Рўйхатни беркитиш
Мундарижа
Мундарижа
68-КИТОБ
68-Боб Парҳезкор бўлиш ҳамда шубҳали нарсаларни тарк этиш ҳақида
68- بَابُ الوَرَعِ وَتَرْكِ الشُّبُهَاتِ
(68)
68-BOB
68-Боб. Парҳезкор бўлиш ҳамда шубҳали нарсаларни тарк этиш ҳақида

 Аллоҳ таоло: «Ва буни енгил иш деб ўйлар эдингизлар. Ҳолбуки у Аллоҳ наздида улуғ (гуноҳдир)» (Нур сураси, 15-оят).

«Шак-шубҳасиз Парвардигорингиз (барча нарсани) кузатиб тургувчидир» (Фажр сураси, 14-оят), деб айтган.

68- بَابُ الوَرَعِ وَتَرْكِ الشُّبُهَاتِ

 

قَالَ اللهُ تَعَالَى: {وَتَحْسَبُونَهُ هَيِّناً وَهُوَ عِنْدَ اللهِ عَظِيمٌ} [النور - 15].

وَقَالَ تَعَالَى: {إنَّ رَبَّكَ لَبِالْمِرْصَادِ} [الفجر - 14].

 

(68)

600. Нўъмон ибн Башир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шундай деганларини эшитдим:

«Ҳалол очиқ-ойдиндир, ҳаром очиқ-ойдиндир. Иккисининг орасида иштибоҳли нарсалар бор, уларни кўпчилик одамлар билмайди. Ким шубҳалардан сақланса, дини ва шаънини пок тутибди. Ким шубҳаларга тушса, ҳаромга тушиб қолади. Худди қўриқхона атрофида қўй боқаётган чўпон каби. (Қўйлари) ундан ўтлаб қўйиши ҳеч гап эмас. Огоҳ бўлинглар! Ҳар бир подшоҳнинг ўз қўриқхонаси бўлади. Огоҳ бўлинг! Аллоҳнинг қўриқхонаси – Унинг ҳаром қилганларидир. Огоҳ бўлинглар! Танада бир парча гўшт бор. Агар у соғлом бўлса, бутун тана соғлом бўлади, у бузилса, бутун тана бузилади. Огоҳ бўлинглар! У – қалбдир».

Муттафақун алайҳ.

Шарҳ: Ушбу ҳадиси шариф энг улуғ ҳадислардан ҳисобланади. Уламоларимиз бу ҳадис Исломга мадор бўлган учта ҳадиснинг биридир, шунинг учун бу ҳадисни Исломнинг учдан бири, десак бўлади, де­йишган.

Бу ҳадисдан бошқа қолган икки ҳадис: «Албатта, барча ишлар ниятга боғлиқ», деб бошланувчи ва «Киши Исломининг гўзаллиги, ўзига беҳуда бўлган нарсани тарк қилишидадир», ҳадисидир, деганлар.

Имом Абу Довуд ушбу уч ҳадисга «Сизлардан бирингиз то ўзи яхши кўрган нарсани ўзгаларга ҳам яхши кўрмагунича комил мўмин бўлмайди», деган ҳадис ҳам қўшилади», деганлар.

Бу ҳадиси шарифнинг улуғлиги шундаки, Пай­ғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам унда емоқ, ичмоқ, киймоқ, никоҳдаги ва бошқа ҳамма соҳалардаги нарсаларнинг ҳалол бўлиши қоидасини баён қилиб берганлар.

Шунингдек, у Зот бу ҳадисда ҳаром нарсаларни ҳам баён қилиб, ҳалолга уриниш, ҳаромдан ҳазар қилишга чақирадилар. Шу билан бирга, ҳалол билан ҳаромнинг ўртасида шубҳали нарсалар борлигини, ким дини ва обрўсини пок сақлай деса, шубҳали нарсалардан эҳтиёт бўлиши зарурлигини таъкидладилар. Шубҳали нарсаларга яқинлашиш, худди подшоҳ ўзи учун хос қилган қўриқхона ёнида ҳайвон боқишдек хатарли эканини баён қиладилар.

Сўнгида эса бу жабҳада энг муҳим масала — қалб масаласи эканини, ҳалол-ҳаромда қалб солиҳ бўлиши лозимлигини тушунтирадилар.

Имом Ибн Арабий:

«Биргина ушбу ҳадиснинг ўзидан ҳамма аҳкомларни чиқариб олиш мумкин», деганлар.

Имом Қуртубий эса:

«Бу ҳадис ҳалол ва бошқа нарсаларни батафсил равишда ҳамда барча амаллар қалбга боғлиқ эканини ўз ичига олгандир. Шунинг учун ҳам барча аҳкомларни унга қайтариб солиштириб кўриш мумкин», деганлар.

Энди ҳадиси шарифни таҳлил қилиб чиқайлик:

«Албатта, ҳалол очиқ-ойдиндир».

«Ҳалол» сўзи луғатда «тугунни ечиш» маъносини билдиради.

Шариатда эса, ҳаромлик тугуни ечилган, яъни, ҳаромлик сифати йўқ нарсага ҳалол деб айтилади. Чунки ҳаром нарсанинг ман қилиш тугуни бўлади. Ҳалол нарсада ана ўша тугун бўлмайди.

Ҳадиси шарифда ҳалол очиқ-ойдиндир, дейилиши жуда кенг маънони англатади. Аввало, нималар ҳалол экани очиқ-ойдин: сув, сут, мева сувлари каби ичимликлар, нон, мева, полиз экинлари, Аллоҳнинг исми айтиб сўйилган ҳалол ҳайвонлар гўштлари, рухсат берилган кийимлар ва никоҳга олинган аёллар ҳалолдир.

Қолаверса, ушбу нарсаларга ишончли, шариатда рухсат берилган йўл билан эга бўлиш лозим. Ҳалол касб деганда, айнан шу маънода, яъни, ҳалол нарсага ҳалол йўл билан эга бўлиш ҳақида гап бормоқда. Бу ҳолат ҳам очиқ-ойдин, уни ҳамма билади. Ҳалол меҳнат, мерос, ҳадя, икки тараф розилиги билан бўлган тижорат туфайли қўлга кирган мулк ҳалол бўлади. Бу оддий ҳақиқатни билиш учун алоҳида тайёргарлик кўришнинг кераги йўқ. Мусулмон одам учун ҳалол нарсани талаб қилиш, ҳалолдан молу мулк топиш фарз ҳисобланади. Уламоларимиз ушбу ҳадиси шариф баъзи бир жоҳилларнинг дунёда сув ва набототдан бошқа ҳалол нарса қолмади, дейишларига раддиядир, шубҳа ва ҳаромнинг доирасини кенгайтириш жоҳиллик ва илмсизлик аломатидир, деганлар.

Ўтган далил ва ҳужжатлардан келиб чиқиб, уламоларимиз ўзига ҳаромлик сифати илашмаган ва касб қилиш сабабига ҳаром ёки макруҳ иш аралашмаган нарсани мутлақ ҳалол, деб таърифлайдилар.

Демак, мусулмон киши ўзи ҳалол бўлган нарсани шариатда ҳалол қилинган йўл билан топиб фойдаланиши керак. Аллоҳ таолонинг амри шу.

Аллоҳ таоло:

«Эй одамлар! Ер юзидаги нарсалардан ҳалол-покларини енглар. Ва шайтон изидан эргашманглар, чунки у сизларга очиқ душмандир», дейди (Бақара сураси, 168-оят).

Ушбу ояти каримада Аллоҳ таоло фақат мўминларни эмас, балки барча одамларни ҳалол нарсаларни ейишга даъват қилмоқда. Аллоҳ таоло ер юзидаги ноз-неъматларни бандалари учун яратган, уларнинг ҳалолларидан ейишга умумий рухсат бермоқда. Ҳалол неъматларни номма-ном санаб ўтиришнинг ҳожати йўқ. Улар жуда кўп. Ҳаром ва нопок нарсалар жуда ҳам оз, кези келганида улар санаб ўтилади.

Ейдиган нарсанинг ҳалол бўлишига Ислом динида катта аҳамият берилади. Жумладан, ушбу оятда ҳам бу нарса алоҳида таъкидланмоқда.

Ўтган аҳли солиҳларимиздан Саҳл ибн Абдуллоҳ:

«Нажот уч нарсада: ҳалол ейиш, фарзларни адо этиш ва Пайғамбар алайҳиссаломга эргашишдадир», деганлар.

Ояти каримада ҳалол ризқларни ейишга зид қилиб шайтоннинг изидан эргашиш саналмоқда. Яъни, бу шайтоннинг йўлида юрганларгина ҳалол емайдилар, деганидир. Шайтон инсонларга ҳалол едирмаслик билан уларни Аллоҳ таолонинг итоатидан чиқаради. Шайтонга алданган нодон инсон эса ҳалол-ҳаромни фарқламай улкан гуноҳ қилаётганини ўзи билмайди, ҳатто ҳис этмайдиган даражага тушади. Унга ҳаромни емасликни насиҳат қилсангиз: «Нима бўпти есам?» дейди. Мана шу ҳоли унинг шайтонга қул эканига бир далилдир.

Аллоҳ таоло Моида сурасида:

«Эй иймон келтирганлар! Аллоҳ сизга ҳалол қилган пок нарсаларни ҳаром қилманг. Ҳадди­нгиздан ошманг. Албатта, Аллоҳ ҳаддидан ошувчиларни севмас.

