1179. Саъд ибн Абу Ваққос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан Маккадан Мадина томон йўлга чиқдик. Азварога яқинлашганимизда у зот тўхтадилар. Сўнг қўлларини кўтариб, бир муддат Аллоҳга дуо қилдилар. Сўнг саждага бориб, узоқ қолдилар. Сўнгра яна туриб, икки қўлларини кўтариб, Аллоҳга бир муддат дуо қилдилар, яна саждага бордилар. У зот буни уч марта бажардилар. Сўнг у зот шундай дедилар: «Мен Роббимдан умматимга шафоат сўрадим. У Зот менга умматимнинг учдан бири берди. Шунда Роббимга шукр қилиб, саждага йиқилдим. Сўнг бошимни кўтариб, Роббимдан яна умматимга (шафоат) сўрадим. У Зот менга умматимнинг яна учдан бирини берди. Мен яна Роббимга шукр қилиб, саждага йиқилдим. Сўнгра бошимни кўтариб, яна Роббимдан умматимга (шафоат) сўрадим. У Зот менга охирги учдан бирини ҳам берди, мен яна Роббимга саждага йиқилдим».
Абу Довуд ривояти.
Шарҳ: «Азваро» Маккаи мукаррамага яқин жойнинг номи.
Ушбу ҳадисдан олинадиган фойдалар:
1. Қалбга дуо қилиш тушиб қолганда Аллоҳ таолога астойдил дуо қилиш кераклиги. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бирдан уловдан тушиб дуо қилиб қолишлари шуни кўрсатади.
2. Аллоҳга дуо қилаётганда икки қўлни кўтариш, ўзини хор тутиш кераклиги.
3. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга дуолари қабул бўлгани маълум бўлиши.
4. Хурсандчилик хабари етганда шукр саждаси қилиш.
5. Аллоҳ таоло сўраган нарсанинг бир қисмини берса, яна сўрашда давом этавериш.
6. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга барча умматларини шафоат қилиш ҳаққи берилганлиги.
7. Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўз умматларига меҳрибонликлари.
Шукр саждаси ҳам тиловат саждасига ўхшаш бўлади. Сажда қилиб Аллоҳ таолога лойиқ ҳамду сано айтилади.
Имом Моликдан бошқа ҳамма уламолар бир неъмат ҳосил бўлганда ёки бало-офат зоил бўлганда, шукр саждаси қилиш суннатдир, деганлар.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Жаброил алайҳиссалом ким битта саловот айтса, Аллоҳ ўша одамга ўн саловот айтишини хабар қилганларида шукр саждаси қилганлар.
Биринчи халифа Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу Исломнинг ашаддий душмани Мусайлиматул Каззобнинг қатл этилгани ҳақида хабар келганда шукр саждаси қилганлар.
Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳу Зул Садяйни деган одамни Хаворижлар ичида ўлиб ётганини кўрганларидан кейин шукр саждаси қилганлар. Чунки у киши Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан уруш қилган икки мусулмон тоифадан қайси бирининг ичида Зул Садяйни бўлса ўша тоифа залолатда бўлади, деган маънодаги ҳадисни эшитган эдилар. Шунинг учун хаворижлар билан бўлган урушдан кейин ҳазрати Али ўликлар ичидан ўша одамни излашни буюрганлар. Ҳамма ўликларни бирма-бир қараб чиқишган. Охирги ўликни ҳам ағдариб қарашганида унинг тагидан Зул Садяйнининг жасади чиққан. Ҳазрати Али ўз душманлари Хаворижлар адашган эканлигига ишонч ҳосил қилганидан кейин шукр саждаси қилганлар.
1179 - عَنْ سَعْدِ بْنِ أَبِي وَقَّاصٍ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ قَالَ: خَرَجْنَا مَعَ رَسُولِ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ مِنْ مَكَّةَ نُرِيدُ الْمَدِينَةَ، فَلَمَّا كُنَّا قَرِيباً مِنْ عَزْوَرَاءَ نَزَلَ ثُمَّ رَفَعَ يَدَيْهِ، فَدَعَا اللهَ سَاعَةً، ثُمَّ خَرَّ سَاجِداً، فَمَكَثَ طَوِيلًا، ثُمَّ قَامَ فَرَفَعَ يَدَيْهِ سَاعَةً، ثُمَّ خَرَّ سَاجِداً فَعَلَهُ ثَلَاثاً قَالَ: «إِنِّي سَأَلْتُ رَبِّي، وَشَفَعْتُ لأُمَّتِي، فَأَعْطَانِي ثُلُثَ أُمَّتِي، فَخَرَرْتُ سَاجِداً شُكْرا لِرَبِّي، ثُمَّ رَفَعْتُ رَأْسِي، فَسَأَلْتُ رَبِّي لأُمَّتِي، فَأَعْطَانِي ثُلُثَ أُمَّتِي، فَخَرَرْتُ سَاجِداً لِرَبِّي شُكْراً، ثُمَّ رَفَعْتُ رَأْسِي فَسَأَلْتُ رَبِّي لأُمَّتِي، فَأَعْطَانِي الثُّلُثَ الآخِرَ، فَخَرَرْتُ سَاجِداً لِرَبِّي». رَوَاهُ أَبُو دُاوُدَ [2775].