634. Яна у кишидан ривоят қилинади:
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг кафтларидан майинроқ кимхоб ҳам, ипак ҳам ушламадим. Ва яна Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳидларидан хушбўйроқ ҳидни топмадим. Ўн йил Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам хизматларида бўлдим. Шу вақт мобайнида бирор марта «уф» демадилар. Ва бирор қилиб қўйган ишимга, «Нима учун уни қилдинг» демадилар. Ҳамда бирор қилмаган ишимга, «Уни бундоқ қилмадингми?» деб айтмадилар.
Муттафақун алайҳ.
Шарҳ: Анас ибн Молик Ибн Назр ал-Ансорий, ал-Хазражий, ан-Нажжорий, кунялари Абу Ҳамза, оналари машҳур саҳобия Умму Сулайм бинти Милҳон розияллоҳу анҳо.
Анас ибн Молик розияллоҳу анҳунинг оталари Молик ибн Назр мушрик ҳолида иймон келтирмай ўлиб кетган эди.
Унинг қандоқ одам бўлганлигини қуйидаги иқтибосдан билиб олсак ҳам бўлади.
«Умму Сулайм розияллоҳу анҳо Абу Анаснинг олдига келиб: «Бугун сен ёмон кўрган нарса ила келдим», деди.
«Сен доимо олдимга анави аъробийнинг олдидан мен ёмон кўрган нарсани олиб келаверасан!» деди Абу Анас.
«У аъробий эди. Лекин Аллоҳ уни танлаб олиб, ихтиёр қилиб, Пайғамбар қилди».
«Келтирган нарсанг нима?!»
«Ароқ ҳаром қилинди».
«Бу сен билан менинг ажрашимиз», деди.
Сўнгра мушрик ҳолида ўлиб кетди».
Кейин Анас ибн Молик розияллоҳу анҳунинг оналари Абу Толҳа розияллоҳу анҳуга турмушга чиқдилар. Эру хотин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг хизматларида ҳозиру нозир эдилар. Шунга қарамасдан Анас ибн Молик розияллоҳу анҳуни Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг хизматларига тутдилар.
У кишининг оналари Умму Сулайм розияллоҳу анҳо ҳам, ўгай оталари Абу Толҳа розияллоҳу анҳу ҳам Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг хизматларини қилишга ўта берилган эдилар.
Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Онам мени Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига олиб борди. У мени ўз рўмоли ила ўраб, яримини менга изор, яримини ридо қилган эди. Бас, у:
«Эй Аллоҳнинг Расули, мана бу Анасча, менинг ўғлим, уни сизга хизмат қилсин деб олиб келдим. Бас, унинг ҳаққига Аллоҳга дуо қилинг», деди.
Шунда у зот:
«Эй Аллоҳим! Унинг молини ва боласини кўп қилгин!» дедилар».
Анас айтади:
«Аллоҳга қасамки, шубҳасиз, менинг молим кўпдир ва бугун менинг болаларимнинг ва болаларимнинг болаларининг адади юздан ортади».
(Имом Муслим ва Термизий ривоят қилишган).
Имом Бухорий ва бошқалар Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қиладилар:
«Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам Мадинага келганларида Абу Толҳа менинг қўлимдан ушлаб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига олиб борди ва:
«Эй Аллоҳнинг Расули, албатта, Анас жуда хушёр бола, сизга хизмат қилсин», деди.
Бас, у зотга сафарда ҳам, ҳазарда ҳам ўн йил хизмат қилдим. Аллоҳга қасамки, қилган нарсамни, нима учун буни қилдинг, демадилар. Қилмаган нарсамни, нима учун буни қилмадинг, демадилар».
Ушбу икки ривоятни қўшиб, ҳукм чиқарадиган бўлсак, Анас ибн Молик розияллоҳу анҳуни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг хизматларига топшириш икки марта содир бўлган. Бир марта Умму Сулайм розияллоҳу анҳо томонларидан, иккинчи марта Абу Толҳа розияллоҳу анҳу томонларидан.
