Рўйхатни беркитиш
Мундарижа
Мундарижа
72-КИТОБ
72-боб Кибр ва манмансирашнинг ҳаромлиги
72- بَابُ تَحْرِيمِ الكِبْرِ وَالإِعْجَابِ
(72)
72-BOB
72-боб. Кибр ва манмансирашнинг ҳаромлиги

 Аллоҳ Таоло: «Биз ўша охират диёрини ер юзида зулму зўравонлик ва бузғунчилик қилишни истамайдиган кишилар учун қилурмиз. Оқибат тақво қилгувчи кишиларникидир» (Қасас сураси, 83-оят).

«Ер юзида кибр-ҳаво билан юрмагин» (Исро сураси, 37-оят).

«Одамлардан (мутакаббирлик билан) юзингни ўгирмагин ва ерда кибру ҳаво билан юрмагин. Чунки Аллоҳ барча кибр-ҳаволи, мақтанчоқ кимсаларни суймас» (Луқмон сураси, 18-оят).

«Албатта, Қорун ўзи Мусо қавмидан эди. Бас, у (қавмдошларига) кибру ҳаво қилди. Биз унга хазина-дафиналардан калитлари (ни кўтариб юришнинг ўзи) куч-қувват эгалари бўлган бир жамоатга ҳам оғирлик қиладиган нарсаларни ато этган эдик. Ўшанда қавмдошлари унга: «Ҳовлиқмагин. Чунки Аллоҳ ҳовлиқма кимсаларни суймас», деб айтган» (Қасас сураси, 76-81-оятлар). 

72- بَابُ تَحْرِيمِ الكِبْرِ وَالإِعْجَابِ


قَالَ اللهُ تَعَالَى: {تِلْكَ الدَّارُ الآخِرَةُ نَجْعَلُهَا لِلَّذِينَ لَا يُرِيدُونَ عُلُوّاً فِي الأَرْضِ وَلَا فَسَاداً وَالعَاقِبَةُ لِلْمُتَّقِينَ} [القصص - 83].

وَقَالَ تَعَالَى: {وَلَا تَمْشِ فِي الأَرْضِ مَرَحاً} [الإسراء -37].

وقال تَعَالَى: {وَلَا تُصَعِّرْ خَدَّكَ لِلنَّاسِ وَلَا تَمْشِ فِي الأَرْضِ مَرَحًا * إنَّ اللهَ لَا يُحِبُّ كُلَّ مُخْتَالٍ فَخُورٍ} [لقمان - 18].

مَعْنَى «تُصَعِّرْ خَدَّكَ»: أيْ تُمِيلُهُ وتُعرِضُ عَنِ النَّاسِ تَكَبُّراً عَلَيْهِمْ. وَ«الْمَرَحُ»: التَّبَخْتُرُ.

وَقَالَ تَعَالَى: {إنَّ قَارُونَ كَانَ مِنْ قَوْمِ مُوسَى فَبَغَى عَلَيْهِمْ وَآتَيْنَاهُ مِنَ الكُنُوزِ مَا إنَّ مَفَاتِحَهُ لتَنُوءُ بِالعُصْبَةِ أُولِي القُوَّةِ إِذْ قَالَ لَهُ قَوْمُهُ لَا تَفْرَحْ، إنَّ اللهَ لَا يُحِبُّ الفَرِحِينَ} [القصص -76] ... إِلَى قَوْله تَعَالَى: ... {فَخَسَفْنَا بِهِ وَبِدَارِهِ الأَرْضَ} الآيات [القصص - 81].

 

(72)
624. Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Қалбида зарра мисқолича кибри бўлган одам жаннатга кирмайди», дедилар. Бир киши: «Одам кийим‑боши, оёқ кийими чиройли бўлишини истайди‑ку», деди. У зот: «Албатта, Аллоҳ гўзалдир, гўзалликни яхши кўради. Кибр эса ҳақни тан олмаслик ва одамларни камситишдир», дедилар».

Имом Муслим ривояти.

