Рўйхатни беркитиш
Мундарижа
Мундарижа
74-КИТОБ
74-боб Ҳалимлик, босиқлик ва мулойимлик ҳақида
74- بَابُ الحِلْمِ وَالأَنَاةِ وَالرِّفْقِ
(74)
74-BOB

 74-боб. Ҳалимлик, босиқлик ва мулойимлик ҳақида

Аллоҳ Таоло: «У (тақводор зотлар) ғазабларини ичга ютадиган, одамларнинг (хато-камчиликларини) авф этадиган кишилардир. Аллоҳ бундай яхшилик қилувчиларни севади» (Оли Имрон сураси, 134-оят).

«(Эй Муҳаммад), марҳаматли бўлинг, яхшиликка буюринг ва жоҳиллардан юз ўгиринг» (Аъроф сураси, 199-оят).

«Яхшилик билан ёмонлик баробар бўлмас. Сиз (ҳар қандай ёмонликни) энг гўзал сўзлар билан даф қилинг! (Шунда) баногоҳ сиз билан ўрталарингизда адоват бўлган кимса қайноқ-содиқ дўст каби бўлиб қолур. Унга (ёмонликни яхшилик билан даф қилиш хислатига) фақат сабр-тоқатли зотларгина эришурлар, унга фақат улуғ насиба эгасигина эришур» (Фуссилат сураси, 34-35-оятлар).

«Албатта, ким (ўзига етган озор-азиятларга) сабр қилса ва (интиқом олмай Аллоҳ учун) кечириб юборса, шак-шубҳасиз бу иш ишларнинг мақсадга мувофиғидир» (Шўро сураси, 43-оят), деб айтган.

74- بَابُ الحِلْمِ وَالأَنَاةِ وَالرِّفْقِ

 

قَالَ اللهُ تَعَالَى: {وَالكَاظِمِينَ الغَيْظَ وَالعَافِينَ عَنِ النَّاسِ} [آل عمران - 134].

وَقَالَ تَعَالَى: {خُذِ الْعَفْوَ وَأْمُرْ بِالعُرْفِ وَأَعْرِضْ عَنِ الجَاهِلينَ}. [الأعراف - 199].

وَقَالَ تَعَالَى: {وَلَا تَسْتَوِي الْحَسَنَةُ وَلَا السَّيِّئَةُ * ادْفَعْ بِالَّتِي هِيَ أَحْسَنُ فَإذَا الَّذِي بَيْنَكَ وَبَيْنَهُ عَدَاوَةٌ كَأنَّهُ وَلِيٌّ حَمِيمٌ * وَمَا يُلَقَّاهَا إلَّا الَّذِينَ صَبَرُوا وَمَا يُلَقَّاهَا إلَّا ذُو حَظٍّ عَظِيمٍ} [فصلت - 34، 35].

وَقَالَ تَعَالَى: {وَلَمنْ صَبَرَ وَغَفَرَ إنَّ ذَلِكَ لَمِنْ عَزْمِ الأُمُورِ} [الشورى - 43].

 

(74)

644. Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Абдулқайслик Ашажга: «Сенда Аллоҳ суядиган икки хислат бор экан: ҳалимлик ва босиқлик», дедилар».

Имом Муслим ривояти.

Шарҳ: «Ашаж» сўзи исм эмас, лақаб бўлиб, «пешонаси ёрилган» деганидир. Бу кишининг исми Мунзир ибн Оиз ибн Мунзир ибн Ҳорисдир.

Ҳалимлик ва босиқлик дунёю охират саодатига бошлайди. Эй жаннатга дохил бўлишдан умидвор мусулмон биродар! Табиатингиз устун келиб, аччиғингиз чиққан кезда ўзингизни ғазаб ҳукмига топшириб қўйманг. Токи ёвузлик кучлари сизни ҳар кўйга солмасин. Ғазаб ҳукмрон бўлган пайтда банда ҳаром ишларга қўл уриб қўйиши мумкин. Шу боис ғазабингиз аланга олишига йўл қўйманг. Тақводор, комил иймонли мусулмон қандай бўлиши лозимлигини эсланг. «Парвардигорингиз томонидан бўлгуси мағфиратга ҳамда тақводорлар учун тайёрлаб қўйилган, эни осмонлар ва ер баробарида бўлган жаннатга шошилингиз. (У тақводор зотлар) яхши-ёмон кунларда инфоқ-эҳсон қиладиган, ғазабларини ичларига ютадиган, одамларни афв этадиган кишилардир. Аллоҳ бундай яхшилик қилувчиларни севади». (Оли Имрон сураси, 133-134-оятлар).

Ғазабингизни жиловлашни ўрганинг, шунда Аллоҳ таолонинг ғазабидан омон қоласиз ва тақводор зотлар сафида сиз ҳам жаннат аҳлига айланасиз.

Абдуллоҳ ибн Умар разияллоҳу анҳу Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламдан сўрадилар:

— Аллоҳ азза ва жалланинг ғазабидан мени нима узоқлаштиради?

— Ғазаб қилма! – деб жавоб бердилар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам. (Аҳмад ривоятлари).

Ҳасан Басрий айтадилар: «Кимда-ким қуйидаги тўрт хусусиятга эга бўлса, Аллоҳ таоло уни шайтондан асрайди ва дўзахга ҳаром қилади: рағбат, қўрқув, шаҳват ва ғазаб пайтида ўзини қўлга олиш».

