дедим.

«Йўқ», дедилар.

«Учдан бириничи?» дедим.

«Учдан бир. У ҳам кўпу. Албатта, сен меросхўрларингни бой ҳолларида ташлаб кетишинг, уларни юк бўлиб одамлардан тиланиб юрадиган қилиб ташлаб кетишингдан яхшироқдир. Сен ҳар қандай нафақа қилсанг ҳам, албатта, ажр оласан. Ҳаттоки, аёлингнинг оғзига тутган луқма учун ҳам ажр оласан», дедилар. «Эй, Аллоҳнинг Расули, энди ҳижратимдан ажраб қоламанми?!» дедим. «Сен мендан кейин ажраб қолиб Аллоҳнинг розилигини ирода қилиб солиҳ амал қилсанг, албатта, мартабанг ва даражанг зиёда бўлур. Шоядки, сенининг ажраб қолишингдан бир қавмлар манфаат бўлсалар ва бошқалари зарар тортсалар. Эй, бор Худоё, асҳобларимнинг ҳижратларини олдингга ўтказгин ва уларни ортларига қайтармагин!» дедилар».

(Имом Бухорий, Муслим, Абу Довудлар ривояти).

 

­– Бемор бўлиб ётган одам молини васият қилиш ҳақида қайғурмоғи, билмаса биладиган кишидан сўрамоғи лозимлиги. Саъд ибн Абу Ваққос розияллоҳу анҳу айнан шундоқ қилдилар.

– Вафот этаётган киши молининг ҳаммаси, учдан иккиси ёки яримини хайр ишига васият қилиши жоиз эмаслиги.

– Вафот этаётган киши молининг учдан бирини хайри-эҳсон ишига васият қилса жоизлиги.

– Агар ундан озроқ бўлса яна ҳам яхшилиги.

– Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Саъд ибн Абу Ваққос розияллоҳу анҳуга учдан бирга рухсат бериб туриб, кейин, учдан бири кўп, деб қўйишлари шуни кўрсатади.

– Васият айтаётган кишининг васияти учдан бирдан кўпга ўтмаслигини ўргандик. Ўша ҳукмни жорий қилинишига ушбу ҳадиси шариф далил эканини ҳам билдик. Бундоқ қилишда меросхўрларнинг ҳақини ҳимоя қилиш, ҳамда молу-мулк эгасига ўз вафотидан олдин хайри-эҳсон қилишга ҳам маълум даражада имкон бериш бордир.

– Мусулмон киши ўз фарзандларига орқасидан молиявий таъминот қолдириб кетишга ҳаракат қилмоғи яхши эканлиги.

– Васиятни ёзишга шошилишга тарғиб. Чунки инсон қачон вафот этишини билмайди.

 

587 – وَعَنْهُ: أَنَّ رَسُولَ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ قَالَ: «مَا حَقُّ امْرِيءٍ مُسْلِمٍ لَهُ شَيءٌ يُوصِي فِيْهِ، يَبِيتُ لَيْلَتَيْنِ إِلَّا وَوَصِيَّتُهُ مَكْتُوبَةٌ عِنْدَهُ » مُتَّفَقٌ عَلَيهِ، هَذَا لَفْظُ البُخَارِيِّ [خ 2738، م 1627].

وَفِي رِوَايَةٍ لِمُسْلِمٍ: «يَبِيتُ ثَلَاثَ لَيَالٍ». قَالَ ابْنُ عُمَرَ: مَا مَرَّتْ عَلَيَّ لَيْلَةٌ مُنذُ سَمِعتُ رَسُولَ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ قَالَ ذَلِكَ إِلَّا وَعِنْدِي وَصِيَّتِي [1627/4].


Улашиш
|
|
Нусха олиш

588. Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам чизиқлар чизиб туриб, «Мана бу орзу-ҳаваси, буниси эса ажали. У шундай бўлиб турганида тўсатдан унга яқинроқ чизиқ келиб қолади», дедилар».

Имом Бухорий ривояти.