Шарҳ: Ушбу ривоятда кибр иллатининг асл моҳияти очиб берилмоқда. Ривоятдаги “қалбида заррача кибр бўлган кимса жаннатга кирмайди” жумласи уламолар томонидан турлича таъвил қилинган. Жумладан:

1. Ким иймон келтиришдан кибр қилса, умрининг охиригача тавба қилмаса, жаннатга умуман кирмайди;

 2. Банда жаннатга кираётганида қалбида кибрдан асар ҳам қолмайди. Зеро, ҳар бир банда жаннатга маънавий иллатлардан покланган ҳолда киради;

3. Мутакаббир кимса жаннатга тақводорлар билан аввалгилар қаторида кирмайди.

Ушбу таъвиллардан маълум бўладики, қалбида кибр бўлган кимса жаннатга кира олмайди. У мусулмон бўлса, қилган гуноҳига яраша жазоланиб, поклангандан кейингина жаннатга кириши мумкин. Лекин банда кеккайгани учун қандай азобларга гирифтор бўлиши Аллоҳга аён. 
    Қози Иёзнинг айтишича, ривоятда чиройли кийинишни хоҳлайдиган киши сифатида зикр қилинган Молик ибн Мурора Раҳовийдир. Абу Умар ибн Абдулбарр шунга ишора қилган.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинишича, чиройли кўринишга эга бўлган бир киши Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳузурларига келиб:

 – Эй Расулуллоҳ, мен чиройни, гўзалликни яхши кўраман. Кўриб турганингиздан ҳусндан бенасиб эмасман. Ҳатто бу борада, пойафзалнинг ипи билан бўлса-да, бирон киши мендан ўтиб кетишини хоҳламайман. Шу ҳам кибрми?” деди. Шунда у зот:

– Йўқ. Кибр ҳақни тан олмаслик ва одамларни ҳақорат қилишдир, – дедилар (Абу Довуд ва Табароний ривоят қилган).

 

Юқорида келтирилган икки ривоятга эътибор қаратадиган бўлсак, кибрнинг асосий икки белгиси намоён бўлади.

Булар: ҳақиқатни тан олмаслик ва одамларга паст назар билан қараш. Ҳақни тан олмаслик ҳақиқатни инкор қилиш, адолатга қарши бориш, ҳаққа эътибор бермаслик, ўз нафси йўлида одамлар ҳақини поймол қилишдир. Аллоҳнинг ҳақларини, У Зотнинг амр-қайтариқларини тан олмай, нафси измида ҳаёт кечириш ҳам айнан кибрдир.

Одамларга паст назар билан қараш, уларни ожиз ва нотавон, ўзини кучли, кўп нарсага қодир ва мутлоқ афзал, деб билиш кибрнинг асосий белгиларидандир. Бу икки иллат қалбда бўлади. Бу нарса банданинг юриш-туриши, муомаласи ва хулқ-атворида яққол кўзга ташланади. Лекин мутакаббир ва мутавозеъ одамни фақат ташқи кўришига қараб ажратиш тўғри эмас. Шундай инсонлар борки, улар покиза ва чиройли кийимлар кийиб, кўпчиликнинг ҳавасини келтириб, одамларга ўрнак бўлиб юрадилар. Устига-устак улар ўзларини бошқалардан юқори тутмайдилар, камтарин бўладилар. Аслида тавозеъ шундай бўлади. Яна бир тоифа кимсалар борки, улар кийиниш ва юриш-туришда мақтана олмасалар-да, тилида фақат унинг ўзигина энг яхши, энг зўр. Ундан бошқалар паст даражада. Аслида мутакаббир чиройли кийинган, бежирим ва қимматбаҳо машинада юрадиган, юқори мартабада ишлайдиган бўлиши шарт эмас.

Яна такрор айтамиз, кибр қалбда бўлади. Камтарлик ҳам қалбда бўлади. Кимнинг кийими чиройли, уй-жойи рисоладагидек ва ўзи камтарин бўлса, қандай яхши?!

Қайси бир кимсанинг ҳаёти пароканда, бирон касбни эгалламаган, иш жойининг тайини йўқ, бирон иш қўлидан келмайдиган, лекин мақтанчоқ, кибрли, одамларга паст назар билан қарайдиган бўлса, қандай ёмон?!

Кибр ва камтарлик орасини яхши фарқлай олиб, камтар бўлишга, кибрнинг яқинига ҳам йўламасликка ҳаракат қилиш лозим. Унутмайлик, Динимизда чиройли бўлиш, покиза юришдан қайтирилмаган, балки кибрдан қайтарилган.

