1098-ҳадис

1098. Жобир ибн Самура розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам олдимизга чиқиб: «Фаришталар Роббларининг ҳузурида саф тортганидек саф тортмайсизларми?!» дедилар. «Эй Аллоҳнинг Расули! Фаришталар Роббларининг ҳузурида қандай саф тортишади?» дедик. У зот: «Аввалги сафларни тўлдириб, сафда жипслашиб туришади», дедилар».

Имом Муслим ривояти. 

Шарҳ: Ҳадиснинг тўлиқ шакли қуйидагичадир:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам олдимизга чиқиб, «Сизларга нима бўлди, қўлларингизни худди асов отнинг думига ўхшатиб кўтаряпсизлар? Намозда сокин туринглар!» дедилар. Кейин яна олдимизга чиқиб, ҳалқа-ҳалқа бўлиб олганимизни кўрдилар-да, «Сизларга нима бўлди, тўп-тўп бўлиб олибсизлар?» дедилар. Кейинроқ яна олдимизга чиқиб, «Фаришталар Роббларининг ҳузурида саф тортганидек саф тортмайсизларми?!» дедилар. «Эй Аллоҳнинг Расули! Фаришталар Роббларининг ҳузурида қандай саф тортишади?» дедик. У зот: «Аввалги сафларни тўлдириб, сафда жипслашиб туришади», дедилар». (Имом Муслим ривояти).

Ушбу ҳадиси шарифдан кўриниб турибдики, намозда саф тортиб туриш, сиз билан биз ўйлагандек, оддий нарса эмас. Намоздаги сафларимиз фаришталарнинг Аллоҳ таоло ҳузурида саф тортишлари каби бир ишдир. Агар биз мусулмонлар ўз қадримизни биладиган бўлсак, Аллоҳга иймонимиз ва ибодатимиз ила фаришталардан юқори даражада бўла оламиз. Намозда сафда туриш эса ўша олий мақомнинг энг гўзал кўринишларидан биридир. Шунинг учун бу олий мақомни тўла ҳис қилган ҳолда саф тортиш керак. 

Чунки намозга саф тортаётган мусулмонлар жамоат бўлиб Аллоҳ ила роз айтиш учун саф тортаётган бўладилар. Уларнинг сафлари фаришталарнинг сафидек тўғри, жипс ва гўзал бўлиши керак. 

1098 - عَنْ جَابِرِ بْنِ سَمُرةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُمَا قَالَ: خَرَجَ عَلَيْنَا رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ فَقَالَ: «أَلَا تَصُفُّونَ كَمَا تُصُفُّ الْمَلَائِكَةُ عِنْدَ رَبِّهَا؟» فَقُلْنَا: يَا رَسُولَ اللهِ؛ وَكَيْفَ تَصُفُّ الْمَلَائِكَةُ عِنْدَ رَبِّهَا؟ قَالَ: «يُتِمُّونَ الصُّفُوفَ الأُوَلَ، وَيَتَرَاصُّونَ فِي الصَّفِّ». رَوَاهُ مُسْلِمٌ [430].


Улашиш
|
|
Нусха олиш