Сизга Аллоҳнинг салавоти ва саломи бўлсин, Ё Расулуллоҳ! Пок Парвардигор сизни энг гўзал мукофотлар билан тақдирласин! Сиз бизга ҳусни хулқни ўргатдингиз. Барча ёмонликнинг калити бўлмиш хавфли хислатдан огоҳ этдингиз...

Ғазаб заифлик, ҳалимлик эса қувват белгисидир;

Ғазабга берилиш, бирпасда ловуллаб кетиш кишининг заифлигини билдиради. Бундай кишилар гарчи соғлом ва бақувват бўлсалар-да, заиф ҳисобланадилар.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: «Кучли деб ҳаммани енгадиган кишига айтилмайди. Ғазабланган пайтда ўзини қўлга ололган одам кучлидир!» (Бухорий ва Муслим ривоятлари).

Жиззакилик бемаза хулқ, ёмон табиат ва ҳалокат келтирувчи қуролдир. Ғазабга қул бўлган банда, унинг хунук оқибатларидан қочиб қутулолмайди. Бу кўнгилсиз оқибатлар, аввало, унинг ўзига, иккинчидан эса жамиятга зарар келтиради.

— Ғазабнинг кишига етказадиган зарарлари жисмий-моддий, хулқий-маънавий ва руҳий-диний йўқотишлардан иборат.

Сиз дарғазаб кимсанинг ҳолатини кузатсангиз, бунинг моҳиятини тўла-тўкис англаб етасиз. Унинг ранги ўзгаради, қони қайнайди, томирлари бўртади, бармоқлари калтирай бошлайди, ҳарақатларидан маъно кетиб, оғзидан боди кириб, шоди чиқади. Ғазабдан ўзини йўқотиб қўйган одамнинг тилидан хунук ҳақоратлар ёғилади. Баъзан оғзидан куфр сўзлари ҳам чиқиб кетади. Устига-устак, унинг жоҳилона ҳатти-ҳаракати туфайли молу жонига зиён-заҳматлар етади.

— Ғазабнинг жамиятга зарари: ғазаб қалбларда нафрат уйғотади, ғаламисликка ундайди. Охир-оқибат у ўзига қул бўлган кишини бошқалардан ажратиб олади. Ғазабу нафратга тўлган қалб ўзгалар мусибатидан қувонади. Пировардида, одамлар орасига зулм оралайди. Яқинлар алоқаси узилади, ёру-дўст ораси бузилади. Ҳаёт издан чиқади.

 

Ғазабни даф этиш ва даволаш йўллари:

Ғазабланиш – ҳар бир инсонга хос хусусият. Бироқ ҳақиқий иймон эгалари ғазабни қўзғовчи сабаблардан йироқ юриш ва уни муолажа этиб бориш орқали ўзларини мана шу ёқимсиз феъл-атвор ёмонликларидан омон сақлайдилар.

— Ғазаб сабабчилари. Ғазабга сабаб бўлувчи омиллар жуда кўп ва хилма-хилдир.

Қуйида биз уларнинг баъзиларини санаб ўтамиз: кибр, бошқалардан ўзини катта олиш, ўзгаларни масхара қилиш, ноўрин ҳазил-мазахлар, талашиб-тортишиш, бировларнинг ишига тумшуқ суқиш, мол-мулк ва мансабу обрў ортидан қувиш...

Мусулмон фарзанди бундай бемаза хулқ-атвордан халос бўлиши керак. У турли-туман бемаъни одатлардан ўзини олий тутсин.

— Ғазабни даволаш йўллари. Ғазабдан қутулиш учун киши сабр, мулойимлик, собитлик ва оғир-босиқлик каби гўзал ахлоқларни ўзида шакллантирмоғи керак. Биз ҳар бир соҳада Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламдан ўрнак оламиз. Қаранг-а, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шу масалада қандай йўл тутганлар:

Зайд ибн Саъна мусулмон бўлишидан олдин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳузурларига келиб, жуда қўполлик билан қарзини сўрайди. Ҳолбуки, қарз муддати ҳали битмаган эди. Зайд мана шу ерда нубувват сифатини кўрди. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳалимликлари ғазабларидан муқаддам турарди. Жоҳилнинг жаҳли-ғазаби у Зотнинг ҳалимликларини зиёда этарди, холос. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Зайдга табассум қилиб, бағрикенглик билан муомала қилдилар. Умар разияллоҳу анҳу эса уни жеркиб ташладилар. Шунда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам Умар разияллоҳу анҳуга ҳам, Зайдга ҳам таълим-тарбия бўлсин учун дедилар: «Эй Умар! Мен ҳам, у ҳам бошқа нарсага муҳтожроқмиз. Сен мени қарзни чиройли адо этишга, уни эса қарзини яхшилик билан сўрашга чақиргин».

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Зайд ибн Саънанинг қарзини бериб юборишни ва Умар етказган азият учун қўшимча ҳақ ҳам беришни буюрдилар. Мана шу ҳодиса Зайднинг Исломга кириб, Аллоҳ таоло ғазабидан омон қолишига сабаб бўлди. (Ибн Ҳиббон, Ҳоким ва Табароний ривоятлари).

