654-ҳадис
654. Ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Дўзахга ҳаром кишини ёки унга дўзах ҳаром бўлган кишини сизларга хабарини берайми? У (биродарларига ҳожат вақтида) яқин турадиган, тавозуъли ва мулойим кишилардир», дедилар.

Имом Термизий ривоят қилиб, уни ҳасан ҳадис, деганлар.

Шарҳ: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ушбу сўзларидан маълум бўладики, Аллоҳ таоло уч нафар инсонни дўзахга киритмас экан.

Булардан биринчиси биродарига ҳожат вақтида яқин турадиган, яъни, бошқа бир мусулмоннинг бошига мусибат ёки ташвиш, синов ёки имтиҳон келганда, кимнидир ёрдамига муҳтож бўлиб турган пайтда, унинг ҳожатини раво қиладиган, унга ёрдам қўлини чўзадиган, таскин ва тасалли берадиган кишидир. Ўзгаларнинг хожатини чиқариш бу Аллоҳ таолони рози қиладиган амаллардан бири бўлишлиги билан биргаликда банданинг дунё ва охират яхшиликларга етишлиги учун муҳим воситадир.

Иккинчиси эса, тавозуъли яъни, камтар инсондир. Чунки камтарлик  инсон учун зийнат бўлган хислатлардан биридир.

Камтарлик бу - гуноҳларнинг боши бўлган, оқибати хатарли ва аянчли бўлган, Аллоҳ таолонинг ғазабини келтирадиган сифат ҳисобланган кибр ва манманликнинг аксидир. Аллоҳ таоло Ўзининг суюкли бандаларини  васф қилиб: «Роҳманнинг бандалари ер юзида тавозуъ ила юрадиган ва жоҳиллар хитоб қилганида «салом» дейдиганлардир», (Фурқон сураси, 63-оят) дея марҳамат қилган.

Учинчиси эса мулойим яъни, ҳалим киши. Албатта мулойимлик, Аллоҳ таоло яхши кўрадиган хислатдир.

Мулойимлик инсон учун берилган яхшиликларнинг барчасини ўзида жамлаган, Пайғамбарлар ва муқарраб бандаларнинг хислатидир. Ҳилм ва мулойимликка эга бўлиш жамики яхшиликларга эга бўлиш бўлса, ундан маҳрум бўлиш эса, барча яхшиликлардан маҳрум бўлиш билан баробардир.  Шунинг учун Набий (с.а.в.) юқоридаги ҳадисни айтганлар.

Албатта, юқорида зикр қилинган ҳислатлар билан безанмоқлик осон иш эмас. Чунки,  ўзгалар ҳожатини чиқариш, ҳар қандай ҳолатда ҳам тавозуъли бўлиш, қолаверса ўзгалар билан бўладиган муомалада мулойимлик ва босиқ  бўлиш ҳар кимнинг ҳам қўлидан келавермайди. Шунинг учун ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам  бу хислатларни ўзига жамлаб, одат қилиб олган кишиларни Аллоҳ жасадларини жаҳаннам азобига гирифтор қилмаслигини айтмоқдалар.

Демак, дўзах азобидан омонда бўлишни истаган ҳар қандай мўмин ушбу уч хислатга эга бўлмоқлиги лозимдир. Аллоҳ таоло барчамизни ушбу гўзал хислатлар билан безантирсин.

654 - وَعَنِ ابْنِ مَسْعُودٍ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ: «أَلَا أُخْبِرُكُمْ بِمَنْ يُحَرَّمُ عَلَى النَّارِ - أَوْ بِمَنْ تُحَرَّمُ عَلَيْهِ النَّارُ؟ - تُحَرَّمُ عَلَى كُلِّ قَرِيبٍ هَيِّنٍ لَيِّنٍ سَهْلٍ» رَوَاهُ التِّرْمِذِيُّ وَقَالَ: حَدِيثٌ حَسَنٌ [2488].


Улашиш
|
|
Нусха олиш