1118. Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Бомдоднинг икки ракъати дунё ва ундаги нарсалардан яхшидир», дедилар».
Имом Муслим ривоятлари.
Имом Муслимнинг бошқа ривоятида:
«Бу иккиси мен учун бутун дунёдан маҳбуброқ», деганлар.
Шарҳ: Ушбу ҳадисда Бомдоднинг икки ракъат суннати ҳақида сўз бормоқда. У икки ракъат намоз энг фазилатли вақтда ўқилади. Унинг савоби ниҳоятда улкандир. Агар Бомдоддаги икки ракъат суннат намознинг савобини бу дунёнинг ўлчови билан ўлчайдиган бўлсак, дунёнинг ҳаммасидан ва ундаги нарсаларнинг ҳаммасидан ҳам яхши бўлади.
Демак, ҳар куни саҳар туриб, яхшилаб таҳорат қилиб икки ракъат Бомдод суннатини ўқиган одам дунёдаги энг кўп савоб олган одам бўлар экан.
Намозхонлар ўзларидаги бу фазлни англаб етишлари лозим.
Бомдоднинг суннатини ўқиш қанчалар зарур эканини Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг:
«Агар сизни отлиқлар қувиб турса ҳам иккисини қўйманглар», деган сўзларидан тушуниб олсак бўлаверади. Яъни, душман бостириб келиб турса ҳам Бомдоднинг икки ракъат суннатини тарк қилманг, деганлар.
1118 – وَعَنْهَا، عَنِ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ قَالَ: «رَكْعَتَا الفَجْرِ خَيْرٌ مِنَ الدُّنْيَا وَمَا فِيهَا». رَوَاهُ مُسْلِمٌ [725].
وَفِي رِوَايَةٍ لَهُمَا: أَحَبُّ إِليَّ مِنَ الدُّنْيَا جَمِيعاً» [م 725/97].