Ва  Аллоҳ сизга ризқ қилиб берган ҳалол-пок нарсалардан енглар. Ўзингиз ишонган Аллоҳга тақво қилинг», дейди. (87—88-оятлар).

Аввал ўтган оятларда ва уларнинг тафсирида Аллоҳ таоло ҳалол қилган нарса пок ва фойдали бўлиши айтилган эди. Бу ерда ўша покиза ва ҳалол нарсаларни ҳаром деб ҳукм чиқариш мумкин эмаслиги таъкидланмоқда. Чунки ҳукм чиқариш, жумладан, нима ҳалолу нима ҳаромлигининг ҳукмини чиқариш ҳам Аллоҳ таолонинг Ўзигагина хосдир. Аллоҳ ҳалол деган нарсани ким ҳаром деса ёки Аллоҳ ҳаром қилган нарсани ким ҳалол деса, кофир бўлади. Ундай одам Аллоҳнинг илоҳлик сифатига, яъни, шариат ҳукмларини чиқариш сифатига шерик бўлишга уринган ҳисобланади.

Аллоҳ таоло Ўзи белгилаб берганидан кам ишни қилиш нуқсон ва гуноҳ бўлганидек, Унинг белгилаб берганидан ортиқча қилишга уриниш ҳам тажовузкорлик ва гуноҳ ҳисобланади.

Шу қоидага кўра, Аллоҳ таоло ҳалол қилиб қўйган нарсани ўзига ҳаром қилиб, ўзини ўша нарсадан тийиш билан гўё Аллоҳга қурбат ҳосил қилишга уриниш ҳам гуноҳдир. Чунки ҳалол ва ҳаром қилувчи ягона Зот — Аллоҳ таолонинг Ўзидир.

Аллоҳ таоло мўмин-мусулмонларни ҳаром йўл билан бировнинг молини ейишдан қатъий равишда қайтарган.

Аллоҳ таоло Бақара сурасида:

«Бир-бирларингизнинг молларингизни ботил йўл билан еманг. Билиб туриб одамларнинг молларидан бир қисмини ейишингиз учун  ҳокимларга гуноҳкорона ташламанг», деган (188-оят).

Бу ояти каримада Аллоҳ таоло мусулмонларни бир-бирларининг молини ботил — ҳаром йўл билан емоқдан қайтармоқда.

Ушбу ояти каримани тушунтириш учун Абдуллоҳ ибн Аббос розийаллоҳу  анҳу:

«Бу бир одам қарздор бўлади, лекин ўзига қарши ҳужжат йўқлигидан фойдаланиб, у молни олганидан тонади, дегани. Бировнинг молини ҳаромдан еб, гуноҳкор бўлаётганини билиб туриб, ҳокимга арз қилади», деган эканлар.

Гўё ҳоким ҳукм қилса, гуноҳ гуноҳликдан тушиб, ҳаром мол ҳалолга айланиб қоладигандек. Ҳолбуки, ҳокимнинг ҳукми ила ҳалол ҳаром бўлиб қолмайди ёки аксинча бўлмайди. Балки ҳамма нарсани кўриб-билиб турувчи Аллоҳ таолонинг ҳукми билан ҳалол ёки ҳаром бўлади. Ҳоким ҳамма нарсани кўра олмайди, била олмайди. У сиртдан кўрганига, талашаётганларнинг гапига, уларнинг ҳужжатига қараб ҳукм чиқаради.

Имом Бухорий Умму Салама розияллоҳу анҳодан ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз алай­ҳиссалом:

«Мен бир одамман, холос. Талашганлар ҳузуримга келадилар. Баъзилари бошқаларидан кўра ҳужжатини яхшироқ кўрсатиши, мен эса унинг фойдасига ҳукм қилишим мумкин. Кимга бир мусулмоннинг ҳақидан ҳукм қилиб берсам, у дўзах ўтидан бир бўлакдир. Хоҳласа олиб, хоҳласа қолдириб кетсин», деганлар.

Зоҳирга қараб ҳукм чиқаргани учун ҳоким гуноҳкор бўлмайди. Имом Қуртубий «Оятдаги «ботил йўл билан емаслик»ка ҳаромнинг барча турлари: қимор, алдамчилик, ҳаром нарсаларни сотиб мол топиш, ҳаром касбларни қилиб мол топиш ва бошқалар киради», деганлар.

Аллоҳ таоло Оли Имрон сурасида эса:

«Эй иймон келтирганлар! Рибони бир неча баробар қилиб еманг. Аллоҳга тақво қилинг, шоядки нажот топсангиз», деган (130-оят).

Ҳофиз ибн Касир раҳматуллоҳи алайҳ ривоят қилишларича, берилган қарзнинг муддати тугаб қолганда қарз берувчи қарздорга: «Ёки қарзингни тўла ёки рибони кўпайтир», дер экан. Тўласа, тўлади, бўлмаса, қарз муддатини чўзиш эвазига рибонинг миқдорини ҳам кўпайтирар экан. Ҳар йили шундай бўлавергандан кейин рибо бир неча баробарга кўпайиб кетаркан. Ушбу ояти каримада ўша ҳолат муолажа қилинмоқда.

Нафси бузуқ баъзи кимсалар бу оятни ушлаб олиб, Аллоҳ таоло Қуръони каримда: «Рибони бир неча баробар қилиб еманг», деган, демак, бир неча баробар оширмай, маълум фоиз еса бўлаверади, деган даъволарни ҳам қилишади. Бу даъволар жоҳиллик иллатидир, Аллоҳ таоло ҳаром этган нарсани ўзига ҳалол қилиб олиш йўлидаги ғаразли ҳаракатдир. Ҳолбуки, ояти карима воқеликдан келиб чиқиб, жоҳилият даврининг энг ёмон одатларидан бирини аста-секинлик билан муолажа этмоқда. Қолаверса, рибо ҳақида Қуръони каримда фақат битта шу оятгина бор эмас, ахир. Рибонинг ҳаромлигини баён қилувчи асосий оятлар Бақара сурасида келган. Унда: «Рибонинг сарқитини ҳам тарк қилинг», дейилган.

Гуноҳни, жумладан, рибохўрликни  ҳамма ҳам осонгина тарк қилавермайди. Бунинг учун, аввало, Аллоҳ таолога тақво қилиш лозим:

«Аллоҳга тақво қилинг, шоядки, нажот топсангиз».

Албатта, Аллоҳга тақво қилган ва бу дунёю у дунёда нажот топишдан умидвор бўлган одамлар рибохўрлик қилмайдилар.

Нисо сурасида Аллоҳ таоло:

«Ва етимларга ўз молларини беринг. Нопокни покка алмаштирманг. Уларнинг молларини ўзингизнинг молларингизга қўшиб еманг. Зеро, бу катта гуноҳ бўлур», деган (2-оят).

Ушбу оятдаги хитоб умуман мусулмонлар оммасига, хусусан, етимларнинг кафилларига қаратилгандир. Балоғатга етмаган ёш болалар отаси ўлиб қолса, етим бўлишади. Уларни ота томонидан ёки улар бўлмаса, бошқа томондан бўлган қариндошлари ёхуд умуман бошқа бирорта мусулмон ўз кафолатига олади. Етимга кафил бўлган киши унинг барча ишларига, шу жумладан, молу мулкига ҳам раҳбарлик қилади. Етим бола ёш бўлиб, молу мулкни тўғри тасарруф қилишга салоҳияти етмагани учун кафил унинг мол-мулкини муҳофаза этишга масъул бўлади. Бола балоғатга етиши билан етимлиги тугайди. Энди у ўз ҳолича тасарруф қилишга ўтади. Вояга етган инсон сифатида ўз мол-мулкини тасарруф қилиш имконига эга бўлади. Шунинг учун ҳам оятдаги:

 «Ва етимларга ўз молларини беринг», деган жумлани «вояга етганларида» деган қўшимча ила англатиш керак бўлади. Жоҳилиятда, яъни, исломий низомдан бошқа тузумларда етимларнинг ҳақига эътибор берилмайди. Бу ҳақ доимо поймол қилинади, етим ҳақига хиёнат авж олган. Исломда эса, уларнинг ҳақлари тўла муҳофаза қилинган.

«Нопокни покка алмаштирманг» жумласида бировнинг молини ўз молига алмаштирмаслик, хусусан, етимларнинг молини ўз молига алмаштирмаслик тушунилиши лозим. Бу ҳол турлича кўринишларда бўлиши мумкин. Биз «мол» деганда фақат пулни тушуниб қолганмиз. Чунки узоқ давом этган худосиз тузум бошқа мулкка эгаликни ман қилган эди. Юқоридаги жумлани, уларнинг яхши молларини ўзингизнинг сифатсиз молингизга алмаштириб қўйманг, деб тушунса бўлади. Мисол учун, етимнинг яхши уйи, ери, чорваси, улуши ва бошқа мулк­лари бўлиши мумкин. Кафил етимнинг ўша яхши, сифатли молларини ўзиники қилиб, ўрнига ўзининг сифатсиз молини берса, нопокни покка алмаштирган ҳисобланади. Яъни, кафил ўзига нопок бўлган молни олиб, ўрнига ўзининг ҳалол молини берган—алмаштирган бўлади.

«Уларнинг молини ўзингизнинг молингизга қўшиб еманг».

