646. Яна у кишидан ривоят қилинади:
Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Албатта, Аллоҳ рифқ (марҳамат) соҳибидир, У Зот рифқни севади, рифқ учун дағаллик ва рифқдан бошқа хислатлар учун бермаган нарсасини беради», дедилар».
Имом Муслим ривояти.
Шарҳ: Жарир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Ким мулойимликдан маҳрум бўлса, яхшиликдан маҳрум бўлибди», дедилар».
Юмшоқлик бўлмаса одам яхшиликка ҳам эриша олмас экан. Шунинг учун биз - Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг умматлари доимо мулойим, юмшоқ бўлишга ҳаракат қилишимиз керак экан.
Абу Дардо розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Кимга мулойимликдан насибаси берилган бўлса, ўшанга яхшиликдан насибаси берилибди. Ким мулойимлик насибасидан маҳрум бўлса, ўша яхшилик насибасидан маҳрум бўлибди.
Демак, Аллоҳ таоло мулойимликка алоҳида ажр-савоб ва даражотлар берар экан. Шунинг учун мўмин банда мулойим, юмшоқ, ниҳоятда хушмуомала инсон бўлиши керак экан.
Бу ҳақиқатни кундалик ҳаётимиз давомида зинҳор унутмаслигимиз керак. Афсуски, воқеъликда бундан йироқлигимиз бор. Қўполлик ва дағаллик кўпроқ мулойимликдан устун келиб қолади.
Ислом динининг фазийлатини қарангки, ўзимизнинг бугунги кунга ҳаётимиз учун ўта зарур бўлган сифатни шахсимизда мужассам қилганимиз учун бизга ажр ва савоб ваъда қилинмоқда. Бас, ушбу марҳаматдан унумли фойдаланиш пайидан бўлишимиз керак.
646 - وَعَنْهَا أَنَّ النَّبِيَّ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ قَالَ: «إِنَّ اللهَ رَفِيقٌ يُحِبُّ الرِّفْقَ، وَيُعْطِي عَلَى الرِّفْقِ مَالَا يُعْطِي عَلَى العُنْفِ وَمَا لَا يُعْطِي عَلَى مَا سِوَاهُ». رَوَاهُ مُسْلِمٌ [2593].