Ўша пайтда Анас ибн Молик розияллоҳу анҳунинг ёшлари ўнда эди. Мана шу кундан бошлаб, у зот Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларида бўлдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни Анас ибн Моликка бўлган муомалалари хўжайиннинг хизматчисига қилган муомаласидек бўлмай, балки отанинг боласига қилган муомаласидек бўлар эди. Бу зот ўзлари айтадилар:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бирор қилган ишимни нимага бундай қилдинг ёки буюрган ишимни нега қилмадинг, деб сўрамас эдилар. Балки «Аллоҳ хоҳлагани бўлади, хоҳламагани бўлмайди», дер эдилар».
Анас ибн Молик розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга ихлос ила хизмат қилдилар. У киши хизматни вазифа деб эмас, шараф деб билар эдилар. Шунинг учун ҳам Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қандоқ хизматлари бўлса, жону дил билан бажарар эдилар. Мана шу эътибордан у киши саҳобаи киромлар ичида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ходими лақабини олдилар.
Анас ибн Молик розияллоҳу анҳу Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг кўпгина хизматларини айтмасларидан олдин англаб, бажо келтирар эдилар. У зот бирор жойга кириб ўтириб қолсалар, Анас ибн Молик розияллоҳу анҳу Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг кавушларини қўйинларига солиб, остонада ўтирар эдилар. Бунга ўхшаш фидокорлик мисоллари ҳадсиз-ҳисобсиз бўлгани учун бир-иккита мисол келтириш билан кифояланамиз.
Имом Бухорий ва бошқалар Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қиладилар:
«Қачон Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам қазои ҳожатга чиқсалар, мен ва бир бола икковимиз ўзимиз билан сувли мешчани олиб келар эдик», деди. Яъни, истинжо қилишлари учун».
Анас розияллоҳу анҳу айтган мешча араб тилида «Идаватун» дейилиб, теридан қилинган кичкина сув идишидир. Демак, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам, албатта, олдин тош билан тозаланиб олиб, кейин сув билан истинжо қилганлар.
Имом Бухорий ва бошқалар Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қиладилар:
«Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам Хайбар билан Мадина орасида уч кун туриб, ўзлари билан София бинти Ҳуяйнинг валиймасини қилдилар. Мен мусулмонларни валиймага даъват қилиб келдим. Унда нон ҳам, гўшт ҳам йўқ эди. У зот тери дастурхонларни ёзишга амр қилдилар. Уларнинг устига хурмо, қурт ва сариёғ ташланди. У зотнинг валиймалари шундан иборат эди.
Мусулмонлар: «Мўминларнинг оналаридан биримикан ёки у зотнинг қўлларига мулк бўлиб тушдимикан?» дедилар.
Сўнгра: «Агар уни ҳижобга амр қилсалар мўминларнинг оналаридан бўлур. Бўлмаса, қўлларига мулк бўлганлардан бўлур», дедилар.
Бас, жўнаганларида ўз ортларидан жой тайёрлаб бердилар ва у билан одамлар орасига ҳижоб тортдилар».
Бу ривоятдан Анас ибн Молик розияллоҳу анҳу таҳоратга сув бериш ва шунга ўхшаш кичик хизматларнигина эмас, тўйга айтишга ўхшаш катта хизматларни ҳам қилишлари келиб чиқади.
Гоҳида хизмат унча-мунча одамга ишониб бўлмайдиган ўта муҳим топшириққа айланиб ҳам кетар эди.
Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Мен болалар билан ўйнаётган эдим. Олдимга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам келиб, бизга салом бердилар. Сўнгра у зот мени ўз ҳожатлари бўйича юбордилар. Мен онамнинг олдига боришга кеч қолдим. Унинг олдига борган чоғимда:
«Сени нима тутиб қолди?» деди.
«Мени Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз ҳожатлари бўйича юбордилар», дедим.
«У зотнинг ҳожатлари нима экан?» деди.
«Бу сир», дедим.
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сирларини ҳеч кимга айтмагин», деди.