Шариатда йиртиқ-ямоқ, эски-туски кийимлар кийишга алоҳида тарғиб қилинмаган, бироқ камтар бўлишга амр қилинган. Бундан келиб чиқади, ким мутакаббир-у, ким камтарлигига моддият кўзи билан эмас, маънавий нуқтаи назарда қаралади. Зеро Пайғамбаримиз алайҳиссалом бизга кибрнинг туб моҳиятини набавий ҳадис орқали очиқ-ойдин баён қилиб берганлар. 

Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

“Қалбида зиғирча иймон бор банда жаҳаннамга кирмайди. Қалбида зиғирча кибр бор банда жаннатга кирмайди”, дедилар. Шунда бир киши: “Эй Расулуллоҳ, мен либосим ювилган, сочимга ёғ суртилган ва пойафзалим ипи янги бўлишини хоҳлайман”, деб, бир нарсаларни зикр қилди. Ҳатто қамчисининг тасманини ҳам айтди ва: “Шу ҳам кибрми, эй Расулуллоҳ?” деб сўради. У зот: “Йўқ. Бу чиройдир. Албатта Аллоҳ гўзалдир ва гўзалликни яхши кўради. Аммо кибр ҳақни тан олмаслик ва одамларни масхара қилишдир”, дедилар (Имом Аҳмад ва Табароний ривоят қилган).

Ким Аллоҳга бўйин эгиб, Унга итоат этса, демак ўша одам камтардир. Ким аксини қилса, бундай кимса мутакаббир саналади. Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам биргина мана шу ривоятда кибрни мукаммал суратда таърифламоқдалар. Демак, бир сўз билан айтганда, кибр ҳақни қабул қилмаслик ва одамларни менсимасликдир.

Ушбу ҳадиси шарифни изоҳлаб Мулла Али Қори шундай деган:

«Мазкур ривоятдаги келган “батарун” сўзининг луғавий маъноси “қаттиқ хурсанд бўлиш”дир. Ҳадисдаги маъноси эса, неъмат келганда туғёнга кетиш, Аллоҳ таоло ҳақ қилган (тавҳид, ибодат)ни инкор қилиш, ҳақ келганда кибрланиб қабул қилмасликдир» (Мирқотул мафотиҳ). Валлоҳу аълам.

 

Кибрнинг зарарларидан:

1. Кибр Аллоҳ таолонинг ғазабига олиб борувчи йўлдир.

2. Кибр нафснинг паскашлиги ва юзтубан кетганлиги аломатидир.

3. Кибр Аллоҳ таолодан ва одамлардан узоқ бўлишга сабабдир.

4. Кибр дўзах азобига дучор қилади.

5. Кибр ҳалокатга етакловчи ва умрнинг баракасини кетказувчи омилдир.

6. Кибр ўз эгасини Аллоҳ таолонинг тоатидан узоқлаштиради.

7. Кибр ўз эгасини Аллоҳ таолонинг раҳматидан қувади.

 

Кибр ва тавозуънинг белгилари:

Такаббурлик кишининг шакли шамоилидан билиниб туради. Уни юздаги аломатлардан, назар солишдан, бошини тутишдан, ўтиришдан, овознинг оҳангидан, қадам олишдан, ўтириб туришдан ва барча ҳаракат ва саканотлардан билиб олиш мумкин. Қуйидаги мисолларни келтиришимиз мумкин.

- Одамларнинг атрофида ёки ҳузуридан тик туришини ёқтириш ҳам кибрнинг белгиларидан.

Ҳазрати Али каррамаллоҳу важҳаҳу: «Ким дўзах аҳлидан бир кишига назар солмоқчи бўлса, ўзи ўтириб олиб олдида одамларни тик тургазиб қўйган одамга назар солсин», деганлар.

- Доимо ортидан одамларни эргаштириб юришни хуш кўриш ҳам кибрнинг аломатларидан.

Абу Дардо розияллоҳу анҳу: «Модомики, ортидан одам эргаштириб юрар экан, банда Аллоҳ таолодан узоқлашаверади», деган.

Абдурроҳман ибн Авф розияллоҳу анҳуни қулларидан ажратиб бўлмас эди. У кишининг ташқи қиёфаси қулларидан фарқ қилмас эди.