Бу иборада ҳам етимларнинг ҳимояси  яққол кўриниб турибди. Кафилларинг: «Мен шу етимга кафилман, унга қараяпман, тарбия қиляпман», деган даъволар билан ўзига топширилган етимнинг молларини ҳам ўз молларига қўшиб еб юбориш одати бўлган. Бу ҳол етимга нисбатан катта зулм. Ояти карима етимнинг молини ейишни ман этиб, бу ишни катта гуноҳ деб эълон қиляпти:

«Зеро, бу катта гуноҳ бўлур».

Нисо сурасида Аллоҳ таоло:

«Эй иймон келтирганлар! Бир-бирларингизнинг молларингизни ботил йўл билан еманг. Магар ўзаро розилик ила тижорат бўлса, майли», деган (29-оят).

Бировнинг молини ботил йўл — ҳаром йўл билан ейишга рибо, қимор, порахўрлик, алдамчилик, нархни сунъий равишда кўтариш, ўғрилик, қиморбозлик, товламачилик ва бошқалар киради.

«Эй иймон келтирганлар! Бир-бирларингизнинг молларингизни ботил йўл билан еманг».

Ояти каримада ботил йўл билан бировнинг молини ейишдан,

«Магар ўзаро розилик ила бўлган тижорат бўлса, майли», деб истисно қилинмоқда. Албатта, ҳалол ризқ топишнинг йўли фақат тижорат эмас. Аммо бу мақомда тижоратнинг зикр қилинишига сабаб–ботил йўл билан мол ейишнинг баъзи турларида тижоратга ўхшашлик бор. Мисол учун, Арабистон ярим оролида рибохўрлик авж олган эди. Аллоҳ таоло бу ишни ҳаром қилганида мушриклар рибо ҳам тижоратга ўхшаш, деган даъвони илгари сурдилар. Шунга ўхшаш тушунмовчиликлар ёки но­ўрин даъволарнинг бўлмаслиги учун ўзаро розилик билан бўлган тижорат истисно қилинмоқда. Чунки тижорат ҳалол меҳнат. Тожир меҳнат қилиб, молу пулини ишга солиб, ишлаб чиқарувчи ва харидор орасида восита бўлади. Бу вазифани бажариш учун орада анчагина хизматларни адо этади. Унинг келажакда фойда кўриш-кўрмаслиги, фойданинг оз ёки кўп бўлиши гумон. У касод бўлиш, синиб, молсиз-пулсиз қолиш эҳтимолларини  ҳам бўйнига олиб бу ишга қўл уради. Энг муҳим омиллардан бири–тижорат икки тарафнинг розилиги билан бўлади. Харидор рози бўлмаса, олиш-олмасликда эркин, бош­қа томонга кетаверади.

Бу маънодаги ҳадиси шарифлар жуда ҳам кўп. Бир луқма ҳаром таом еган одамнинг неча кунлаб дуоси қабул бўлмаслигини биламиз.

Айниқса, мусулмон киши ҳаром йўл билан молу дунё касб қилишдан худди чўчқанинг гўштини ейиш­дан ҳазар қилгандек ҳазар қилиши керак. Ҳаром йўл билан молу дунё топган одам икки дунё­да шарманда бўлади. Бу дунёда азоб-уқубат, турли бало-офатларга йўлиқиб, у дунёда жаҳаннам ичида туриб, қорнига таом ўрнига оловни ейди.

«Ва икковлари орасида шубҳали нарсалар бордир».

Яъни, ҳалол билан ҳаром орасида шубҳали нарсалар бордир.

«У (шубҳали) нарсаларни одамларнинг кўплари билмаслар».

Бундоқ нарсаларни шариат илмларини пухта биладиган уламоларгина биладилар.

Демак, баъзи нарсаларнинг ҳалоллиги ҳам, ҳаромлиги ҳам очиқ-ойдин билинмайди. Ҳалол, дейин деса, ҳаромга ўхшайди, ҳаром, дейин деса, ҳалолга ўхшайди. Бундоқ нарсаларни шубҳали нарсалар, дейилади. Асосий мушкул худди шу нарсалардадир.

«Шубҳа» сўзи луғатда «ўхшаш» маъносини билдиради. Яъни, шубҳали нарса ўзидан бошқа нарсага ўхшашдек туюлади. Унинг аниқлиги йўқ бўлади.

Уламоларимиз ҳалол ва ҳаром бобидаги шубҳали нарсани икки хил эътиқодни тақозо қилувчи икки нарса содир бўлгани учун икки хил эътиқодга сазовор бўлган нарса шубҳали нарса, дейилади, деганлар.

Демак, шубҳали нарсалар бир неча хил бўлади:

1. Бир нарсанинг ҳалоллиги ҳақида бир томондан, ҳаромлиги ҳақида иккинчи томондан далил келган бўлса, улардан қайси бири олдин эканлиги билинмаса, у шубҳали нарса бўлади.

Бунга уламоларимиз келажакда ўрганиладиган «Мухобара» номли муомалани мисол қиладилар.

2. Шариатда ҳукми баён қилинган бўлса ҳам маш­ҳур бўлмагани учун кўпчилик билмайди.

Мисол учун, «зобб» номли калтакесакдан катта, эчкиэмардан кичик ҳайвон ҳалол, аммо ўша ҳайвон яшамайдиган жойларда буни кўпчилик билмайди.

3. Умумий маъно ёки қиёсдан олинадиган ҳукм бўлиб, уламолар турлича тушунган нарсалар.

4. Шариатда мубоҳлиги ёки мубоҳ эмаслиги ҳақида ҳукм келган, аммо вақтинчалик ёки доимий эканлиги ҳақида ихтилоф бор нарсалар.

Ёввойи эшак, хачир ва отга ўхшаш бу нарсаларнинг ҳукмини, ҳалол ёки ҳаромлигини мужтаҳид уламолар оят, ҳадис, ижмоъ, қиёс ва бошқа фиқ­ҳий қоидалар билан солиштириб ўрганиб чиқадилар. Сўнгра ҳалол ёки ҳаром эканлиги ҳақида ҳукм чиқарадилар. Шундан кейин у ҳалоллик ёки ҳаромлик сифатини олади. Юқорида келтирилган фикрлар мазкур ҳайвонларнинг зотидаги ҳалоллик ёки ҳаромлик ҳақидаги маълумотларга асосланади.

Аммо зоти ҳалол нарсани бирор кишига ҳалол мулк бўла олишига тегишли шубҳалар ҳам бир неча хил бўлади:

Биринчи хили, ҳалол ёки ҳаром қилувчи сабабда шубҳа пайдо бўлиши.

Мисол учун, бир одам асли ҳалол қушга ўқ отди. Бу хилдаги овланган қуш аслида ҳалол бўлади. Лекин отилган қуш сувга тушсаю, овчи уни сувдан олиб чиққанда ўлган бўлса, шубҳа бўлади. Қуш отилган ўқ билан ўлдими ёки сувга тушиб бўғилиб ўлдими, билиб бўлмайди. Уламолар бу ва бунга ўхшаш шубҳали ҳолатларга ҳаромлик устун эканига фатво чиқарганлар.

Бундоқ шубҳалар, айниқса, ҳалол билан ҳаромнинг аралашиб кетишидан келиб чиқади. Мисол учун, бир дона ҳаром ўлган ҳайвон гўшти битта ёки ўнта ҳалол йўл билан сўйилган ҳайвонларнинг гўштига аралашиб кетса, ҳамма гўшт шубҳали бўлиб қолади. Ҳаром гўштни ажратиб олишнинг имкони бўлмагани учун мазкур бир ёки бир неча маълум ҳайвон гўшти ҳам ҳаром, деб эълон қилинади.

Яна бир мисол. Бир йигитнинг эмикдош синглиси бор, унга уйланиши шариат ҳукми бўйича ҳаром. Лекин ўша қиз ким эканлиги айнан маълум эмас. Фақат бешта-ўнта ёки маълум адад қизлардан бири эканлиги билинади, холос.

Шу ҳолатда шариат ҳаром қилган кишини никоҳлаб олиш шубҳаси туғилади ва адад чегараланган бўлганидан, шубҳадан қочиб, уларнинг бирортасига ҳам уйланмаслик вожиб бўлади.

Иккинчи хили, чегараланган ҳаром нарса чегараланмаган ҳалол нарсага аралашиб кетиши. Бу ҳолда ҳам шубҳа ҳосил бўлади. Лекин катта мушкуллик эътиборидан шариат бундоқ ҳолатларда ҳалолликни ғолиб ҳисоблайди.

Мисол учун, ўзи билан эмикдош бўлган қиз шаҳарнинг қизларидан бири эканини яхши билади. Аммо ким эканини билиб бўлмайди. Шу сабабдан ҳамма аёлларни унга ҳаром деб эълон қилинмайди, балки хоҳлаганига уйланаверади. Уламолар иттифоқи шундоқ.

Шунингдек, молу дунёга ҳаром аралашгани маълум, лекин ўша ҳаромнинг аниғи номаълум. Шунинг учун олди-сотди ёки емоқ-ичмоқни тарк қилиш вожиб бўлмайди. Бундоқ бўлса, кишилар катта танг­ликда қоладилар.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ва саҳобаи киромлар вақтларида рибохўрлик, ўғирлик содир бўлган, кўп молу мулкка аралашиб кетган, лекин пул муомаласи ёки ўғирланган нарсалар жинсидан бўлган ашёларни сотиб олиш ман қилинмаган. Уламоларимиз бунга ўхшаш нарсаларни сўраб-суруштириб, четлашга уриниш васвасадир, дейдилар.

