Рўйхатни беркитиш
Мундарижа
Мундарижа
73-КИТОБ
73-боб Ҳусну хулқ ҳақида
73- بَابُ حُسْنِ الخُلُقِ
(73)
73-BOB

 73-боб. Ҳусну хулқ ҳақида

 Аллоҳ таоло: «Албатта, сиз улуғ хулқ устидадирсиз» (Нун сураси, 4-оят);

«У (тақводор зотлар) ғазабларини ичларига ютадиган, одамларнинг (хато-камчиликларини) авф этадиган кишилардир» (Оли-Имрон сураси, 134-оят), деб айтган.

 

73- بَابُ حُسْنِ الخُلُقِ


قَالَ اللهُ تَعَالَى: {وَإنَّكَ لَعَلَى خُلُقٍ عَظِيمٍ} [القلم - 4].

وَقَالَ تَعَالَى: {وَالكَاظِمِينَ الغَيْظَ وَالعَافِينَ عَنِ النَّاسِ} [آل عمران - 134] الآية.

 

(73)

633. Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам инсонларнинг хулқ жиҳатидан энг яхшиси эдилар.

Муттафақун алайҳ.

Шарҳ: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ваъдасида собит, сўзига содиқ киши эдилар. Ахлоқлари, закийликлари жиҳатидан бутун инсонлардан устун ва ҳар қандай мақтовга лойиқ эдилар. Доимо тафаккур ҳолатида бўлардилар. Зарур бўлмаса, гаплашмасдилар. Жим туришлари узоқ бўларди. Сўз бошласалар, чала қолдирмасдилар. Бир қанча маъноларни бир неча калимага жойлардилар. Сўзлари дона-дона эди. Юмшоқ табиатли бўлишларига қарамай, салобатли, ҳайбатли эдилар.

Ҳақсизликдан бошқа нарсага хафа бўлмасдилар. Ҳақсизлик бўлса, то ҳақ ўрнини топгунга қадар тинчланмас эдилар. Асло ўзлари учун хафа бўлмаганлар. Ўзларига тааллуқли хусусларда асло тортишмаганлар. Бошқасининг уйига изн олмагунча кирмасдилар. Хонаи саодатларида бўлганда вақтни учга бўлар: бирини Аллоҳга ибодат учун, бирини оиласига, бирини ўзларига ажратардилар. Ўзларига ажратган вақтни ҳам авому хос, барча инсонларга бағишлардилар. Ҳамманинг кўнглини олардилар. Маълум бир ерга ҳамма боғланиб қолмасин деб масжиднинг ҳар ерида ўтирардилар. Кибрнинг заррасини ҳам ёқтирмасдилар. Мажлисларга кирганда қаер бўш бўлса, ўша ерга ўтирардилар. Ҳар ким ҳам ўшандай қилишини хоҳлардилар. Биронтаси эҳтиёжини айтиб сўраса, аҳамиятли ёки аҳамиятсиз бўлса ҳам, ўрнига келтирмасдан ором ололмасдилар. Имкон бўлмаган вақтда яхши сўз билан сўровчининг кўнглини олардилар. Ҳар кимнинг дардкаши эдилар. Бою камбағал, олиму илмсиз қандай мавқеда бўлса ҳам, инсонийлик жиҳатидан ҳаммага бир хил муомала қилардилар. Бутун мажлислари илм, ҳаё, сабр, таваккал ва омонат мавзусидан иборат бўларди. Бирон хатоси учун ҳеч кимни айбламас, танбеҳга эҳтиёж туғилганда хафа қилмай оҳиста ишора қилардилар. Ҳеч кимнинг яширин айблари билан машғул бўлмас, бундай ҳолатларни юзага олиб чиқишдан қайтарар эдилар. Савоб умиди йўқ нарсалар ҳақида гаплашмас, суҳбат ва мажлислари иштиёқ ичида эди. У зот гапирганда ҳамма сеҳрланиб қоларди ва жон қулоғи билан тингларди. Бу ҳолатни шундай ифода қилишади:

“Гўёки бошимизда бир қуш бор-у, қимирласак, учиб кетадигандек сокин ўтирардик” (Абу Довуд ривояти).

У кишидан саҳобаларга ўтган одоб ва ҳаё шу даражада эдики, савол сўрамоққа ҳам кўпинча журъат этишолмасди. Шунинг учун чўлдан бир қишлоқлик бадавий келсаю савол берса, жавобни эшитсак, бизга фойда бўлади деб ўйлашарди. У зотнинг ҳаётлари самимиятга тўла эди. Кўнгилларида кечмаган нарсаларни гапирмас эдилар. Ахлоқлари билан гўё жонли Қуръон эдилар. Ўзлари қилмаган бир ишни бошқаларга ҳам буюрмасдилар

633 - وَعَنْ أَنَسٍ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ قَالَ: كَانَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ أَحْسَنَ النَّاسِ خُلُقاً. مُتَّفَقٌ عَلَيهِ [خ 6203، م 2310].


Улашиш
|
|
Нусха олиш

634. Яна у кишидан ривоят қилинади:

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг кафтларидан майинроқ кимхоб ҳам, ипак ҳам ушламадим. Ва яна Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳидларидан хушбўйроқ ҳидни топмадим. Ўн йил Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам хизматларида бўлдим. Шу вақт мобайнида бирор марта «уф» демадилар. Ва бирор қилиб қўйган ишимга, «Нима учун уни қилдинг» демадилар. Ҳамда бирор қилмаган ишимга, «Уни бундоқ қилмадингми?» деб айтмадилар.

Муттафақун алайҳ.

Шарҳ: Анас ибн Молик Ибн Назр ал-Ансорий, ал-Хазражий, ан-Нажжорий, кунялари Абу Ҳамза, оналари машҳур саҳобия Умму Сулайм бинти Милҳон розияллоҳу анҳо.