588 - وَعَنْ أَنَسٍ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ قَالَ: خَطَّ النَّبِيُّ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ خُطُوطاً فَقَالَ: «هَذَا الأَمَلُ وَهَذَا أَجَلُهُ، فَبَيْنَمَا هُوَ كَذَلِكَ؛ إِذْ جَاءَ الخَطُّ الأَقْرَبُ». رَوَاهُ البُخَارِيُّ [6418].


Улашиш
|
|
Нусха олиш

589. Ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ерга тўртбурчак чиздилар. Ўртасига ундан ташқарига чиқадиган қилиб бир чизиқ чиздилар. Мана шу ўртадагисининг икки ёнига кичкина чизиқлар чиздилар ва шундай дедилар: «Мана бу инсон. Мана бу уни ўраб турадиган [ёки ўраб турган] ажали. Мана бу, ташқаридагиси унинг орзуси. Мана бу кичик чизиқлар кўргиликлар. Буниси тегмай қолса, униси домига тортади, униси тегмай қолса, буниси домига тортади».

Имом Бухорий ривояти.

Шарҳ: Инсонни чап ва ўнг тарафидан келаётган бало ўқлардан Аллоҳ таоло ҳимоя қилиб сақлаб қолмоқда. Бу ҳақдаги бир оят шундай:

Олдингиздан ва орқангиздан эргашган пойлоқчилар бордир. Сизларни Аллоҳнинг амри билан қўриқлаб турадилар. Бир халқ, ўз ичидаги бирон нарсани бузмагунигача Аллоҳ ҳам уни бузмайди. Агар Аллоҳ бир халққа ғам-ташвиш беришни истаса, ҳеч ким тўхтата олмайди. Улар билан Аллоҳни ўртасига тушадиган бирон бир дўстлари ҳам йўқдир” (Раъд сураси, 11-оят)

Инсон бу дунёда яшар экан, Аллоҳ таоло томонидан турли хил дард ва ғам-ташвишлар билан синалади. Инсоннинг бирор дардга чалиниши ёки бошига турли хил ташвишлар тушишининг сабаблари кўп. Улардан баъзилари Аллоҳ таолонинг ғазабини келтирадиган ишларни қилиб юрган инсонларни огоҳлантириш, уларни ҳушёр торттириш ёки жазолаш учун юборилса, баъзилари эса мўмин инсонларга шунчаки синов тариқасида берилади.

Аслида, буларнинг барчаси Аллоҳ таолонинг адолатидан, бандаларига меҳрибонлигидан, шу синовлар орқали бандасининг даражасини кўтариш ва яна ажру мукофотлар ҳам беришидан далолатдир.

Бошига турли синовлар тушган баъзи инсонлар Аллоҳ таолога юзланишни тарк қиладилар, ўз тақдирларидан норози бўлиб, бу ҳақда ҳаммага шикоят қиладилар. Лекин ўз қилган гуноҳларини тан олиб тавбага шошилиш, дуода бўлишни хаёлларига ҳам келтирмайдилар. Бундай ҳолатга тушиш бадбахтлик аломатидир.

Бошқа бир инсонлар эса ундай пайтларда дарров ҳушёр тортиб, тавбага, истиғфорга шошиладилар. Уларнинг юзида ғам-ташвиш аломатлари намоён бўлса-да, тилларида Аллоҳдан шикоят қилиш, дилларида нафратланиш деган нарса бўлмайди. Аксинча, аввалгидан ҳам кўпроқ зикр ва ибодат билан машғул бўладилар. Бу ҳолат Аллоҳнинг ўша бандага муҳаббатининг зиёдалиги ва охиратда унинг даражасини юқори кўтаришининг аломатидир.

