1099. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар: «Агар одамлар азон ва биринчи сафда нима борлигини билиб, кейин унга қуръа ташлашдан бошқа йўл топа олишмаса, албатта қуръа ташлашарди», дедилар..
Муттафақун алайҳ.
Шарҳ: Азонга жавоб бериш ва жамоат намозида биринчи сафда туриш ўта фазилатли иш экани.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бу ва бундан кейин келадиган ишлар савобининг миқдори ва ҳажми ҳақида рақам ёки баъзи бир ўхшатишларни ишлатмаяптилар. Уларнинг қанчалик эканини Аллоҳ таолонинг Ўзи билади. Лекин ҳадисда агар ўша нарсаларга бериладиган савоб ҳақиқатини бандалар билиб қолсалар, нима қилишлари васф этилмоқда.
«Агар одамлар азон ва биринчи сафда нима борлигини билиб, кейин унга қуръа ташлашдан бошқа йўл топа олишмаса, албатта қуръа ташлашарди».
Одатда одамлар ичида бирор нарсага ниҳоятда катта қизиқиш бўлганда, ҳамма ўзи ўша нарсага эришишини истаганда иш қуръа ташлаш йўли билан ҳал қилинади.
Азон ва жамоат намозида биринчи сафда туриш ана шундоқ катта қизиқиш билан талпинишимиз лозим бўлган ишлардан экан.
Ҳар бир мусулмон бор имконини ишга солиб бўлса ҳам, ҳатто қуръа ташлаб бўлса ҳам бунга эришишга ҳаракат қилмоғи лозим экан.
1099 - وَعَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ: أَنَّ رَسُولَ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ قَالَ: «لَوْ يَعْلَمُ النَّاسُ مَا فِي النِّدَاءِ وَالصَّفِّ الأَوَّلِ، ثُمَّ لَمْ يَجِدُوا إِلَا أَنْ يَسْتَهِمُوا عَلَيْهِ لاسْتَهَمُوا». مُتَّفَقٌ عَلَيهِ [خ 615، م 437].