Ғазабланган киши иложи борича ўзини тутсин. Ғазабнинг хунук оқибатинию кечиримлиликнинг фазилатини эсга олсин.

«Тақводор зотлар яхши-ёмон кунларда инфоқ-эҳсон қиладиган, ғазабларини ичларига ютадиган, одамларни авф этадиган кишилардир. Аллоҳ бундай яхшиликлар қилувчиларни севади». (Оли Имрон сураси, 134-оят).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: «Ғазабини амалга оширишга қодир бўла туриб, ўзини босган бандани Аллоҳ таоло Қиёмат куни бутун халойиқ олдида чақиради ва унга истаган ҳурини танлаш ихтиёрини беради».

(Аҳмад, Абу Довуд, Термизий ва Ибн Можа ривоятлари).

«Аллоҳ учун ғазабини ютган банданинг ичи иймон билан тўлдирилади». (Аҳмад ривоятлари).

Абу Довуд ривоятида: «Аллоҳ уни омонлигу иймон билан тўлдиради», дейилган.

Ғазаби қайнаган киши «Аъузу биллаҳи минаш-шайтонир рожим» деб, Аллоҳ таолодан паноҳ сўрасин.

«Агар сизни шайтоннинг шарри тутса, Аллоҳдан паноҳ сўранг! Албатта У Эшитувчи, Билгувчидир». (Аъроф сураси, 199-оят).

Ғазаби келган киши дарҳол ҳолатини ўзгартирмоғи лозим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: «Агар қай бирингизнинг ғазаби келса, тик турган бўлса, ўтириб олсин. Агар шунда ҳам ғазаби тарқамаса, ётиб олсин!» (Аҳмад ва Абу Довуд ривоятлари).

Чунки тик турган киши ғазабланганда бирон нарса қилиб қўйиши мумкин. Ўтирган ёки ётган киши эса бирон ножўя ҳатти-ҳаракат қилишдан тийилади. Яъни унинг ҳолати бунга йўл қўймайди.

Ғазаб келганда сукут сақлаш керак. Чунки гоҳида кишининг оғзидан чиқаётган гаплар унинг ғазабини баттар алангалатиб юборади ёки қаттиқ афсус-надомат келтиради. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам қуйидаги сўзни уч бора такрорладилар:

«Агар қайси бирингиз дарғазаб бўлса, сукут қилсин!» (Аҳмад, Термизий ва Абу Довуд ривоятлари).

Ғазабни сўндирадиган воситалардан яна бири таҳоратдир. Маълумки ғазаб ҳароратни кўтаради. Сув эса кишини совутиб, асл ҳолига қайтаради. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам хутба қилаётиб шундай дедилар: «Билингларки, ғазаб одам боласи қалбида ёниб турган чўғдир!» (Аҳмад ва Термизий ривоятлари). Таҳорат ибодатида Аллоҳ таоло зикри мавжуд. Инсондаги ғазабни алангалатиб турувчи шайтон эса ибодат қаршисида ортга чекинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: «Ғазаб шайтондандир. Шайтон эса оловдан яралган. Агар ғазабингиз келса, таҳорат қилинг!» (Аҳмад ва Абу Довуд ривоятлари).

Аллоҳ таоло учун ғазабланиш;

Биз юқорида нафс учун бўлган ғазабнинг ёмонлиги ҳақида сўз юритдик. Бироқ Аллоҳ таолони деб, Унинг динини, буйруғу қайтариқларини, соф эътиқодини ва мусулмон биродарларини ҳимоя этиб, дарғазаб бўлиш мақтовли хислатдир.

«Улар билан жанг қилинглар, шунда Аллоҳ уларни сизларнинг қўлингиз билан азоблайди, расво қилади ва сизларни уларнинг устига ғолиб этади ҳамда мўмин қавм дилларини қондириб, кўнгилларидаги ғам-андуҳни кетказади». (Тавба сураси, 15-оят).

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳеч ғазаб қилмасдилар. Аммо Аллоҳ таоло белгилаган ҳудуд поймол этилса, у кишининг ғазабига ҳеч нарса туриш беролмасди». (Бухорий ва Муслим ривоятлари).

Инсон ғазаб устида қилиб қўйган ишларига ҳам жавоб беради;

Киши ғазаб ҳолатида бировнинг қийматли нарсасига зиён етказиб қўйса, тўлайди. Ғазаб пайтида бир жонни қасддан ўлдирса, қасосга рўбарў қилинади. Оғзидан куфр калимаси чиқиб кетса, муртад бўлади. У тавба-тазарру қилмоғи шарт. Ичган қасами ҳам, айтган талоғи ҳам ўтади. Яъни дарғазаблиги унга тўсиқ бўла олмайди.

644 - وَعَنِ ابْنِ عَبَّاسٍ رَضِيَ اللهُ عَنْهُمَا قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ لأَشَجِّ عَبْدِ الْقَيْسِ: «إِنَّ فِيكَ خَصْلَتَيْنِ يُحِبُّهُمَا اللهُ: الحِلْمُ وَالأَنَاةُ». رَواهُ مُسْلِمٌ.


Улашиш
|
|
Нусха олиш

645. Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Албатта, Аллоҳ таоло мулойимдир. Ва ҳар бир ишда мулойимликни севади», дедилар.

