1159-ҳадис

1159. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Халилим соллаллоҳу алайҳи васаллам менга ҳар ойда уч кун рўза тутишни; чошгоҳнинг икки ракъатини; ётишдан олдин витр ўқишни тайинлаганлар васият қилганлар».

Муттафақун алайҳ.

Ухлашдан олдин витрни ўқиш кечанинг охирида уйғонишига ишонмаган кишилар учун мустҳабдир. Агар уйғонишига ишонса, кечанинг охирида ўқиш афзалдир. 

Шарҳ: Халил деб холис, синалган, насиҳатгўй, вафодор, чин дўстга айтилади. Халил қалбан бирлашиб кетган, дилдан боғланган деганидир. Унинг маъносини Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг «Агар Аллоҳдан бошқани халил тутиш мумкин бўлганида, Абу Бакрни халил тутар эдим», деган сўзларидан ҳам англаб олиш мумкин.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу фахр билан Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламни халилим – холис синалган дўстим деб атамоқдалар.

Ушбу ҳадиси шарифда уч нарсага тарғиб қилинмоқда: 

1. «Ҳар ойда уч кун нафл рўза тутмоқ». 

Бу масала «Рўза» китобида батафсил келади. Ўшанда, Аллоҳ хоҳласа, ҳар ойда уч кун нафл рўза тутмоқ йил бўйи рўза тутишга тенг эканини ҳам ўрганасиз. Ҳозир эса ушбу набавий васиятга амал қилмай юрган ҳар ойда уч кун нафл рўза тута бошласалар яхши бўлади.

2. «Икки ракат чошгоҳ намози». 

Бу намоз аввобийнлар намозидир. Бу ҳадисда эса, чошгоҳ намози Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шахсий васиятлари сифатида васф қилинмоқда. Биз эса, бу набавий васиятга ҳам амал қилиб, авваллари бу намозни ўқимай юрган бўлсак, ушбу ҳадисни ўрганганимиздан кейин уни ўқишга киришмоғимиз лозим.

3. «Ухлашдан олдин витр намози ўқиш». 

Мусулмон киши агар кечаси таҳажжуд намозига туришига ишонмай, ухлаб қолишдан қўрқса, ухлашидан бевосита олдин витр намозини ўқиб ётиши керак. Биз бу набавий васиятга ҳам ҳаётимиз бўйи амал қилишимиз зарур.

1159- عَنْ أَبِي هُرَيرَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ قَالَ: أَوْصَانِي خَلِيلِي صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ بِصِيَامِ ثَلَاثَةِ أَيَّامٍ مِنْ كُلِّ شَهْرٍ، وَرَكْعَتَي الضُّحَى، وَأَنْ أُوتِرَ قَبْلَ أَنْ أَرْقُدَ». مُتَّفَقٌ عَلَيهِ [خ 1981، م 721].

وَالإِيْتَارُ قَبْلَ النَّوْمِ إِنَّمَا يُسْتَحَبُّ لِمَنْ لَا يَثِقُ بِالإِسْتِيْقَاظِ آخِرَ اللَّيْلِ فَإِنْ وَثِقَ فَآخِرُ اللَّيْلِ أَفْضَلُ.


Улашиш
|
|
Нусха олиш