- Дин учун фойдали бўлса ҳам бировнинг зиёратига бормаслик ҳам кибрланиш сифатларидан биридир.

Суфён Саврий Рамлага келганида Иброҳим Адҳам унинг олдига одам юбориб, келиб бизга ҳадис айтиб бер, деган. Саврий келиб илтимосни бажарган. Одамлар Иброҳим ибн Адҳамга: «Эй Абу Исҳоқ! Шундай ҳам қиласизми?» дейишганда, «Унинг тавозуъни синаб кўрдим», деган.

- Бировнинг ёнига ўтирмаслигини хоҳламаслик ҳам кибрнинг кўринишларидан биридир.

Ибн Ваҳбдан ривоят қилинади:

«Абдулазиз ибн Абу Раавводнинг ёнига ўтирдим. Унинг сонига соним теккан эди, ўзимни четга олдим. У менинг кийимимдан ушлаб ўзига тортти-да: «Нима учун менга жабборларга қилганларинингизни қиласизлар?! Ичингизда менда ёмон одам борлигини билмайман!» деди».

Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳу мохов, пес ва бошқа мубтало одамларни ўз дастурхонига ўтказар эдилар.

- Ўз уйида ўз хизматини ўзи қилмаслик ҳам кибру ҳаводан.

Умар ибн Абдулазизникига кечаси меҳмон келди. У мактуб ёзиб ўтирган эди. Чироғи ўчиб қолай деди. Меҳмон:
«Туриб чироқни тўғрилаб қўйяйми?» деди.

«Меҳмонини хизматга қўйиш одамнинг карамидан эмас», деди Умар ибн Абдулазиз.

«Хизматчига бидирмайми?» деди. «Унинг биринчи марта ухлаб қолиши» деди-да, ўзи туриб чироққа мой тўлдирди.

«Эй мўминларнинг амири, ўзингиз овора бўлдингиз – а?!» деди меҳмон.

«Борганимда Умар эдим. Қайтганимда ҳам Умарман. Мендан бирор нарса камиб қолмади. Одамларнинг яхшиси, тавозуъли бўлганидир», деди Умар ибн Абдулазиз.

- Ўзига тегишли нарсани ўзи уйига олиб бормаслик ҳам кибрга киради. Тавозуъли одамлар бундай қилмайдилар.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз матоҳлари ўзлари уйларига кўтариб борар эдилар.

Ҳазрати Али розияллоҳу анҳу: «Комил эр киши учун унинг ўз аҳли аёлига кўтариб борган нарсаси унинг камолига футур етказмайди», деганлар.

Имом Бухорий «Адаб ал-Муфрад»да кийимфуруш Солиҳдан у ўз момосидан ривоят қилади:

«Али розияллоҳу анҳуни бир дирҳамга хурмо олиб, дастрўмолига солиб кўтариб кетаётганини кўрдим. Бир одам:
«Эй мўминларнинг амири, сизнинг ўрнинигизга мен кўтарай», деди.

«Йўқ. Оила бошлиғи, ўзи кўтармоғи яхшидир», деди у.

 

624 - وَعَنْ عَبْدِ اللهِ بْنِ مَسْعُودٍ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ، عَنِ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ قَالَ: «لَا يَدْخُلُ الجَنَّةَ مَنْ كَانَ فِي قَلْبِهِ مِثْقَالُ ذَرَّةٍ مِنْ كِبْرٍ» فَقَالَ رَجُلٌ: إِنَّ الرَّجُلَ يُحِبُّ أَنْ يَكُونَ ثَوْبُهُ حَسَناً، وَنَعْلُهُ حَسَنَةً، قَالَ: «إِنَّ اللهَ جَمِيلٌ يُحِبُّ الجَمَالَ، الكِبْرُ: بَطَرُ الحَقِّ، وَغَمْطُ النَّاسِ». رَوَاهُ مُسْلِمٌ [91].

(بَطَرُ الحقِّ): دَفْعُهُ وَرَدُّهُ عَلَى قَائِلِهِ، وَ(غَمْطُ النَّاسِ): احْتِقَارُهُمْ.


Улашиш
|
|
Нусха олиш

625. Салама ибн Акваъ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Бир киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларида чап қўли билан (овқат) еди. У зот: «Ўнг қўлинг билан егин!», дедилар. У: «(Ўнг қўлим билан) ея олмайман», деди. У зот: «Ея олмагин!», дедилар.