Муттафақун алайҳ.

Шарҳ: Биз «мулойимлик» деб таржима қилган сўз арабчалар «рифқ» деб айтилади ва қўполликнинг зиддини англатади. Бошқача қилиб айтганда, ҳар бир ишни энг гўзал ва осон йўл билан амалга оширишни билдиради. Қўполлик ҳам қилмайди, ўта заифлик ҳолига тушиб ҳам қолмайди.

Ҳадиснинг тўла шакли қуйидагичадир:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг жуфти ҳалоллари Оиша розияллоҳу анҳо деди:

«Бир тўда яҳудийлар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига кириб, «Ас-сааму ъалайкум», дейишди. Мен буни фаҳмлаб қолиб, «Ва ъалайкумус-сааму вал-лаънату», дедим. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ҳай-ҳай, Оиша! Аллоҳ барча ишда мулойимликни севади», дедилар. Мен: «Эй Аллоҳнинг Расули, уларнинг нима деганини эшитмадингиз чоғи?» дедим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Мен уларга: «Сизларга ҳам», дедим-ку», дедилар». (Имом Бухорий ривояти).

 

«Ас-сааму ъалайкум» – «Сенга ўлим бўлсин», дегани. «Ва ъалайкумус-сааму вал-лаънату» – «Сизларга ҳам ўлим ва лаънат бўлсин», дегани. «Ва ъалайкум» – «Сизларга ҳам», деганидир.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келган бир гуруҳ яҳудийлар «Ассааму алайкум» дея бу жумлани саломга ўхшатиб айтиб келишибди. Бу таркиб саломга ўхшаб кетади. Шунинг учун яҳудийлар бу сўзни салом ўрнига айтишибди. Шумлик қилиб, қарғишларини салом қилиб кўрсатиш пайидан бўлишибди. Оиша онамиз розияллоҳу анҳо бу ҳийлани фаҳмлаб қолиб ўзига яраша жавоб берибдилар. Аммо Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам у кишини юксак одоб доирасига чорладилар. Душман беодоблик қилса ҳам, мўмин-мусулмон одоб доирасида туриши кераклигини англатдилар. Уларга ўзига яраша муомала қилишни ўргатдилар. Расуллулоҳ алайҳиссалом уларнинг ҳийласига яраша жавобни қисқагина қилиб мақсадга урган эканлар, лекин мулойимлик билан жавоб берибдилар.

Бу ҳадиси шарифда мулойим бўлишга ундов бор. Аҳли фазл кишилар нодонлар билан бўладиган муомалада ўзини билмаганга солишлари мустаҳаблиги бор. Албатта, ношаръий ишга олиб бормайдиган бўлиш шарти ила.

Имом Шофеъий раҳматуллоҳи алайҳи кези келганда ўзини билмасликка солиш оқиллик аломати эканини таъкидлаган эканлар.

645 - وَعَنْ عَائِشَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهَا قَالَتْ: قَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ: «إِنَّ اللهَ رَفِيقٌ يُحِبُّ الرِّفْقَ فِي الأَمْرِ كُلِّهِ». مُتَّفَقٌ عَلَيهِ [خ 6927، م 2165].


Улашиш
|
|
Нусха олиш

646. Яна у кишидан ривоят қилинади:

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Албатта, Аллоҳ рифқ (марҳамат) соҳибидир, У Зот рифқни севади, рифқ учун дағаллик ва рифқдан бошқа хислатлар учун бермаган нарсасини беради», дедилар».

Имом Муслим ривояти.

Шарҳ: Жарир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Ким мулойимликдан маҳрум бўлса, яхшиликдан маҳрум бўлибди», дедилар».

Юмшоқлик бўлмаса одам яхшиликка ҳам эриша олмас экан. Шунинг учун биз - Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг умматлари доимо мулойим, юмшоқ бўлишга ҳаракат қилишимиз керак экан.

Абу Дардо розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Кимга мулойимликдан насибаси берилган бўлса, ўшанга яхшиликдан насибаси берилибди. Ким мулойимлик насибасидан маҳрум бўлса, ўша яхшилик насибасидан маҳрум бўлибди.

Демак, Аллоҳ таоло мулойимликка алоҳида ажр-савоб ва даражотлар берар экан. Шунинг учун мўмин банда мулойим, юмшоқ, ниҳоятда хушмуомала инсон бўлиши керак экан.

Бу ҳақиқатни кундалик ҳаётимиз давомида зинҳор унутмаслигимиз керак. Афсуски, воқеъликда бундан йироқлигимиз бор. Қўполлик ва дағаллик кўпроқ мулойимликдан устун келиб қолади.

Ислом динининг фазийлатини қарангки, ўзимизнинг бугунги кунга ҳаётимиз учун ўта зарур бўлган сифатни шахсимизда мужассам қилганимиз учун бизга ажр ва савоб ваъда қилинмоқда. Бас, ушбу марҳаматдан унумли фойдаланиш пайидан бўлишимиз керак.

646 - وَعَنْهَا أَنَّ النَّبِيَّ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ قَالَ: «إِنَّ اللهَ رَفِيقٌ يُحِبُّ الرِّفْقَ، وَيُعْطِي عَلَى الرِّفْقِ مَالَا يُعْطِي عَلَى العُنْفِ وَمَا لَا يُعْطِي عَلَى مَا سِوَاهُ». رَوَاهُ مُسْلِمٌ [2593].