Учинчи хили, чегараланмаган ҳаром чегараланмаган ҳалолга аралашиб кетиши. Бундай пайтда ҳаромлигига ҳужжат-далил бўлган нарсанигина ҳаром, деб айтилади. Бошқа нарсалар ҳалоллик ҳукмини олади. Чунки шариат ҳукми бўйича аслида моллар ҳалолдир. Кишилардаги фисқ ғолибдир. Шариат қоидаси бўйича асл билан ғолиб тўқнашиб қолса ва ғолибнинг аниқ белгиси бўлмаса, асл устун келади.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ва саҳобаи киромлар даврида ҳаромдан топилган мол-дунё, рибохўрлик фойдаси, ўлжадан беркитиб олинган нарсалар, баъзи таланиб олинган моллар аралашиб кетган.  Ҳеч ким, мазкур нарсаларнинг ҳаром ҳолида ҳалол молларга аралашиб кетишига қарамай, бозорни ёпишга ёки олди-берди қилмасликка амр қилмаган.

Ҳазрати Умар розийаллоҳу анҳу насроний аёлнинг идишидан таҳорат қилганлар. Саҳобаи киромлар ғайридин юртлардан келтирилган кийим-кечак ва бошқа матоларни сотиб олиб ишлатар эдилар.

Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, шубҳали нарсаларда етук олим кишилардан сўраб олиб тасарруф қилиш керак бўлади. Аллоҳ таолога шукрлар бўлсинким, ўтган мужтаҳид олимларимиз бундоқ масалаларни жуда ҳам яхшилаб ҳал этиб, китобларга ёзиб кетганлар.

Ҳозирги уламолар ўша китоблардан фойдаланган ҳолда жавоб беришлари осон. Ўтган вақтларда мавжуд бўлмаган масалаларни эса, Ислом фиқҳи академияларидаги уламолар ҳал қилмоқдалар.

«Бас, ким шубҳалардан сақланса, дини ва обрўйи учун покланган бўлади».

Яъни, ҳалоллигида шубҳа бор нарсадан сақланган одам дини ва обрўйини поклаган бўлади. Шунинг учун муаййан шубҳали нарсадан узоқда бўлиши керак.

Бу борада Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: «Ўзингни шубҳага солган нарсани тарк эт, ўзинг­ни шубҳага солмаган нарсани ол!» деган гаплари қоидадир.

Шубҳали нарсага нисбатан муносабат бир неча хил бўлади:

1. Вожиб.

Ўзиники ёки ўзганики экани аниқ бўлмаган молни олмаслик.

2. Мустаҳаб.

Молининг кўпи ҳаром бўладиган одам билан муомала қилмаслик.

3. Макруҳ.

Аллоҳ таоло рухсат берган нарсаларни ва ҳадисларни олмаслик.

Лекин шубҳанинг ҳам чегараси бор. Бўлиши қи­йин нарсаларни ўзига фараз қилиб, турли хаёллар билан турли шубҳалар қилишни васваса, дейилади.

Уламоларимиз бундоқ васвасага бир қанча мисоллар келтирадилар. Бу юртда менинг қариндошларим ўтган экан, шу ердан уйлансам, билмай қариндошимга уйланиб қўймай, деб бутун бошли бир юртдан уйланишни тарк қилиш, очиқ жойдаги сувни нажосат тушган бўлиши мумкин, деб ишлатмаслик, бирор кийимни менинг қўлимга тушишидан олдин нажосат теккан бўлиши мумкин, деб ювишга ўхшаш ишлар шулар жумласидандир.

Имом Қуртубий бундоқ ишлар парҳезкорлик эмас, шайтоний васвасадир. Чунки буларда шубҳа маъносидаги ҳеч нарса йўқ. Бундоқ нарсаларнинг содир бўлиши шариатни билмасликдан келиб чиқади, дейдилар.

Имом Ҳарамайннинг оталари Имом Абдуллоҳ ибн Юсуф ал-Жувайнийга янги кийимни бўяш, қуритиш вақтида ерга тушиши бор, нажосат тегиши бор, деб ювиб ташлаб киядиган кишилар зикр қилинди. У кишининг қаттиқ аччиқлари чиқди ва:

«Бу хорижийларнинг тариқатидир! Уларни Аллоҳ таоло ноўрин жойда ташвиш қилиш ва эҳтиёт бўладиган жойда бепарво бўлиш балосига учратган. Буни қилувчи Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг, саҳоба ва тобеинларнинг ишига эътироз қилувчидир. Чунки у зотлар янги кийимни ювмасдан кияр эдилар. Уларнинг асрларидаги кийимнинг ҳоли бизнинг асримиздаги кийимнинг ҳоли каби эди. Агар Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ўша ки­йимларни ювишга амр қилган бўлсалар махфий қолмас эди», дедилар.

Албатта, бу шаклдаги васвасага берилиш Ислом шариати руҳидан узоқ нарсадир. Лекин муаййан шуб­ҳали нарсалардан эҳтиёт бўлиш зарур. Шунинг учун ҳам ҳадиси шарифнинг давомида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бу нарсага алоҳида эътибор бермоқдалар:

«Ким шубҳаларга тушса, ҳаромга тушади».

Яъни, ҳалоллигида шубҳа бор нарсаларни олиб, еб-ичиб, ишлатиб юрган одам ҳаромга тушиши турган гап. Чунки:

«Бу худди қўриқхона атрофида (ҳайвон) боққан чўпонга ўхшайди. Ундан ўтлаб қўйиши осон».

«Қўриқхона» деганда Ислом давлати бошлиғи томонидан жиҳодга миниладиган ва давлат мулки ҳисобланадиган ҳайвонларни боқиш учун ажратиб, чегаралаб қўйилган яйловга айтилган. У давлат томонидан қўриқланади. Ким ўша яйловда ўз ҳайвонини боқса, қоидани бузган ҳисобланади ва жазога тортилади.

Табийки, мазкур қўриқхонага энг яқин жойда ҳайвон боққан одамнинг ҳайвонлари қўриқхонага тушиши ва ундан ўтлаб қўйиши жуда ҳам осон. Чунки энг яқин жойда турибди, бир ҳаракат билан қўйми-молми ёки бошқа ҳайвонми қўриқхона ўтидан ейиши ва эгаси жавобгар бўлиб қолиши ҳеч гап эмас.

Шубҳали нарсаларга яқин юрадиган одамнинг ҳоли ҳам худди шундоқ. Хоҳлаган лаҳзада, ўзи билмай қолиб, ҳаромни олиб, еб ёки муомалага киритиб қўйиши мумкин.

Оқибатда обрўйи тўкилиб, динига путур етиши ҳеч гап эмас. Шунинг учун ҳам динини, обрўйини пок ҳолда сақлаш ниятида бўлган киши шубҳали нарсаларга умуман яқинлашиши керак эмас.

Худди шу маънони яна ҳам кучлироқ таъкидлаш мақсадида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам яна бошқа бир мисол келтирадилар:

«Огоҳ бўлингким! Албатта, ҳар бир подшоҳнинг ўз қўриқхонаси бордир».

Ўша қўриқхонада подшоҳнинг ҳайвонларидан бош­қа ҳар қандай ҳайвоннинг юриши қатъийан ман қилинган. Ушбу қоидани бузган одам эса, тегишли жазога тортилган. Подшоҳнинг жазосидан қўрққан одам қўриқхонага ўзи ҳам яқинлашмайди, ҳайвонини ҳам яқинлаштирмайди. Эҳтиёт бўлмаган одам эса подшоҳнинг жазосига тортилиши ҳеч гап эмас.

«Огоҳ бўлингким! Албатта, Аллоҳнинг қўриқхонаси, Унинг ҳаром қилган нарсаларидир».

Яъни, Аллоҳ таоло ҳаром қилган нарсалари худди подшоҳнинг қўриқхонасига ўхшайди. Ким ўша ҳаром қилинган нарсаларга яқинлашса, унинг ҳаромга йўлиқиши осонлашади, ҳаром ишни қилган одам эса, Унинг жазосига учрайди. Ҳаром ишни қилган одам учун икки дунёда ҳам турли-туман жазолар бордир.

Ҳаром нарсаларни еган, улардан фойдаланган кимсаларга бу дунёда соғликлари бузилиши, турли бало-офатларга гирифтор бўлиши ҳамда охиратда ўзига яраша оғир жазолар тайин қилиниши муқаррар.

Ҳаром йўлдан мол топганларга ҳам қўлларини кесиш ва бошқа турли тан жазолари билан бирга, бало-офатларга йўлиқиш, ибодати ва дуоси қабул бўлмаслик каби руҳий-маънавий жазолар бор. Охиратда эса дўзах азоби бўлиши турган гап.

«Огоҳ бўлингким! Албатта, жасадда бир парча гўшт бордир. Қачон у солиҳ бўлса, жасаднинг ҳаммаси солиҳ бўлур. Қачон у бузуқ бўлса, жасаднинг ҳаммаси бузуқ бўлур. Огоҳ бўлингким! Ўша нарса қалбдир».

Бу иқтибосда «солиҳ» сўзи «бузуқ» сўзига қарама-қарши маънода ишлатилганига эътибор беришимиз керак.

Ушбу жумлаларда қалбнинг инсон ҳаётидаги ўрни ва аҳамияти баён қилинмоқда.

«Қалб» деб луғатда «бир нарсани ағдаришга» нисбатан айтилади. У бир хилда турмай у ёқ-бу ёққа ағдарилиб тургани учун ҳам «қалб» деб аталган. Ислом тушунчаси бўйича қалб икки хил: зоҳирий ва ботиний бўлади.

