1181-ҳадис

1181. Али розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам тунда у билан Фотиманинг эшикларини тақиллатиб: 

«Икковингиз намоз ўқимайсизми?!» дедилар

Муттафақун алайҳ.

Шарҳ: Ҳадиснинг тўла шакли қуйидагича бўлган:

Али розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: 

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам кечаси у билан Фотиманинг эшикларини тақиллатиб: 

«Икковингиз намоз ўқимайсизми?!» дедилар. Мен: 

«Эй Аллоҳнинг Расули, жонимиз Аллоҳнинг қўлида, қачон хоҳласа, ўшанда бизни уйғотади», дедим. 

У зотга мен ўша гапни айтганимда, менга бирор нарса қайтармай кетдилар. Кейин бурилиб кетаётиб, сонларига уриб: 

«Ва инсон аксари ҳолда жадал қилувчидир», деяётганларини эшитдим». (Икки шайх ва Насаий ривоят қилишган).


Ушбу ҳадисдан олинадиган фойдалар: 

1. Аҳли аёлни, ҳатто оилали ўғил-қизларини, куёв-келинларини ҳам кечаси уйғотиб, уларни намоз ўқишга чорлаб туриш кераклиги.

2. Жонимиз Аллоҳнинг қўлида, хоҳлаган вақтида уйғотади, дейишлик нотўғри экани. Балки кечаси туриб, ибодат қилиш учун тайёргарлик кўриб ётиш кераклиги.

3. Кўп ухлаш, кечаси туриб намоз ўқишга дангасалик қилиш ёмон нарса экани.

4. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қаттиқ ғазаблари чиққанида индамай кетиб, оятдан далил ўқиганлари. 

Ушбу ҳадиси шарифга амал қилиб, ота-оналар болаларини тунги намозга уйғотиб туришлари керак. Болалар эса, дангасалик қилмай дарҳол туриб ибодатга киришишлари лозим. Чунки кечасида илоҳий тажаллиёт ва руҳонийликлар бордир.

1181 - وَعَنْ عَلِيٍّ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ: أَنَّ النَّبِيَّ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ طَرَقَهُ وَفَاطِمَةَ لَيْلَةً، فَقَالَ: «أَلَا تُصَلِّيَانِ؟». مُتَّفَقٌ عَلَيهِ [خ 1127، م 775].

«طَرَقَةُ»: أَتَاهُ لَيْلًا.


Улашиш
|
|
Нусха олиш