1100. Яна у кишидан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Эркаклар сафининг энг яхшиси – аввалгиси, ёмони – охиргисидир. Аёллар сафининг энг яхшиси – охиргиси, ёмони – аввалгисидир», дедилар».
Имом Муслим ривояти.
Шарҳ: Эркакларнинг биринчи сафининг афзал бўлиши имомга яқинлиги учундир.
Биринчи сафдаги одам имомнинг ҳолини аниқ кўриб, овозини тиниқ эшитиб туради. Илоҳий раҳматга ҳам бошқалардан олдин эришади.
Чунки мазкур раҳмат аввал имомга, сўнгра биринчи сафга нозил бўлади. Аллоҳ таоло ва фаришталар ҳам олдин биринчи сафдагиларга салавот айтадилар.
Эркаклар сафининг охиргиси энг ёмони бўлиши имомдан узоқлиги учундир.
Аёллар сафининг энг ёмони аввалгиси бўлиши эркакларга яқин бўлгани учундир.
Аёлларнинг энг яхши сафи энг охиргиси бўлиши эркаклардан узоқ бўлгани учундир.
Шунинг учун эркаклар биринчи сафга ҳаракат қилишлари керак.
1100 - وَعَنْهُ قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ: «خَيْرُ صُفُوفِ الرِّجَالِ أَوَّلُهَا، وَشَرُّهَا آخِرُهَا، وَخَيْرُ صُفُوفِ النِّسَاءِ آخِرُهَا، وَشرُّهَا أَوَّلُهَا». رَوَاهُ مُسْلِمٌ [440].