Улашиш
|
|
Нусха олиш

647. Яна у кишидан ривоят қилинади:

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Мулойимлик нимада бўлса, уни зийнатлайди, нимадан олиб қўйилса, уни нуқсонли қилади», дедилар».

Имом Муслим ривояти.

Шарҳ: Абу Довуднинг сунанларида қуйидагича келган:

Миқдом ибн Шурайҳ отасидан ривоят қилади:

«Оишадан саҳрога чиқиб кетиш ҳақида сўрадим. У шундай деди: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам мана шу тепаликларга чиқар эдилар. У зот бир сафар саҳрога чиқмоқчи бўлганларида менга закот туяларидан минилмаган (асов) бир туяни юбордилар, (уни ниқтаган эдим) «Эй Оиша, мулойим бўл. Мулойимлик нимада бўлса, уни зийнатлайди, нимадан олиб қўйилса, уни нуқсонли қилади», дедилар».

(Абу Довуд ривояти).

Бундан нафақат ҳайвонларга нисабатан, балки барча нарсаларга нисбатан мулойим бўлиш зурурлиги келиб чиқади. Ҳа, мулойимлик зийнатдир ва кўполлик айбдир.

647 – وَعَنْهَا: عَنِ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ قَالَ: «إِنَّ الرِّفْقَ لَا يَكُونُ فِي شَيْءٍ إِلاَّ زَانَهُ وَلَا يُنْزَعُ مِنْ شَيءٍ إِلَّا شَانَهُ». رَوَاهُ مُسْلِمٌ [2594].


Улашиш
|
|
Нусха олиш
648. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Бир аъробий масжидга бавл қилди. Одамлар унга ташланиш учун ўринларидан туришди. Шунда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам уларга: «Уни тек қўйинглар. Пешобининг устидан бир пақир [ёки бир челак] сув қуйиб юборинглар. Сизлар енгиллаштирувчи қилибгина юборилгансизлар, қийинлаштирувчи қилиб юборилмагансизлар», дедилар».

Имом Бухорий ривояти.

Шарҳ: «Аъробий» деб араб тилида саҳройи арабга айтилади. Улар саҳро шароитида таълим-тарбия кўрмай, шундоқлигича вояга етган. Шунинг учун гап-сўзлари, ҳатти-ҳаракатлари содда ва қўпол бўлиб, қишлоқ ва шаҳар одамларидан ажраб турган.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинаётган бу ҳадис жуда ҳам маълум ва машҳур ҳодисадан бир парча. Бу ҳодисани барча ҳадис имомлари турлича ва ҳар хил лафзлар билан ривоят қилганлар. Аслида воқеа қуйидагича бўлган эди:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам масжидда ўтирган эдилар, бир аъробий кириб келди. Икки ракат намоз ўқиди. Сўнгра: «Эй бор Худоё, мени ва Муҳаммадни раҳм қилгин. Биз билан бирга бошқани раҳм қилмагин», деб дуо қилди.

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Батаҳқиқ, чеклашни кенгайтириб юбординг», дедилар. Кўп ўтмай, у туриб бориб, масжиднинг бир бурчагига сийди. Одамлар шошилиб, унга зуғум қила бошладилар. Шунда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам уларни қайтардилар ва:

«Уни тек қўйинглар. Пешобининг устидан бир пақир [ёки бир челак] сув қуйиб юборинглар. Сизлар енгиллаштирувчи қилибгина юборилгансизлар, қийинлаштирувчи қилиб юборилмагансизлар», дедилар».

У зот бир кишига амр қилувдилар, у бир челак сув олиб келиб сийдикнинг устига қуйди. Ке­йин Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳалиги аъробийни чақирдилар ва унга:

«Албатта, масжидларда манави сийдик ва ифлос нарсалар дуруст эмас. Масжид фақат Аллоҳнинг зикри, намоз ва Қуръон қироати учун», дедилар.

Кишиларни тарбиялашдаги Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сабрлари, ҳилмлари, мулойимликлари ва тадбирлари қанчалик экани шунга ўхшаш ҳолларда яққол намоён бўлади. Барча кишилар у зот соллаллоҳу алайҳи васалламдан ўрнак олишлари керак.

Масжидга сийиш ёмон иш. Аъробийни зажр қилиш ҳам ёмон иш. Аъробийга қўпол муомала қилиш унинг диндан чиқиши билан тугайди. Масжидга сийиш эса сийдик устига бир пақир сув қуйиш билан тугайди. Шунинг учун бу икки зарардан енгили ихтиёр қилинди. Масжидни покиза тутиш яхши, фойдали иш. Масжидга сийган аъробийни уриб, сўкмаслик ҳам фойдали иш. Лекин иккинчисининг фойдаси катта, аъробий Исломда қолади, тарбия топади. Шунинг учун иккинчиси танланди.

Қилинган нотўғри ишларни тезроқ бартараф этишга ҳаракат қилиш лозим. Шунинг учун тезда сув олиб келиб, сийдик устига қуйилди.

Имом Абу Довуд ривоят қилган:

«Итлар масжидга кириб-чиқиб, сийиб юрар эди. Ўшанинг ҳеч бирига сув қуймас эдилар», деган ҳадисга биноан, ердаги нажосат ҳаво ва қуёш таъсири орқали қуриши билан ҳам ер тоза бўлади, дейилган.

