1104. Яна у кишидан ривоят қилинади:
«Намозга иқома айтилди, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бизга юзланиб: «Сафларингизни тўғриланглар, етишиб-етишиб туринглар. Мен сизларни ортимдан ҳам кўриб тураман», дедилар».
Имом Бухорий шу лафз билан имом Муслим мана шу маънода ривоят қилдилар.
Имом Бухорийнинг бошқа ривоятида:
«Ҳар биримиз елкасини шеригининг елкасига ва оёғини унинг оёғига теккизиб турарди», дейилган.
Шарҳ: Ушбу ривоятлардан олинадиган фойдалар:
1. Намозга иқомат айтилгандан сўнг имом юзини қавмга ўгириб, уларни сафни тўғрилашга чақириши.
2. Қавм сафни етиштириб туриши лозимлиги.
3. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ортларидаги нарсани ҳам кўриш хусусиятлари борлиги.
4. Сафда елкани елкага текказиб туриш сафларни етиштиришнинг ниҳояси эканлиги.
Баъзилар сафда оёқни ёнидаги кишининг оёғига текказиб турмаса бўлмайди, деб ҳам тушунганлар.
Лекин кўпчилик уламолар бу фикрни қабул қилмаганлар. Бу ривоятдан қадамларни бир-бирига текказиб туриш Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг эмас, балки Анас розияллоҳу анҳунинг гаплари эканлиги маълум бўлди.
Намоз маълум ва машҳур ибодат. У фарз қилингандан бошлаб кўп йиллар давомида ҳамманинг иштирокида ва кўз ўнгида адо этилган. Расулуллоҳ алайҳиссалом кўпчиликка намозни ўргатганлар. Жумладан, сафда туришни ҳам. Ўша машҳур ривоятларнинг бирортасида сафда турган одам оёғини кериб ёнида турган кишининг оёғига теккизиши фарз, вожиб, суннат ёки мустаҳаб деб айтилмаган. Усули фиқҳ қоидасига биноан, намозга ўхшаш машҳур нарсаларда биргина саҳобийнинг гапи ҳужжат қилиб олинмайди. Худди шу қоидага биноан, мўътабар тўрт мазҳабдан бирортаси ҳам юқорида ўтган ривоятни қабул қилмаган. ҳанафийлар эса, икки оёқнинг орасини тўрт энлик миқдорда очиб туришни таъкидлаганлар, холос.
5. Сафнинг тўғрилиги намознинг батамомлигидан эканлиги. Яъни, жамоат намозида саф қанчалик тўғри бўлса, ўша намоз шунчалик тўкис адо этилади. Аксинча, саф қанчалик қинғир-қийшиқ бўлса, у шунчалик нуқсонли бўлади.
6. Сафнинг тўғрилиги намознинг гўзаллигидандир. Саф қанчалик тўғри бўлса, намоз шунчалик гўзал бўлади. Акс ҳолда намоз ўз гўзаллигини йўқотади.
Демак, мусулмонлар жамоат намозида сафларни жипс ва тўғри қилиш билан уммат ўртасидаги жипслик, иттифоқликни яхшилаб, ишларни батамом ва гўзал қилишга эришмоқлари мумкин.
1104 - وَعَنْهُ قَالَ: أُقِيمَتِ الصَّلَاةُ، فَأَقْبَلَ عَلَينَا رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ بِوَجْهِهِ فَقَالَ: «أَقِيمُوا صُفُوفَكُمْ وَتَرَاصُّوا، فَإنِّي أَرَاكُمْ مِنْ وَرَاءِ ظَهْرِي». رَوَاهُ البُخَاريُّ بِلَفْظِهِ، وَمُسْلِمٌ بمعْنَاهُ [خ 719، م 434].
وَفِي رِوَايَةٍ للبُخَارِيِّ: وَكَانَ أَحَدُنَا يُلْزِقُ مَنْكِبَهُ بِمَنْكِبِ صَاحِبِهِ وَقَدَمَهُ بِقَدَمِهِ» [725].