81. Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан яна ривоят қилинади:
«Бизга Аллоҳнинг Ўзи кифоядир. У қандай яхши вакилдир» – буни Иброҳим алайҳиссалом ўтга ташланганида айтган. (Одамлар) «Албатта, одамлар сизга қарши куч тўпладилар, улардан қўрқинглар» дейишганида Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам (ва у зотнинг саҳобаларининг) «иймонлари зиёда бўлди ва: «Бизга Аллоҳнинг Ўзи етарли ва У қандай ҳам яхши вакил», дедилар».
Имом Бухорий ривояти.
Имом Бухорийнинг Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан қилган бошқа ривоятида:
«Иброҳим (алайҳиссалом) ўтга ташланган пайт унинг айтган охирги гапи «Менга Аллоҳнинг Ўзи кифоядир. У қандай яхши вакил» бўлиб келган».
Шарҳ: Ривоят қилинишича, улар Иброҳим алайҳиссаломни ёқиш учун бир ой ўтин тўплашди. Етти кун уни ёқишди. Кейин қандай қилиб Иброҳим алайҳиссаломни унга улоқтиришни билишмади. Иблис келиб манжаниқда отишни ўргатди. Улар манжаниқ ясаб, унинг устига Иброҳим алайҳиссаломни кўтариб чиқиб, унга боғлаб қўйишди. Еру осмондаги инсон ва жиндан бошқа барча махлуқотлар, қолаверса фаришталар нидо қилиб: «Эй Роббимиз, дўстинг Иброҳим оловга улоқтирилмоқда. Ер юзида ундан бошқа бирор киши у каби Сенга ибодат қилмаяпти. Унга кўмаклашиш учун бизга изн бер», деб айтишди. Аллоҳ таоло: «Албатта у Менинг дўстим, Мендан бошқа унинг учун дўст йўқдир. Мен унинг илоҳиман, у учун Мендан бошқа илоҳ йўқ. Агар сизлардан бирор ёрдам сўраса, унга кўмак берсин, Мен бунинг учун изн бердим. Агар Мендан бошқага мурожаат қилмаса, Мен Ўзим биламан, Мен унинг валийсиман. Мен билан унинг орасини холи қўйинглар», деди. Иброҳим алайҳиссаломни улоқтиришни исташганида, сув хазинабони келиб: «Агар истасанг оловни ўчираман», деди. Шамол хазинабони келиб: «Агар хоҳласанг оловни ҳавога учириб кетаман», деди. Иброҳим алайҳиссалом: «Сизларга мени ҳожатим йўқ. Бизга Аллоҳнинг Ўзи етарли ва У қандай ҳам яхши вакил», дедилар». У кишини манжаниққа солиб отишганида, Жаброил алайҳиссалом учрашиб: «Эй Иброҳим, бирор ҳожатингиз йўқми?» дегандилар, Иброҳим алайҳиссалом: «Сизга ҳожатим йўқ», дедилар. Жаброил алайҳиссалом: «Роббингиздан сўранг», дегандилар, Иброҳим алайҳиссалом: «У Зотнинг ҳолатимни билиши сўрашимдан беҳожат қилади», дедилар.
Суддий айтдилар: Фаришталар Иброҳимнинг билагидан ушлаб, ерга ўтқазишди. У ерда булоқнинг чучук суви, қизил гул ва наргис гул бор эди.
Каъб айтдилар: Олов Иброҳим алайҳиссаломни фақат боғланган жойларини кўйдирган холос. Иброҳим алайҳиссалом ана шу ерда етти кун қолдилар. У зот: «Бошқа кунлар оловда бўлганимдек ҳузур қила олмадим», дедилар.
Иброҳим алайҳиссалом оловга ташланганларида 16 ёшда бўлганлар
«Уларга кишилар: «Албатта, одамлар сизга қарши куч тўпладилар, улардан қўрқинглар», деганда, иймонлари зиёда бўлди ва: «Бизга Аллоҳнинг Ўзи етарли ва У қандай ҳам яхши вакил», дедилар». (Оли Имрон сураси, 173-оят)
Яъни ўша мўминларга баъзи кишилар келиб, қурайшликларнинг уларга карши кўп куч тўплаганларини айтиб, улардан қўрқинглар, деганида, мўминлар қўрқиш ўрнига, иймонлари зиёда бўлди. Шу билан бирга, Бизга Аллоҳнинг Ўзи етарли ва У қандай ҳам яхши вакил, дедилар.
Ушбу оятдаги: «Ҳасбуна Аллоҳу ва неъмал вакийл» жумласини ҳар бир инсон бошига оғир ҳолат келганда айтиши тавсия қилинади.
Имом Аҳмад ибн Ҳанбал ва бошқа муҳаддислар ривоят қилган ҳадисда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз саҳобаларидан бирига:
«Бошингга оғир иш тушганда, «Ҳасбияллоҳу ва неъмал вакийл», дегин, деганлар.
81 - الثَّالِثُ: عَنِ ابْنِ عَبَّاسٍ رَضِيَ اللهُ عَنْهُمَا أَيْضًا قَالَ: «حَسْبُنَا اللهُ وَنِعْمَ الْوَكِيلُ: قَالَهَا إِبْرَاهِيمُ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ حِينَ أُلْقِيَ في النَّارِ، وَقَالَهَا مُحَمَّدٌ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ حِينَ قَالُوا: «إِنَّ النَّاسَ قَدْ جَمَعُوا لَكُمْ فَاخْشَوْهُمْ، فَزَادَهُمْ إِيْمَانًا وَقَالُوا: حَسْبُنَا اللهُ وَنِعْمَ الْوَكِيلُ» رَوَاهُ البُخَارِيُّ. [4563].
وَفِي رِوَايَةٍ لَهُ عَنِ ابْنِ عَبَّاسٍ رَضِيَ اللهُ عَنْهُمَا قَالَ: «كَانَ آخِرَ قَوْلِ إبْرَاهِيمَ حِينَ أُلْقِيَ فِي النَّارِ: «حَسْبِيَ اللهُ وَنِعْمَ الْوَكِيلُ» [خ 4564].