1106. Баро ибн Озиб розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам сафнинг у бошидан бу бошигача орасидан ўтиб, қўлларини қўйиб, елка ва кўкракларимизни (текислар) ва: «(Сафда) ихтилофли турманглар, яна қалбларингиз ихтилофли бўлиб қолмасин», дер эдилар. Яна: «Аллоҳ таоло ва Унинг фаришталари олдинги сафларга салавот айтадилар», дер эдилар».
Абу Довуд ҳасан иснод билан ривоят қилдилар.
Шарҳ: Бу ҳадиси шарифда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам сафларнинг тўғри бўлишига нафақат оғизда, балки амалда ҳам эътибор берганлари баён этилмоқда. Сафнинг тўғрилигини кўрганларига кифояланмай, қўллари билан ҳам ушлаб, тўғрилаб чиқишлари шуни кўрсатади.
Имомларимиз ҳам баъзан шундай қилишлари керак.
Иккинчидан, сафдаги қинғир-қийшиқлик мусулмонларнинг қалбларидаги қинғир-қийшиқликка ҳам сабаб бўлиб қолиши мумкинлиги баён қилинмоқда.
Демак, мусулмонлар жамоат намозида сафни тўғри олиб, бир хил тутсалар, қалблари ҳам тўғри ва бир хил бўлади. Агар улар сафларини қинғир- қийшиқ тутсалар, қалблари ҳам қинғир ва қийшиқ бўлиб қолади. Намоз ўқиб, жамоатда иштирок этганларнинг ҳоли шу бўлса, намоз ўқимай, жамоатга келмай юрганларнинг ҳоли қандоқ бўлишини ўзингиз билиб олаверинг!
Учинчидан, ҳадисда Аллоҳ биринчи сафда турганларга Ўз раҳматини нозил қилиши, фаришталар уларнинг ҳаққига истиғфор айтиб дуо қилишлари баён қилинмоқда.
Демак, сафда турган намозхонлар ўзларига Аллоҳнинг раҳмати ёғилаётганини ва фаришталар дуо қилаётганини ҳис қилиб турмоқлари лозим. Бу қандайин ҳам яхши ҳол! Уни топмоқ ва унга етишмоқ керак!
1106 - وَعَنِ البَرَاءِ بْنِ عَازِبٍ رَضِيَ اللهُ عَنْهُمَا قَالَ: كَانَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ يَتَخَلَّلُ الصَّفَّ مِنْ نَاحِيَةٍ إِلَى نَاحِيَةٍ؛ يَمسَحُ صُدُورَنَا، وَمَناكِبَنَا، وَيَقُولُ: «لَا تَخْتَلِفُوا فَتَخْتَلِفَ قُلُوبُكُمْ» وَكَانَ يَقُولُ: «إِنَّ اللهَ وَمَلَائِكَتَهُ يُصَلُّونَ عَلَى الصُّفُوفِ الأُوَلِ». رَوَاهُ أَبُو دَاوُدَ بِإِسْنَادٍ حَسَنٍ [664].