Анас: «Аллоҳга қасамки, агар уни бировга айтадиган бўлсам, албатта, сенга айтар эдим, эй Собит», деди».
(Имом Муслим ривоят қилган).
Албатта, бу Анас ибн Молик розияллоҳу анҳу учун катта фазлдир.
Албатта, Анас ибн Молик розияллоҳу анҳу учун Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг доимий ходимлари бўлиш катта бахт ва қулай фурсат эди. У киши хизмат сабабидан Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам дорулфунунларининг закий талабасига ҳам айланган эдилар. Анас ибн Молик розияллоҳу анҳу Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга бўладиган ҳар лаҳзалари мисли йўқ дарс эди. Шу билан бирга, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам кези келганда Анас ибн Молик розияллоҳу анҳунинг ўзларига алоҳида насиҳатлар ҳам қилиб турар эдилар.
Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Эй болам, агар эртаю кеч бировга нисбатан қалбингда ғиллу ғишт бўлмаслигига қодир бўлсанг, шуни қил», дедилар.
Сўнгра яна:
«Эй болам, ана шу менинг Суннатимдир. Ким менинг Суннатимни тирилтирса, батаҳқиқ, менга муҳаббат қилган бўлади. Ким менга муҳаббат қилган бўлса, мен билан бирга жаннатда бўлади», дедилар.
Ушбу ҳадиси шарифда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Анас ибн Молик розияллоҳу анҳуга:
«Эй болам!», деб мурожаат қилмоқдалар ва:
«Агар эртаю кеч бировга нисбатан қалбингда ғиллу ғишт бўлмаслигига қодир бўлсанг, шуни қил»–дедилар».
«Ғиллу ғишт»–бировнинг жонига, молига ва обрўсига астойдил футур етишини тилаш ва унга берилган неъматнинг завол бўлишини қалбдан хоҳлашдир.
Демак, ҳар бир мусулмон бировга нисбатан ёмонликни соғинмаслиги лозим. Ҳеч кимга нисбатан қалбида ғиллу ғишт сақламаслиги керак. Бу ҳақда, иншааллоҳ, тегишли бобларда кераклигича сўз юритилади.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз насиҳатлари давомида:
«Эй болам, ана шу менинг Суннатимдир», дедилар.
Яъни, бировга нисбатан қалбда ғиллу ғишт бўлмаслиги Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Суннатларидир.
«Ким менинг Суннатимни тирилтирса, батаҳқиқ, менга муҳаббат қилган бўлади».
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Суннатларига амал қилиш, айниқса, амали тўхтаб қолган Суннатга қайта амал қилишни бошлаш билан бўлади.
Демак, Суннатга амал қилиш, амалдан қолган Суннатни қайта тирилтириш у зот соллаллоҳу алайҳи васалламга бўлган муҳаббатнинг аломатидир.
«Ким менга муҳаббат қилган бўлса, мен билан бирга жаннатда бўлади», дедилар».
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Суннатларига амал қилиш, бу Суннатни маҳкам ушлаш ана шундоқ олий мақомга эриштиради.
Имом Термизий Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қиладилар:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам у кишига:
«Эй болагина, намозда аланглашдан сақлангин. Албатта, у ҳалокатдир. Агар, ҳеч имкони бўлмаса, нафлда майли, аммо фарзда эмас», деган эканлар».
Ушбу ҳадисдан аланглаш нафл намозда бир оз енгил саналса ҳам, фарзда мутлақо мумкин эмаслигини тушуниб оламиз.
Имом Бухорий ва бошқалар Иббон ибн Абу Аффош розияллоҳу анҳудан ривоят қилишларича, Анас розияллоҳу анҳу қуйидагиларни айтганлар:
«Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга:
«Эй Аллоҳнинг Расули, мени дуоси қабул бўладиганлардан қилиб қўйинг», дедим.
«Эй Анас, касбингни пок қилгин, дуоинг қабул бўлур. Чунки, бир одам оғзига бир луқма ҳаромни солса, қирқ кунгача дуоси ижобат бўлмас», дедилар у зот».
