1170. Яна у киши ва Ибн Умар розияллоҳу анҳумдан ривоят қилинади:
«Абдуллоҳ ибн Умар ва Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳумо Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг минбар ёғочида туриб шундай деганларини эшитганларини айтишди: «Ё одамлар жумани тарк қилишдан тўхтайди, ё Аллоҳ уларнинг қалбларини муҳрлаб ташлайди! Сўнгра ғофиллардан бўлишади!»
Имом Муслим ривояти.
Шарҳ: Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзларининг бу ҳадисларида жума намози ўқимаганларнинг қалбларига муҳр босилиб, ғофиллардан бўлиб қолишларини таъкидламоқдалар.
Абу Жаъд аз-Зомрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Ким писанд қилмай уч жумани тарк этса, Аллоҳ унинг қалбига муҳр босгай», дедилар». (Сунан эгалари ва Ҳоким ривоят қилишган).
Ушбу ҳадиси шарифда жума намозига эътиборсизлик билан қараб бўлмаслиги ҳақида сўз бормоқда.
Эътиборсизлик билан уч жума намозини узрсиз тарк қилган одамнинг қалбига Аллоҳ муҳр босиб, яхшилик кирмайдиган қилиб қўйиши ўша одамнинг ўзи учун, оиласи учун, жамияти учун катта бахтсизликдир. Чунки Аллоҳ муҳрлаб қўйган қалбдан ҳеч қачон яхшилик чиқмайди. Бундан ортиқ бахтсизлик бўлиши мумкин эмас.
Демак, жума намози ўқийдиганлари кўп бўлган жамиятда яхшилик ҳам кўп бўлади. Аксинча, жамиятнинг жума намози ўқимайдиганлари қанча кўпайса, ўша жамиятнинг ёмонлари ҳам, мусибатлари ва мушкуллари ҳам шунчалик кўпайиб бораверади. Ичимизда жумага чиқмайдиганларимиз бўла туриб, жамиятимиз яхшиликка эриша олмаётганидан ажабланмасак ҳам бўлаверади.
Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Ким бир жумани заруратсиз тарк этса, ҳеч ўчирилмайдиган ва алмаштирилмайдиган китобга мунофиқ деб ёзилур», дедилар». (Шофеъий ривоят қилган).
Абу Довуд ва Насаийнинг ривоятларида:
«Ким бир жумани узрсиз тарк қилса, бир динор садақа қилсин. Агар топмаса, ярим динор», дедилар».
Ҳар иккала ривоятда узрсиз бир жума намозини тарк қилиш қанчалар катта гуноҳ эканлиги алоҳида таъкидланмоқда.
Бир одамнинг номи ҳеч ўчирилмайдиган ва алмаштирилмайдиган китобга мунофиқ деб ёзиб қўйилиши унинг абадий мунофиқ бўлиб қолиши ҳақидаги хабардир. Узрсиз жума намозини тарк қилган одам бу гуноҳни ювиш учун топса бир, топмаса ярим динор садақа қилиши ҳам бу қанчалар оғир гуноҳ эканини кўрсатиб турибди. Аввало, оғир гуноҳларгагина садақа билан каффорот берилади. Қолаверса, динор тилло пул бўлиб, ўша вақтда катта маблағ ҳисобланган.
Демак, барчамиз жума намозини вақтида адо этишга ҳаракат қилмоғимиз лозим.
1170- وَعَنْهُ وَعَنِ ابْنِ عُمَرَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُمْ: أَنَّهُمَا سَمِعَا رَسُولَ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ يَقُولُ عَلَى أَعْوَادِ مِنْبَرِهِ: «لَيَنْتَهِيَنَّ أَقْوَامٌ عَنْ وَدْعِهِمُ الجُمُعَاتِ، أَوْ لَيَخْتِمَنَّ اللهُ عَلَى قُلُوبِهِمْ، ثُمَّ لَيَكُونُنَّ مِنَ الغَافِلينَ». رَوَاهُ مُسْلِمٌ [865].