Анас ибн Молик розияллоҳу анҳунинг оталари Молик ибн Назр мушрик ҳолида иймон келтирмай ўлиб кетган эди.

Унинг қандоқ одам бўлганлигини қуйидаги иқтибосдан билиб олсак ҳам бўлади.

«Умму Сулайм розияллоҳу анҳо Абу Анаснинг олдига келиб: «Бугун сен ёмон кўрган нарса ила келдим», деди.
«Сен доимо олдимга анави аъробийнинг олдидан мен ёмон кўрган нарсани олиб келаверасан!» деди Абу Анас.

«У аъробий эди. Лекин Аллоҳ уни танлаб олиб, ихтиёр қилиб, Пайғамбар қилди».

«Келтирган нарсанг нима?!»

«Ароқ ҳаром қилинди».

«Бу сен билан менинг ажрашимиз», деди.

Сўнгра мушрик ҳолида ўлиб кетди».

 

Кейин Анас ибн Молик розияллоҳу анҳунинг оналари Абу Толҳа розияллоҳу анҳуга турмушга чиқдилар. Эру хотин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг хизматларида ҳозиру нозир эдилар. Шунга қарамасдан Анас ибн Молик розияллоҳу анҳуни Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг хизматларига тутдилар.

У кишининг оналари Умму Сулайм розияллоҳу анҳо ҳам, ўгай оталари Абу Толҳа розияллоҳу анҳу ҳам Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг хизматларини қилишга ўта берилган эдилар.

Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Онам мени Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига олиб борди. У мени ўз рўмоли ила ўраб, яримини менга изор, яримини ридо қилган эди. Бас, у:
«Эй Аллоҳнинг Расули, мана бу Анасча, менинг ўғлим, уни сизга хизмат қилсин деб олиб келдим. Бас, унинг ҳаққига Аллоҳга дуо қилинг», деди.

Шунда у зот:

«Эй Аллоҳим! Унинг молини ва боласини кўп қилгин!» дедилар».

Анас айтади:

«Аллоҳга қасамки, шубҳасиз, менинг молим кўпдир ва бугун менинг болаларимнинг ва болаларимнинг болаларининг адади юздан ортади».

(Имом Муслим ва Термизий ривоят қилишган).

Имом Бухорий ва бошқалар Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қиладилар:

«Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам Ма­динага келганларида Абу Толҳа менинг қўлимдан ушлаб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига олиб борди ва:
«Эй Аллоҳнинг Расули, албатта, Анас жуда хуш­ёр бола, сизга хизмат қилсин», деди.

Бас, у зотга сафарда ҳам, ҳазарда ҳам ўн йил хизмат қилдим. Аллоҳга қасамки, қилган нарсамни, нима учун буни қилдинг, демадилар. Қилмаган нарсамни, нима учун буни қилмадинг, демадилар».

Ушбу икки ривоятни қўшиб, ҳукм чиқарадиган бўлсак, Анас ибн Молик розияллоҳу анҳуни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг хизматларига топшириш икки марта содир бўлган. Бир марта Умму Сулайм розияллоҳу анҳо томонларидан, иккинчи марта Абу Толҳа розияллоҳу анҳу томонларидан.

Ўша пайтда Анас ибн Молик розияллоҳу анҳунинг ёшлари ўнда эди. Мана шу кундан бошлаб, у зот Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларида бўлдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни Анас ибн Моликка бўлган муомалалари хўжайиннинг хизматчисига қилган муомаласидек бўлмай, балки отанинг боласига қилган муомаласидек бўлар эди. Бу зот ўзлари айтадилар:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бирор қилган ишимни нимага бундай қилдинг ёки буюрган ишимни нега қилмадинг, деб сўрамас эдилар. Балки «Аллоҳ хоҳлагани бўлади, хоҳламагани бўлмайди», дер эдилар».

 

Анас ибн Молик розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга ихлос ила хизмат қилдилар. У киши хизматни вазифа деб эмас, шараф деб билар эдилар. Шунинг учун ҳам Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қандоқ хизматлари бўлса, жону дил билан бажарар эдилар. Мана шу эътибордан у киши саҳобаи киромлар ичида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ходими лақабини олдилар.

Анас ибн Молик розияллоҳу анҳу Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг кўпгина хизматларини айтмасларидан олдин англаб, бажо келтирар эдилар. У зот бирор жойга кириб ўтириб қолсалар, Анас ибн Молик розияллоҳу анҳу Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг кавушларини қўйинларига солиб, остонада ўтирар эдилар. Бунга ўхшаш фидокорлик мисоллари ҳадсиз-ҳисобсиз бўлгани учун бир-иккита мисол келтириш билан кифояланамиз.

Имом Бухорий ва бошқалар Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қиладилар:

«Қачон Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам қазои ҳожатга чиқсалар, мен ва бир бола икковимиз ўзимиз билан сувли мешчани олиб келар эдик», деди. Яъни, истинжо қилишлари учун».

Анас розияллоҳу анҳу айтган мешча араб тилида «Идаватун» дейилиб, теридан қилинган кичкина сув идишидир. Демак, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам, албатта, олдин тош билан тозаланиб олиб, кейин сув билан истинжо қилганлар.

Имом Бухорий ва бошқалар Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қиладилар:

«Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам Хайбар билан Мадина орасида уч кун туриб, ўзлари билан София бинти Ҳуяйнинг валиймасини қилдилар. Мен мусулмонларни валиймага даъват қилиб келдим. Унда нон ҳам, гўшт ҳам йўқ эди. У зот тери дастурхонларни ёзишга амр қилдилар. Уларнинг устига хурмо, қурт ва сариёғ ташланди. У зотнинг валиймалари шундан иборат эди.

Мусулмонлар: «Мўминларнинг оналаридан биримикан ёки у зотнинг қўлларига мулк бўлиб тушдимикан?» дедилар.

