1107. Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар: «Сафларни тўғриланглар. Елкаларни текисланглар. Бўш жойларни тўлдиринглар. Биродарларингизнинг қўлига мулойим бўлинглар. Шайтонга бўш жой қолдирманглар. Ким сафни уласа, Аллоҳ уни (раҳматига) улайди, ким сафни узса, Аллоҳ уни узади».
Абу Довуд саҳиҳ иснод билан ривоят қилдилар.
Шарҳ: ҳадисда Пайғамбаримизнинг сафга тегишли бир неча амрлари келмоқда.
1. «Сафларни тўғриланг!»
Жамоат намозида нечта саф бўлса ҳаммасини тўғрилаш керак. Одатда биринчи, нари борса, иккинчи саф тўғриланади-да, кейинги сафларда бу нарсага эътибор берилмайди. Саф имомдан қанча узоқлашса, унинг тўғрилиги шунчалик бузилиб бораверади. Аслида эса биринчи саф қанчалик тўғри бўлса, охирги саф ҳам шунчалик тўғри бўлиши керак.
2. «Елкаларингизни тенглаштиринг!»
Одатда сафни тўғрилаш деганда, оёқлар тенглаштириладию, тананинг юқори қисмига эътибор берилмайди. Аслида эса оёқлар ва елкаларни ҳам тенглаштириб тўғрилаш керак. Оёқлар тўғри бўлиб, елкалар қинғир-қийшиқ турса ҳам бўлмайди.
3. «Очиқ жойларни тўлдиринг!»
Сафдаги очиқ қолган жойни тўлдириш орқадаги кишилардан бирининг ўша жойга кириши ёки очиқ жой кичик бўлса, ўша жойдаги кишининг ёнига силжиб, шеригига жипслашиши билан бўлади. Сафда турганлар бир-бирларига тегиб туришлари керак.
4. «Биродарларингиз қўлига мулойим бўлинг!»
Яъни, баъзи биродарларингиз сафни тўғрилаш ёки тўлдириш учун сизга қўлини теккизиб, тўғрилаш ёки силжишингизга ишорат қилса, мулойим бўлинг. Тезда у ишора этилган ишни бажаринг.
Имом Абу Довуд ва Имом Таборонийлар қилган ривоятда:
«Сизларнинг энг яхшиларингиз намозда елкалари мулойимларингиздир», дейилган.
5. «Шайтон учун очиқликлар қолдирманг!»
Бу жумла олдинги маъноларни таъкиди учун келмоқда. Сафда очиқлик қолдириш, шайтон кириши учун жой қолдиришдир.
Сафларни етказиб туриш улкан савобга сабаб бўлади. Аллоҳ таоло у бандани улуғ савобларга ва мурод-мақсадига етказади. Сафларни узиш эса, аксинча, яхшиликка олиб бормайди. Аллоҳ таоло томонидан яхшиликларнинг узилишига сабаб бўлади. Шунинг учун доимо сафга турганимизда мазкур ҳадислардаги амрларга амал қилишимиз керак.
1107 - وَعَنِ ابْنِ عُمَرَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُمَا، أَنَّ رَسُولَ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ قَالَ: «أَقِيمُوا الصُّفُوفَ وَحَاذُوا بَينَ الْمَنَاكِبِ، وَسُدُّوا الخَلَلَ، وَلِينُوا بِأَيْدِي إِخْوَانِكُمْ، وَلَا تَذَرُوا فُرُجَاتٍ للشَّيْطَانِ، وَمَنْ وَصَلَ صَفّاً وَصَلَهُ اللهُ، وَمَنْ قَطَعَ صَفّاً قَطَعَهُ اللهُ». رَوَاهُ أَبُو دَاوُدَ بِإِسْنَادٍ صَحِيحٍ [666].