Бунга унинг кибригина йўл қўймаган эди. Шундан кейин уни (ўнг қўлини) оғзигача кўтара олмай қолди».

Имом Муслим ривояти.

Шарҳ: Бу ҳадиснинг шарҳи 166-рақамли ҳадис остида келтирилган.

 

625 - وَعَنْ سَلَمَةَ بْنِ الأَكْوَعِ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ، أَنَّ رَجُلًا أَكَلَ عِنْدَ رَسُولِ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ بِشِمَالِهِ، فَقَالَ: «كُلْ بِيَمِينِكَ» قَالَ: لَا أَسْتَطِيعُ!! قَالَ: «لَا اسْتَطَعْتَ» مَا مَنَعَهُ إِلَّا الكِبْرُ». قَالَ: فَمَا رَفَعَهَا إِلَى فِيْهِ. رَوَاهُ مُسْلِمٌ [2021 وسبق برقم 166].


Улашиш
|
|
Нусха олиш
626. Ҳориса ибн Ваҳб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни:

«Сизларга дўзах аҳлини айтиб берайми? Ҳар бир дағал, қўпол, кибрли одам», деб айтганларини эшитдим.

Муттафақун алайҳ.

Шарҳ: Бу ҳадиснинг шарҳи 259-рақамли ҳадис остида келтирилган.

 

626 - وَعَنْ حَارِثَةَ بْنِ وَهْبٍ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ قَالَ: سَمِعْتُ رَسُولَ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ يَقُولُ: «أَلَا أُخْبِرُكُمْ بِأَهْلِ النَّارِ؟: كُلُّ عُتُلٍّ جَوَّاظٍ مُسْتَكْبِرٍ». مُتَّفَقٌ عَلَيهِ [خ 4918، م 2853].

وَتَقَدَّمَ شَرْحُهُ فِي (بَابِ ضَعَفَةِ الْمُسْلِمِينَ) [برقم 259].


Улашиш
|
|
Нусха олиш
627. Абу Саид ал-Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Жаннат ва дўзах (мартаба талашиб) даъволашиб қолди. Дўзах: «Менда золимлар, мутакаббирлар бўлади», деди. Жаннат: «Менда одамларнинг заифи ва мискинлари бўлади», деди. Аллоҳ уларнинг ўртасида ҳукм қилди ва: «Эй жаннат, сен Менинг раҳматимдирсан. Мен хоҳлаган бандамга сен билан раҳмат қиламан (яъни, сенга уни киргизаман). Эй дўзах, сен Менинг азобимдирсан. Мен хоҳлаган бандамга сен билан азоб бераман (яъни, сенга уни киргизаман). Икковларингизни тўлдириш Менинг зиммамдадир», деди», дедилар.

Имом Муслим ривояти.

Шарҳ: Бу ҳадиснинг шарҳи 261-рақамли ҳадис остида келтирилган.

627 - وَعَنْ أَبِي سَعِيدٍ الخُدْرِيِّ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ، عَنِ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ قَالَ: «احْتَجَّتِ الجَنَّةُ وَالنَّارُ، فَقَالَتِ النَّارُ: فِيَّ الجَبَّارُونَ وَالْمُتَكَبِّرُونَ، وَقَالَتِ الجَنَّةُ: فِيَّ ضُعَفَاءُ النَّاسِ وَمَسَاكِينُهُمْ. فَقَضَى اللهُ بَيْنَهُمَا: أَنَّكِ الجَنَّةُ رَحْمَتِي، أَرْحَمُ بِكِ مَنْ أَشَاءُ، وَأَنَّكِ النَّارُ عَذَابِي، أُعَذِّبُ بِكِ مَنْ أَشَاءُ، وَلِكِلَيْكُمَا عَلَيَّ مِلْؤُهَا». رَوَاهُ مُسْلِمٌ [2847].


Улашиш
|
|
Нусха олиш

628. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Аллоҳ қиёмат куни кеккайиб, изорини судраган кимсага назар солмайди», дедилар».

Муттафақун алайҳ.