Бу дунё ғам-ташвиш ва синовлардан холи эмасдир. Шундай экан, ким бўлишидан қатъи назар, ҳар бир инсон билан соғлик ва касаллик, хурсандчилик ва хафагарчилик, роҳат ва ғам-ташвиш бирга юради. Яъни, инсон ўзига жон ато этилганидан бошлаб токи ўша жони танасини тарк этгунича синовлар гирдобида, фақат сабр-тоқат билан ва машаққатда ҳаёт кечиради. Аллоҳ таоло айтганидек: «Дарҳақиқат, Биз инсонни меҳнат-машаққатга яратдик» («Балад» сураси, 4-оят). Аллоҳ таоло дунё ҳаётини яратди ва уни ғам-ташвишлар, дард-аламлар, меҳнату машаққатлар ҳовлиси қилди. Мазкур ҳадис айни биз айтган фикримиз билан боғлиқдир.



589 - وَعَنِ ابْنِ مَسْعُودٍ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ قَالَ: خَطَّ النَّبِيُّ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ خَطّاً مُرَبَّعاً، وَخَطَّ خَطّاً فِي الْوَسَطِ خَارِجاً مِنْهُ، وَخَطَّ خُطُطاً صِغَاراً إِلَى هَذَا الَّذِي فِي الوَسَطِ مِنْ جَانِبِهِ الَّذِي في الوَسَطِ، فَقَالَ: «هَذَا الإِنْسَانُ، وَهَذَا أَجَلُهُ مُحِيطاً بِهِ - أَوْ قَدْ أَحَاطَ بِهِ - وَهَذَا الَّذِي هُوَ خَارِجٌ أَمَلُهُ، وَهَذِهِ الخُطَطُ الصِّغَارُ الأَعْرَاضُ، فَإِنْ أَخْطَأَهُ هَذَا، نَهَشَهُ هَذَا، وَإِنْ أَخْطَأَهُ هَذَا نَهَشَهُ هَذَا». رَوَاهُ البُخَارِيُّ [6417].


Улашиш
|
|
Нусха олиш

590. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар:

«Сизнинг дунёдан кутадиганингиз етти амал бўлиб улар: охиратни унуттирувчи қашшоқлик ёки туғёнга солувчи бойлик ёки фасод қўзғовчи дард ёки оёққа тушов қарилик, тиш-тирноғи билан қуролланган ўлим ёки сиз кутаётган ғойиб нарсаларнинг энг ёмони Дажжол ёки Қиёмат соатидир! Қиёмат соати энг даҳшатлиси ва аччиғидир!

Имом Термизий ривояти.

Шарҳ: Етти нарса келишидан олдин яхши амалларни қилиб қолишга шошилинглар. Инсон шу етти ҳодиса юз бермасидан олдин вақт ғаниматида охират учун тайёргарлигини қилиб қўймоғи лозим. 

Бир кишининг ўзга юртда иккита биродари бўлиб, улардан бири эртага, иккинчиси эса бир ой ёки бир йилдан сўнг келишини кутилаётган эди. Айтингчи, қайси бир меҳмон учун тайёргарлик аввалроқ бошланади? Албатта, яқин кунларда ташрифи кутилаётган меҳмоннинг келишига кўпроқ ҳозирлик кўрилади. Нимагадир тайёргарлик кўриш шу нарсанинг яқинда юзага чиқишидан даракдир.

Масалан, кимки ўлимни бир йилдан сўнг келади, деб эътиқод қилса, қалбига шу муддат ўрнашиб қолади, бошқа муддатлар уни қизиқтирмайди. Кунлар умрнинг бир қисмини олиб кетаётганини хаёлига ҳам келтирмайди. Агар бир кунлик умри қолган бўлса ҳам, гўёки бутун умри ҳали олдинда тургандай бепарво юради. Бундай инсон яхши ишлар қилишга шошилмайди. Вақти беҳуда ўтади, солиҳ амаллари кечикади.

Ибн Аббос деди: «Пайғамбар алайҳиссалом бир кишига шундай насиҳат қилдилар: «Бешта нарсадан олдин бешта нарсани ғанимат бил: қариликдан олдин ёшликни, хасталикдан олдин соғликни, қашшоқликдан олдин бойликни, машғулликдан олдин фароғатни, ўлимдан олдин ҳаётни» (Ибн Абу Дунё ривояти).

