1178. Авс ибн Авс розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Энг афзал кунларингиздан бири жума кунидир. Бу кунда менга салавотни кўп айтинглар, чунки салавотларингиз менга намоён қилинади», дедилар.
Абу Довуд саҳиҳ иснод билан ривоят қилдилар.
Шарҳ: Ҳадиснинг тўла шакли қуйидагичадир:
Авс ибн Авс розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Энг афзал кунларингиздан бири жума кунидир. Одам шу куни яратилди, шу куни қабз қилинди. (Сурга) пуфлаш шу кунидир. Қаттиқ қичқириқ шу кунидир. Бу кунда менга салавотни кўп айтинглар, чунки салавотларингиз менга намоён қилинади», дедилар. «Эй Аллоҳнинг Расули, сиз чириб, йўқ бўлиб кетган бўлсангиз, қандай қилиб бизнинг салавотимиз сизга намоён қилинади?» дейишди. У зот: «Аллоҳ азза ва жалла ерга анбиёларнинг жасадини ҳаром қилган», дедилар». (Абу Довуд ривояти)
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга салавот ва салом айтиб туриш ҳар бир банданинг бурчи.
Аллоҳ таоло Қуръони каримда шунга амр қилган. Аммо жума куни Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга салавот айтиш яна ҳам зарур ва алоҳида фазилатга эгалигини ушбу ҳадисдан билиб оламиз.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бу ишнинг аҳамиятини жума кунининг афзал кун эканига боғламоқдалар. Шунинг учун ҳам ҳадиснинг аввалида жума кунининг ўзига хос сифатларидан баъзиларини санаб чиқмоқдалар.
Булардан жума куни Одам алайҳиссалом халқ қилинганлари, худди шу куни у зотнинг жонлари қабз қилинганини олдин ўрганган эдик.
Ҳадиси шарифдаги Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг «(Сурга) пуфлаш шу кунидир» деганларининг маъноси Қиёмат кунида сурга Исрофил алайҳиссалом томонидан пуфлаб чалиш борлигини айтишдир.
Шунингдек, у зот соллаллоҳу алайҳи васалламнинг «Қаттиқ қичқириқ шу кунидир» деганлари ҳам Қиёмат кунига тегишли бўлиб, бу қичқириқ пуфлашдан кейин бевосита бўлади ва ундан кейин ҳамма жонзот ўлади.
Ана шундоқ воқеаларга хос қилинган кун – жума куни, дарҳақиқат, улуғ ва энг афзал кун бўлади.
Шунинг учун ҳам бу кунда алоҳида ибодат, алоҳида дуо, алоҳида салавот бўлиши керак.
Жума куни ҳафталик байрамгина эмас, у мискинларнинг ҳажи куни, бу куннинг шарафидан қилинган амалларга ажр-савоблар кўпайтириб берилади.
Ана шундоқ бир кунда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга кўп салавот айтмоқ жуда ҳам марғуб бир иш. Умматларнинг айтган салавотлари Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга арз қилинур, Аллоҳнинг амри ила у зот соллаллоҳу алайҳи васаллам бу салавотларни эшитадилар, улардан хурсанд бўладилар.
Шундай қилиб, ҳам у зотнинг, ҳам у зотга салавот айтганларнинг мартабалари улуғ бўлади.
Шу ўринда Пайғамбаримиз вафот этиб, қабрга қўйилиб, орадан вақтлар ўтгандан кейин қандоқ қилиб, у зотга айтилган салавотлар арз қилинади, деган савол пайдо бўлиши мумкин. Бу савол Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг юқоридаги гапларини эшитган саҳобаи киромларда ҳам пайдо бўлган. Дарҳол улар:
«Эй Аллоҳнинг Расули, сиз чириб, йўқ бўлиб кетган бўлсангиз, қандай қилиб бизнинг салавотимиз сизга намоён қилинади?» дедилар.
Ҳақли савол, лекин Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг гапларидан шубҳа – бу иш бўлиши мумкин эмас-ку, деган маънода эмас, балки қандоқ бўлишини билиш учун берилган савол. Ўша пайтда саҳобалар Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам вафот этиб, ерга кўмилсалар, бошқаларга ўхшаб таналари чириб кетади, деган тасаввурда бўлганлар. Шунинг учун ҳам чириб кетган шахсга салавот қандоқ етишини сўраб билишмоқчи бўлган. Уларнинг бу саволига жавобан, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Аллоҳ азза ва жалла ерга анбиёларнинг жасадларини ҳаром қилгандир», дедилар».
Демак, ер Пайғамбар алайҳиссаломларнинг жасадларини, жумладан, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг жасадларини ҳам чирита олмайди.
Ушбу ҳадисдан олинадиган фойдалар:
1. Жума куни мусулмонларнинг энг афзал куни экани.
2. Жума куни Одам ота халқ қилингани.
3. Жума куни Одам отанинг жони олингани.
4. Жума куни сурга пуфлаш бўлиши.
5. Жума куни қаттиқ қичқириқ бўлиб, ҳамма ўлиб, қиёмат қоим бўлиши.
6. Жума куни Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга кўп салавот айтишимиз лозимлиги.
7. Айтилган салавотлар Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга арз қилиниши.
8. Пайғамбар алайҳиссаломларнинг жасадларини ер чирита олмаслиги.
Ушбу ҳадисга амал қилган ҳолда жума кунлари Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга кўп салавот айтишни йўлга қўйишимиз керак.
1178- وَعَنْ أَوسِ بْنِ أَوسٍ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ: «إِنَّ مِنْ أَفْضَلِ أَيَّامِكُمْ يَوْمَ الجُمُعَةِ، فأَكْثِرُوا عَلَيَّ مِنَ الصَّلَاةِ فِيهِ؛ فَإِنَّ صَلَاتَكُمْ مَعْرُوضَةٌ عَلَيَّ». رَوَاهُ أَبُو دَاوُدَ بِإِسْنَادٍ صَحِيحٍ [1531].