Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Бирортангиз ўлимни орзу қилмасин. Яхши амалли бўлса, шояд (яхшилиги) зиёдалашса. Ёмон амалли бўлса, шояд (ёмонликларидан яхшиликка қайтиб) ризолик топса», дедилар».
Муттафақун алайҳ. Бу ҳадис Имом Бухорий лафзидир.
Имом Муслимнинг лафзида Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Бирортангиз ўлимни орзу қилмасин, унга ўлим келмасидан олдин уни сўраб дуо ҳам қилмасин, чунки бирортангиз ўлса, унинг амаллари узилиб қолади, умр эса мўминга фақат яхшиликни зиёда қилади», дедилар.
Шарҳ: Нима учун ўлим тилаш мумкин эмаслигининг ҳикмати Имом Бухорий ривоятларида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўзлари томонидан баён қилинмоқда:
«Бирортангиз ўлимни орзу қилмасин. Агар яхшилардан бўлса, шояд (амали) зиёда бўлса. Агар ёмонлардан бўлса, шояд қайтса».
Мўмин киши ўзига ўзи ўлим тиламасин, чунки у яхши одам бўлса, ўлмасдан ҳаётда бардавом бўлиб турса, яхшиликлари кўпайиб, охиратга тўплайдиган заҳиралари кўп бўлади. Агар Аллоҳ кўрсатмасин, ёмон одам бўлса, тирик қолиши унга тавба қилиш фурсатини, яхшилар қаторига қўшилиш фурсатини берган бўлади. Демак, ҳаётда бардавом бўлишда мўмин учун фақат яхшилик бор. Ҳатто, ўша ўзи нолиётган зарарга сабр қилиши ҳам кўплаб ажр-савобларга эга бўлишига сабаб бўлади.
597 - عَنْ أَبِي هُرَيرَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ: أَنَّ رَسُولَ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ قَالَ: «لَا يَتَمَنَّى أَحَدُكُمُ الْمَوْتَ؛ إِمَّا مُحْسِناً، فَلَعَلَّهُ يَزْدَادُ، وَإِمَّا مُسِيئاً فَلَعَلَّهُ يَسْتَعْتِبُ». مُتَّفَقٌ عَلَيهِ، وَهَذَا لَفْظُ البُخَارِيِّ [خ 7235، م 2682].
وَفِي رِوَايَةِ مُسْلِمٍ: عَنْ أَبِي هُريْرةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ، عَنْ رَسُولِ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ قَالَ: «لَا يَتَمَنَّى أَحَدُكُمُ الْمَوْتَ، وَلَا يَدْعُ بِهِ مِنْ قَبْلِ أَنْ يَأْتِيَهُ؛ إِنَّهُ إِذَا مَاتَ انْقَطَعَ عَمَلُهُ، وَإِنَّهُ لَا يَزيدُ الْمُؤْمِنَ عُمُرُهُ إِلَّا خَيْراً».