1122. Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам тунда намозни икки ракъат-икки ракъатдан ўқир ва туннинг охирида бир ракъат билан витр (тоқ) қилар эдилар. Бомдод намозидан олдинги икки ракъатни эса худди қулоқларига иқома (айтилаётгандек тез) ўқир эдилар», деди».
Шарҳ: Бу ҳадисга Имом Шофеъий ва бошқа мазҳабдагилар амал қилишади. Бизнинг Ҳанафия мазҳабида эса бунинг муқобилидаги бошқа саҳиҳ бир ҳадисга амал қилинади.
Ҳанафий мазҳабида витр намози вожиб, бошқа мазҳабларда эса вожиб эмас. Ҳанафий мазҳабидан бошқа мазҳабларда фарз ва вожиб тушунчалари ўртасида фарқ йўқ. Шунинг учун уч мазҳаб уламолари беш вақт намознинг фарзлиги ҳақидаги далил-ҳужжатларни келтириб, витрни ҳам вожиб десак, намоз олти маҳал бўлиб қолади, деган фикрга борганлар.
Ҳанафий мазҳабида фарз билан суннатнинг орасида вожиб ҳам борлиги учун ҳамда витр намози ҳақидаги далиллар фарздан кучсиз, суннатдан кучли бўлгани учун вожиб дейилган.
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Витр ҳар бир мусулмон зиммасидаги ҳақдир. Ким витрни беш ракъатли қилмоқчи бўлса, қилсин. Ким витрни уч ракъатли қилмоқчи бўлса, қилсин. Ким витрни бир ракъатли қилмоқчи бўлса, қилсин», дедилар».
(Абу Довуд ва Насоийлар ривоят қилишган).
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг «Витр ҳар бир мусулмон зиммасидаги ҳақдир» деганлари вожиб маъносидадир. Унда витрнинг ҳар бир мусулмон зиммасидаги ҳақ экани таъкидланиб, унинг неча ракат бўлиши ҳам айтиб ўтилган. Ушбу ҳадис ҳанафий мазҳабининг энг кучли далилларидан бири ҳисобланади. Шофеъий мазҳабида витр бир ракъат, ҳанафий мазҳабида уч ракъатдир.
Бир кечада фақат бир марта витр намози ўқиш лозим. Ҳанафий мазҳабида витр намозининг вақти хуфтон намозининг вақтидир. Шу билан бирга, витр намози кишининг ётишдан олдин ўқийдиган намози бўлиши, агар кечаси тура олишига кўзи етмаса, уни ўқиб, кейин ётиш кераклиги таъкидланган. Ҳанафий мазҳаби бўйича витр намозининг учинчи ракъатида қунут дуоси ўқилади. Бомдод намозида қунут ўқиш эса ҳанафий мазҳабига кўра мансухдир.
Имом Баззор, Табароний, Ибн Абу Шайба ва Таҳовийлар Ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан қилган ривоятда: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам бомдод намозида бир ой қунут ўқиб, сўнгра тарк қилдилар», дейилган.
Ҳанафий мазҳаби витрда рукуъдан олдин қунут дуосини ўқишга қуйидаги далилларни келтиришади:
1. Умар, Алий ибн Абу Толиб, Абдуллоҳ ибн Масъуд, Абдуллоҳ ибн Аббос, Убай ибн Каъблардан қилинган ривоятда: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қунутлари тоқ рукуъдан олдин эди», дейилган.
2. Дорақутний Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан қилган ривоятда: «Витрда қунутни қандай ўқишларини кўриш учун Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан тунаб қолдим. Витрда рукуъдан аввал қунут ўқидилар. Сўнгра онам Умму Абдга бориб, у зотнинг завжалариникида ётиб қолиб, кўринг-чи, витрда қунутни қандай ўқир эканлар, дедим. Онам келиб, у зотнинг рукуъдан олдин қунут ўқиганларини айтдилар».
3. Юқорида зикр қилинган Ҳасан ибн Алий розияллоҳу анҳунинг ҳадислари ва бошқа кўплаб ҳадислар.
Ҳанафий ва моликий мазҳаби уламолари қунутда ўқиладиган дуога ушбу далилни келтирадилар:
Имом Абу Довуд Холид ибн Абу Имрондан ривоят қилади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Музарни дуоибад қилаётганларида бирдан Жаброил келди ва у зотга «жим» деб ишора қилди. У зот жим бўлдилар. У: «Эй Муҳаммад, Аллоҳ сени сўконғич қилиб ҳам, лаънатловчи қилиб ҳам юборгани йўқ. Балки сени оламларга раҳмат қилиб юборди. Сенга бу ишдан ҳеч бир нарса йўқдир», деди. Сўнгра қунутни ўргатди: «Аллоҳумма, иннаа настаъийнука ва настаҳдийк, ва настағфирука ва натуубу илайк. Ва нуъмину бика ва натаваккалу ъалайк. Ва нуснии ъалайкал хойро куллаҳ. Нашкурука ва лаа накфурук, ва нахлаъу ва натруку май яфжурук. Аллоҳумма, иййаака наъбуду ва лака нусолли ва насжуд, ва илайка насъаа ва наҳфид. Ва наржуу роҳматак, ва нахшаа ъазаабак. Инна ъазаабака бил куффаари мулҳиқ» (Аллоҳим, биз Сендан ёрдам сўраймиз, Сендан ҳидоят сўраймиз, Сенга истиғфор айтамиз ва Сенга тавба қиламиз. Сенга иймон келтирамиз ва Сенга таваккул қиламиз. Сенга шукр қиламиз, куфр қилмаймиз. Сенга фожирлик қилганни яккалаймиз ва тарк қиламиз. Аллоҳим, Сенгагина ибодат қиламиз, Сенгагина намоз ўқиймиз ва сажда қиламиз, Сенгагина интиламиз ва шошиламиз. Раҳматингдан умидвормиз, азобингдан қўрқамиз. Албатта, Сенинг азобинг кофирларга етгувчидир).
Саҳобаи киромлар ушбу дуога иттифоқ қилганлар, бу дуо Умар ибн Хаттоб ва Абдуллоҳ ибн Умарнинг дуолари сифатида ҳам машҳур бўлган.
1122 - وَعَنِ ابْنِ عُمَرَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُمَا قَالَ: كَانَ النَّبِيُّ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ يُصَلِّي مِنَ اللَّيْلِ مَثْنَى مَثْنَى، وَيُوتِرُ بِرَكْعَةٍ مِنْ آخِرِ اللَّيْلِ، وَيُصَلِّي الرَّكْعَتَينِ قَبْلَ صَلَاةِ الغَدَاةِ وَكَأَنَّ الأَذَانَ بأُذُنَيْهِ. مُتَّفَقٌ عَلَيهِ [خ 995، م 749/157].