1109-ҳадис

1109. Яна у кишидан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Олдинги сафни тўлдиринглар, кейин ундан кейингисини. Ноқислик бўлса, охирги сафда бўлсин», дедилар».

Абу Довуд ҳасан иснод билан ривоят қилдилар. 

Шарҳ: Одатда дангасалигимиздан олдинги сафга ўтиб уни тўлдириш ўрнига ҳам ўзимиз турган жойга яқинроқ бир ерга туриб олишга ҳаракат қилаверамиз. Оқибатда, олдинги сафлар тўлмай туриб, бошқа сафлар олинади. Бу эса мутлақо нотўғридир.

Аввал ҳамма биринчи сафни тўлдиришга ҳаракат қилиши лозим. Қолаверса, саф қуришнинг бошланиш нуқтаси имомнинг ортидан олинишини билишимиз лозим.

Чунки ҳар бир сафнинг энг афзал нуқтаси имомнинг орқасидаги жой, кейин эса ўнг томонидир.  Шунинг учун ҳар бир сафни имомнинг орқасидаги нуқтадан бошлаб аввал ўнг томонни, кейин чап томонни тўлдириш керак. 

Аввалги саф тўлганидан сўнг иккинчи сафга ўтиш керак. Шундоқ сафлана борилса, ҳамма сафлар тўлиб, фақат охирги саф тўлмай қолиши мумкин. Бу эса жоиздир.

1109 – وَعَنْهُ: أَنَّ رَسُولَ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ قَالَ: «أَتِمُّوا الصَّفَّ الْمُقَدَّمَ، ثُمَّ الَّذِي يَلِيهِ، فَمَا كَانَ مِنْ نَقْصٍ فَلْيَكُنْ فِي الصَّفِّ الْمُؤَخَّرِ». رَوَاهُ أَبُو دَاوُدَ بِإِسْنَادٍ حَسَنٍ [671].


Улашиш
|
|
Нусха олиш