Зоҳирий қалб кўкракнинг чап томонида жойлашган конус шаклли гўшт парчасидир. У инсоннинг зоҳирий – жисмоний қисмига жон вазифасини ўтайди.

Ботиний қалб эса, нуроний, латиф, билувчи нарса бўлиб, инсонни инсон қилувчи нарса ҳам ўшадир.

У инсоннинг ақлий, руҳий-маънавий ҳаётида жон вазифасини ўтайди.

Қалбни бизнинг тилимизда «юрак» ҳам дейилади.  Ушбу ҳадиси шарифда таъкидланишича, қалб инсоннинг ёмон ёки яхши бўлиши учун асосий омил бўлар экан. Унинг ёмон ёки яхши бўлиши эса, ҳалол ва ҳаромга боғлиқ.

Ушбу ҳақиқат қадим замонда фақат руҳий-маънавий жиҳатдан тушунилган. Ҳаромхўрлик қилган одам гуноҳкор бўлиши ва охиратда дўзахга тушиши маъносидагина тушунилган.

Ҳозирги кунда эса, юрак жисмимизни ҳаётда ва соғликда тутиб турадиган нарса сифатида билинади. У ишлаб турса, жисмда ҳаёт бўлади, у соғлом бўлса, жисм ҳам соғлом бўлади, у хаста бўлса, жисм ҳам хаста бўлади, деб фикр қилинади.

Аслида эса, ҳадисдан ушбу икки тушунчанинг умумлаштирилган маъноси тушунилмоғи лозим.

Илмий равишда собит бўлишига қараганда, Ислом шариатида ҳаром қилинган нарсаларни таом сифатида тановул қилган одам хасталикка чалинар экан. Чунки Ислом зарарли нарсаларни ҳаром қилган. Ҳаром нарса истеъмол қилингандан сўнг танда қонга айланади. Юрак эса, қон ҳайдайдиган аъзодир. Зарарли нарсалардан пайдо бўлган зарарли қон юракнинг хасталанишига сабаб бўлиши эса, илмий ҳақиқатдир. Юрак хаста бўлгандан кейин эса, ҳадиси шарифда айтилганидек, жисмнинг ҳаммаси бузуқ бўлади.

Худди шу ҳолат ботиний қалбга нисбатан ҳам ҳосил бўлади. Ўғрилик, порахўрлик, рибохўрлик, алдамчилик, босқинчилик каби ҳаром йўллар билан ўзига мол-мулк топган одамлар гуноҳкор бўладилар. Мазкур гуноҳлар зарари эса, уларнинг ботиний қалбларини хаста қилади. Ҳаром­хўрлик давом этаверса, маънавий хасталик бориб-бориб, маънавий ўлимга айланади.

Шунинг учун ҳам қалб жисмга нисбатан подшоҳ кабидир, дейилади. Подшоҳдан яхши амр чиқса, фуқароларга яхши бўлганидек, юракдан яхши ниятлар чиқса, жисмнинг бошқа аъзоларига яхши бўлади.

Ҳар доим бўлганидек, ҳозирда ҳам ушбу буюк ҳадиси шарифни яхшилаб тушунишга, унга яхши амал қилишга жуда ҳам муҳтожмиз.

Ҳалол нима эканини билиб олиб, доимо ҳалолга етишиш учун ҳаракат қилишимиз керак. Ҳаром нима эканини яхшилаб билиб олиб, доимо ундан ҳазар қилишимиз лозим.

Шубҳали нарсалардан узоқда бўлиш жуда ҳам зарур. Уламолардан сўраб-суруштириб, ҳалоллиги аниқ бўлган нарсани ўзимизга раво кўришимиз зарур.

Агар уламолар шубҳали нарсаларнинг ҳалоллигига фатво бермасалар, унга мутлақо яқин йўламаслигимиз керак.

600 - وَعَنِ النُّعْمَانِ بْنِ بَشيرٍ رَضِيَ اللهُ عَنْهُمَا قَالَ: سَمِعْتُ رَسُولَ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ يَقُولُ: «إِنَّ الحَلَالَ بَيِّنٌ، وَإِنَّ الحَرامَ بَيِّنٌ، وَبَيْنَهُمَا مُشْتَبِهَاتٌ لَا يَعْلَمُهُنَّ كَثِيرٌ مِنَ النَّاسِ، فَمَنِ اتَّقَى الشُّبُهَاتِ اسْتَبْرَأَ لِدِينِهِ وَعِرْضِهِ، وَمَنْ وَقَعَ فِي الشُّبُهَاتِ، وَقَعَ فِي الحَرَامِ، كَالرَّاعِي يَرْعَى حَوْلَ الحِمَى يُوشِكُ أَنْ يَرْتَعَ فِيْهِ، أَلَا وَإِنَّ لِكُلِّ مَلِكٍ حِمًى، أَلَا وَإِنَّ حِمَى اللهِ مَحَارِمُهُ، أَلَا إِنَّ فِي الجَسَدِ مُضْغَةً؛ إِذَا صَلَحَتْ صَلَحَ الجَسَدُ كُلُّهُ، وَإِذَا فَسَدَتْ فَسَدَ الجَسَدُ كُلُّهُ: أَلَا وَهِيَ القَلْبُ». مُتَّفَقٌ عَلَيهِ، وَرَوَيَاهُ مِنْ طُرُقٍ بأَلْفَاظٍ مُتَقَارِبَةٍ [خ 52، م 1599].


Улашиш
|
|
Нусха олиш

601. Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам йўлда (кета-туриб) бир хурмо топиб олдилар. Ва: «Агар садақа бўлишдан қўрқмаганимда, уни еган бўлар эдим», дедилар.

Муттафақун алайҳ.

Шарҳ: Аллоҳ таоло Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўзларига ҳам садақани ҳаром қилгандир. Садақани емасликлари у зотнинг пай­ғамбарликлари белгиларидандир.

Салмон Форсий розияллоҳу анҳу аҳли китобнинг билимдонларига шогирд тушганида улар «охирги замон пайғамбарининг белгиларидан бири садақани емаслиги», деб айтган эдилар. Ўша пай­ғамбарни излаб Мадинаи мунавварага келиб қолган ва бировнинг боғида қаровул бўлиб юрган Салмон Форсий Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг келганларини эшитиб, саватда хурмо олиб боради. У зот: «Бу хурмо ҳадями, садақами?» деб сўрайдилар. «ҳадя», деган жавобдан сўнг ундан ейдилар. Иккинчи мартада «садақа», дейилганида, «Ундоқ бўлса, бизга тўғри келмайди», деб қўлларини тортадилар. Ана шунда Салмон Форсий у зотнинг ҳақиқий Пайғамбар эканларига ишонадилар.

601 - وَعَنْ أَنَسٍ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ: أَنَّ النَّبِيَّ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ وَجَدَ تَمْرَةً فِي الطَّرِيقِ، فَقَالَ: «لَوْلَا أَنِّي أَخَافُ أَنْ تَكُونَ مِنَ الصَّدَقَةِ لأَكَلْتُهَا». مُتَّفَقٌ عَلَيهِ [خ 243، م 1071].


Улашиш
|
|
Нусха олиш
602. Наввос ибн Самъон розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Яхшилик ҳусни хулқдир. Гуноҳ эса кўнглингни ғаш қиладиган ва одамлар билишини истамаган нарсангдир», дедилар.

Имом Муслим ривояти.

Шарҳ: Ҳадиснинг тўла шакли қуйидагичадир.

Наввос ибн Самъон розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан Мадинада бир йил (келиб-кетиб) турдим. Мени ҳижрат қилиб келишдан (у зотдан) савол сўраш (имконияти) тўхтатиб турар эди, холос. Чунки биздан бирор одам ҳижрат қилиб келса, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ҳеч нарса ҳақида сўрамас эди.* Мен эса у зотдан яхшилик ва гуноҳ ҳақида сўрадим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Яхшилик ҳусни хулқдир. Гуноҳ эса кўнглингни ғаш қиладиган ва одамлар билишини истамаган нарсангдир», дедилар». (Имом Муслим ривояти).

* «Эй иймон келтирганлар! Ҳар хил нарсаларни сўрайверманглар. Агар сизга аён қилинса, ўзингизга ёмон бўлади. Агар улар ҳақида Қуръон нозил қилиниб турган чоғда сўрасангиз, сизга изҳор қилинади...» (Моида сураси, 101-оят). Ушбу оятга биноан Мадинада муқим яшайдиган саҳобалар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан савол сўрашмас, четдан бирорта аъробий келиб қолиб, бирон нарсани сўраб қолармикан деб кутишарди.

 

Сиз билан бизга яхшилик ва ёмонлик маъноларини чуқурроқ англаб етишимизда Вобиса ибн Маъбад розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган қуйидаги ҳадиси шариф ҳам ёрдам беради: 

 

602 - وَعَنِ النَّوَّاسِ بْنِ سَمْعَانَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ، عَنِ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ قَالَ: «البِرُّ: حُسْنُ الخُلُقِ وَالإِثْمُ: مَا حَاكَ فِي نَفْسِكَ، وَكَرِهْتَ أَنْ يَطَّلَعَ عَلَيْهِ النَّاسُ». رَوَاهُ مُسْلِمٌ [2553/15].

«حَاكَ» بِالحَاءِ الْمُهْمَلَةِ وَالكَافِ، أَيْ: تَرَدَّدَ فيهِ.


Улашиш
|
|
Нусха олиш

603. Вобиса ибн Маъбад розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳузурларига келсам: «Сен яхшилик, эзгулик хусусида сўрагани келдингми?» дедилар.

