1116-ҳадис

1116. Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам пешин (фарзи)дан олдин тўрт ракат ва бомдод (фарзи)дан олдинги икки ракат суннатни тарк қилмасдилар».

Имом Бухорий ривояти. 

Шарҳ: Бир намоз бор. Муаззин тонг отганда азон айтиб, «Намоз уйқудан яхшидир. Намоз уйқудан яхшидир» дейди. Бу гапни эшитган ақлли инсон дарҳол ўрнидан туриб, таҳорат олиб, муаззиннинг чақириғига лаббай деб масжидга, намозга шошади. Бу шундай намозки, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам у ҳақида тарғиб сўзларини айтиб, биз умматларини қизиқтирганлар.

Тўшагидан тургиси келмаган, танасини дангасалик эгаллаб олган киши азон пайтида кўзини бир очади-да, яна уйқуни давом эттиради ёки азонни эшитмай ухлаб ётади. Агар у мазкур намознинг қадрини, унда қандай яхшиликлар борлигини билганида эди, уни ҳеч қачон тарк қилмаган, ухлаб ётмаган бўларди. Аксинча, қўлига Қуръони Каримни олиб, тиловат қилганча ўша намозни соғинч ва шавқ билан кутиб ўтирарди.

Бу намоз бомдоднинг икки ракат суннатидир. Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам «Бомдоднинг икки ракати дунё ва ундаги нарсалардан яхшидир» деганлар. Имом Муслим ривоятлари. 

Бошқа бир ривоятда «У иккиси мен учун дунёдаги барча нарсадан маҳбубдир» дейилган.

Ушбу ҳадисларда айтилаётган «икки ракат»дан мурод бомдоднинг фарзидан олдин ўқиладиган суннат намоздир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ушбу намозга жуда ҳарис эдилар, уни қолдирмасдан ўқирдилар.

«Дунё ва ундаги нарсалардан яхшидир» дегани дунёнинг барча матосидан яхшидир деганидир. Оқил инсон охиратда ютуққа эришиш учун дунёда амал қилган, нафсига қарши курашган, Аллоҳ таолони рози қилиш сари юзланган кишидир.

Модомики, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ушбу суннат намозни ўқишга шунчалик эътиборли бўлган эканларми, демак, биз умматлари ҳам у зоти бобаракотга эргашиб, уни қолдирмай ўқишимиз керак. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам бежизга мазкур намозни ўқишга ҳарис бўлмаганлар. Унда кўп хайр-барака борлигидан шундай қилганлар. Оиша онамиз розияллоҳу анҳо «(У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам) ўша суннатни ҳеч қачон қолдирмаганлар» деганлар.

 Яна Оиша онамиз розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам нафллардан ҳеч бирига Бомдоднинг икки ракъатига аҳд қилганларидек шиддатли аҳд қилмаган эдилар». Имом Бухорий ва Муслим ривояти).

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бу таъкидланган суннатни ўқишга нақадар ҳарис бўлганларини кўринг! Нима учун? Чунки, бу суннат намоз энг афзал пайтда адо этилади. Ҳатто бомдодни қазо қилган одам ўша куни қиёмдан олдин бомдоднинг қазосини ўқиб олмоқчи бўлса, аввал суннатини ўқиб, кейин фарзининг қазосини ўқийди.

Бомдоднинг икки ракат суннатини ҳақида шунчалик тарғиб бўлгандан сўнг, унинг фарзи ҳақида нима деб ўйлайсиз?

Таъкидланган суннат намозлар ичида энг улуғи бомдоддан олдин ўқиладиган икки ракат суннатдир.

Ушбу сўзларни ўқиганимиздан сўнг ҳам мазкур намоз ва бошқа намозларга нисбатан ғофиллик қиламизми? Улкан савобдан қуруқ қоламизми? Ваҳоланки, биз Роббимизнинг улуғ ҳадяларига, ажрларига кўпроқ муҳтожмиз-ку!

1116 - عَنْ عَائِشَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهَا: أَنَّ النَّبِيَّ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ كَانَ لَا يَدَعُ أَرْبَعاً قَبْلَ الظُّهْرِ، وَرَكْعَتَيْنِ قَبْلَ الغَدَاةِ. رَوَاهُ البُخَارِيُّ [1182].


Улашиш
|
|
Нусха олиш