631-ҳадис
631. Яна у кишидан ривоят қилинади:

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Бир киши ўзига марғуб бўлиб, чиройли кийиниб, сочларини тараб, муткаббирларча қадам қўйиб юриб кетаётган эди, Аллоҳ таоло у кишини ерга ютқизиб юборди. У киши энди Қиёмат кунигача ерга гумбирлаб, шўнғиб бораверади», дедилар.

Муттафақун алайҳ.

Шарҳ: Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ўтган умматлардан бир киши ўзининг чиройига, кийимига зеб бериб мутакаббирлик қилгани қандоқ оқибат ила тугаганини ажойиб васф қилиб, сиз билан биз мусулмонларни ўша шахсга ўхшашликдан қайтармоқдалар.

Мазкур бадбахтликка гирифтор бўлган одам сочини ҳавас билан ўстирган экан. Унинг сочи елкасига тушиб турар экан. Кийимни ҳам бошқаларга кўз-кўз қилиш учун танлаб кийган экан. У кунлардан бир кун,

«Бир киши ўзига марғуб бўлиб, чиройли кийиниб, сочларини тараб, муткаббирларча қадам қўйиб юриб кетаётган эди, Аллоҳ таоло у кишини ерга ютқизиб юборди.

Бунга ўхшаш нобакорларни, ўзини ўзгалардан арзимаган нарса ила устун қўядиганларни, кийими ила манманлик ва мутакаббирлик қиладиганларни ер ҳам ўз устида олиб турмай ютиб юборишга тайёр экан. Аммо ер уни ютиши билан иш битиб қолмайди. Балки, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ушбу ҳадисда айтганларидек,

«У киши энди Қиёмат кунигача ерга гумбирлаб, шўнғиб бораверади», яъни пастга тушиб бораверади.

Яъни, у қиёматгача ер ютиш азобини чекиб, қийналиб туради. Қиёмат куни эса, унинг абадий ҳоли қандоқ бўлишини Аллоҳ таолонинг Ўзи белгилайди.

Ким ана ўшандоқ ҳолга учрамай деса, зинҳор базинҳор кийими ила манманлик қилмасин.

Жумҳур аҳли ўша ер ютиб юборган кимса Қорундир, деб айтишган.

 

631 – وَعَنْهُ: أَنَّ رَسُولَ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ قَالَ: «بَيْنَمَا رَجُلٌ يَمْشِي فِي حُلَّةٍ تُعْجِبُهُ نَفْسُهُ، مُرَجَّلٌ رَأْسُهُ، يَخْتَالُ فِي مِشْيَتِهِ؛ إِذْ خَسَفَ اللهُ بِهِ، فَهُوَ يَتَجَلْجَلُ فِي الأَرْضِ إِلَى يَوْمِ القِيَامَةِ». مُتَّفَقٌ عَلَيهِ [خ 5789، م 2088].

«مُرَجَّلٌ رَأْسُهُ» أَي: مُمَشَّطُهُ. «يَتَجَلْجَلُ» بِالجِيمَينِ: أَيْ: يَغُوصُ وَيَنْزِلُ.


Улашиш
|
|
Нусха олиш