- Ҳа! - деб жавоб бердим.

- Қалбингдан фатво сўра! Нафсинг ва қалбинг хотиржам бўлган нарса яхшиликдир. Одамлар фатво беришса ҳам ичингни ғаш қилиб, кўнглингга ўрнашмаган нарса гуноҳдир.

Ҳасан ҳадис бўлиб, имом Аҳмад ва Доримий ривояти.

Шарҳ: Бу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг мўжизаларидан бўлиб, ҳузурларидаги киши ҳали сўрамасидан туриб саволига жавоб қайтармоқдалар.

Шарҳ: Яхшилик ҳақида келтирилган таърифларнинг бирида: «Яхшилик - фарзу вожибларни қилиш. Ҳаромдан ҳазар қилиш. Одамларга очиқ юз билан қараб, уларга эҳсон қилиш», дейилган.

Ёмонлик кишининг фикрига келганда кўнгли тўлмайдиган ва ўша ишни қилишини одамлар кўриб қолишини истамайдиган нарсадир.

Дарҳақиқат, разм солиб мулоҳаза қиладиган бўлсак, ёмонларнинг ўзи ҳам ўзлари ёмонликни қилаётганда кўнгиллари тўлмайди ва одамлардан беркитади.

Бу ҳадиси шарифда «Яхшилик ҳусни хулкдир» дейилмоқда. Албатта, бу гап ҳусни хулқнинг нақадар катта нарса эканини кўрсатади. Шу билан бирга, бу ҳадиси шарифдан яхшилик ва ёмонликнинг турлари кўплигини ҳам билиб оламиз. Энди яхшиликларни ўрганишга киришамиз.

Киши учун бу дунёда унинг қиладиган яхшиликларига ота-онасидан кўра ҳақлироқ кимса йўкдир. Аммо ота-онадан қай бирлари бу яхшиликка сазоворроқ дейилса, ушбу ҳадиси шарифга биноан, албатта, она, деган жавоб берилади.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Бир киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келиб:

«Эй Аллоҳнинг Расули, одамлар ичида яхшилик қилишимга ким ҳақлироқ?» деди.

«Онанг», дедилар.

«Сўнгра ким?» деди. 

«Онанг», дедилар.

«Яна ким?» деди.

«Онанг», дедилар.

«Яна ким?» деди.

«Отанг», дедилар».

Икки Шайх ривоят қилишган. 

Онанинг бу тарзда отадан кўра уч баробар ҳақлироқ бўлиши боланинг дунёга келиши ва вояга етиши йўлида у тортган қийинчиликлар, тутган ўрни ва қилган хизматлари ҳисобигадир. Албатта, бола ҳомилалик пайтида она қийналади. Уни тўққиз ой ва ундан кўпроқ қорнида кўтариб юради. Уни ўз вужуди ила озиқлантиради. Умуман, она ҳомиласи учун яшайди, десак, муболаға қилмаган бўламиз.
Туғишни бўйинга олиш ўлимни бўйинга олишдир. Фарзанд муҳаббати онани ўша хатарни қўрқмай бўйинга олишга чорлайди. Кўпгина оналар шу сабаб ҳаётдан кўз юмадилар. Қолганлари эса, ўзлари соғ қолсалар ҳам, фарзандларини туғиб олгунча ўша хавфни яшаб ўтадилар.

Кейин болани эмизиш меҳнати келади. Кечалари ухламай, кундузлари дам олмай болага қараш керак бўлади. Уни ювиб-тараш, унга қараш осон бўлмайди. Кейинроқ ҳам болани таомлантириш, кийинтириш ва бошқа-бошқа ҳамма хизматлар онанинг масъулиятида бўлади.

Ота бу хизматларнинг барчасида деярли четда туради. Шунинг учун ҳам унинг боладаги ҳаққи онанинг ҳаққидан кейинга қўйилган.

Аллоҳ таоло Ўзининг муборак Каломида шундай марҳамат қилади: «Яхшилик ва тақво йўлида ҳамкорлик қилингиз». (Моида сураси, 2-оят).

Бу оятда Роббимиз барча мусулмонларни ушбу икки иш яъни, яхшилик ва тақво йўлида биргалашиб ҳаракат қилишга буюрмоқда. Хўш, яхшилик нима ўзи? Унинг аниқ бир мезони борми? Ёки ҳар ким ўз ақли ва савиясидан келиб чиқиб белгилайдими бу мезонни? Бу саволларнинг жавоби эса қуръони каримдаги бошқа бир оятда келади.

Ислом динида яхшилик Аллоҳ яхши деган нарсалардир. Уларнинг нима экани эса ушбу оятида тўлиқ таърифлаб берилган.

Аллоҳ таоло Бақара сурасининг 177-оятида:

«Яхшилик юзингизни Машриқ ёки Мағриб томонга буришингизда эмас», деб, яхшилик маълум бир ҳаракат ёки гап-сўзларни ўзича қилиш ва айтиш билан бўлиб қолмаслигини таъкидламоқда. Сўнгра эса, яхшилик нималигини таърифлашга ўтиб:

«Лекин яхшилик, ким Аллоҳга, охират кунига, фаришталарга, китобга Пайғамбарларга иймон келтирса ва яхши кўрган молини қариндошларига, етимларга, мискинларга, ватангадоларга, тиланчиларга, қул озод қилшга берса намозни қоим қилса, закот берса. Аҳд қилганда аҳдига вафо қилиувчилар, камбағаллик, қийинчилик пайтида ва шиддат вақтида ҳам сабр қилувчиларга, ана ўшалар содиқ бўлганлардир. Ана ўшалар тақводорлардир», демоқда.

Абу Зарр Ғифорий розияллоҳу анҳу  Пайғамбаримиздан иймон нима, деб сўраганларида, Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом ушбу оятни тиловат қилганлар. Кейин яна қайта сўраганларида яна шу оятни тиловат қилганлар.

Шундай қилиб, Аллоҳ битта оятда эътиқод асосларини, жон ва мол ибодатларини бирлаштириб, бир-биридан ажрамайдиган қилиб, уларнинг ҳаммасига «яхшилик» деб ном қўйди.

Шунинг учун ҳам ушбу ном остига кириб, унга амал қилганларни Аллоҳ таоло «Ана ўшалар содиқ бўлганлардир. Ана ўшалар тақводорлардир», деб таърифламоқда.

Ана ўшалар Аллоҳнинг айтганини қилиб, қайтарганидан қайтган тақводорлардир.

Суфёни Саврий ушбу оятни ўқиб туриб:

«Яхшиликнинг барча тури шу оятдадир», деганлар.

Ибн Касир раҳматуллоҳи алайҳи:

«Ким шу оят билан сифатланса, Исломнинг барча соҳаларига кириб, яхшиликнинг бошидан тутган бўлади», деганлар.

Демак, яхшилик баъзи бир ишларга ўзича ҳар ҳил сифатлар бериб, адо этиш билан эмас, балки тақво асосида, яъни, Аллоҳнинг буюрганини қилиб, қайтарганидан қайтиш билан хосил бўлар экан.

Одам қайси иш яхши ва савобли эканини билмоқчи бўлса фарз, вожиб, суннат амалларига қарасин, агар унга ўхшашини топса яхши бўлади. Акс ҳолда эса гарчи кишига яхшиликдек кўринган амаллар ҳам инсон учун бефойда, балки, гуноҳкор бўлиб қолишига етарли асос бўлиб қолади.

Ибн Ҳажар Ҳайтамий айтадилар: «Мазкур ҳадис Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қисқа сўзларда улкан маъноларни ифодалашларига ёрқин мисолдир. Зеро, яхшилик калимаси барча хайрли ишлар ва яхши хислатларни ўз ичига олади».

Гуноҳ калимаси эса жами катта-кичик ёмон амаллар ва одатларга тегишлидир. Шу боис, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам яхшилик билан гуноҳ калималарини бир-бирига зид атамалар сифатида келтирдилар.

603 - وَعَنْ وَابِصَةَ بْنِ مَعْبِدٍ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ قَالَ: أَتَيْتُ رَسُولَ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ فَقَالَ: «جِئْتَ تَسْأَلُ عَنِ البِرِّ؟» قُلْتُ: نَعَمْ، فَقَالَ: «اسْتَفْتِ قَلْبَكَ، البِرُّ: مَا اطْمَأَنَّتْ إِلَيْهِ النَّفْسُ، وَاطْمَأَنَّ إِلَيْهِ القَلْبُ، وَالإِثْمُ مَا حَاكَ فِي النَّفْسِ وَتَرَدَّدَ فِي الصَّدْرِ، وَإِنْ أَفْتَاكَ النَّاسُ وَأَفْتَوكَ». حَدِيثٌ حَسَنٌ، رَوَاهُ أَحْمَدُ وَالدَّارَمِيُّ فِي «مُسْنَدَيْهِمَا» [حم 4/228 مي 2575].


Улашиш
|
|
Нусха олиш

604. Абу Сирваъата Уқба ибн Ҳорис розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«У киши Абу Иҳоб ибн Азизнинг қизига уйланди. Шунда бир аёл келиб: «Мен Уқбани ҳам, у уйланган(келин)ни ҳам эмизганман», деди. Уқба унга: «Мени эмизганингни билмайман, менга бунинг хабарини берган ҳам эмассан», деди. Кейин Мадинада турган Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига уловда бориб, у зотдан сўради. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Қандай қилиб? Айтилибди-ку ахир?!» дедилар. Шундай қилиб, Уқба у билан ажрашди ва у (қиз) бошқа эрга никоҳланди».

