1163-ҳадис

1163. Зайд ибн Арқам розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Зайд ибн Арқам бир қавмнинг чошгоҳ намози ўқиётганини кўриб, шундай деди: «Улар бу намознинг бундан бошқа пайтда афзаллигини билишмайдими? Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Аввоблар намози бўталоқлар (туёғи) қизиган пайтдадир», деганлар».

Имом Муслим ривояти.

Шарҳ: Зайд ибн Арқам розияллоҳу анҳу бу гапни Қубо аҳлининг қуёш чиққан пайтида чошгоҳ намозини ўқиётганларини кўриб қолиб айтганлар. Зайд ибн Арқам розияллоҳу анҳунинг фикрларича, чошгоҳ намози ўқимоқчи бўлган одам ушбу ҳадисда васф қилинган пайтда ўқигани афзал. Бу пайтда қуёш ерни қиздириб кичик бўталоқ теваларнинг оёғини куйдирадиган даражага етиб қолади.

«Аввобийн» сўзи «кўп тавба қилувчилар» деган маънони англатади. Демак, чошгоҳ намози аввабийнлар намози ҳам деб аталар экан. Ушбу намоз ҳақидаги барча далилларни яхшилаб ўрганган фуқаҳоларимиз чошгоҳ намозининг вақти эрталаб нафл намоз ўқиш ҳалол бўлган вақтдан бошлаб, то заволгача, деганлар. 

Жумҳури уламоларимиз, жумладан, тўрт мазҳаб соҳиблари ҳам чошгоҳ намози суннатдир, деганлар.

Демак, бизлар ҳам ҳаётимизга бу суннатни татбиқ қилмоғимиз керак. Чошгоҳ намози ўқиб юрмоғимиз Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларига амал қилганимиз бўлади.

1163- عَنْ زَيْدِ بْنِ أَرْقَمَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ: أَنَّهُ رَأَى قَوْماً يُصَلُّونَ مِنَ الضُّحَى، فَقَالَ: أَمَا لَقَدْ عَلِمُوا أَنَّ الصَّلَاةَ فِي غَيْرِ هَذِهِ السَّاعَةِ أَفْضَلُ، إِنَّ رَسُولَ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ قَالَ: «صَلَاةُ الأَوَّابِينَ حِينَ تَرْمَضُ الفِصَالُ». رَوَاهُ مُسْلِمٌ [748].

«تَرمَضُ» بِفَتْحِ التَّاءِ وَالْمِيمِ، وَبِالضَّادِ الْمُعْجَمَةِ، يَعْنِي: شِدَّةَ الحَرِّ. «وَالفِصَالُ» جَمْعُ فَصِيلٍ، وَهُوَ: الصَّغِيرُ مِنَ الإِبِلِ.


Улашиш
|
|
Нусха олиш