Расулуллоҳ, соллаллоҳу алайҳи вассаллам, дедилар: «Қўрққан киши тунда йўлга отланади. Тунда йўлга отланган одам манзилга етади. Огоҳ бўлинг! Аллоҳ молининг баҳоси баланд. Огоҳ бўлинг, Аллоҳнинг моли жаннатдир».

(Имом Термизий ривояти).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вассаллам асҳобининг ғафлат ёки эътиборсизлик сари майл этаётганини кўрсалар, баланд овозда нидо қиларди:

«Ўлим қандай лозим бўлса, шу ҳолда келиб, сизни ё шақоват ёки саодат сари элтади».

(Зайд Сулаймийдан Ибн Абу Дунё ривояти).

Абу Ҳурайрадан ривоят қилинади: «Мен огоҳлантиргувчиман. Ўлим ҳужумкор, Қиёмат соати ваъда этилган вақтдир» (Ибн Абу Дунё ривояти).

Ибн Умар деди: «Қуёш нурлари хурмо баргларига тушаётган пайтда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам масжидга чиқдилар ва шундай дедилар: «Кечаги кунга нисбатан бугундан қанча қолган бўлса, дунёдан ҳам атиги шунча қолди» (Имом Термизий ривояти).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: «Дунё бошидан охиргача йиртилиб, биттагина ипга осилиб қолган кийимга ўхшайди. Мана шу биттагина ип ҳам узилай-узилай деб турибди».

(Анасдан. Ибн Абу Дунё ривояти.)

Жобир деди: «Пайғамбар алайҳиссалом хутбада Қиёмат соатини эсга олар эканлар, овозлари кўтарилар, яноқлари қизариб кетарди. Гуё эрталаб ё кечқурун ёпирилиб келиши мумкин қўшиндан огоҳлантираётгандай дер эдилар: «Мен ва Қиёмат соати мана шу иккиси каби яқиндир», деб иккала бармоқлари орасини яқинлаштириб кўрсатардилар».

(Имом Муслим ривояти).

«(Аллоҳ) сизларнинг қайсиларингиз чиройлироқ-яхшироқ амал қилгувчи эканлигингизни имтиҳон қилиш учун ўлим ва ҳаётни яраган Зотдир» (Мулк, 2-оят).

Суддий (тўлиқ исми — Муҳаммад ибн Марвон Куфий) бу оятни шундай тафсир қилади: «...Сизлардан қайсиларингиз ўлимни кўпроқ эсга олувчи ва унга чиройли ҳозирлик кўрувчи, ўлимдан қаттиқ қўрқиб, ундан огоҳ бўлувчи эканлигингизни имтиҳон қилиш учун ўлим ва ҳаётни яратган Зотдир».

Ҳузайфа деди: «Ҳар куни эрталаб ва кечқурун бир мунодий: «Эй инсонлар! Отланинглар, отланинглар! – деб нидо қилади. Ушбу оят бунинг тасдиғидир:

«Албатта у (жаҳаннам барча) инсонлар учун-сизларнинг орангизда (яхшилик ва тоат-ибодат томонга) илгарилаётган ёки (куфру исён томонига) чекинаётган кишилар учун-огоҳлантиргувчи бўлган улкан (бало)лардан биридир» (Муддассир, 35-36-37-оятлар).

Аллоҳ рози бўлсин, Умар деди: «Кимки шошилмаётган экан, бунда хайр бор. Лекин охират учун қилинадиган хайр амаллар бундан мустаснодир».

Мунзир ибн Саълаба Абдий деди: «Молик ибн Динорнинг ўзига ўзи шундай деганини эшитганман: «Ҳолингга вой, ўлим келишидан бурун шошил! Ҳолингга вой, ўлим келишидан бурун шошил! –у бу лафзни ўттиз бор такрорлади, мен уни эшитиб турардим, у мени кўрмасди».