Сўнгра: «Агар уни ҳижобга амр қилсалар мўминларнинг оналаридан бўлур. Бўлмаса, қўлларига мулк бўлганлардан бўлур», дедилар.

Бас, жўнаганларида ўз ортларидан жой тайёрлаб бердилар ва у билан одамлар орасига ҳижоб тортдилар».

Бу ривоятдан Анас ибн Молик розияллоҳу анҳу таҳоратга сув бериш ва шунга ўхшаш кичик хизматларнигина эмас, тўйга айтишга ўхшаш катта хизматларни ҳам қилишлари келиб чиқади.

Гоҳида хизмат унча-мунча одамга ишониб бўлмайдиган ўта муҳим топшириққа айланиб ҳам кетар эди.

Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Мен болалар билан ўйнаётган эдим. Олдимга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам келиб, бизга салом бердилар. Сўнгра у зот мени ўз ҳожатлари бўйича юбордилар. Мен онамнинг олдига боришга кеч қолдим. Унинг олдига борган чоғимда:

«Сени нима тутиб қолди?» деди.

«Мени Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз ҳожатлари бўйича юбордилар», дедим.

«У зотнинг ҳожатлари нима экан?» деди.

«Бу сир», дедим.

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сирларини ҳеч кимга айтмагин», деди.

Анас: «Аллоҳга қасамки, агар уни бировга айтадиган бўлсам, албатта, сенга айтар эдим, эй Собит», деди».

(Имом Муслим ривоят қилган).

Албатта, бу Анас ибн Молик розияллоҳу анҳу учун катта фазлдир.

 

Албатта, Анас ибн Молик розияллоҳу анҳу учун Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг доимий ходимлари бўлиш катта бахт ва қулай фурсат эди. У киши хизмат сабабидан Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам дорулфунунларининг закий талабасига ҳам айланган эдилар. Анас ибн Молик розияллоҳу анҳу Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга бўладиган ҳар лаҳзалари мисли йўқ дарс эди. Шу билан бирга, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам кези келганда Анас ибн Молик розияллоҳу анҳунинг ўзларига алоҳида насиҳатлар ҳам қилиб турар эдилар.

Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Эй болам, агар эртаю кеч бировга нисбатан қалбингда ғиллу ғишт бўлмаслигига қодир бўлсанг, шуни қил», дедилар.

Сўнгра яна:

«Эй болам, ана шу менинг Суннатимдир. Ким менинг Суннатимни тирилтирса, батаҳқиқ, менга муҳаббат қилган бўлади. Ким менга муҳаббат қилган бўлса, мен билан бирга жаннатда бўлади», дедилар.

Ушбу ҳадиси шарифда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Анас ибн Молик розияллоҳу анҳуга:

«Эй болам!», деб мурожаат қилмоқдалар ва:

«Агар эртаю кеч бировга нисбатан қалбингда ғиллу ғишт бўлмаслигига қодир бўлсанг, шуни қил»–дедилар».

«Ғиллу ғишт»–бировнинг жонига, молига ва обрўсига астойдил футур етишини тилаш ва унга берилган неъматнинг завол бўлишини қалбдан хоҳлашдир.

Демак, ҳар бир мусулмон бировга нисбатан ёмонликни соғинмаслиги лозим. Ҳеч кимга нисбатан қалбида ғиллу ғишт сақламаслиги керак. Бу ҳақда, иншааллоҳ, тегишли бобларда кераклигича сўз юритилади.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз насиҳатлари давомида:

«Эй болам, ана шу менинг Суннатимдир», дедилар.
Яъни, бировга нисбатан қалбда ғиллу ғишт бўлмаслиги Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Суннатларидир.

«Ким менинг Суннатимни тирилтирса, батаҳқиқ, менга муҳаббат қилган бўлади». 

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Суннатларига амал қилиш, айниқса, амали тўхтаб қолган Суннатга қайта амал қилишни бошлаш билан бўлади.

Демак, Суннатга амал қилиш, амалдан қолган Суннатни қайта тирилтириш у зот соллаллоҳу алайҳи васалламга бўлган муҳаббатнинг аломатидир.

«Ким менга муҳаббат қилган бўлса, мен билан бирга жаннатда бўлади», дедилар». 

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Суннатларига амал қилиш, бу Суннатни маҳкам ушлаш ана шундоқ олий мақомга эриштиради.

Имом Термизий Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қиладилар:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам у кишига:

«Эй болагина, намозда аланглашдан сақлангин. Албатта, у ҳалокатдир. Агар, ҳеч имкони бўлмаса, нафлда майли, аммо фарзда эмас», деган эканлар».

Ушбу ҳадисдан аланглаш нафл намозда бир оз енгил саналса ҳам, фарзда мутлақо мумкин эмаслигини тушуниб оламиз.

Имом Бухорий ва бошқалар Иббон ибн Абу Аффош розияллоҳу анҳудан ривоят қилишларича, Анас розияллоҳу анҳу қуйидагиларни айтганлар:

«Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга:

«Эй Аллоҳнинг Расули, мени дуоси қабул бўладиганлардан қилиб қўйинг», дедим.

«Эй Анас, касбингни пок қилгин, дуоинг қабул бўлур. Чунки, бир одам оғзига бир луқма ҳаромни солса, қирқ кунгача дуоси ижобат бўлмас», дедилар у зот».

Анас розияллоҳу анҳу доимо Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг хизматларини ихлос билан қилиб юрганларидан баъзи вақтларда ушбу ривоятда зикр қилинганга ўхшаш нарсаларни у зот алайҳиссаломдан сўрашга журъат қилиб қолар эдилар. Албатта, у киши розияллоҳу анҳунинг бу сафарги сўровлари катта сўров эди:

«Эй Аллоҳнинг Расули, мени дуоси қабул бўладиганлардан қилиб қўйинг».

