1147. Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам жумадан кейин намоз ўқимасдан қайтардилар ва уйларида икки ракъат ўқир эдилар», деди».
Имом Муслим ривояти.
Шарҳ: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам жумадан кейин икки ёки тўрт ракат уйларида ўқирдилар. Ҳанафий мазҳабидагилар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг жуманинг фарзидан олдин ҳам, кейин ҳам тўрт ракат суннат ўқиганларидаги ҳадисни ихтиёр қилишган.
Жума намозининг фарзидан сўнг Пайғамбаримиз тўрт ракат суннат намози ўқиганлари ва умматларига ҳам тавсия қилганлари баён қилинган. Ҳадислардан яна бир маълумотга кўра, пайғамбаримиз жума намозининг фарзидан кейин уйларига бориб, уйда икки ракат намоз ўқиганлари очиқланган. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг масжидда суннат намозини ўқимаганларининг сабаби, умматларига машаққат бўлмаслигини ўйлаб кўпинча суннат намозларни уйларида ўқиганлар.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Бирингиз жума намозини ўқиб бўлса, ундан кейин тўрт ракъат намоз ўқисин», дедилар».
(Имом Муслим ривояти).
Бундан жума намозининг фарзидан кейинги суннат тўрт ракат экани саҳиҳ ҳадислар ила собит бўлади.
Саҳобалардан бири Абдуллоҳ ибн Маъсуд (р.а.) жума намозининг фарзидан олдин тўрт ракат суннат, кейин яна тўрт ракат суннат ўқиганлари келтирилади. (Сунани Термизий, жума боби).
Ушбу ривоят жума фарзидан олдин тўрт ракат, жума фарзидан кейин тўрт ракат суннат ўқиш учун далил ва ҳужжатдир.
Бу эса, баъзи кишиларнинг жуманинг фарзидан олдин тўрт ракат суннат ўқиш нотўғри дейишларига жавоб бўла олади.
Ҳанафий мазҳаби бўйича «Жума намозидан олдин тўрт ракат суннат ўқилади» деган ҳукмнинг албатта ҳужжати бор. Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳудан ва Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳудан муҳаддис уламоларимиз бир қанча ривоятларни келтиришган. Буларнинг барчасида Пай-ғамбаримиз Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васаллам жума намозидан олдин тўрт ракат суннат намозлари ўқи-ганлари тўғрисида баёнотлар келган. Шунингдек, Умму Салама онамиз розияллоҳу анҳодан ҳам ва яна бошқа бир қанча кишилардан бу борадаги ривоятлар келган. Ана ўша ривоятларни олиб, «Ҳанафий мазҳабида худди пешиндан олдин тўрт ракат суннат намози ўқилганидек, жума намозидан олдин ҳам тўрт ракат суннат намози ўқилади» деган ҳукм жорий бўлган ва бунга ҳанафий мазҳабидаги кишилар аввал бошдан амал қилиб келяптилар. Буни ҳозирги кунги мўмин-мусулмонлар ҳам яхши билишлари, бошқа аҳкомлар қаторида бу нарса ҳам далилли, ҳужжатли бир ҳукм экани яхши англаб олишлари лозим бўлади. Валлоҳу аълам.
1147 - وَعَنِ ابْنِ عُمَرَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُمَا: أَنَّ النَّبِيَّ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ كَانَ لَا يُصَلِّي بَعْدَ الجُمُعَـةِ حَتَّى يَنْصَرِفَ فَيُصَلِّي رَكْعَتيْنِ فِي بَيْتِهِ. رَوَاهُ مُسْلِمٌ [882/71].