1176. Яна у киши розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам жума кунини зикр қила туриб: «Унда шундай бир вақт борки, мусулмон банда намоз ўқиб турган ҳолида унга мувофиқ келиб, Аллоҳ таолодан бирон нарса сўраса, унга ўшани албатта беради», дедилар ва унинг оз муддат эканини билдириб, қўллари билан ишора қилдилар».
Муттафақун алайҳ.
Шарҳ: Жума кунининг афзалликларидан бири унда дуо қабул бўладиган соат борлигидир. Ушбу соат ва унинг миқдори ҳақида ҳам турли мулоҳазалар бор.
Баъзилар бу соат олтмиш дақиқа вақтни ўз ичига олган табиий соатдир, дейдилар.
Бошқалар эса уларга хилоф равишда, бу соатдан мурод озроқ вақтдир, дейдилар.
Иккинчи фикрга ушбу ҳадис далилдир. Чунки унда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам у соатга ишорат қилиб, бош бармоқлари билан кўрсаткич бармоқларининг учларини бир-бирига жуда яқинлаштириб, бундоқ, деб озлигига ишорат қилганлар.
Ана ўша соатда қайси бир мусулмон намоз ўқиб, дуо қилиб турган бўлса, Аллоҳ таоло, албатта, ўша банданинг сўраган нарсасини беради. Шунинг учун жума куни доимо ибодат ва дуо билан машғул бўлмоқ керак.
1176 – وعَنْهُ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ: أَنَّ رَسُولَ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ ذَكَرَ يَوْمَ الجُمُعَةِ فَقَالَ: «فِيهَا سَاعَةٌ لَا يُوَافِقُهَا عَبْدٌ مُسْلِمٌ، وَهُوَ قَائِمٌ يُصَلِّي يَسْأَلُ اللهَ شَيْئاً، إِلَّا أَعْطَاهُ إِيَّاهُ» وَأَشَارَ بِيَدِهِ يُقَلِّلُهَا. مُتَّفَقٌ عَلَيهِ [خ 935، م 852].