Шунга эътиборан, ернинг пок бўлиши сув билан ва қуриш билан бўлади, дейилади.

Бу ҳадиси шарифдаги таълимотларга амал қилишга ҳозирги кунимизда эҳтиёжимиз кўп. Алҳамдулиллаҳ, масжидларни тоза тутиш борасида камчилик йўқ, десак хато бўлмас. Аммо масжидларда Аллоҳнинг зикрини, Қуръони карим қироатини кўпроқ қилишга эҳтиёжимиз бор. Айниқса, Ислом ахлоқ ва одобларидан узоқ кишиларни йўлга солишда сабр, мулойимлик ҳамда эринмай ваъз-насиҳат қилишни ўрганишимиз лозим. Ишларни енгиллаштирувчи бўлишимиз лозим.

 

648 - وَعَنْ أَبِي هُرَيرَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ قَالَ: بَالَ أَعْرَابيٌّ فِي الْمَسْجِدِ، فَقَامَ النَّاسُ إِلَيْهِ لِيَقَعُوا فِيْهِ، فَقَالَ النَّبِيُّ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ: «دَعُوهُ، وَأَرِيقُوا عَلَى بَوْلِهِ سَجْلًا مِنْ مَاءٍ - أَوْ ذَنُوباً مِنْ مَاءٍ - فَإِنَّمَا بُعِثْتُمْ مُيَسِّرِينَ، ولَمْ تُبْعَثُوا مُعَسِّرِينَ». رَوَاهُ البُخَارِيُّ [6128].

(السَّجْلُ) بِفَتْحِ السِّينِ الْمُهْمَلَةِ وَإِسْكَانِ الجِيمِ، وَهِيَ: الدَّلْوُ الْمُمْتَلِئَةُ مَاءً، وَكَذلِكَ (الذَّنُوبُ).


Улашиш
|
|
Нусха олиш

649. Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Осонлаштиринглар, қийинлаштирманглар, хушхабар беринглар, бездирманглар», дедилар».

Муттафақун алайҳ.

Шарҳ: Бу ҳадиси шариф ҳам Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинмоқда.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам саҳобаи киромларга, улар орқали барча умматларига мурожаат этиб: «Осонлаштиринглар, қийинлаштирманглар», демоқдалар.

Яъни, Ислом ҳақида гапирадиган, баъзи бир масалани ечадиган ёки бирор нарсада ҳукм чиқарадиган бўлсангиз, умуман, ҳар бир нарсада осон тарафини олинг, қийинини олманг, демоқдалар. Модомики, иш шариат чегарасидан чиқмаса, осон томонини олиш Ислом динининг асосий қоидасидир. Бошқа ҳадиси шарифларда келишича, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам қачон икки нарса орасидан бирини танлаб олиш ихтиёрига эга бўлсалар, албатта, осон томонини олганлар. Кишиларни Исломга даъват қилиш учун атрофга юбораётиб, бу ҳадисни ҳар бир саҳобийга, албатта, қайта-қайта тайинлаганлар.

«Хушхабар беринглар, бездирманглар».

Ислом ҳақида, шариат ҳақида кишиларга гапирилганда доимо яхшиликларни, улар учун хушхабар бўладиган, икки дунё саодатига сабаб бўладиган нарсаларни гапириш керак. Кишиларнинг нафратини келтирадиган, уларни чўчитадиган, кўнглини қолдирадиган, бездирадиган гап-сўз ва тасарруфларни қилмаслик керак.

Ушбу ҳадиси шарифдан оладиган фойдаларимиз очиқ-ойдин кўриниб турибди. Бунга айниқса, Исломга даъват қилиш билан машғул кишилар алоҳида эътибор беришлари лозим. Афсуски, баъзи бир биродарлар бу ҳадиси шарифдан бехабар тескари маънода гап-сўз ва ҳаракатлар қилишади.

Ислом дини ҳақида гапирадиган, бирон иш қиладиган, ҳукм чиқарадиган бўлсак, осон тарафини олайлик. Кишиларга динимизнинг осонлиги, икки дунё бахт-саодатига етказиши башоратини бериб гапирайлик. Ўзимизча шариатни қийинлаштирмайлик! Кишиларни турли гап-сўз, бўлмағур ҳатти-ҳаракатларимиз билан Исломдан нафратлантирмайлик. Мўътабар ҳадиси шарифга доимо амал қилишга интилайлик!

649 - وَعَنْ أَنَسٍ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ، عَنِ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ قَالَ: «يَسِّرُوا وَلَا تُعَسِّرُوا، وَبَشِّرُوا وَلَا تُنَفِّرُوا». مُتَّفَقٌ عَلَيهِ [خ 69، م 1734].


Улашиш
|
|
Нусха олиш

650. Жарир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни:

«Кимики мулойимликдан маҳрум қилинса, яхшиликларнинг барчасидан маҳрум қилинибди», деб айтганларини эшитдим.

Имом Муслим ривояти.

650 - وَعَنْ جَرِيرِ بْنِ عَبْدِ اللهِ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ قَالَ: سَمِعْتُ رَسُولَ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ يقُولُ: «مَنْ يُحْرَمِ الرِّفْقَ يُحْرَمِ الخيْرَ كُلَّهُ». رَوَاهُ مُسْلِمٌ [2592].


