652-ҳадис

652. Абу Яъло Шаддод ибн Авс розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар:

«Аллоҳ ҳар бир ишда яхшилик қилишни буюрган. Агар қатл қилсангиз, қатлда шафқатли бўлинглар! Сўйсангиз, сўйишда шафқат қилинглар! Ҳар бирингиз тиғини ўткирлаб, жонлиғини азобламай сўйсин!»

Имом Муслим ривояти.

Шарҳ: Ушбу ҳадиси шариф Ислом дини яхшилик дини эканининг улкан шиорларидан биридир. Ислом ҳар бир нарсада, ҳар бир ишда, ҳар бир тасарруфда, ҳар бир ҳаракатда яхшилик бўлишининг тарафдоридир. Бировни қатл этиш энг ночорликдан қилинадиган иш. Ҳаддан ташқари катта гуноҳ содир этган, одамлик доирасидан чиқиб кетганларгина қатл жазосига ҳукм қилинадилар. Ундоқ кишиларга бошқа тузум ва низомларда ҳар қанча қўпол муомалани, эсидан чиқмайдиган қилиб, «кунини кўрсатиб қўйишни» раво кўрилиши мумкин. Аммо, Исломда бунга йўл йўқ. Ноиложликдан ўлимга ҳукм бўлдими, энди, энг осон йўл билан ўлдириш керак.

Ҳайвон сўйишда ҳам шу гап. Бошқалар турли-туман услубларни қўллайдилар. Энг кўп эътибор берадиган нарсалари сўювчига осонлик яратиш бўлиши мумкин.

Аммо Ислом сўйиладиган ҳайвонни роҳат қилдириб сўйишни талаб қилади. Шунинг учун ҳам, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Сўйсангиз, сўйишда шафқат қилинглар! Ҳар бирингиз тиғини ўткирлаб, жонлиғини азобламай сўйсин!» дедилар».

Ҳаттоки, пичоқни ҳайвоннинг олдида қайрашга рухсат берилмайди. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳайвонни ётқизиб қўйиб пичоғини қайраётган одамга:

«Буни ётқизишингдан олдин қайрасанг бўлмасмиди!» деганлар.

Шунингдек, бир ҳайвоннинг ҳузурида иккинчисини сўйишга ҳам рухсат берилмаган.

Ҳайвоннинг томоғига пичоқ тортганда суякка етказиб юборилмайди. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳайвонни сўйганда пичоқни оқ мия деб аталувчи, умуртқа поғонадаги оқ нарсага етказиб пичоқ тортишдан қайтарганлар. Чунки, бунда ҳайвонни ортиқча азоблаш бордир.

Ҳайвоннинг бўғизига пичоқ тортгандан кейин танаси совумагунча, калласини узиш ва терисини шилиш ҳам мумкин эмас. Бунда ҳам уни азоблаш бордир.

652 - وَعَنْ أَبِي يَعْلَى شَدَّادِ بْنِ أَوْسٍ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ، عَنْ رَسُولِ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ قَالَ: «إِنَّ اللهَ كَتَبَ الإِحْسَانَ عَلَى كُلِّ شَيءٍ، فَإِذَا قَتَلْتُمْ فَأَحْسِنُوا القِتْلَةَ، وَإِذَا ذَبَحْتُمْ فَأَحْسِنُوا الذِّبْحَةَ، وَلْيُحِدَّ أَحَدُكُمْ شَفْرَتَهُ، وَلْيُرِحْ ذَبِيحَتَهُ». رَوَاهُ مُسْلِمٌ [1955].


Улашиш
|
|
Нусха олиш