95. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Бир киши Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келиб, «Эй Аллоҳнинг Расули, қайси садақанинг ажри улканроқ?» деди. У зот: «Ўзинг соғлом, хасис ҳолингда, фақирликдан қўрқиб, бойликни истаб туриб садақа қилишинг ва буни жон ҳалқумга етгунгача чўзмаслигингдир. Сен «Фалончига унча, пистончига бунча», дейсан, ҳолбуки у аллақачон фалончиники бўлиб бўлган», дедилар».
Муттафақун алайҳ.
Шарҳ: Ҳамма садақа ҳам яхши нарса, лекин саҳобаи киромларнинг ҳар бир нарсанинг энг яхшисини излаб юриб амал қилишлари маълум ва машҳур. Улардан бирлари Абу ҳурайра розияллоҳу анҳу Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан қайси хил садақанинг ажри энг улуғ бўлиши ҳақида сўрамоқда. Пайғамбар алайҳиссалом ҳамма садақа ҳам бир хил, демадилар. Балки энг ажри кўп садақани айтиб бердилар. Садақа қилувчи улуғ ажрга сабаб бўлиши учун у бир неча сифатларга эга бўлиши керак экан:
1. Садақа қилувчи соғ-саломат бўлиши керак.
Бемор, майиб-мажруҳ бўлиб қолганда садақа қилиш ёдига тушиб қолмаган бўлиши керак. Соғ-саломат, ишлари юришиб турган одам садақа қилса ҳақиқатда ажрдан умидвор бўлиб қилган бўлади.
2. Садақа қилувчи молга ҳирс қўйиб турган бўлиши керак.
Яъни, молни яхши кўриб, ундан кўнгли қолмай, мол туфайли бирор зарбага учраб, ундан қандоқ қилиб қутулишнинг иложини қидириб турган бўлмаслиги керак.
3. Садақа қилувчи фақирликдан қўрқиб турган бўлиши керак. Фақир бўлмаслиги керак. Садақа берса, моли озайиб камбағал бўлиб қолиши хавфи бўлиши керак.
4. Садақа қилувчи бойликни умид қилиб турган бўлиши керак.
Жуда бой бўлиб, унча-бунча садақа қилса, моли озайиб қоладиган ҳам бўлмаслиги керак. Балки садақа бермаса моли кўпайиб бой бўлиши эҳтимоли бўлатуриб, шундан воз кечиб садақа берган одамнинг садақаси ўз эгасини улуғ ажрга етказади.
Аммо бўлар иш бўлиб, жон ҳалқумга келиб, ўлим кўзга кўриниб турган пайтда фалончига унча беринглар, фистончига бунча беринглар, дейиш фурсат ўтиб қолгандан кейинги ҳаракат бўлади.
Шариатда ўлим тўшагида ётган кишининг молиявий васияти молмулкининг учдан биригагина ўтади, қолган икки қисми меросхўрларнинг ҳаққи ҳисобланади. Ҳадисда шунга ишора қилиниб, «Жон ҳалқумга келганда ўзингча эҳсон қилиб, молингни унга, бунга беришни тайинлайсан, аслида эса у мулк сенинг қўлингдан чиқиб, меросхўрларникига айланган бўлади», дейилмоқда.
95 - الرابع: عَنْ أَبِي هُرَيرَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ قَالَ: جَاءَ رَجُلٌ إِلَى النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ، فَقَالَ: يَا رَسُولَ اللهِ؛ أَيُّ الصَّدَقَةِ أَعْظَمُ أَجْرًا؟ قَالَ: «أَنْ تَصَدَّقَ وَأَنْتَ صَحِيحٌ شَحِيحٌ تَخْشَى الْفَقْرَ وَتَأْمُلُ الْغِنَى، وَلَا تُمْهِلْ حَتَّى إِذَا بَلَغَتِ الْحُلْقُومَ. قُلْتَ: لِفُلَانٍ كَذَا وَلِفُلَانٍ كَذَا، وَقَدْ كَانَ لِفُلَانٍ» مُتَّفَقٌ عَلَيهِ [خ 1419، م 1032].
«الْحُلْقُومُ»: مَجْرَى النَّفَسِ، وَ«الْمَرِيءُ»: مَجْرَى الطَّعَامِ وَالشَّرَابِ.