Улашиш
|
|
Нусха олиш
651. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Бир киши Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга: «Менга насиҳат қилинг», деди. У зот: «Ғазабланма!» дедилар. У (ўша гапини) бир неча марта такрорлади. У зот: «Ғазабланма!» дедилар».

Имом Бухорий ривояти.

Шарҳ: Бу ҳадиснинг шарҳи 53-рақамли ҳадис остида келтирилган.

651 - وَعَنْ أَبِي هُرَيرَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ: أَنَّ رَجُلًا قَالَ للنَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ: أَوْصِنِي، قَالَ: «لَا تَغْضَبْ» فَرَدَّدَ مِرَاراً؛ قَالَ: «لَا تَغْضَبْ». رَوَاهُ البُخَارِيُّ [6116 وسبق برقم 53].


Улашиш
|
|
Нусха олиш

652. Абу Яъло Шаддод ибн Авс розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар:

«Аллоҳ ҳар бир ишда яхшилик қилишни буюрган. Агар қатл қилсангиз, қатлда шафқатли бўлинглар! Сўйсангиз, сўйишда шафқат қилинглар! Ҳар бирингиз тиғини ўткирлаб, жонлиғини азобламай сўйсин!»

Имом Муслим ривояти.

Шарҳ: Ушбу ҳадиси шариф Ислом дини яхшилик дини эканининг улкан шиорларидан биридир. Ислом ҳар бир нарсада, ҳар бир ишда, ҳар бир тасарруфда, ҳар бир ҳаракатда яхшилик бўлишининг тарафдоридир. Бировни қатл этиш энг ночорликдан қилинадиган иш. Ҳаддан ташқари катта гуноҳ содир этган, одамлик доирасидан чиқиб кетганларгина қатл жазосига ҳукм қилинадилар. Ундоқ кишиларга бошқа тузум ва низомларда ҳар қанча қўпол муомалани, эсидан чиқмайдиган қилиб, «кунини кўрсатиб қўйишни» раво кўрилиши мумкин. Аммо, Исломда бунга йўл йўқ. Ноиложликдан ўлимга ҳукм бўлдими, энди, энг осон йўл билан ўлдириш керак.

Ҳайвон сўйишда ҳам шу гап. Бошқалар турли-туман услубларни қўллайдилар. Энг кўп эътибор берадиган нарсалари сўювчига осонлик яратиш бўлиши мумкин.

Аммо Ислом сўйиладиган ҳайвонни роҳат қилдириб сўйишни талаб қилади. Шунинг учун ҳам, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Сўйсангиз, сўйишда шафқат қилинглар! Ҳар бирингиз тиғини ўткирлаб, жонлиғини азобламай сўйсин!» дедилар».

Ҳаттоки, пичоқни ҳайвоннинг олдида қайрашга рухсат берилмайди. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳайвонни ётқизиб қўйиб пичоғини қайраётган одамга:

«Буни ётқизишингдан олдин қайрасанг бўлмасмиди!» деганлар.

Шунингдек, бир ҳайвоннинг ҳузурида иккинчисини сўйишга ҳам рухсат берилмаган.

Ҳайвоннинг томоғига пичоқ тортганда суякка етказиб юборилмайди. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳайвонни сўйганда пичоқни оқ мия деб аталувчи, умуртқа поғонадаги оқ нарсага етказиб пичоқ тортишдан қайтарганлар. Чунки, бунда ҳайвонни ортиқча азоблаш бордир.

Ҳайвоннинг бўғизига пичоқ тортгандан кейин танаси совумагунча, калласини узиш ва терисини шилиш ҳам мумкин эмас. Бунда ҳам уни азоблаш бордир.

652 - وَعَنْ أَبِي يَعْلَى شَدَّادِ بْنِ أَوْسٍ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ، عَنْ رَسُولِ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ قَالَ: «إِنَّ اللهَ كَتَبَ الإِحْسَانَ عَلَى كُلِّ شَيءٍ، فَإِذَا قَتَلْتُمْ فَأَحْسِنُوا القِتْلَةَ، وَإِذَا ذَبَحْتُمْ فَأَحْسِنُوا الذِّبْحَةَ، وَلْيُحِدَّ أَحَدُكُمْ شَفْرَتَهُ، وَلْيُرِحْ ذَبِيحَتَهُ». رَوَاهُ مُسْلِمٌ [1955].


Улашиш
|
|
Нусха олиш

653. Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам икки ишдан бирини ихтиёр қиладиган бўлсалар, агар гуноҳ бўлмаса, албатта енгилини ихтиёр қилар эдилар. Агар гуноҳ бўлса, одамларнинг ундан энг узоғи бўлар эдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзлари учун бирор нарсада ҳеч қачон интиқом олган эмаслар. Фақат Аллоҳ таолонинг тақиқлари оёқости қилинсагина интиқом олардилар».

Муттафақун алайҳ.

Шарҳ: Ҳадисдан олинадиган хулосалалар:

­– Ислом дини енгиллик устига қурилган.

– Диний ва дунёвий ишларда енгил томонни ушлаш кучли манҳажни ифода қилади.