Ҳар банда учун дуоси қабул бўладиганлардан бўлиш улкан бахтдир. Қолаверса, ҳар бир мўмин-мусулмон банданинг энг улкан орзуларидан бири ушбу нарсадир.

Албатта, бундоқ вақтда, одатда, Пайғамбар алайҳиссаломнинг Аллоҳ таолога дуо қилиб, Анас розияллоҳу анҳунинг дуоларини қабул қилинадиган этиб қўйишини сўрашлари хаёлга келади.

Эҳтимол, Анас ибн Молик розияллоҳу анҳу ҳам худди шу нарсани ирода қилган бўлсалар керак. Аммо, Пайғамбаримиз алайҳиссалом бир кишига, ўзларидан ҳозир бу нарсани сўраб турган Анас розияллоҳу анҳуга етадиган эмас, Қиёмат кунигача бутун Ислом умматига етадиган жавоб бердилар.

«Эй Анас, касбингни пок қилгин, дуоинг қабул бўлур.

Чунки, бир одам оғзига бир луқма ҳаромни солса, қирқ кунгача дуоси ижобат бўлмас», дедилар».

Охирги замон Пайғамбари, Ҳабиби Роббил оламин, Муҳаммад ал-Амин соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ушбу жавоблари умумий қоида бўлиб қолди. Қайси замон, қайси маконда бўлишидан қатъи назар, ҳар бир мўмин-мусулмон дуоим қабул бўладиган бўлсин, деса, ҳалол-пок касб қилсин, ейдиган луқмасини ҳалол-пок қилсин. Ана ўшандагина дуоси қабул бўлади.

Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг ушбу жавобларидаги:
«Чунки, бир одам оғзига бир луқма ҳаромни солса, қирқ кунгача дуоси ижобат бўлмас», деган жумлага алоҳида эътибор берайлик. Бу жумладан жуда оз миқдордаги ҳаром нарса инсонга боғлиқ бўлиб турса ҳам унинг дуоси қабул бўлмаслигини англаб етамиз.

Бир луқма таом оз нарса, инсоннинг бир марта овқатланиши давомида ҳам бир луқма ҳеч нарсани ташкил қилмайди. Лекин, сиз билан бизнинг назаримизда арзимаган бўлиб кўринган ўша бир луқма уни еган одамнинг дуосини қирқ кунгача қабул бўлмайдиган этиб қўяр экан. Эҳтимол, тановул қилинган ҳар бир таомнинг асари инсон жисмида қирқ кунгача турса керак.

634 - وَعَنْهُ قَالَ: مَا مَسِسْتُ دِيْبَاجاً وَلَا حَرِيراً أَلْيَنَ مِنْ كَفِّ رَسُولِ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ، وَلَا شَمِمْتُ رَائِحَةً قَطُّ أَطْيَبَ مِنْ رَائِحَةِ رَسُولِ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ، وَلَقَدْ خَدَمْتُ رَسُولَ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ عَشْرَ سِنِينَ، فَمَا قَالَ لِي قَطُّ: أُفٍّ، وَلَا قَالَ لِشَيْءٍ فَعَلْتُهُ: لِمَ فَعَلْتَهُ؟ وَلَا لِشَيْءٍ لَمْ أَفعَلْهُ: أَلَا فَعَلْتَ كَذا؟ مُتَّفَقٌ عَلَيهِ [خ 3561، 3038، م 2330/82، 2309].


Улашиш
|
|
Нусха олиш

635. Саъб ибн Жассома розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга ёввойи эшак ҳадя қилсам, у зот уни менга қайтариб бердилар. Юзимдаги хафаликни кўргач: «Агар эҳромда бўлмаганимизда, уни сенга қайтармас эдим», дедилар.

Муттафақун алайҳ.

Шарҳ: Саъб ибн Жассома розияллоҳу анҳу Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга у зот эҳромдалик чоғларида ёввойи эшакни ҳадя қилган экан. Шунда Расулуллоҳ алайҳиссалом эҳромдалигини айтиб, бу ҳадяни олишдан узрли эканини тушунтирган эканлар.

Расулуллоҳ с.а.в. бу ишлари билан бирор кишини кўнглини оғритмасликка ҳаракат қилишлари билиб олинади.

Қадимда арабларда «ал-ҳимаарул ваҳший», яъни ёввойи эшак деб аталган бу жонивор сут эмизувчилар оиласига мансуб бўлиб, кийикка ўхшаш, лекин шохсиз, оқ тусли, бўғзи қора ов ҳайвони бўлган. Тадқиқотчиларнинг айтишича, ҳозир бу ҳайвон йўқолиб кетган.

635 - وَعَنِ الصَّعْبِ بْنِ جَثَّامَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ قَالَ: أَهْدَيْتُ رَسُولَ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ حِمَاراً وَحْشِيّاً، فَرَدَّهُ عَلَيَّ، فَلَمَّا رَأَى مَا فِي وَجْهِي قَالَ: «إِنَّا لَمْ نَرُدَّهُ عَلَيْكَ إِلَّا أَنَّا حُرُمٌ». مُتَّفَقٌ عَلَيهِ [خ 1825، م 1193].


Улашиш
|
|
Нусха олиш

636. Наввос ибн Самъон розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан яхшилик ва ёмонлик ҳақида сўраганимда, у зот: «Яхшилик, ҳусну хулқдир. Ёмонлик, қалбинг тараддудланиб, одамлар ўша қилган ишингдан хабардор бўлишларини кариҳ кўришингдир», дедилар.

Имом Муслим ривояти.

Шарҳ: Бу ҳадиснинг шарҳи 602-рақамли ҳадис остида келтирилган.

636 - وَعَنِ النَّوَّاسِ بْنِ سَمْعَانَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ قَالَ: سَأَلْتُ رَسُولَ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ عَنِ البِرِّ وَالإِثْمِ فَقَالَ: «البِرُّ: حُسْنُ الخُلُقِ، وَالإِثْمُ: مَا حَاكَ فِي صَدْرِكَ، وَكَرِهْتَ أَنْ يَطَّلِعَ عَلَيْهِ النَّاسُ». رَوَاهُ مُسْلِمٌ [2553/15 وسبق برقم 602].