Ҳасан Басрий мавъизасида дерди: «Шошилинг, шошилинг! Агар нафасларингиз тўхтаса, сизни улуғ ва қудратли Аллоҳга яқинлаштирадиган амаллардан кесиласиз. Ўз нафсига назар солиб, гуноҳларининг кўплигини эслаб йиғлаган кишини Аллоҳ раҳматига олсин!» Кейин ушбу оятни ўқиди:

«Ҳеч шак-шубҳасиз биз уларни аниқ ҳисоб-китоб қилиб турурмиз» (Марям, 84-оят). Яъни нафасларингни, нафасингнинг охирги дамларини, аҳлингдан ажралаётган пайтингдаги охирги дамларни аниқ ҳисоб-китоб қилиб турурмиз.

Абу Мусо Ашъарий ўлимига яқин қолган кунларда ибодатга қаттиқ берилди. Шунда унга: Сал тин олиб, нафсингизга енгиллик бермайсизми? дейилди. Чопаётган отлар маррага етай деб қолганида бутун жон-жаҳди билан ташланиб чопмайдими?! Менинг ажалимга бундан ҳам озроқ қолди, деди Абу Мусо. Сал туриб у жон берди.

Халифалардан бири минбарга чиқиб, деган эди: «Эй, Аллоҳнинг бандалари! Қувватингиз борича Аллоҳдан қўрқинглар. Билинг! Дунё фонийдир, ўлим бошингиз узра соя соляпти, сафар тадоригини кўринг. Қисқагина муддат учун яралган бу дунё лаҳза сайин кемтилиб, соат сайин емриляпти. Кун ва тун аталмиш ғойиб шарпа уни еб битиряпти. Бу майдонга кирган инсон ё зафар қучади ё мағлуб бўлади. Демак, инсон доимо сафарбар туриши шарт. Нафсига насиҳат этган, тавба қилиб, шаҳватдан ғолиб бўлган киши Парвардигорига ёруғ юз билан йўлиқади. Ажал қачон етишини инсон билмайди. Орзу-ҳаваслар  инсонни алдайди. Шайтон унинг ёнида туриб, тавбани кечиктиришга, гуноҳ қилишга ундайди. Гуноҳ амалларни чиройли кўрсатиб, ўлимдан ғофил қолдирмоқ қасдида бўлади. Огоҳ бўлинг! Сизлар билан жаннат ё дўзахнинг орасида фақат ўлим бордир. Воҳ! Ўлим келса-ю, сиз бундан ғофил бўлсангиз, ўтган умрингиз ўзингизга қарши ҳужжат бўлса, кунлар сизни бадбахтлик сари судраса, бу қандай ҳасрат! Аллоҳ бизни ва сизни Ўзининг неъматига шукр қилгувчи, тоатида бардавом этсин. Ўлимдан сўнгги ҳасратдан сақласин. Албатта, Аллоҳ дуоларни эшитгувчи, барча яхшиликлар қўлида бўлган Зотдир. У Зот нимани хоҳласа, албатта уни қилгувчидир».
«...ўзларингизни фитнага дучор қилдинглар, кўз тутдинглар ҳамда шубҳаландинглар ва то Аллоҳнинг амри келгунича сизларни хомхаёллар алдади...» (Ҳадид, 14-оят).

Муфассирлардан бири ушбу оят тафсирида дейди:

«Ўзларингизни шаҳватлар ва лаззатларга дучор қилдинглар. То ўлим келгунича, шайтон сизларни алдади».

Ҳасан Басрий деди: «Сабрли бўлинг, белни маҳкам боғланг. Кунлар ўткинчи. Сиз гўё карвонсиз. Манзилга оз қолди. «Тўхта» дейилса, бас чақириққа жавоб берасиз. Кўчяпсиз, манзилга энг яхши нарсалар билан боринг».

Ибн Масъуд деди: «Тундан ўтиб, саҳарга етган киши меҳмондир. Унинг моли омонат. Меҳмон кетади, омонат эгасига қайтарилади».

