601. Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам йўлда (кета-туриб) бир хурмо топиб олдилар. Ва: «Агар садақа бўлишдан қўрқмаганимда, уни еган бўлар эдим», дедилар.
Муттафақун алайҳ.
Шарҳ: Аллоҳ таоло Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўзларига ҳам садақани ҳаром қилгандир. Садақани емасликлари у зотнинг пайғамбарликлари белгиларидандир.
Салмон Форсий розияллоҳу анҳу аҳли китобнинг билимдонларига шогирд тушганида улар «охирги замон пайғамбарининг белгиларидан бири садақани емаслиги», деб айтган эдилар. Ўша пайғамбарни излаб Мадинаи мунавварага келиб қолган ва бировнинг боғида қаровул бўлиб юрган Салмон Форсий Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг келганларини эшитиб, саватда хурмо олиб боради. У зот: «Бу хурмо ҳадями, садақами?» деб сўрайдилар. «ҳадя», деган жавобдан сўнг ундан ейдилар. Иккинчи мартада «садақа», дейилганида, «Ундоқ бўлса, бизга тўғри келмайди», деб қўлларини тортадилар. Ана шунда Салмон Форсий у зотнинг ҳақиқий Пайғамбар эканларига ишонадилар.
601 - وَعَنْ أَنَسٍ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ: أَنَّ النَّبِيَّ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ وَجَدَ تَمْرَةً فِي الطَّرِيقِ، فَقَالَ: «لَوْلَا أَنِّي أَخَافُ أَنْ تَكُونَ مِنَ الصَّدَقَةِ لأَكَلْتُهَا». مُتَّفَقٌ عَلَيهِ [خ 243، م 1071].