Имом Бухорий ривояти.

Шарҳ: Ҳадисдан олинадиган хулосалар:

– Насаб жиҳатидан ҳаром бўлган нарсалар эмизикли сабабли ҳам ҳаром бўлади.

– Эмизишни исботланишида эмизганнинг гувоҳлик бериши кифоя қилади.

– Саҳобаларнинг ҳақ ҳукм устида тўхталиб, амал қилишга рағбатлари очиқ намоён бўлмоқда. Чунки Уқба ибн Ҳорис Расулуллоҳ с.а.в.дан сўраш учун уловга миниб, Макадан Мадинага йўлга чиқишлари шуни кўрсатади.

– Ким учун бир ҳукм ёки иш шубҳали бўлиб қолса, аҳли илмлардан сўраши лозим.

– Илм талаби йўлида сафарга отланиш.

– Шаръий ҳукмни билган кишига унга амал қилиши шарт бўлади.

– Мусулмон банда дини ва обрўсини сақлаш мақсадида шубҳаларни тарк қилиши лозим.

 

604 - وَعَنْ أَبِي سِرْوَعَةَ - بِكَسْرِ السِّينِ الْمُهْمَلَةِ - عُقْبَةَ بْنِ الحَارِثِ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ: أَنَّهُ تَزَوَّجَ ابْنَةً لأَبِي إِهَابِ بْنِ عَزِيزٍ، فَأَتَتْهُ امْرَأَةٌ فَقَالَتْ: إِنِّي قَد أَرْضَعْتُ عُقْبَةَ وَالَّتِي قَدْ تَزَوَّجَ بِهَا، فَقَالَ لَهَا عُقْبَةُ: مَا أَعْلَمُ أَنَّكِ أَرْضَعْتِني وَلَا أَخْبَرتِني، فَرَكَبَ إِلَى رَسُولِ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ بِالْمَدِينَةِ، فَسَأَلَهُ، فَقَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ: «كَيْفَ، وَقَدْ قِيْلَ؟!» فَفَارَقَهَا عُقْبَةُ وَنَكَحَتْ زَوْجاً غَيْرَهُ. رَوَاهُ البُخَارِيُّ [88].

«إِهَابٌ» بِكَسْرِ الهَمْزَةِ، وَ«عَزِيزٌ» بِفَتْحِ العَينِ وَبِزَايٍ مُكَرَّرَةٍ.


Улашиш
|
|
Нусха олиш

605. Ҳасан ибн Али розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан қуйидагиларни ёд олдим:

«Сени шубҳага солган нарсани қўйгин-да, шубҳалантирмайдиган нарсани ол».

Имом Термизий ривоят қилиб, уни ҳасан, саҳиҳ ҳадис дедилар.

Шарҳ: Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам бир неча оғиз сўз билан Исломдаги улкан қоидани асослаб бердилар: Шубҳали нарсалардан йироқ юрингиз. Фақат ҳалол-покиза неъматлар билан бўлинг!

Ибн Ҳажар Ҳайтамий мазкур ҳадис шарҳи сўнгида: «Ушбу ҳадис Ислом динининг улуғ қоидаларидан бири саналади», дедилар.

Ҳадисдан олинадиган сабоқлар:

 1. Шубҳали нарсаларни тарк этмоқ лозим.

Ибодат, муомала ва умуман барча ўринларда шубҳали нарсалардан йироқ туриб, фақат ҳалол-покиза тарзда иш юритмоқ мусулмон кишини тақводор зотлар сафига қўшади. Шайтон васвасаларини даф этишда жуда фойдали бўлган мазкур хусусият инсон учун дунё ва Охиратда кўп хайрли оқибатларни юзага келтиради, иншоаллоҳ! Зеро, шубҳали нарсалардан йироқ юрган киши дини ва шаънини покиза сақлаб қолади. Аниқ ва ҳалол нарса банданинг қалбида заррача шубҳа туғдирмайди. Ҳалол билан ҳаёт кечириш кўнгилга ором бағишлайди. Унга эришган диллар ажиб саодатни туяди. Шубҳали нарсалардан инсон зоҳиран рози бўлса-да, унинг қалби ғашлик ва гумонлардан изтиробга тушади. Аслида маънавий йўқотиш сифатида унга мана шу аламли оғриқ ҳам етарли жазо бўлади. Бироқ энг катта йўқотиш ва бахтсизлик кейинроқ - инсон шубҳали нарсаларга кўникиб, аста-секин ҳаромга қўл ура бошлагач, бор бўйи билан кўринади. Чунки тақиқланган жой атрофида ўралашган кимса бир куни у ерга кириб қолиши ҳеч гап эмас.

 2. Шубҳали нарсаларни тарк этиб, фақат ҳалол-покиза амалларга берилиш хусусида салафларнинг сўзлари ва ишларидан.

Абу Зарр Ғифорий розияллоҳу анҳу: «Ҳаром бўлиб қолишидан қўрқиб, айрим ҳалол нарсаларни тарк этиш камоли тақводир”.

Абу Абдурраҳмон Амрий: «Тақводор банда шубҳали нарсаларни шубҳа туғдирмайдиган ҳалол-покиза нарсаларга алмаштиради”.

Фузайл: «Одамлар тақвони оғир нарса деб ўйлашади. Мен икки йўл турган бўлса, ҳамиша қийинроғини танладим. Сени шубҳага солган нарсаларни қўйиб, шубҳага солмайдиган аниқ-ҳалол нарсаларни тут”.

Ҳассон ибн Абу Синон: «Тақводорликдан осон нарса йўқ: қачон сени бирор нарса шубҳалантирса, уни тарк этгин”.

Язид ибн Зариъ ўзига теккан беш юз минг (тилла) меросни тарк этди. Унинг отаси султонлар хизматини қиларди. Улкан меросни тарк этган Язид бир умр сават тўқиб, шунинг орқасидан кун кечирди.

Мисвар ибн Махрама тижорат учун жуда кўп дон сотиб олди. Куз пайтида кўкка булут чиққанини кўриб, кайфияти бузилди. Сўнг ўзининг бу қилиғидан норози бўлиб деди: «Во ажаб! Ҳали мен мусулмонларга фойдали бўлган ёмғирни ёмон кўрдимми?!” Шундан кейин ўша сотиб олган молидан мутлақо фойда қилмасликка қасам ичди. Унинг қароридан хабар топган Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу шундай дедилар: «Аллоҳ сени хайрли мукофотлар билан тақдирласин!”

Иброҳим ибн Адҳамдан сўрадилар:

- Нега Замзам сувидан ичмаяпсиз?

- Челагим бўлганда ичардим! - деб жавоб бердилар Ибн Адҳам. Замзам ёнига қўйилган челак султоннинг молидан эди. Ибн Адҳам унинг шубҳали эканига ишора қилдилар.

Юқорида айтилган мисоллар кимгадир ҳаддан зиёд муболаға бўлиб туюлиши мумкин. Бироқ бир ҳақиқат ҳеч вақт хотиримиздан кўтарилмасин: уммат нопок-ҳаром ишлардан ўзини покиза сақламоғи ва ҳалол ҳаёт кечирмоғи учун ҳамиша ёрқин ҳаётий намуналарга эҳтиёж сезади. Агар ана шундай солиҳ мисоллар ва таъсирли сўзлар изсиз йўқолса, уммат аста-секин шубҳали ҳамда ҳаром нарсаларга кўникиб кетади. Зеро, меҳрибон, доно насиҳатгўйидан айрилган Ислом уммати ҳаёт сўқмоқларида жонли мисолларга доимо муҳтож.

 

3. Аниқ билан шак-шубҳа қарама-қарши келиб қолса, қай бири олинади?

Мазкур вазиятда аниқ ҳолат олиниб, шубҳа-гумондан юз ўгирилади. «Шаръий аҳкомлар мажалласи" тасдиқлаган фиқҳий қоидаларнинг иккинчиси айнан мана шу мавзу хусусида: «Аниқ ишонч гумон туфайли бекор бўлмайди". Қоидани яхшироқ тушуниб олишимиз учун мисол келтирамиз: Бир киши таҳорат олди. Сўнг «Таҳоратимни буздим, шекилли", деб, шубҳаланиб қолди. Яъни у таҳорат олганини аниқ билади-ю, лекин бузган-бузмаганини эслай олмаяпти. Бундай ҳолатда аниқ нарса эътиборли саналиб, ҳалиги киши таҳоратли дейилади.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: «Агар бирортангиз ичида бир нарсани сезса ва чиқарган-чиқармаганини билмай қолса, то ел чиқарганини эшитмагунича ёки ҳидини сезмагунича масжиддан чиқиб кетмасин".  (Имом Муслим ривояти).

 

4. Шариат аҳкомларига тўлиқ бўйсунган киши шубҳали нарсалардан ўзини сақласин.

Биз Аллоҳ таолодан чин маънода қўрқадиган, Исломга тўлиқ амал қиладиган тақводор мўминларни шубҳалардан йироқ юришга даъват этаяпмиз. Бироқ ҳаром-ҳаришга ботиб юрадиган кимсанинг дақиқ шубҳалар қаршисида тақводор бўлиб қолиши «cовуқ тақво» дейилади. Биз уни бундай тақводан қайтарамиз. Чунки у аввал ўзини очиқ ҳаром ишлардан тийсин. Ундан биринчи навбатда мана шу талаб қилинади.