Абу Убайда Божий деди: «Хаста пайтида Ҳасан Басрийнинг ҳузурига кирдик (шу хасталик уни ўлим сари етаклаган эди). У бизга: – Марҳабо, хуш келибсизлар. Сизларга Аллоҳнинг саломи бўлсин, дея ўзи сари чорлади. Яратган Эгам сизу бизга жаннатни насиб қилсин. Билинг, агар сабрли бўлиб, рост гапирсангиз ва тақво қилсангиз, бу очиқ-ойдин яхшилик. Аллоҳ сизга раҳматини ёғдирсин, эшитганларингиз бу қулоғингиздан кириб, унисидан чиқиб кетмасин. Аллоҳнинг элчиси Муҳаммад алайҳиссаломдан ибрат олинг... Шошилинг, нажотга шошинг! Қаён юз буряпсиз?! Каъбанинг Эгаси ҳаққи, билинг, ўлим ёнгинангизда, сиз билан баробар турибди. Парча нонга қаноатланган, ямоқ кийимга рози, ерга ёпишиб ибодатга берилган, хатолари учун йиғлаган, уқубатдан қочиб, раҳматидан умидвор бўлган кишига Аллоҳнинг раҳмати бўлсин, – у шу аҳволда жон берди».

590 - وَعَنْ أَبِي هُرَيرَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ: أَنَّ رَسُولَ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ قَالَ: «بَادِرُوا بِالأَعْمَالِ سَبْعاً، هَلْ تَنْتَظِرُونَ إِلَّا فَقْراً مُنْسِياً، أَوْ غِنًى مُطْغِياً، أَوْ مَرَضاً مُفْسِداً، أَوْ هَرَمًا مُفَنِّداً، أَوْ مَوْتاً مُجْهِزاً، أَوِ الدَّجَّالَ؛ فَشَرُّ غَائِبٍ يُنْتَظَرُ، أَوِ السَّاعَةَ؛ وَالسَّاعَةُ أَدْهَى وَأَمَرُّ؟!». رَوَاهُ التِّرْمِذِيُّ وَقَالَ: حَدِيثٌ حَسَنٌ.


Улашиш
|
|
Нусха олиш

591. Яна у кишидан ривоят қиланади:

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Лаззатларни парчаловчи ўлимнинг зикрини кўпроқ қилинглар», дедилар».

Имом Термизий ривояти.

Шарҳ: Ўлим туфайли инсоннинг гуноҳлар қилишига сабаб бўлувчи лаззатлари парчаланади, йўққа чиқади. Инсон ўлимни эслаганида ҳам лаззатлари парчаланади. Дунёни эмас, охиратни ўйлаб қолади. Ёмон ишлардан қайтиб, яхши ишларни қилишга ўтади. Ўлимни ўйлаган, ўлганидан кейин бу дунёда қилган ҳар бир иши учун жавоб беришини ўйлаган инсон Аллоҳнинг айтганини қилиб, қайтарганидан қайтиб яшашга ҳаракат қилади.

Ўлимни ўйламаган одам эса, тамоман тескари ҳолатда бўлади. Шунинг учун ҳам халқ ичида ёмон, бетавфиқ, золим, бировнинг ҳаққидан қўрқмайдиган, ҳаром-харишдан ҳазар қилмайдиган кишиларга нисбатан ўлимини ўйламасмикан, деган ибора ишлатилади.

Шунинг учун ҳам Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ушбу ҳадисда сизу биз умматларига хитоб қилиб, ўлимни кўпроқ зикр қилишимизга – эслашимизга амр қилмоқдалар. ҳа, ушбу ҳадисга амал қилиб, ким бўлишимиздан қатъи назар барибир бир кун ўлишимизни ҳеч эсдан чиқармайлик. Ана шундан кейин бу дунёда қилган ҳар бир ишимиз учун ҳисоб беришимизни ҳам унутмайлик.

591 - وَعَنْهُ قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ: «أَكْثِرُوا ذِكْرَ هَاذِمِ اللَّذَّاتِ» يَعْنِي الْمَوْتَ، رَوَاهُ التِّرْمِذِيُّ وَقَالَ: حَدِيثٌ حَسَنٌ [2307].


Улашиш
|
|
Нусха олиш