Шарҳ: Бу ҳадисга ўхшаш бошқа ҳадислар ҳам келган.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«У киши (ўшанда у Баҳрайннинг амири эди) изорини ерга судраб кетаётган бир одамни кўриб қолиб, оёғи билан ерни тепиб, қуйидагиларни айтди:

«Амир келди, амир келди, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам, «Ким изорини мутакаббирлик ила судраса, албатта, Аллоҳ унга назар солмайди», деганлар», деди». (Имом Муслим ривояти).

Ушбу ҳадиснинг ривоятчиси, улуғ саҳобий Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу Баҳрайнга амир бўлганлар. Ўша амирлик пайтларида бир одамнинг изорини ерга судраб кетаётганини кўриб қолиб, аччиқланиб, ер тепиб:

«Амир келди, амир келди, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам, «ким изорини мутакаббирлик ила судраса, албатта, Аллоҳ унга назар солмайди», деганлар», деди».

Ушбу ҳадисда саҳобаи киромлардан бирининг Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам таълимотларига одамларнинг амал қилишига қанчалик ҳарислик қилганлари ёрқин намоён бўлмоқда.

Бу ривоятдан кийинишнинг исломий маданиятига амал қилишда билган кишилар билмаганларга ёрдам беришлари, билмаганларини ўргатиб қўйишлари ҳақида ҳам маълумот олмоқдамиз.

 

Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Ким манманлик ила кийимини судраб юрса, қиёмат куни Аллоҳ унга назар солмас», дедилар.

«Эй Аллоҳнинг Расули, албатта, изоримнинг бир тарафи уни ушлаб юрмасам тушиб қолади?» деди Абу Бакр.

«Сен манманлик ила қиладиганлардан эмассан», дедилар». (Имом Бухорий ва Муслим, термизий ривояти)

 

Қадимда ҳам, ҳозирда ҳам баъзи одамлар манманлик, гердайиш, мутакаббирлик ва бошқаларни камситиш учун турли йўлларни қўллаб келишган ва келмоқдалар. Ана ўша номаъқул йўллардан бири кийим-бош ила манманлик қилишдир. Ислом манманлик ва мутакаббирликнинг барча турларини ҳаром қилгани ҳаммага маълум. Ана ўшалар қаторида Аллоҳнинг охирги ва мукаммал дини Ислом кийим-кечак ила манманлик қилиш, гердайишни ҳам ҳаром қилгандир. Ҳаром қилганда ҳам, қаттиқ оҳангда ҳаром қилганлигини ушбу ҳадиси шарифдан билмоқдамиз.

«Ким манманлик ила кийимини судраб юрса, қиёмат куни Аллоҳ унга назар солмас»

Ўша пайтда Арабистон шароитида кийим билан мутакаббирлик қилиш кийимни керагидан узун қилиб олиб, бошқаларни писанд қилмай, узун кийимни ерга судраб юриш билан ифода қилинар эди. Бу ҳадиси шариф ким ўша ишни қилса, Аллоҳ таоло қиёмат куни унга қарамаслиги, ундоқ нобакор банда ўз Роббисининг назаридан қолиши ҳақида сўз юритмоқда. Қиёмат куни бундоқ ҳолга дучор бўлиши банда учун чексиз мусибатдир. Шунинг учун, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламдан ушбу гапни эшитиш билан ҳассос инсон Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу дарҳол ларзага тушдилар.

«Эй Аллоҳнинг Расули, албатта, изоримнинг бир тарафи уни ушлаб юрмасам тушиб қолади?» деди Абу Бакр».

Изор тикилмайдиган, инсон киндигидан пастига тутиб оладиган кийимдир. Абу Бакр розияллоҳу анҳунинг изорлари қўл билан ушлаб юрилмаса, бир тарафи ерга тушиб қоладиган экан. Ўша ҳолат ҳам қиёмат куни мазкур бахтсизликка сабаб бўладими, деган савол беришларидан у кишининг ўзлари ҳақида қайғураётганлари кўриниб турибди. Ҳақиқатдан ҳам шундоқ бўлиши мумкинми? Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам бу саволга қуйидаги жавобни бердилар:

«Сен манманлик ила қиладиганлардан эмассан», дедилар».

Демак, асосий иллат манманликда экан. Айниқса, Абу Бакр розияллоҳу анҳуга ўхшаш етук инсонлардан манманлик содир бўлиши эҳтимолдан узоқ. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг гувоҳликлари ўзи етарли.

