1151-ҳадис

1151. Умар ибн Ато розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Нофеъ ибн Жубайр уни Намирнинг жияни Соибга Муовия унинг намози ҳақида нима деганини сўрашга юборибди. У шундай дебди: «Хўп. Жума намозини у билан мақсурада ўқидим. Имом салом бергач, ўрнимдан туриб, турган жойимда (нафл) намоз ўқидим. У кириб кетгач, менга одам юбориб, шундай деди: «Бошқа бундай қилма. Жумани ўқиб бўлгач, то гапирмагунингча ёки ташқарига чиқмагунингча уни бирор намозга улаб юборма. Чунки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам гапирмай туриб ёки ташқари чиқмай туриб, (бошқа) намозга уланиб кетмасин деб, бизни шунга буюрганлар 

Имом Муслим ривояти. 

Шарҳ: Мақсура – масжидда имом учун ажратилган меҳроб. Мақсурани биринчи бўлиб Муовия розияллоҳу анҳу ўзига суиқасд уюштирилгандан сўнг қилдирган.

Фарз намозлари билан нафл ва бундан бошқа намозларни орасини сўзлашиш ёки фарз ўқиган ўрнини ўзгартириш ёки масжиддан уйига чиқиб кетиш билан ажратиш суннат амалдир.

Соиб ибн Язид:

«Менга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга видолашув ҳажида ҳаж қилдирилган. Ўшанда мен етти ёш эдим», деди». (Термизий ривоят қилган).

Демак, саҳобаи киромлар Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳаётлик чоғларида ёш болаларини ҳаж қилдиришар экан. Ушбу ривоят ровийлари Соиб ибн Язид розияллоҳу анҳунинг оталари ўзлари билан олиб юриб, ҳаж қилдирган эканлар. Ўша ҳаж Пайғамбар алайҳиссаломнинг видолашув ҳажларида бўлиб, боланинг ёши еттида экан.

Соиб ибн Язид ибн Саид ал-Киндий, кунялари Абу Язийд, ҳижратнинг иккинчи йилида таваллуд топдилар.

Ҳажжатул Вадоъ куни бу киши ва оталари Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга ҳаж қилдилар. Ўша вақтда Соиб етти ёшда бўлган. 

Умар ибн Хаттоб халифалик даврларида бу зот Мадина бозорлари устидан бошлиқ эдилар. 

Ҳижратнинг 91-йили Мадинада вафот этдилар. Мадинада энг охирги вафот этган саҳоба, шу кишидирлар. 

Ҳадиси шарифда исми зикр этилган икки саҳоба ва икки тобеъин хақида сўз боради. Бу шахслардан бири, таниқли бўлган Муовия ибн Абу Суфёндир. Воқеа унинг халифалиги даврида содир бўлган. Бир куни Муовия масжидда эди. Жума намозининг фарзи адо қилинганидан кейин Соиб ибн Язид фарзини ўқиган жойида жума намозининг охирги суннатини ўқиди. Буни кўрган Муовия уни ҳаммани олдида изза қилмаслик учун уйига боргач ёнига чақиртиради ва суннат намозларни уйда ўқиш кераклигини айтиб ҳадисларни очиқлайди. Бу хақда 1147- ҳадисда батафсил айтиб ўтилди. 

Ҳадисдан ўрганганларимиз:

1. Фарз ва Суннат намозларини бир биридан айри ўқимоқлик керак, яъни фарзини ўқиган жойини ўзгартириб, бошқа жойда ўқимоқлиги керак. 

2. Энг хайрлиси фарзлар масжидда, суннат намозлар уйда ўқилишлигидир. Бунда уйимизнинг файзи ва барокати ҳам ортади. 

3. Бир кишига огоҳлантириш бериш керак бўлса, уни ҳеч кимга эшиттирмай, ҳеч ким кўрмаган жойда айтиши лозим.

1151 - وَعَنْ عُمَرَ بْنِ عَطَاءٍ: أَنَّ نَافِعَ بْنَ جُبَيْرٍ أَرْسَلَهُ إِلَى السَّائِبِ ابْنِ أُخْتِ نَمِرٍ يَسْأَلُهُ عَنْ شَيْءٍ رَآهُ مِنْهُ مُعَاوِيةُ فِي الصَّلَاةِ، فَقَالَ: نَعَمْ صَلَّيْتُ مَعَهُ الجُمُعَةَ فِي الْمَقْصُورَةِ، فَلَمَّا سَلَّمَ الإِمَامُ قُمْتُ فِي مَقَامِي فَصَلَّيْتُ، فَلَمَّا دَخَلَ أَرْسَلَ إِلَيَّ فَقَالَ: لَا تَعُدْ لِمَا فَعَلْتَ، إِذَا صَلَّيْتَ الجُمُعَةَ، فَلَا تَصِلْهَا بِصَلَاةٍ حَتَّى تَتَكَلَّمَ أَوْ تَخْرُجَ؛ فَإنَّ رَسُولَ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ أَمَرَنَا بِذَلِكَ؛ أَلَّا نُوصِلَ صَلَاةً بِصَلَاةٍ حَتَّى نَتَكَلَّمَ أَوْ نَخْرُجَ. رَوَاهُ مُسْلِمٌ [883].


Улашиш
|
|
Нусха олиш