Анас розияллоҳу анҳу доимо Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг хизматларини ихлос билан қилиб юрганларидан баъзи вақтларда ушбу ривоятда зикр қилинганга ўхшаш нарсаларни у зот алайҳиссаломдан сўрашга журъат қилиб қолар эдилар. Албатта, у киши розияллоҳу анҳунинг бу сафарги сўровлари катта сўров эди:
«Эй Аллоҳнинг Расули, мени дуоси қабул бўладиганлардан қилиб қўйинг».
Ҳар банда учун дуоси қабул бўладиганлардан бўлиш улкан бахтдир. Қолаверса, ҳар бир мўмин-мусулмон банданинг энг улкан орзуларидан бири ушбу нарсадир.
Албатта, бундоқ вақтда, одатда, Пайғамбар алайҳиссаломнинг Аллоҳ таолога дуо қилиб, Анас розияллоҳу анҳунинг дуоларини қабул қилинадиган этиб қўйишини сўрашлари хаёлга келади.
Эҳтимол, Анас ибн Молик розияллоҳу анҳу ҳам худди шу нарсани ирода қилган бўлсалар керак. Аммо, Пайғамбаримиз алайҳиссалом бир кишига, ўзларидан ҳозир бу нарсани сўраб турган Анас розияллоҳу анҳуга етадиган эмас, Қиёмат кунигача бутун Ислом умматига етадиган жавоб бердилар.
«Эй Анас, касбингни пок қилгин, дуоинг қабул бўлур.
Чунки, бир одам оғзига бир луқма ҳаромни солса, қирқ кунгача дуоси ижобат бўлмас», дедилар».
Охирги замон Пайғамбари, Ҳабиби Роббил оламин, Муҳаммад ал-Амин соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ушбу жавоблари умумий қоида бўлиб қолди. Қайси замон, қайси маконда бўлишидан қатъи назар, ҳар бир мўмин-мусулмон дуоим қабул бўладиган бўлсин, деса, ҳалол-пок касб қилсин, ейдиган луқмасини ҳалол-пок қилсин. Ана ўшандагина дуоси қабул бўлади.
Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг ушбу жавобларидаги:
«Чунки, бир одам оғзига бир луқма ҳаромни солса, қирқ кунгача дуоси ижобат бўлмас», деган жумлага алоҳида эътибор берайлик. Бу жумладан жуда оз миқдордаги ҳаром нарса инсонга боғлиқ бўлиб турса ҳам унинг дуоси қабул бўлмаслигини англаб етамиз.
Бир луқма таом оз нарса, инсоннинг бир марта овқатланиши давомида ҳам бир луқма ҳеч нарсани ташкил қилмайди. Лекин, сиз билан бизнинг назаримизда арзимаган бўлиб кўринган ўша бир луқма уни еган одамнинг дуосини қирқ кунгача қабул бўлмайдиган этиб қўяр экан. Эҳтимол, тановул қилинган ҳар бир таомнинг асари инсон жисмида қирқ кунгача турса керак.
634 - وَعَنْهُ قَالَ: مَا مَسِسْتُ دِيْبَاجاً وَلَا حَرِيراً أَلْيَنَ مِنْ كَفِّ رَسُولِ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ، وَلَا شَمِمْتُ رَائِحَةً قَطُّ أَطْيَبَ مِنْ رَائِحَةِ رَسُولِ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ، وَلَقَدْ خَدَمْتُ رَسُولَ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ عَشْرَ سِنِينَ، فَمَا قَالَ لِي قَطُّ: أُفٍّ، وَلَا قَالَ لِشَيْءٍ فَعَلْتُهُ: لِمَ فَعَلْتَهُ؟ وَلَا لِشَيْءٍ لَمْ أَفعَلْهُ: أَلَا فَعَلْتَ كَذا؟ مُتَّفَقٌ عَلَيهِ [خ 3561، 3038، م 2330/82، 2309].