591-ҳадис

591. Яна у кишидан ривоят қиланади:

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Лаззатларни парчаловчи ўлимнинг зикрини кўпроқ қилинглар», дедилар».

Имом Термизий ривояти.

Шарҳ: Ўлим туфайли инсоннинг гуноҳлар қилишига сабаб бўлувчи лаззатлари парчаланади, йўққа чиқади. Инсон ўлимни эслаганида ҳам лаззатлари парчаланади. Дунёни эмас, охиратни ўйлаб қолади. Ёмон ишлардан қайтиб, яхши ишларни қилишга ўтади. Ўлимни ўйлаган, ўлганидан кейин бу дунёда қилган ҳар бир иши учун жавоб беришини ўйлаган инсон Аллоҳнинг айтганини қилиб, қайтарганидан қайтиб яшашга ҳаракат қилади.

Ўлимни ўйламаган одам эса, тамоман тескари ҳолатда бўлади. Шунинг учун ҳам халқ ичида ёмон, бетавфиқ, золим, бировнинг ҳаққидан қўрқмайдиган, ҳаром-харишдан ҳазар қилмайдиган кишиларга нисбатан ўлимини ўйламасмикан, деган ибора ишлатилади.

Шунинг учун ҳам Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ушбу ҳадисда сизу биз умматларига хитоб қилиб, ўлимни кўпроқ зикр қилишимизга – эслашимизга амр қилмоқдалар. ҳа, ушбу ҳадисга амал қилиб, ким бўлишимиздан қатъи назар барибир бир кун ўлишимизни ҳеч эсдан чиқармайлик. Ана шундан кейин бу дунёда қилган ҳар бир ишимиз учун ҳисоб беришимизни ҳам унутмайлик.

591 - وَعَنْهُ قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ: «أَكْثِرُوا ذِكْرَ هَاذِمِ اللَّذَّاتِ» يَعْنِي الْمَوْتَ، رَوَاهُ التِّرْمِذِيُّ وَقَالَ: حَدِيثٌ حَسَنٌ [2307].


Улашиш
|
|
Нусха олиш