1137. Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам асрдан олдин икки ракъат ўқирдилар».
Абу Довуд саҳиҳ иснод билан ривоят қилдилар.
Шарҳ: Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам аср намозининг суннатини фарздан аввал баъзан икки ракат, баъзан эса тўрт ракат ўқиганлари баён қилинмокда. Пайғамбаримиз аср намозининг фарзидан кейин суннат намоз ўқишликка рухсат бермаганлар.
Умар (р.а.) шундай дедилар: «Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам аср намозидан кейин кун ботгунига қадар намоз ўқишни ман этдилар». (Имом Бухорий ривояти).
Ислом олимлари аср намози суннатини «Суннати муаккада» эмаслигини билдиришган. Яъни баъзан қилиниб, баъзан тарк этилиши мумкин бўлган мустаҳаб амаллардан биридир. Юқоридаги ҳадисда очиқланганидек, ким Аллоҳнинг раҳматига эришмоқни истаса, бу суннат намозини ўқисин.
Ҳадисдан ўрганганларимиз:
1. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам аср намозининг суннатини баъзан икки ракат, баъзан тўрт ракат ўқиганлари.
2. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам аср намозининг фарзидан олдин тўрт ракат суннатни ўқиганларга дуо қилганлари.
3. Аср намозининг суннати таъкидланган суннат эмас, балки доимий қилган киши кўп савобни қўлга киритиши.
1137 - وَعَنْ عَلِيِّ بْنِ أَبِي طَالِبٍ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ: أَنَّ النَّبِيَّ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ كَانَ يُصَلِّي قَبْلَ العَصْرِ رَكْعَتَيْنِ. رَوَاهُ أَبُو دَاوُدَ بِإِسْنَادٍ صَحِيحٍ [1272].