1105. Нўъмон ибн Башир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг «Ё сафларингизни тўғри қиласизлар, ё Аллоҳ юзларингизни бир-бирига тескари қилиб қўяди», деганларини эшитганман».
Муттафақун алайҳ.
Имом Муслимнинг ривоятида қуйидагича айтилади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам то бизни англаб етди деб билмагунларича сафларимизни камоннинг ўқини тўғрилагандек тўғрилар эдилар. Сўнг бир куни чиқиб, (намозга) турдилар. Энди такбир(и таҳрима) айтмоқчи бўлган эдилар, кўкси сафдан чиқиб турган бир кишини кўриб қолдилар ва: «Аллоҳнинг бандалари! Ё сафларингизни тўғри қиласизлар, ё Аллоҳ юзларингизни бир-бирига тескари қилиб қўяди», дедилар».
Шарҳ: Бу ҳадисда мусулмонлар намозга саф тортганларида уни тўғри қилишлари ўта лозимлиги таъкидланмоқда. Шу билан бирга, сафни тўғриламаслик мусулмонлар бир-бирларини ёмон кўришликка сабаб бўлишига ҳам урғу берилмоқда. Шунинг учун ҳам доимо сафни тўғри олишга ҳаракат қилишимиз зарур. Ана ўшанда ўзаро келишмовчилик, нафратдан омонда бўламиз. Минг афсуски кўпчилигимиз бунга унча эътибор қилмаймиз. Энди билиб олдик, эътибор бермасликка ҳаққимиз йўқ.
Маълумки, камоннинг ўқи қанчалик тўғри бўлса, у билан нишонга олиш шунчалик осон бўлади. Шунинг учун ҳам камончилар ўқнинг учига темир, кетига пат қадашдан олдин уни катта эҳтимом билан тўғрилайдилар. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам камончи ўқни қанчалик эҳтимом билан тўғриласа, намоздаги сафларни шунчалик эҳтимом ила тўғрилар эканлар.
Демак, имомлар намозни бошлашдан олдин катта эҳтимом билан сафларни тўғрилашлари лозим.
1105 - وَعَنِ النُّعْمَانِ بْنِ بَشِيرٍ رَضِيَ اللهُ عَنْهُمَا قَالَ: سَمِعْتُ رَسُولَ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ يَقُولُ: «لَتُسَوُّنَّ صُفُوفَكُمْ، أَوْ لَيُخَالِفَنَّ اللهُ بَيْنَ وُجُوهِكُمْ». مُتَّفَقٌ عَلَيهِ [خ 717/ م 436].
وَفِي رِوَايَةٍ لِمُسْلِمٍ: أَنَّ رَسُولَ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ كَانَ يُسَوِّي صُفُوفَنَا، حَتَّى كَأَنَّما يُسَوِّي بِهَا القِدَاحَ، حَتَّى رَأَى أَنَّا قَدْ عَقَلْنَا عَنْهُ، ثُمَّ خَرَجَ يَوْماً فَقَامَ حَتَّى كَادَ يُكَبِّرُ، فَرَأَى رَجُلًا بَادِيًا صَدْرُهُ مِنَ الصَّفِّ فَقَالَ: «عِبَادَ اللهِ؛ لَتُسَوُّنَّ صُفُوفَكُمْ، أَوْ لَيُخَالِفَنَّ اللهُ بَيْنَ وُجُوهِكُمْ» [436/128].