Мусулмон инсон манманлик, мутакаббирликнинг турли кўринишларидан доимо узоқда бўлиши керак. Жумладан, ушбу бобда ўрганганимиз кийим-бош билан кеккайишга ҳеч йўл қўймаслиги керак. Бунинг эҳтиёт чораси ўлароқ, манманликка олиб борадиган кийимларга яқинлашишдан сақланмоқ маслаҳат берилади.

628 - وَعَنْ أَبِي هُرَيرَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ: أَنَّ رَسُولَ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ قَالَ: «لَا يَنْظُرُ اللهُ يَوْمَ القِيَامَةِ إِلَى مَنْ جَرَّ إِزَارَهُ بَطَراً». مُتَّفَقٌ عَلَيهِ [خ 5788، م 2087].


Улашиш
|
|
Нусха олиш
629. Яна у кишидан ривоят қилинади:

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Уч киши борки, қиёмат куни Аллоҳ уларга гапирмайди ҳам, покламайди ҳам, уларга назар ҳам солмайди ва уларга аламли азоб бордир: зинокор қария; ёлғончи подшоҳ; мутакаббир камбағал».

Имом Муслим ривояти.

Шарҳ: Бу ҳадисдан маълум бўлмоқдаки, зино, ёлғон ва такаббурлик кабира ҳамда ҳалокатга элтувчи гуноҳлардан экан. Энди мана шу уч ёмон хислат уч тоифада содир бўлса, ундан ҳам жирканчли экан. Ўлим эшиги олдига келиб қолган кекса ёшли кимса зино қилса, демак у кишининг табиати бузуқ ва диндорлиги кам эканига далил экан. Шунингдек, ёлғон ҳамма нарсага ҳукмрон подшоҳдан содир бўлса, унинг пасткашлиги ва кам мурувватли эканига далил экан. Такаббурлик ҳеч нарсага эга бўлмаган камбағалдан содир бўлса, дин ишини енгил сановчи кимса эканига далилдир.

 

629 – وَعَنْهُ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ: «ثَلَاثَةٌ لَا يُكَلِّمُهُمُ اللهُ يَوْمَ القِيَامَةِ، وَلَا يُزَكِّيهِمْ، وَلَا يَنْظُرُ إِلَيْهِمْ، وَلَهُمْ عَذَابٌ أَلِيمٌ: شَيْخٌ زانٍ، وَمَلِكٌ كَذَّابٌ، وَعَائِلٌ مُسْتَكْبِرٌ». رَوَاهُ مُسْلِمٌ [107].

«العَائِلُ»: الفَقِيرُ.


Улашиш
|
|
Нусха олиш

630. Яна у кишидан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар: «Иззат У Зотнинг изоридир, кибриё эса ридосидир. (Аллоҳ айтади) Ким Мен билан уни талашса, уни азоблайман».

Имом Муслим ривояти.

Шарҳ: Азизлик ва Кибриё Аллоҳ таолонинг сифати экан. Ким мана шу сифатларни Аллоҳ билан талашса, Аллоҳ у кимсани дўзахга улоқтирар экан.

Такаббурликнинг асли Аллоҳнинг мақомига эгалик қилишни ҳаракати экан. Демак Кибриё сифатига эга Зот Аллоҳга такаббурлик қилган кишини Аллоҳ азоблашга ҳақли экан. Ким Аллоҳнинг улуғлигини билса, ўзидаги такаббурлик ҳислатларига барҳам беради. Чунки инсон Холиқнинг қудратини ва Бореъ сифатли Зот Аллоҳнинг азаматини кўрса, такаббурлик фақат ва фақат Якка Аллоҳга хос эканини билади. Аллоҳ таоло Жосия сурасининг 37-оятида: «Осмонлар ва Ердаги буюклик ёлғиз Уникидир! У қудрат ва ҳикмат Соҳибидир!», деб айтган. 

630 - وَعَنْهُ قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ: «العِزُّ إِزَارُهُ، وَالْكِبْرِيَاءُ رِدَاؤُهُ، فَمَنْ يُنَازِعُنِي فَقَدْ عَذَّبْتُهُ». رَوَاهُ مُسْلِمٌ [2620].