– Гарчи нафсга ёқиб, ўзи учун манфаатли деб ўйласа ҳам гуноҳ ва маъсиятдан йироқ бўлиш.

– Расулуллоҳ с.а.в.нинг олийжанобликлари, ўз шахсиятларига тажовуз қилганларни кечириб юборишлари. Бу нарса у зотни умматларига нисбатан ўта раҳмдил эканларини билдиради.

– Банда Аллоҳ динининг ғалабаси ҳамда унга тажовуз қилинганида ҳимояси учун куйиб ёниши лозимлиги. Албатта бу каби қайғурган кишини Аллоҳ севади ва ундан рози бўлади.

653 - وَعَنْ عَائِشَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهَا قَالَتْ: مَا خُيِّرَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ بَينَ أَمْرَينِ قَطُّ إِلَّا أَخَذَ أَيْسَرَهُمَا مَا لَم يَكُنْ إِثْماً، فَإنْ كَانَ إِثْماً كَانَ أَبْعَدَ النَّاسِ مِنْهُ، وَمَا انْتَقَمَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ لِنَفْسِهِ فِي شَيءٍ قَطُّ، إِلَّا أَن تُنْتَهَكَ حُرْمَةُ اللهِ، فَينتَقِمُ للهِ تَعَالَى. مُتَّفَقٌ عَلَيهِ [خ 3560، م 2327].


Улашиш
|
|
Нусха олиш
654. Ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Дўзахга ҳаром кишини ёки унга дўзах ҳаром бўлган кишини сизларга хабарини берайми? У (биродарларига ҳожат вақтида) яқин турадиган, тавозуъли ва мулойим кишилардир», дедилар.

Имом Термизий ривоят қилиб, уни ҳасан ҳадис, деганлар.

Шарҳ: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ушбу сўзларидан маълум бўладики, Аллоҳ таоло уч нафар инсонни дўзахга киритмас экан.

Булардан биринчиси биродарига ҳожат вақтида яқин турадиган, яъни, бошқа бир мусулмоннинг бошига мусибат ёки ташвиш, синов ёки имтиҳон келганда, кимнидир ёрдамига муҳтож бўлиб турган пайтда, унинг ҳожатини раво қиладиган, унга ёрдам қўлини чўзадиган, таскин ва тасалли берадиган кишидир. Ўзгаларнинг хожатини чиқариш бу Аллоҳ таолони рози қиладиган амаллардан бири бўлишлиги билан биргаликда банданинг дунё ва охират яхшиликларга етишлиги учун муҳим воситадир.

Иккинчиси эса, тавозуъли яъни, камтар инсондир. Чунки камтарлик  инсон учун зийнат бўлган хислатлардан биридир.

Камтарлик бу - гуноҳларнинг боши бўлган, оқибати хатарли ва аянчли бўлган, Аллоҳ таолонинг ғазабини келтирадиган сифат ҳисобланган кибр ва манманликнинг аксидир. Аллоҳ таоло Ўзининг суюкли бандаларини  васф қилиб: «Роҳманнинг бандалари ер юзида тавозуъ ила юрадиган ва жоҳиллар хитоб қилганида «салом» дейдиганлардир», (Фурқон сураси, 63-оят) дея марҳамат қилган.

Учинчиси эса мулойим яъни, ҳалим киши. Албатта мулойимлик, Аллоҳ таоло яхши кўрадиган хислатдир.

Мулойимлик инсон учун берилган яхшиликларнинг барчасини ўзида жамлаган, Пайғамбарлар ва муқарраб бандаларнинг хислатидир. Ҳилм ва мулойимликка эга бўлиш жамики яхшиликларга эга бўлиш бўлса, ундан маҳрум бўлиш эса, барча яхшиликлардан маҳрум бўлиш билан баробардир.  Шунинг учун Набий (с.а.в.) юқоридаги ҳадисни айтганлар.

Албатта, юқорида зикр қилинган ҳислатлар билан безанмоқлик осон иш эмас. Чунки,  ўзгалар ҳожатини чиқариш, ҳар қандай ҳолатда ҳам тавозуъли бўлиш, қолаверса ўзгалар билан бўладиган муомалада мулойимлик ва босиқ  бўлиш ҳар кимнинг ҳам қўлидан келавермайди. Шунинг учун ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам  бу хислатларни ўзига жамлаб, одат қилиб олган кишиларни Аллоҳ жасадларини жаҳаннам азобига гирифтор қилмаслигини айтмоқдалар.

Демак, дўзах азобидан омонда бўлишни истаган ҳар қандай мўмин ушбу уч хислатга эга бўлмоқлиги лозимдир. Аллоҳ таоло барчамизни ушбу гўзал хислатлар билан безантирсин.

654 - وَعَنِ ابْنِ مَسْعُودٍ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ: «أَلَا أُخْبِرُكُمْ بِمَنْ يُحَرَّمُ عَلَى النَّارِ - أَوْ بِمَنْ تُحَرَّمُ عَلَيْهِ النَّارُ؟ - تُحَرَّمُ عَلَى كُلِّ قَرِيبٍ هَيِّنٍ لَيِّنٍ سَهْلٍ» رَوَاهُ التِّرْمِذِيُّ وَقَالَ: حَدِيثٌ حَسَنٌ [2488].


Улашиш
|
|
Нусха олиш