1172. Абу Саид ал-Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Жума кунининг ғусли ҳар бир эҳтилом бўлувчига вожибдир», дедилар».
Муттафақун алайҳ.
Шарҳ: Ҳанафий мазҳаби бўйича жума кунининг ғусли суннатдир. Улар бунга Абу Довуд ва Термизийларнинг Анас розияллоҳу анҳудан қилган ривоятини далил қиладилар: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким жума куни таҳорат қилса, нақадар яхши. Аммо ким ғусл қилса, янада афзалдир», дедилар».
Икрима розияллоҳу анҳудан ривоят қилинишича, Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан «Жума кунининг ғусли вожибми?» деб сўралганда, у киши «Вожиб эмас» деб жавоб берган ва илгари вожиб қилинганининг сабабларини шундай тушунтириб берган: «Одамлар жундан қилинган кийим кийишар, ўша кийимларда ишлаб, терлашар эди. Жума куни намозга ҳам шу кийимда келишар, масжид тор, шифти паст бўлгани учун тер ҳиди сабабли бир-бирларига озор беришарди. Шунинг учун Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам жума куни ғусл қилишга, соч-соқолни хушбўй мой билан мойлашга ва хушбўйланишга буюрдилар. Кейинроқ Аллоҳ уларнинг ҳолини ўнглади. Одамлар жунли кийимдан бошқа либосларни ҳам кия бошладилар, масжидлар кенгайтирилди». Оиша розияллоҳу анҳо ва Умар розияллоҳу анҳудан ҳам шунга ўхшаш маънодаги ривоятлар қилинган («Шарҳу Маъонил-Осор», «Ҳидоя»).
1172- وَعَنْ أَبِي سَعِيدٍ الخُدْرِيِّ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ: أَنَّ رَسُولَ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ قَالَ: «غُسْلُ يَوْمِ الجُمُعَةِ وَاجِبٌ عَلَى كُلِّ مُحْتَلِمٍ». مُتَّفَقٌ عَلَيهِ [خ 879، م 846].
الْمُرَادُ بِـ(الْمُحْتَلِمِ): البَالِغُ. وَالْمُرَادُ بِـ(الوُجُوبِ): وُجُوبُ اخْتِيَارٍ، كَقَوْلِ الرَّجُلِ لِصَاحِبِهِ: حَقُّكَ وَاجِبٌ عَلَيَّ، وَاللهُ أَعْلَمُ.