Улашиш
|
|
Нусха олиш
631. Яна у кишидан ривоят қилинади:

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Бир киши ўзига марғуб бўлиб, чиройли кийиниб, сочларини тараб, муткаббирларча қадам қўйиб юриб кетаётган эди, Аллоҳ таоло у кишини ерга ютқизиб юборди. У киши энди Қиёмат кунигача ерга гумбирлаб, шўнғиб бораверади», дедилар.

Муттафақун алайҳ.

Шарҳ: Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ўтган умматлардан бир киши ўзининг чиройига, кийимига зеб бериб мутакаббирлик қилгани қандоқ оқибат ила тугаганини ажойиб васф қилиб, сиз билан биз мусулмонларни ўша шахсга ўхшашликдан қайтармоқдалар.

Мазкур бадбахтликка гирифтор бўлган одам сочини ҳавас билан ўстирган экан. Унинг сочи елкасига тушиб турар экан. Кийимни ҳам бошқаларга кўз-кўз қилиш учун танлаб кийган экан. У кунлардан бир кун,

«Бир киши ўзига марғуб бўлиб, чиройли кийиниб, сочларини тараб, муткаббирларча қадам қўйиб юриб кетаётган эди, Аллоҳ таоло у кишини ерга ютқизиб юборди.

Бунга ўхшаш нобакорларни, ўзини ўзгалардан арзимаган нарса ила устун қўядиганларни, кийими ила манманлик ва мутакаббирлик қиладиганларни ер ҳам ўз устида олиб турмай ютиб юборишга тайёр экан. Аммо ер уни ютиши билан иш битиб қолмайди. Балки, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ушбу ҳадисда айтганларидек,

«У киши энди Қиёмат кунигача ерга гумбирлаб, шўнғиб бораверади», яъни пастга тушиб бораверади.

Яъни, у қиёматгача ер ютиш азобини чекиб, қийналиб туради. Қиёмат куни эса, унинг абадий ҳоли қандоқ бўлишини Аллоҳ таолонинг Ўзи белгилайди.

Ким ана ўшандоқ ҳолга учрамай деса, зинҳор базинҳор кийими ила манманлик қилмасин.

Жумҳур аҳли ўша ер ютиб юборган кимса Қорундир, деб айтишган.

 

631 – وَعَنْهُ: أَنَّ رَسُولَ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ قَالَ: «بَيْنَمَا رَجُلٌ يَمْشِي فِي حُلَّةٍ تُعْجِبُهُ نَفْسُهُ، مُرَجَّلٌ رَأْسُهُ، يَخْتَالُ فِي مِشْيَتِهِ؛ إِذْ خَسَفَ اللهُ بِهِ، فَهُوَ يَتَجَلْجَلُ فِي الأَرْضِ إِلَى يَوْمِ القِيَامَةِ». مُتَّفَقٌ عَلَيهِ [خ 5789، م 2088].

«مُرَجَّلٌ رَأْسُهُ» أَي: مُمَشَّطُهُ. «يَتَجَلْجَلُ» بِالجِيمَينِ: أَيْ: يَغُوصُ وَيَنْزِلُ.


Улашиш
|
|
Нусха олиш
632. Салама ибн Акваъ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Киши гердайиб юришда бардавом бўлади, ҳатто уни шафқатсиз золимлар қаторига ёзилади. Ва уларга келган азоб бу кишига ҳам келади», дедилар.

Имом Термизий ривоят қилиб, уни ҳасан ҳадис, дедилар.

Шарҳ: Ким ўзини бир қавмга ўхшатса ўшалар қаторида тирилади. Ҳамда уларга етган азобга бу ҳам гирифтор бўлади.

 

632 - وَعَنْ سَلَمَةَ بْنِ الأَكْوَعِ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ، قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ: «لَا يَزَالُ الرَّجُلُ يَذْهَبُ بِنَفْسِهِ حَتَّى يُكْتَبَ فِي الجَبَّارِينَ، فَيُصِيبُهُ مَا أَصَابَهُمْ». رَوَاهُ التِّرْمِذِيُّ وَقَالَ: حَدِيثٌ حَسَنٌ [2000].

«يَذْهَبُ بِنَفْسِهِ» أَي: يَرْتَفعُ وَيَتَكَبَّرُ.


Улашиш
|
|
Нусха олиш