Улашиш
|
|
Нусха олиш

637. Абдуллоҳ ибн Амр ибн Осс розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам

«У зот беҳаё сўзловчи ҳам, беҳаёлик қилувчи ҳам эмас эдилар. У зот: «Энг яхшиларингиз – чиройли хулқлиларингиздир», деб айтардилар.

Муттафақун алайҳ.

Шарҳ: Динимизда мўминларнинг мақталган хусусиятларидан бири уларнинг гўзал хулқидир. Энг чиройли хулқ соҳиби, шубҳасиз, Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламдирлар.

Аллоҳ таоло марҳамат қилади: “Албатта, Сиз буюк хулқ узрадирсиз!” (“Қалам” сураси, 4-оят).

Ояти каримадаги “буюк хулқ”нинг маъноси ҳақида тафсирларда турлича маълумотлар келтирилган. Хулқ сўзи бу ерда асл маънода ишлатилган.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Мен гўзал хулқларни такомиллаштириш учун юборилганман”, деганлар (Имом Бухорий ривояти).

Ҳақиқатан, Муҳаммад алайҳиссалом биринчи даражадаги комил инсон эканликларига асло шубҳа йўқ.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан одамларни кўпроқ жаннатга киритадиган нарса ҳақида сўралди. У зот алайҳиссалом: “Аллоҳга тақво қилиш ва гўзал хулқ”, дедилар. У зотдан одамларни кўпроқ дўзахга киритадиган нарса ҳақида сўралди. У зот: “Оғиз ва фарж”, дедилар» (Имом Насоий ривояти).

 Киши гўзал хулқ билан тақводорлар эришган олий даражаларни қўлга киритиши мумкин. Шунингдек, инсон бир оғиз яхши сўзи орқали улкан саодатга эришиши ва аксинча битта ёмон сўзи билан бадбахтликка йўлиқиши мумкин. Шу боис тилни ёмон сўзлардан эҳтиёт қилиш керак.

Мўмин-мусулмонлар яхши инсон экани ҳаммага аён. Ўша яхшилар орасида энг яхшиси, шубҳасиз, гўзал хулқ эгаларидир. Демак, янада яхши инсон бўлишга интилишимиз зарур. Шунда ҳам тақводор бўламиз, ҳам улуғ даражаларга эришамиз, инша Аллоҳ.

637 - وَعَنْ عَبْدِ اللهِ بْنِ عَمْرِو بْنِ العَاصِ رَضِيَ اللهُ عَنْهُمَا قَالَ: لَمْ يَكُنْ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ فَاحِشاً وَلَا مُتَفَحِّشاً، وَكَانَ يَقُولُ: «إِنَّ مِنْ خِيَارِكُمْ أَحْسَنَكُمْ أَخْلاَقاً». مُتَّفَقٌ عَلَيهِ [خ 3559، م 2331].


Улашиш
|
|
Нусха олиш
638. Абу Дардо розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Қиёмат куни мўминнинг тарозусида ҳусну хулқдан кўра оғирроқ нарса йўқдир. Албатта, Аллоҳ уятсиз сўзларни айтувчи оғзи бесар кишиларга ғазаб қилади», дедилар.

Имом Термизий ривоят қилиб, ҳасан, саҳиҳ ҳадис деганлар.

Шарҳ: Қиёмат кунида банданинг амалларини тортадиган адолат тарозусида яхши амаллари оғир келиб жаннатга киришни истаган одам ҳусни хулқли бўлиши керак экан. Ҳусни хулқли бўлмай, фаҳш гап ва ишларни қиладиган, тилида чиркин сўзлар кўп айтиладиган киши бўлиш эса Аллоҳ таолонинг ёмон кўришига сабаб бўлар экан. Шунинг учун ҳусни хулқли бўлайлик ва фаҳшдан ҳамда чиркин гап-сўзлардан йироқда бўлайлик.

Бу ҳадисдан Қиёмат куни яхшилик ва ёмонлик мезонда тортилиш ҳақиқат экани ҳамда унинг икки палласи бўлишининг исботи.

– Ҳусну хулқ банда Қиёмат куни саҳифасида топадиган солиҳ амалларининг энг буюгидир.

– Уятсиз ва беҳаё сўзларни айтувчи оғзи бесар кимсаларни Аллоҳ севмайди.

 

638 - وَعَنْ أَبِي الدَّرْدَاءِ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ: أَنَّ النَّبِيَّ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ قَالَ: «مَا مِنْ شَيْءٍ أَثْقَلُ فِي مِيزَانِ الْمُؤْمِنِ يَوْمَ القِيَامَةِ مِنْ حُسْنِ الخُلُقِ، وَإِنَّ اللهَ يُبْغِضُ الفَاحِشَ البَذِيَّ». رَوَاهُ التِّرْمِذِيُّ وَقَالَ: حَدِيثٌ حَسَنٌ صَحِيحٌ [2002].

«البَذِيُّ»: هُوَ الَّذِي يَتَكَلَّمُ بِالفُحْشِ وَرَدِيءِ الكَلَامِ.


Улашиш
|
|
Нусха олиш

639. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан:

«Инсонларни жаннатга кўп киргизадиган нарса нима?» деб сўралганида, у зот: «Аллоҳ таолога қилинган тақво ва ҳусну хулқ», дедилар. Ва яна у зотдан: «Инсонларни дўзахга кўп киргизадиган нарса нима?» деб сўралганида, у зот: «Оғиз ва жинсий аъзолар (орқали қилинган гуноҳ)», деб айтдилар.

Имом Термизий ривоят қилиб, саҳиҳ ҳадис, дедилар.

