1108. Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар: «Сафларингизни жипслаштиринглар, орасини яқинлаштиринглар, бўйинларни текисланглар. Жоним қўлида бўлган Зотга қасамки, мен шайтоннинг сафдаги очиқ жойлардан қўзичоқларга ўхшаб кириб олаётганини кўриб тураман».
Саҳиҳ ҳадис бўлиб, Абу Довуд Муслимнинг шартига мувофиқ бўлган иснод билан ривоят қилдилар.
Шарҳ: Ушбу ҳадиси шарифда сафларнинг тўғрилаш билан бирга, яна лозим бўлган бошқа нарсаларга ҳам эътибор қаратилмоқда.
Шулардан бири сафларнинг жипслигидир. Сафда турган кишилар сафни тўғри тутишлари, жипслашиб туришлари зарур. Бир-бирларининг ораларида очиқ жой қолмаслиги керак. Агар ўшандоқ жой қолса ҳам шайтон кириб васваса қилиши мумкин.
Иккинчидан, аввалги саф билан кейинги саф орасида ҳам катта жой қолмаслиги керак. Баъзи уламоларимиз, икки саф орасидаги масофа яна бир саф сиғиши даражасида бўлмаслиги керак, деганлар. Бошқа бир уламоларимиз, оралиқ масофа уч зироъ (1 зироъ – 42.5 см.) бўлиши керак, деганлар.
Бошқачароқ айтадиган бўлсак, кейинги сафдаги одам сажда қилганда олдинги сафдаги кишининг оёғига боши тегмайдиган бўлса, яхши. Саҳобаи киромларнинг сафлари шундай бўлган.
Учинчидан, сафда турган одамлар қаддиларини ҳам рост тутиб, бўйинларини тўғри тутишлари керак. Оёқларни тўғриласа-да, бири олдинга эгилиб, бошқаси орқага ташланиб, учинчиси яна бошқача турмаслиги керак.
1108 - وَعَنْ أَنَسٍ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ: أَنَّ رَسُولَ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ قَالَ: «رُصُّوا صُفُوفَكُمْ، وَقَارِبُوا بَيْنَهَا، وَحَاذُوا بِالأَعْنَاقِ، فَوَالَّذِي نَفْسِي بِيَدِهِ؛ إِنِّي لأَرَى الشَّيْطَانَ يَدْخُلُ مِنْ خَلَلِ الصَّفِّ، كَأَنَّهَا الحَذَفُ». حَدِيثٌ صَحِيحٌ رَوَاهُ أَبُو دَاوُدَ بِإِسْنَادٍ عَلَى شَرْطِ مُسْلِمٍ [667].
«الحَذَفُ» بِحَاءٍ مُهْمَلَةٍ وَذَالٍ مُعْجَمَةٍ مَفْتُوحَتَينِ ثُمَّ فَاءٌ، وَهِيَ: غَنَمٌ سُودٌ صِغَارٌ تَكُونُ بِالْيَمَنِ.