1152-ҳадис

1152. Али розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Витр бошқа фарз намозлари каби фарз эмас. Лекин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уни суннат қилиб: «Албатта Аллоҳ тоқдир. Тоқни яхши кўради. Эй Қуръон аҳли, сизлар ҳам витрни тоқ қилинглар”, деб айтдилар. 

Абу Довуд ва Термизий ривоят қилишган. Термизий ҳасан ҳадис, дедилар.


Шарҳ: Аллоҳ тоқдир, дегани шериги йўқдир, жуфт эмасдир, маъносидандир. Шу маънода Аллоҳ таоло витр – (тоқ) намозни яхши кўрар экан.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг, мўмин-мусулмонларга «Эй аҳли Қуръон», деб мурожаат қилишлари, «Витр намозини ўқинг», деб амр қилишлари бу намознинг вожиб эканини, ўқимаса бўлмаслигини кўрсатади. 

Ортидан «Аллоҳ тоқдир, тоқни яхши кўрур!» дейишлари ҳам шу маънони таъкидлайди. 

Шунинг учун ҳанафий мазҳаби витр намозини вожиб, деган. Бошқа мазҳаблар эса вожиб эмас, деганлар. Аввал кўриб ўтганимиздек, ҳанафий мазҳабидан бошқа мазҳабларда фарз ва вожиб тушунчалари бир маънони, ҳанафий мазҳабидаги фарз маъносини англатади. Шунинг учун беш вақт намоз фарзлиги ҳақидаги далил ва ҳужжатларни келтириб, уч мазҳаб вакиллари витрни ҳам вожиб, десак олти вақт намоз бўлиб қолади, деган фикрга борганлар.

Ҳанафийларда эса, фарз билан суннатнинг орасида вожиб борлиги ва витр намози ҳақидаги далиллар фарздан кучсиз, суннатдан кучли бўлгани учун вожиб, дейилган. Уларнинг битта далиллари ҳам ушбу ҳадисдир.

1152 - عَنْ عَلِيٍّ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ قَالَ: الوِتْرُ لَيْسَ بِحَتْمٍ كَصَلَاةِ الْمَكْتُوبَةِ، وَلَكِنْ سَنَّ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ قَالَ: «إنَّ اللهَ وِتْرٌ يُحِبُّ الْوِتْرَ، فَأَوْتِرُوا يَا أَهْلَ الْقُرْآنِ».

رَوَاهُ أَبُو دَاوُدَ، وَالتِّرْمِذِيُّ وَقَالَ: حَدِيثٌ حَسَنٌ [د 1416، ت 453].


Улашиш
|
|
Нусха олиш