Шарҳ: Тақволи ва чиройли хулқли бўлишга тарғиб. Ҳамда куфр, ёлғон ва зинодан огоҳлантириш. Бу ҳадисда тақво билан чиройли хулқни орасини жамланди. Чунки тақво, инсон билан Раббиси орасини ислоҳ қилади. Чиройли хулқ эса, инсон билан бошқа инсонлар орасини ислоҳ қилади. Ва яна оғиз билан жинсий аъзоларини орасини жамланди. Чунки, оғиздан куфр калимаси, ғийбат ва чақимчилик каби фаҳш сўзлар содир бўлади. Жинсий аъзодан эса, зино содир бўлади. Бу икки аъзо сақланмаса, ҳар турлик балоларга сабаб бўлиб, дўзах томон олиб бориши мумкин.

639 - وَعَنْ أَبِي هُرَيرَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ قَالَ: سُئِلَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ عَنْ أَكْثَرِ مَا يُدْخِلُ النَّاسَ الْجَنَّةَ، قَالَ: «تَقْوَى اللهِ تَعَالَى وَحُسْنُ الخُلُقِ» وَسُئِلَ عَنْ أَكْثَرِ مَا يُدْخِلُ النَّاسَ النَّارَ فَقَالَ: «الفَمُ وَالفَرْجُ». رَوَاهُ التِّرْمِذِيُّ وَقَالَ: حَدِيثٌ صَحِيحٌ [2004].


Улашиш
|
|
Нусха олиш

640. Яна у кишидан ривоят қилинади:

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Мўминларнинг иймони комилроғи, хулқи яхшироғидир. Сизларнинг яхшиларингиз, хотинларига яхшилик қиладиганларингиздир», дедилар».

Имом Термизий ривояти.

Шарҳ: Бу ҳадиснинг шарҳи 285-рақамли ҳадис остида келтирилган.

640 - وَعَنْهُ قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ: «أَكْمَلُ الْمُؤمِنِينَ إِيْمَاناً أَحْسَنُهُمْ خُلُقاً، وَخِيَارُكُمْ خِيَارُكُمْ لِنِسَائِهِمْ». رَوَاهُ التِّرْمِذِيُّ وَقَالَ: حَدِيثٌ حَسَنٌ صَحِيحٌ [1162 وسبق برقم 285].


Улашиш
|
|
Нусха олиш

 641. Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шундай деганларини эшитганман: «Мўмин киши ўзининг ҳусни хулқи билан кечалари қоим бўлувчи рўзадорнинг даражасига етади».

Абу Довуд ривояти.

Шарҳ: Кундузларни рўза тутиб, кечаларни тик туриб намоз ўқиган ҳолида бедор ўтказадиган одам қанчалар олий даражаларга эришишини ҳаммамиз яхши биламиз. Фарзу вожиб амаллардан кейин қилинадиган энг яхши амаллар ана шундоқ бўлади. Худди шунингдек, ўзига фарзу вожиб бўлган амалларни бажариб туриб яна нафл амаллар билан ортиқча савоб ишлайман деган одам ҳусни хулқ билан ҳам юқори даражаларга эришмоғи мумкин экан. Умуман ҳусни хулқ бунга ўхшаш улкан савоблар билан бирга кўпгина яхшиликларга ҳам эриштириши турган гап. Ҳусни хулқли одамни ҳамма яхши кўради ва ҳурмат қилади. Ундан ҳамма мамнун бўлади. Ҳусни хулқли киши ўзи яшаб турган жамиятнинг кўрки бўлади.

Ислом дини одоб-ахлоққа шунчаки муомала маданияти сифатида эмас, балки гўзал ахлоқ соҳиби улкан ажру савобларни қўлга киритадиган ибодат сифатида қарайди.

Шунингдек, у зот алайҳиссалом Қиёмат куни савоб ва гуноҳлар тортиладиган мезондаги энг оғир нарса ҳам ҳусни хулқ эканини айтганлар.

Чиройли хулқ учун бериладиган ажр рўза ва тунги намозлар каби асосий ибодатларга бериладиган ажр кабидир. 

 Гўзал хулқнинг улуғланиши шу даражага етдики, у жаннатга киришнинг асосий сабабларидан бири этиб белгиланди. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан одамларни жаннатга энг кўп нима киритиши ҳақида сўрашганида “Тақво ва гўзал хулқ”, деб жавоб бердилар.

Инсоннинг хулқи чиройли бўлиши учун, аввало, унинг қалби пок бўлиши лозим. Чунки қалб инсон жасадининг султони, қолган аъзолар эса унга тобедир. Агар қалб пок бўлса, қолган  аъзолар ҳам унга эргашади, агар у нопок бўлса, барча аъзолардан нопок амаллар содир бўлади.
Ахлоқ илми уламолари одамдаги ахлоқлар уни яратилишида қўшилиб яратилган бўладими ёки киши ахлоқни кейин ўрганадими, деган саволга “Ота-онасида мавжуд бўлган баъзи ахлоқлар инсонга онасининг қорнидалик пайтидаёқ ўтади. Аллоҳ бандани яратиш пайтида ахлоқ қобилиятини ҳам қўшиб яратади. Инсон ўсиши жараёнида, тарбия, муҳит ва одатланиш оқибатида у ёки бу ахлоқни ўзида ривожлантиради ёки йўқотиб юборади”, деганлар. 

Аллоҳ таоло инсонни хушсурат ва гўзал қилиб яратган. Бу гўзаллик инсонни Аллоҳ таоло яратган бошқа маҳлуқотларига қиёслаганда ҳам яққол намоён бўлади. Энди, инсон хилқати ва сурати чиройли бўлганидек ўзининг сийрати ва хулқини ҳам гўзал қилса, ҳақиқий комил инсон бўлади.
Барча яхши хулқ ва сифатларни ўзида жамлаган ва шу борада ҳам инсонлар учун гўзал намуна бўлган зот Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам эдилар.