Ироқ аҳлидан бир киши Ибн Умар розияллоҳу анҳудан чивин қони ҳақида сўради. Ибн Умар дедилар: «Ҳусайнни ўлдирган кимсалар мендан чивин қони ҳақида сўрайдилар-а?! Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Ҳасан ва Ҳусайн хусусида: «Улар менинг дунёдаги гул-райҳонларимдир!" деганларини эшитганман”.

Бишр ибн Ҳорисдан сўрашди:

- Она ўғлидан хотинини талоқ қилишини сўраяпти. Ўғил онасининг талабига жавоб берадими?

Бишр:

- Агар ўғил барча нарсада онасига яхши муомалада бўлиб, бўйсуниб келган ва фақат хотинини талоқ қилиш масаласи қолган бўлса, волидасининг амрига юрсин. Бироқ онага бўйсуниб хотинини талоқ қилгач, онасини савалайдиган бўлса, талоқ қилмасин, дея жавоб бердилар.

Бир киши Имом Аҳмад ибн Ҳанбалдан:

- Сиёҳдонингиздан ёзиб турай, - деб изн сўради.

- Ёзавер, - дедилар имом Аҳмад, - Бу зулматли совуқ тақво.

Сўнг бошқа бировга дедилар:

- Менинг тақвоим ҳам, сизнинг тақвоингиз ҳам бу даражага етмаган.

Аҳмад ибн Ҳанбал ўзларини паст олиб, тавозе билан шундай дедилар. У кишининг ўзлари биродарларининг сиёҳдонидан ёзмасдилар. Аслида Аҳмад ибн Ҳанбал шундай тақво қилишга ҳақли эдилар. Бироқ, дини Исломи комил бўлмаган, тақво мақомида юксалмаган кишиларни бундан қайтарардилар.

 

5. Ростгўйлик хотиржамликдир, ёлғончилик эса саросимадир.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг юқоридаги мазмунда ворид бўлган ҳадислари Термизий ривоятида келтирилган. Киши бирор нарсанинг жавобини билишни истаса, фақат рост ва аниқ-тиниқ сўзни изласин. Ростгўйлик омонати шуки, қалб ундан хотиржамлик туяди. Ёлғон эшитганда эса қалб хижил бўлиб, шубҳа-гумонга тўлади.

 

6. Мўминлар ҳаётларини фақат аниқ ишончли асослар устига қурмоқлари лозим.

 

7. Ҳалоллик, ростгўйлик ва ҳақиқат ҳамиша хотиржамлик-розилик олиб келади. Ҳаром-ҳариш, ботил ва ёлғон фақат шубҳа, гумон ҳамда изтироб олиб келади. 

 

605 - وَعَنِ الحَسَنِ بْنِ عَليٍّ رَضِيَ اللهُ عَنْهُمَا، قَالَ: حَفِظْتُ مِنْ رَسُولِ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ: «دَعْ مَا يَرِيبُكَ إِلَى مَا لَا يَرِيبُكَ». رَوَاهُ التِّرْمِذِيُّ وَقَالَ: حَدِيثٌ حَسَنٌ صَحِيحٌ [2518].

وَمَعْنَاهُ: اتْرُكْ ما تَشُكُّ فِيهِ، وخُذْ ما لَا تَشُكَّ فِيهِ.


Улашиш
|
|
Нусха олиш

606. Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:

«Абу Бакрнинг бир ғуломи бўлиб, у кишига харож (ҳисса) чиқариб турарди. Абу Бакр унинг харожидан ер эди. Бир куни у нимадир олиб келган эди, Абу Бакр ундан еди. Шунда ғулом у кишига: «Бунинг нималигини биласизми?» деди. Абу Бакр: «Нима экан бу?» деди. У: «Мен жоҳилият даврида бир инсонга коҳинлик қилган эдим. Коҳинликни яхши қила олмас эдим, уни алдаган эдим, холос. У мени учратиб қолиб, ўшанинг эвазига нарса берди. Еганингиз ўшандан», деди. Шунда Абу Бакр (оғзига) қўлини тиқиб, қорнидаги ҳамма нарсани қайт қилиб ташлади».

Имом Бухорий ривояти.

Шарҳ: Ушбу ҳадисдан олинадиган хулосалар:

– Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳунинг парҳезкорликлари ва қоринларига ҳаром нарсани киритмасликка бўлган рағбатлари.

– Хизматкор ғуломининг улушидан ейиш жоизлиги.

– Коҳинлик ва улар топадиган пулнинг ҳаромлиги. Чунки коҳинлар оладиган пул одатда ҳеч қандай меҳнатсиз, илмсиз, алдов йўли билан ва осонгина пул топгани учундир.

– Аслида мусулмонларнинг таомлари ҳалолдир, у ҳақда сўрамаслик ва тақдим қилганда рад этмаслик лозим. Аммо ҳаром экани зоҳир бўлса, рад қилиш лозим.

 

606 - وَعَنْ عَائِشَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهَا قَالَتْ: كَانَ لأَبِي بَكْرٍ الصَّدِّيقِ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ غُلَامٌ يُخْرِجُ لَهُ الخَرَاجَ، وَكَانَ أَبُو بَكْرٍ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ يَأْكُلُ مِنْ خَرَاجِهِ، فَجَاءَ يَوماً بِشَيءٍ، فَأَكَلَ مِنْهُ أَبُو بَكْرٍ، فَقَالَ لَهُ الغُلَامُ: تَدْرِي مَا هَذَا؟ فَقَالَ أَبُو بَكْرٍ: وَمَا هُوَ؟ قَالَ: كُنْتُ تَكَهَّنْتُ لإِنْسَانٍ فِي الجَاهِلِيَّةِ، وَمَا أُحْسِنُ الكَهَانَةَ إِلَّا أَنِّي خَدَعْتُهُ، فَلَقِيَنِي، فَأَعْطَانِي بِذَلِكَ هَذَا الَّذِي أَكَلْتَ مِنْهُ، فَأَدْخَلَ أَبُو بَكْرٍ يَدَهُ فَقَاءَ كُلَّ شَيءٍ في بَطْنِهِ. رَوَاهُ البُخَارِيُّ [3842].

«الخَراجُ»: شَيْءٌ يَجْعَلُهُ السَّيِّدُ عَلى عَبْدِهِ، يُؤدِّيهِ إِلَى السَّيِّدِ كُلَّ يَومٍ، وَبَاقي كَسْبِهِ يَكُونُ للعَبْدِ.


Улашиш
|
|
Нусха олиш
607. Нофеъ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Умар ибн Хаттоб аввалги муҳожирларга тўрт минг (нафақа) тайинлади. Ўғлига эса уч минг беш юз тайинлади. У кишига: «У ҳам муҳожирлардан-ку? Нега кам қилдингиз?» дейилган эди, «У билан отаси ҳам ҳижрат қилган», деди.

Демоқчики, у бир ўзи ҳижрат қилган каби бўлмайди».

Имом Бухорий ривояти.

 

Шарҳ: Ушбу ҳадисдан олинадиган хулосалар:

– Аввалги муҳожирлар деганда, икки қиблага қараб намоз ўқиган ёки Бадрда иштирок этганларни назарда тутилади.

– Умар ибн Хаттобнинг парҳезкорликлари.

– Аллоҳ розилигини истаб, динларини олиб қочган аввалги муҳожирларнинг фазилати.

– Бошлиқ киши баъзи иймон аҳллари тирикчиликни ўтказиш учун улуш ажратиши, хусусан даъват ва илм йўлидагиларга ҳам улуш ажратиши.

607 - وَعَنْ نَافِعٍ: أَنَّ عُمَرَ بْنَ الخَطَّابِ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ كَانَ فَرَضَ للْمُهَاجِرِينَ الأَوَّلِينَ أَرْبَعَةَ آلَافٍ، وَفَرَضَ لابْنِهِ ثَلَاثَةَ آلاَفٍ وَخَمْسَ مِئَةٍ، فَقِيلَ لَهُ: هُوَ مِنَ الْمُهَاجِرِينَ، فَلِمَ نَقَصْتَهُ؟! فَقَالَ: إِنَّما هَاجَرَ بِهِ أَبُوهُ يَقُولُ: لَيْسَ هُوَ كَمَنْ هَاجَرَ بِنَفْسِهِ. رَوَاهُ البُخَارِيُّ [3912].


Улашиш
|
|
Нусха олиш
608. Атиййа ибн Урва ас-Саъдий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Банда, шубҳали нарсаларга йўлиқиб қолмай деб, шубҳасиз нарсаларни ҳам тарк қилмагунича тақводорлар даражасига етишмайди», дедилар.

Имом Термизий ривоят қилиб, ҳасан ҳадис деганлар.

Шарҳ: Ушбу ҳадисдан олинадиган хулосалар:

– Соф ҳалол нарсани тановул қилиш тақводорларнинг сифатидир.

–      Тақво банда билан шубҳалар орасидаги тўсиқдир.

608 - وَعَنْ عَطِيَّةَ بْنِ عُرْوةَ السَّعْدِيِّ الصَّحَابِيِّ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ: «لَا يَبْلُغُ العَبْدُ أَنْ يَكُونَ مِنَ الْمُتَّقِينَ حَتَّى يَدَعَ مَا لَا بَأْسَ بِهِ؛ حَذَراً لِمَا بِهِ البَأْسُ». رَوَاهُ التِّرْمِذِيُّ وَقَالَ: حَدِيثٌ حَسَنٌ [2451].


Улашиш
|
|
Нусха олиш