85-ҳадис
85. Абу Умора Баро ибн Озиб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар: «Эй фалончи! Тўшагингга кирганингда: «Аллооҳумма, асламту нафсии илайка, ва важжаҳту важҳии илайка ва фаввадту амрии илайка ва алжа’ту зоҳрии илайка, роғбатан ва роҳбатан илайка, лаа малжа’а ва лаа манжаа минка иллаа илайка. Ааманту би китаабикаллазии анзалта ва бинабиййикаллазии арсалта»,* дегин. Агар шу кечасида ўлсанг, фитратда ўласан. Агар тонг оттирсанг, ажрга эга бўласан».

* Дуонинг маъноси: «Аллоҳим! Сендан қўрққан, умид қилган ҳолда ўзимни Сенга таслим қилдим, юзимни Сен сари бурдим, ишимни Сенга топширдим, Сенга суяндим. Сендан қочишга ва нажот топишга ҳузурингдан бошқа жой йўқ. Нозил қилган Китобингга ва юборган Набийингга иймон келтирдим».

Муттафақун алайҳ.

Икки «Саҳиҳ» китобида Баро розияллоҳу анҳудан қилинган ривоятда қуйидагича айтилади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар: «Ётоғингга кирмоқчи бўлсанг, намозга қиладиган таҳоратингни қил. Сўнг ўнг ёнинг билан ётиб, (юқоридаги) дуоларни айт. Охирги айтадиганинг шулар бўлсин», дедилар».

Шарҳ: Фитрат – соф инсоний, яъни исломий табиат.

«Намозга қиладиган таҳоратингни қил». Бунга буйруқ мандублик жиҳатидандир. Чунки уйқу вафот топишдир. Эҳтимол Аллоҳ таоло айтганидек ўлим билан якун топиши ҳам мумкин.

«Жонларни ўша (жон)лар ўладиган вақтида Аллоҳнинг Ўзи вафот қилдирур, (ҳали-ҳануз) ўлмаган (жонлар)ни ҳам ухлаётган пайтларида (Аллоҳнинг Ўзи) олур. Сўнг (ўша уйқудаги) Ўзи ўлимга ҳукм қилган жонларни (баданларга қайтармасдан, яъни, уйқуларидан уйғотмасдан) ушлаб қолур, бошқаларини (яъни, ҳали ўлишга ҳукм қилинмаган жонларни) эса белгиланган бир муддатгача (яъни, ажаллари етгунича) қўйиб юборур. Албатта бунда тафаккур қиладиган қавм учун оят-ибратлар бордир». (Зумар сураси, 42-оят).

Модомики ўлим шундай экан ухлашни хоҳлаган киши ўлим учун таҳорат билан тайёр турмоғи лозим. Худди қабрда ўнг томонга қаратиб ётқизиб қўйилгани каби ўнг томонга қараб ётмоғи лозим. Чунки барча ишларда ўнг томондан бошлаш маҳбубдир. Табобат ҳам аввал ўнг томонга ёнини босиб, кейин чап томонга ағдарилиб ухлашни афзал деб айтган.

Имом Нававий ушбу ҳадисда учта суннат бор, деб айтдилар.

1. Ухлашни истаганида таҳоратли бўлиши лозим. Таҳорати бор одамга ўша таҳорати кифоя қилади. Таҳорат билан ухлашдан мақсад ўша тунда ўлиб қолишдан хавфсирагани сабаблидир. Таҳорат билан ухласа, кўрган туши ҳам чин бўлади ва шайтон ўйнашиб қўйишдан йироқ бўлади.

2. Ўнг томонга ёнини босиб ухлаш. Чунки Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ўнг томонни яхши кўрардилар. Ўнг томонга қараб ухлашда сезгирлик ҳам кўп бўлади.

3. Аллоҳни зикри бўлиши. Чунки амалининг хотимаси зикр бўлиши нақадар гўзал!

85 - السَّابِعُ: عَنْ أَبِي عُمَارةَ الْبَرَاءِ بْنِ عَازِبٍ رَضِيَ اللهُ عَنْهُمَا قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ: «يَا فُلَانُ، إِذَا أَوَيْتَ إِلَى فِرَاشِكَ فَقُلْ: اللَّهُمَّ؛ أَسْلَمْتُ نَفْسِي إِلَيْكَ، وَوَجَّهْتُ وَجْهِي إِلَيْكَ، وَفَوَّضْتُ أَمْرِي إِلَيْكَ، وَأَلْجَأْتُ ظَهْرِي إِلَيْكَ، رَغْبَةً وَرَهْبَةً إِلَيْكَ، لَا مَلْجَأَ وَلَا مَنْجَا مِنْكَ إلَّا إلَيْكَ، آمَنْتُ بِكِتَابِكَ الَّذِي أَنْزَلْتَ، وَبِنَبِيِّكَ الَّذِي أَرْسَلْتَ، فَإِنَّكَ إِنْ مِتَّ مِنْ لَيْلَتِكَ مِتَّ عَلَى الْفِطْرَةِ، وَإِنْ أَصْبَحْتَ أَصَبْتَ خَيْرًا» مُتَّفَقٌ عَلَيهِ [خ 7488، م 2710/58].

وَفِي رِوَايَةٍ فِي «الصَّحِيحَينِ» عَنِ الْبَرَاءِ قَالَ: قَالَ لِي رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ: «إذَا أَتَيْتَ مَضْجِعَكَ فَتَوَضَّأْ وُضُوءَكَ للصَّلَاةِ، ثُمَّ اضْطَجِعْ عَلَى شِقِّكَ الأَيْمَنِ وَقُلْ: وَذَكَرَ نَحْوَهُ، ثُمَّ قَالَ: «وَاجْعَلْهُنَّ آخِرَ مَا تَقُولُ» [خ 6311، م 2710/56].


Улашиш
|
|
Нусха олиш