Бу ҳақда Аллоҳ таоло “Қалам” сурасининг 4-оятида шундай марҳамат қилади: “Шубҳасиз, Сиз буюк хулқ узрадирсиз!”.

Олимлардан бири айтади: “Аллоҳ таоло Ўз Пайғамбари Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламни тавсифлашни ирода қилганида у кишининг насл-насаби ёки молу давлати билан васфламади. Балки, “Шубҳасиз, Сиз буюк хулқ узрадирсиз!” – деди. Бас, шундай экан, билингки, сизнинг қийматингиз хулқингиз биландир!”.

Оиша онамиздан у кишининг хулқлари ҳақида сўрашганда, «Хулқлари Қуръон эди», деб жавоб берганлар.

Яъни, Муҳаммад алайҳиссалом Қуръондаги олий хулқлар билан хулқланганлар. У зот саллоллоҳу алайҳи васаллам Қуръондаги барча яхши одоб-ахлоқни ўзларига сингдирганлар.

«Ҳа, мўмин-мусулмонлар учун гўзал ўрнак манбаи маҳбуб Пайғамбарлари Ҳазрати Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламдир. У киши ҳар бир нарсада, ҳар бир сўзда, ҳар бир ишда мўминлар учун гўзал ўрнаклар. Оҳ, қани энди, ҳамма шу ўрнакнинг моҳиятини тушуниб етса!

Расулуллоҳнинг гўзал ўрнак бўлган гап-сўзлари ҳаводан олинган нутқ эмас, Аллоҳдан тушган ваҳийдир. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам Аллоҳнинг амри билан иш қилганлар. Ана шундай Аллоҳнинг амри билан амалга оширилган ишлар гўзал ўрнак бўлмай, бошқа қайси ишлар гўзал ўрнак бўлсин?! Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Аҳзоб урушида ҳам ўзларига хос энг гўзал ахлоқ намунасини кўрсатдилар. Хандақ қазиш ишларида ҳаммага ўрнак бўлдилар. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам ер қазир, тупроқ сурар ва замбил кўтарар эдилар. Оғир меҳнат енгилласин учун шеър ўқиган саҳобаи киромларга ўзларининг муборак овозлари билан жўр бўлар эдилар. Мусулмонлардан бирининг номи Жуъайл (қўнғиз) эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унинг исмини «Амр» деб ўзгартирдилар. Бундай хавфли пайтда хунук исмдан қутулиш кайфиятни кўтарар эди. Мусулмонлар бундан хурсанд бўлиб, исм ўзгарганини байтга солиб, баланд овоз билан айта бошлашди. Расули Акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам байтнинг охирида уларга жўр бўлиб турдилар. Саҳобалардан Зайд ибн Собит розияллоҳу анҳу ёш бўлишига қарамай, тупроқ ташир эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уни кўриб: «Қандоқ ҳам яхши бола экан-а?» деб эркалатдилар. Иш давомида чарчаган Зайд ибн Собит хандақда ухлаб қолди. Шунда Аммора ибн Ҳазм унинг қуролини олиб қўйди. Уйғонгач, Зайд қуроли йўқлигини кўриб, қўрқиб кетди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ҳа, уйқучи, ухлаб ётганингда қуролинг кетиб қолибдими?» деб ҳазил қилдилар. Сўнгра: «Бу боланинг қуролини ким билади?» деб сўрадилар. Аммора: «Эй Аллоҳнинг Расули, у менда», деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Унга қуролини қайтар», дедилар-да, кейин мусулмон кишининг ўзига билдирмай, бирор нарсасини олиб қўйиб қўрқитишдан қайтардилар. Буларнинг ҳаммаси мусулмонлар учун энг гўзал ўрнакдир. Шунинг учун ҳам ўзларидан кўра сон ва қурол жиҳатидан ғоятда устун бўлган аҳзоблар (душман гуруҳлари)ни кўрган мўминлар заррача қўрқишмади».

Оҳ, қани энди, ҳаммамиз ҳам шу ўрнакларнинг моҳиятини тушуниб етсак эди! Афсус ва минг афсуски, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шахсиятлари, инсоний фазилатлари моҳиятини, ҳақиқатини тушунмасдан умримиз ўтиб бормоқда. Аслиятдан шу даражада узоқлашиб кетганимиз боис аждодларимиз ҳаёти тасвирлаган шамоил рисолалар билан танишаётганимизда гўё эртак ўқиётгандек бўламиз. У ердаги гап-сўзлар ўзимиз ҳақиқат деб билган, аслида ҳақиқий истиқоматдан анча йироқ ҳаётимизга мос тушмагани боис, тафсилотларни ё қийинчилик билан қабул қиламиз ёки умуман қабул қилмай қўя қоламиз. 

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ояти карималарда ўзлари ҳақида баён этилган Аллоҳ таолонинг муқаддас каломини тасдиқлаб, бу борада: «Мен гўзал ахлоқларни камолига етказиш учун юборилдим!», дедилар (Имом Бухорий ривояти).

Имом Ғаззолий роҳимаҳуллоҳ «Иҳёи улумид-дин» асарларида катта тобеинлардан Ато ибн Абу Рабоҳ роҳимаҳуллоҳнинг бир фикрини келтирган: «Ким ҳақиқий, улуғ мақомга эришган бўлса, фақатгина чиройли ахлоқи сабаблидир. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам мустасно бошқа ҳеч ким чиройли хулқда мутлақ камолотга етиб боролмаган. Шу сабабдан ҳам Аллоҳ наздида инсонларнинг энг севимли деб топилгани ўзининг гўзал ахлоқи билан ҳазрати Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг йўл ва босган қадамларига изма-из эргашганлардир». Бу гап жуда ҳам тўғри ва айни ҳақиқатдир. 

641 - وَعَنْ عَائِشَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهَا قَالَتْ: سَمِعْتُ رَسُولَ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ يَقُولُ: «إِنَّ الْمُؤْمِنَ لَيُدْرِكُ بِحُسْنِ خُلُقِه دَرَجَةَ الصَّائِمِ القَائِمِ». رَوَاهُ أَبُو دَاوُدَ [4798].


Улашиш
|
|
Нусха олиш
642. Абу Умома ал-Боҳилий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар: «Ҳақ бўла туриб, тортишмаган одамга жаннатнинг атрофидан бир қасрга; ҳазиллашиб ҳам ёлғон гапирмаган одамга жаннатнинг ўртасидан бир қасрга; хулқини чиройли қилган одамга эса жаннатнинг юқорисидан бир қасрга мен кафилман».

Абу Довуд саҳиҳ иснод билан ривоят қилдилар.

Шарҳ: Ушбу ҳадисда эса Набий алайҳиссалом яхши хулқ соҳибига жаннатнинг энг юқорисидан жой ваъда қилганини айтганлар. 


642 - وَعَنْ أَبِي أُمَامَةَ البَاهِلِيِّ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ: «أَنَا زَعِيمٌ بِبَيْتٍ فِي رَبَضِ الجَنَّةِ لِمَنْ تَرَكَ الْمِرَاءَ وَإِنْ كَانَ مُحِقّاً، وَبِبَيتٍ فِي وَسَطِ الجَنَّةِ لِمَنْ تَرَكَ الكَذِبَ وَإِنْ كَانَ مَازِحاً، وَبِبَيتٍ فِي أَعْلَى الجَنَّةِ لِمَنْ حَسُنَ خُلُقُهُ» حَدِيثٌ صَحِيحٌ، رَوَاهُ أَبُو دَاوُدَ بإِسْنَادٍ صَحِيحٍ [4800].

«الزَّعِيمُ»: الضَّامِنُ.


Улашиш
|
|
Нусха олиш
643. Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Албатта, менга энг суюклигингиз ва қиёмат куни энг мажлиси яқинингиз хулқлари чиройлигингиздир. Албатта, менга энг ёмон кўринадиганингиз ва қиёмат куни энг узоқ бўладиганингиз «сарсор», «муташаддиқ» ва «мутафайқиҳ»ларингиздир», деганларида, саҳобалар: «Эй, Аллоҳнинг Расули, «сарсор» ва «муташаддиқ»ларни билдик. «мутафайқиҳ» нима?» дейишди. Шунда у зот: «Мутакаббирлар», дедилар.

Имом Термизий ривоят қилиб, ҳасан ҳадис, дедилар..

Сарсор – такаллуф билан сергаплик қилувчи.

Муташаддиқ – оғзини тўлдириб, мақтаниб, ўзича фасоҳатли, катта гапирувчи.

Мутафайқиҳ – оғзини тўлдириб, бошқалардан ўзини фазилатли санаб, кибр билан гапирувчи.

Имом Термизий Абдуллоҳ ибн Муборак роҳимаҳуллоҳдан ҳусну хулқ ҳақида қуйидагича изоҳни ривоят қилдилар.

Ҳусну хулқ ­– очиқ юз, яхшилик улашиш ва озор беришдан ўзини тийишдир.

Шарҳ:  Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам гўзал хулқни қиёматда бандалар ўртасидаги бир-биридан тафовут қилувчи афзалликнинг асоси қилиб белгилашга ишора қилиб, ушбу ҳадисни айтганлар.

 

643 - وَعَنْ جَابِرٍ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ: أَنَّ رَسُولَ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ قَالَ: «إِنَّ مِنْ أَحَبِّكُمْ إِلَيَّ وَأَقْرَبِكُمْ مِنِّي مَجْلِساً يَوْمَ القِيَامَةِ أَحَاسِنَكُم أَخْلَاقاً، وَإِنَّ أَبَغَضَكُم إِلَيَّ وَأَبْعَدَكُمْ مِنِّي يَومَ الْقِيَامَةِ الثَّرْثَارُونَ وَالْمُتَشَدِّقُونَ وَالْمُتَفَيْهِقُونَ» قَالُوا: يَا رَسُولَ اللهِ؛ قَدْ عَلِمْنَا الثَرْثَارُونَ وَالْمُتَشَدِّقُونَ، فَمَا الْمُتَفَيْهِقُونَ؟ قَالَ: «الْمُتَكَبِّروُنَ» رَوَاهُ التِّرْمِذِيُّ وَقَالَ: حَدِيثٌ حَسَنٌ [2018].

«الثَّرثَارُ»: هُوَ كَثِيرُ الكَلَامِ تَكَلُّفاً، «وَالْمُتَشَدِّقُ»: الْمُتَطاوِلُ عَلَى النَّاسِ بِكَلَامِهِ، وَيتَكَلَّمُ بِمِلْءِ فِيهِ تَفَاصُحاً وَتَعْظِيماً لِكَلاَمِهِ، «وَالْمُتَفَيْهِقُ»: أَصْلُهُ مِنَ الفَهْقِ، وَهُوَ الإمْتِلاَءُ، وَهُوَ الَّذِي يَمْلأُ فَمَهُ بِالكَلَامِ، وَيَتَوَسَّعُ فِيهِ، وَيُغْرِبُ بِهِ تَكَبُّراً وَارْتِفَاعاً، وَإِظْهَاراً للفَضِيلَةِ عَلَى غَيرِهِ.

وَرَوَى التِّرْمِذِيُّ [2005] عَنْ عَبْدِ اللهِ بْنِ الْمُبَارَكِ رَحِمَهُ اللهُ فِي تَفْسِيرِ حُسْنِ الخُلُقِ قَالَ: هُوَ طَلَاقَةُ الوَجْهِ، وَبَذْلُ الْمَعْرُوفِ، وَكَفُّ الأَذَى.


Улашиш
|
|
Нусха олиш